Ҳусан Мақсуд (1991)

Ҳусан Мақсуд – 1991 йилда туғилган. Тошкент давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини битирган. “Ошиқ шарҳи ҳолида бадиий санъатларнинг ўрни (Алишер Навоийнинг ишқий ғазаллари мисолида)” рисоласи чоп қилинган.

* * *

Кўзларингнинг кенгликларида
Қалбим учар мисоли бир қуш.
Кўзларингнинг кенгликларида
Тунаб қолиб, кўрадирман туш.

Кўзларингнинг кенгликларида
Дарбадардир руҳим карвони.
Сенинг кўнглинг нурга тўлиқдир,
Мен томонда ҳижрон даврони.

* * *

Кўзида ёш билан келди бир бола,
Онаси олдида бош эгиб турди.
Йиғидан тўхтолмай, инграган ҳолда,
Айтди: “Она, мени бир бола урди”.

Кажрафтор дунёнинг ишлари қизиқ,
Ечилмас жумбоқлар ўйлаб топади.
Жазоланган одам ёшин оқизиб,
Кимнингдир олдига дарров чопади.

Одамнинг зарбини одам кўтарар,
Ҳар оғир дамда ҳам топилгай имкон.
Э, воҳ, ғазабланиб Худо урса гар,
Кимнинг паноҳига қочгайдир инсон?

* * *

Кел, кўзингга яширгин мени,
Киприкларинг остида яшай.
Ватан бўлсин кўзларинг сенинг,
Ашкинг бўлиб чашмингда тошай.

Сочларингга ўраб ол, эркам,
(Сунбулларни, айтгин, нетайин?)
Қаҳратон пайт кокилларингни
Макон айлаб, қишлаб кетайин.

Нафас олсанг, руҳингга сингиб,
Сўзларингдай бўғзингда турсам.
Вужудингда, томирларингда
Қонинг бўлиб, кўпириб турсам.

Қудрат ато этса табиат,
Кимса етмас, бахтларга етсам.
Ҳамдлар айтиб, суюнчи сўраб,
Яратганга мактублар битсам.

Дил эшигинг очиб қўй, кирай,
Унда яшай, кўнгил, илтимос.
Ўлсам, фақат қалбингда ўлай –
Юрагингга кўмгил, илтимос.

Парадокс

Қушлар каби не бор: гўл, содда,
Улар учун қилгайман афсус –
Ўзи озод бўлмаган зотдан
Ҳурлик сўраб боқади маъюс.