Истеъдодли шоир, адабиётшунос олим Исмоил Тўлак Андижоннинг Хорабек қишлоғида 1947 йилда таваллуд топган. Андижон давлат педагогика институтини тамомлаган. Андижон давлат педагогика институтида (1971—1995), Андижон давлат тиллар институтида дарс берган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Давлат тест марказида масъул вазифада ишлаган.
Унинг биринчи шеърий тўплами «Сени ўйлаб» номи билан 1977 йилда чоп этилган. Шундан сўнг шоирнинг «Тўрғай» (1983), «Кенгликлар» (1984), «Яшил сабо» (1989), «Муҳаббат шеваси» (1995), «Соғинч довони» (1997) каби бир неча шеърий мажмуалари яратилди. Муаллиф, бундан ташқари «Нурли манзиллар» (1992), «XX аср ўзбек адабиёти» (1993), «Шеър—қалб ёлқини» (1994) каби рисолаларини эълон қилган.
ШОИР
Ҳайрат — кўзларимдан оқар ёш бўлиб,
Портламоқ шаштида энтикар юрак.
Келгил қувончимга ўзинг бош бўлиб,
Хаёл осмонимда чарх урган Тилак.
Бир интиқ талпиниш келар ич-ичдан,
Ўзим ўз қалбимдан қочай қайларга.
Мен бугун шоирман телба севинчдан,
Лабимни босаман аччиқ майларга…
Мен бугун шоирман. Дўстим — бўронлар,
Кўксимни очаман дунё ғамига.
Қалбимда ниш урган абринайсонлар,
Байт эрур бахшида севги номига.
Мен бугун шоирман!
Новдадаги ёлғиз сарғимтир япроқ —
Йигит йўлларига интизор Қиздир.
Унинг кўксидаги муқаддас қийноқ
Ҳали дунё англаб етмаган Сўздир.
Мен бугун шоирман!
Ўшал сирли сўз —
Сеҳрин кашф этмоққа аҳд айладим, аҳд.
Илҳомим чашмаси бир жуфт қора КЎЗ.
Юзларимни ювмоқдадир бахт…
Мен бугун шоирман.
ОРЗУ
У яшарди,
шаҳардан олис
адирларнинг кўз соққасига
жойлашган қишлоқда,
Бобоси, Момоси билан.
У яшарди,
болалик сирларига тўла
ўзининг беҳудуд самоси билан.
У яшарди,
олис-олисларда
қад тиклаган
шаҳарга бормоқлик
ҳаваси билан.
У яшарди,
севарди,
қуёш чиқаётганда,
қуёш чўкаётганда
чўққидан
уфққа термулмоқни жим.
Қуёшнинг ботиши,
осмоннинг зангори қаъридан
юлдузларнинг
узилган олмалардек
ўзин отиши
юрагига
соларди ларзга.
Болани чорларди
самолардан
тўкилган ҳайрат.
Болажон
тонготар ёқларга,
кунботар ёқларга
кетгиси келарди
бир ўзи…
Трассада
оқаётган автоларга
ҳаваси келиб,
қўлларини
силкитарди жим.
Кўксига сиғмаган ҳислари —
кўз ёшларин
силкитарди жим.
Автоларга
осилиб кетса,
самолётлар қанотига
қўнса қуш мисол.
Кўз очиб юмгунча
чироқлар порлаган
шаҳарнинг
турса остонасида.
Қўл чўзган чоғида
шаҳар дарвозаси
очилиб кетса,
пешвоз чиқса
эртакдаги
ҳур соҳибжамол…
Болажон
олис шаҳарларга
кетгиси келарди.
Қани эди,
қирлар кузатиб қолса,
майсаларин
силкитиб шодмон.
Қани эди,
чинорлар
қўлларини узатиб қолса,
оқ фотиҳа берган
Момосисимон.
Қани эди,
қадрдон ҳамроҳлари:
каптари, сигири, олапар ити
шу чўққидан туриб
хайрлашсалар…
Қани эди,
Бобосининг
ўралган саллаларидек,
ҳув чигал сўқмоқлар
етакласа
ўшал манзиллар томон.
Қани эди…
Мана шу чўққидан туриб
ҳайқирса сўнгги бор:
«Хайр, менинг адиргинам —
тилсиз сирдошим!
Моможоним,
хуш қолинг Сиз ҳам!
Бобожоним,
булинг соғ-бардам!
Сиз куйлаган
достонлардаги
Ғиротларнинг
изидан кетдим!..»
Ишонаман!
Болажоннинг орзулари
ушалар бир кун.
Ёнаётган ҳислари билан
олиб кирар дадил,
шаҳарларнинг
гавжум бағрига
қишлоғининг
мусаффо ҳаволарини…
Бир бола яшайди,
адирларнинг кўз соққасига
жойлашган қишлоқда,
олис-олислардан
уни чорловчи
шаҳарга бормоқлик
ҳаваси билан…
БОЙЧЕЧАК
Бу кеча негадир келмайди уйқум.
Тўртинчи қаватнинг
бетон деворлари
омбир бўлиб сиқаётгандек.
Бўғзимга тиқилиб қолгандай қуйқум.
Бўғилаётгандек нафасим,
етишмаётгандек ҳаво
қийналиб кетаман.
Олиб қочмоқ бўлиб ўзимни
бетон азобларидан,
болалик ўйларимга
қайтаман…
Маҳалланинг
тенгдош эркатойлари
йиғилишиб бойчечак айтар эдик:
Бойчечагим, бойчечак,
Бойчечагим, бойчечак,
Бу ҳовлида келинчак.
Келинчакнинг бешигига
Фарзанд бергин бир этак…
Фарзанд бергин бир этак.
Бойчечагим, бойчечак.
Бировлар
олисдан эшитибоқ
тошқиндек овозимизни,
занжир урардилар эшикларига.
Ва эртаси муаллимамизга
пўписа қилардилар,
коммунистик тарбияни
сусайтирдинг, деб.
Севимли опажонимиз
улар куйикаётганда
кулиб турар эди мулойим.
Кейин ҳам ҳеч сўз демасди.
Майин ва ёқимли жилмайиш билан
қалбини очарди бизларга.
Баъзилар ўзидан чўчирди чоғи,
таъқиқлайверардилар
бойчечак айтиб
маҳаллада юришимизни.
Биз эса
нақ улар эшиги ёнида,
янада баландроқ овозда
айтаверар эдик
баҳорий қўшиғимизни.
Бефарзанд,
мансаб курсисига
ўта ҳирс қўйган
бир маҳалладошимнинг
бемаза сўзларин
эслайман ҳамон:
«Нон кесак устида бўлган замонда
бир бурда нон,
сариқ чақа учун
тентираб юрибсизми-ей
шўрлик чурвақалар…»
Бизга садақа керак эмас эди,
Кетиб қолар эдик олмасдан
янги тушган келинларнинг
баркаш тўла совғаларин ҳам.
Маҳалламиздаги барча уйларга
қирлардан олиб қайтган
бойчечагимизни
қўшиқларга ўраб
улашгимиз келарди фақат.
Маҳалланинг
чангли кўчаларини
биздан кейин ҳам
тўлдириб юрсин дердик
ёғоч тулпор минган болалар.
Менга шундай туюлар ҳозир:
Ўша маҳалладошим
бизларни эмас,
баҳор билан бирга,
бойчечак билан бирга,
қўшиқ билан бирга
кириб келаётган
ўзининг ҳаётий армони —
Фарзандни
қўймас эди уйига гўё…
Бизнинг гўдак ниятимизга
кўпроқ келинчаклар
ва кейин
саксонни ёқалаб қолган кампирлар
ҳайриҳоҳ эди…
Болалик хаёллари
телба айлайди мени.
Юрагим қинидан чиқгудек потрар.
Ланг очиб юбораман эшикни дарҳол
Зиналарни,
бетон зиналарни
ларзага келтириб
қадамлари, қўшиқлари билан
кириб келса дейман шу асно
қўлларида бойчечак ушлаган,
бошларига бойчечакдан
чамбарлар кийган
ҳамқишлоқларим.
Эҳ, ҳозирги болалар,
бойчечак ҳақдаги
қадимий қўшиқларни
билармиканлар?..
Болалар
агар ўрганмаган бўлса,
бойчечак ҳақдаги
ўша қўшиқни
майли, ўзим айтай,
жўралар, тингланг:
Бойчечагим, бойчечак,
Бойчечагим, бойчечак,
Бу ҳовлида келинчак.
Келинчакнинг бешигига
Фарзанд бергин бир этак…
Фарзанд бергин бир этак.
Бойчечагим, бойчечак…
ТЎРҒАЙ
А. О. га
Ўзинг митти, кўзинг митти тўрғайсан,
Нолиш айлаб юрагимни тўғрайсан,
Бошинг қафас тўрларига ургайсан,
Не ўзингни, бутун кўкни ўртайсан,
Тўрғайгинам, тўрғайжоним, тўрғайжон.
Соғинганинг явшанлару ирғайми?
Соғинганинг олисдаги тўрғайми?
Бу кун ёринг сенсиз дилхун юргайми?
Кўрингандан шўрли сени сўргайми,
Тўрғайгинам, тўрғайжоним, тўрғайжон?
Қафасингни очиб қўйдим, ўйнагил,
Эркинлигинг жўшиб-жўшиб куйлагил,
Куйлолмаслик ўтларида куймагил,
Фақат ўзни яна алдаб қўймагил,
Тўрғайгинам, тўрғайжоним, тўрғайжон.