Ҳамроқул Асқар (1959)

Ҳамроқул Асқар 1959 йили Жиззах вилоятининг Фориш туманида туғилган. ТошДПИнинг филология факултетини битирган.

* * *

Бунда барча нотиқ, ақлли,
Ошкора айтади ҳар ким сўзини.
Маърузалар тагдор, нақллик,
Арбоб санар энди барча ўзини.

Кимдир тош отади олис тарихга,
Кимдир шу бугундан сўзлайди ёниб.
Во ажаб, танг келса не улуғ зотлар
Берган ваъдасидан кетаркан тониб.

Нодонлар илкида ориф қисмати,
Руҳсиз сурат каби тебранар ҳаёт.
Имон чўғи ўчган, юраклар беўт,
Аҳли жамоани босмиш хурофот.

Минг хил нағмаси бор сўзамолликнинг,
Оқиллар авомга боқар жовдираб.
Устаси фаранглар файласуф юртда
Ҳақиқат дарахти қолар қовжираб.

Ҳар кас муаммони ҳал этар ўзга,
Гўё бўлмагандай ҳеч бир талофат.
Гўё алдамаган ҳеч кимса бизни,
Капалак бергандай филга кафолат.

Жаҳолат калтаги танламас одам,
Ўзини билганга нажотдир узлат.
Барча хоинликка кўниккан дамда
Оддий одамлик ҳам буюк фазилат.

* * *

Икки оралиқда чарчадим, толдим.
Икки оралиқда қийналди жоним.
Бир-бирин тан олмас бу икки тараф,
Кимники бўлурсан энди, имоним.

ШАҲАР

Кездим —
шаҳарларни сарсон, саргардон,
Менга соғинмоқни ўргатди шаҳар.
Мусофирман дея ҳайқирдим нолон,
Она қишлоғимни кўрсатди шаҳар.

Деди:
қишлоққа бор, юрма сарғайиб,
Шудгор қил, экин эк, уйингда яша.
Шаҳар улкан эди, қолдим мунғайиб,
Жавоб қилолмадим унга яраша.

Балки,
мен ҳолимни билмасман аён,
Томирда Машрабми, Фурқатнинг қони.
Кўрдим, умри уйсиз ўтган шоирлар
Номига қўйилмиш шаҳарлар номи.

* * *

Сен мени эркала
Дунёнинг энг гўзал сўзлари билан,
Сен мени эркала,
Сен мени қизғон
Энг рашкчи аёлнинг кўзлари билан.

Бир сени севдим де, шивирла
бул қовжироқ қулоқларимга.
Сен мени қучоқла,
Сен мени ўпгил.
Сабодай сингиб кет қучоқларимга.

Гъариб бир титроқда вужуд ёнмоқда,
Мени бағрингга бос,
Эркала, гулим.
Мен ҳаётни севаман жуда,
Мен меҳрга зорман, севгилим…

* * *

Энг тоза кўйлагинг эгнингда,
Энг тотли сўзларни сўзладинг.
Билмадим, не кечди кўнглингда,
Ерними, фалакни кўзладинг?

Сен заминда туғилиб ўсган,
Самоватда яйраган малак.
Майли, жаҳон ҳажрингда куйсин,
Чунки сенинг ўрнингдир фалак.

Фазоларни кезсанг ярашар,
Боқма бу дунёнинг эркакларига.
Қўлингни бер, олиб кетайин
Муҳаббат мулкининг эртакларига.

Кунлар чиқсин кўнглингга қараб,
Ойлар ботсин кўнглингга қараб.
Шаббодалар қувончдан толсин
Сенинг сунбул сочларинг тараб.

Кел, бир нафас ёнимда ўлтир,
Кўзларингдан ўпайин суйиб.
Воҳки, қалби тоза инсоннинг
Дийдорига бўлмас ҳеч тўйиб.

ТОПДИМ

Мавлон акага

Энг оғир чоғда ҳам бир паноҳ топдим,
Гъанимлар ичра ҳам хайрхоҳ топдим.
Дедим: қолдим дўстсиз, беимкон, ғариб,
Шунда ҳам ҳолимдан бир огоҳ топдим.

ОТЛИҚ АЁЛ

Отнинг туёқлари, қайроқдай сағринлари,
от устидаги аёлнинг кибрли иякларига мос
тик ва мағрур қомати,
жиловни жаҳд ила тутган оппоқ қўллари,
гўзал жуфт чўққи янглиғ кўкракларидан
шавқ ила бехавотир ўрмалаётган нигоҳларим
қуёшга топинаётган оташпарастдек
унинг кўзлари соҳилида бенажот йиқилди…
Мен уят ва ожизликдан ўгирилиб —
от миниб бораётган аёлнинг кўзларига
тикилишга ботинолмаётган минглаб
одамларни кўрдим ортимда.

ХОТИРА

Ўша тун барча ақллар
юраклар ишлаб чиқарган изтироблардан
унумли фойдаланиш ҳақида бош қотирар эдилар.

Ўша тун
беғамлик ва ишратда семириб кетган ҳилол
мадҳиябоз юлдузлар исканжасида сармаст эди.

Ўша тун
қуёш қайлардадир шуғулланарди олтин савдоси билан,

Ўша тун
буткул оқариб кетди
менинг қалбимдаги аёл сочлари…

САМАРҚАНД ЗИЁРАТИ

Милтиқ ушламадик,
осмадик қилич…
қуролланиб қайтдик қошингдан.

* * *

Нега бунча фиғонинг фалак?
Бу гапларинг одобдан эмас.
У ўзини баланд олмади,
Сен шаънингни паст тутдинг холос.

МИРТEМИР ЎГИТИ

…Яссавий мозорин зиёрат этдик,
Юракни ғижимлар поёнсиз кадар.
Аслида биз сенинг ушоғинг эдик
Сени тан олмадик, эй буюк падар…

Адолат дунёнинг қибласи эрур,
Бўғзимда жон берар ҳақиқат, оғриқ.
Энди кўксимдаги музларим эрир,
«Фалак боғчасининг гуллари сариғ…»

Сен асло гулларга тегмагин, ўғлим,
Кўзларинг ҳамиша ҳайқириб турсин.
Гар шоир зотини қўрқитса ўлим,
Уни қоғоз урсин, уни сўз урсин.

Менинг ҳам сочларим гуллади шу тоб,
Илдизга айланди шу вужуд, шу тан.
Яна кун чиқардан порлайди офтоб,
Уйғона бошлайди қадим Туркистон.

Эй, сен шу Ватаннинг умиди, кўрки,
Менинг болажоним, менинг тирноғим.
Кимларга ишониб юрибсан ўзи
Менинг Олтибегим, менинг Қарноғим.

Қайси иноятдан бунча шодмонсан,
Кимларга бош уриб изларсан таскин.
Қайси ғалабадан кўкси осмонсан,
Қайси мусибатдан бунчалар ғамгин.

Дўстлар боши эгик, диллари синиқ,
Синиқ кўнгилларга чега бўл, болам?
Ортиқ топталмасин бу она тупроқ,
Ўз элингга ўзинг эга бўл, болам.

Эй, улуғ Ватаннинг умиди, кўрки,
Менинг болажоним, менинг тирноғим.
Кимларга ишониб юрибсан ўзи,
Менинг олтибегим, менинг қарноғим…