Ҳабибий (тахаллуси; асл номи Зокиржон Холмуҳаммад ўғли) (1890, Пахтаобод тумани Қўқон қишлоғи — 1980.16.4, Тошкент) — Ўзбекистон халқ шоири (1974). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1970). Қўқон ва Андижондаги мадрасаларда таҳсил кўрган.
Навоий, Фузулий, Муқимий, Фурқат асарларини мутолаа қилиб, аруз вазнининг бадиий латофати ва бой имкониятларини қунт билан ўрганган. Ҳабибийнинг ғазалнавислик ижоди мазкур адабий муҳитда шаклланиб борган. Навоийнинг 500 йиллигига тайёргарлик ишлари бошланиши билан Ҳабибий сафдошлари Бокий, Маҳжурий, Анисий ва Сайфий билан бирга Навоий комитети томонидан таклиф этилиб, Тошкентга кўчиб келган (1938). Ғ.Ғулом, Ҳ.Олимжон, С.Абдулла, С.Мирзаев, С.Муталлибов сингари алломалар билан бирга Навоий адабий меросини ўрганган.
Ҳабибий 1939 йилда Фарғона канали қурилишига шоир сифатида сафарбар этилган. Шу вақтдан бошлаб унинг ғазаллари республика даврий матбуотида эълон қилиниб, машҳур ҳофизлар томонидан ижро қилина бошлаган. Ўз ғазаллари ҳамда мумтоз адабиёт ва мусиқа соҳасидаги билими билан ҳурмат қозонган Ҳабибий 1940 йилда Янгийўлда ташкил этилган вилоят мусиқали драма ва комедия театрига адабий эмакдош этиб тайинланган ва 1946 йилга қадар шу лавозимда хизмат қилган.
«Меҳнат қўшиқлари», «Янги яллалар» (1949), «Колхозчилар ашуласи» (1951), «Кўнгил тароналари» (1957), «Замон фарҳодлари» (1959), «Танланган асарлар» (1967), «Девон» (1971), «Наврўзи олам» (1973) ва б. шеърий тўпламлар муаллифи.
Ҳабибий ижодида севги ва вафо, ватанга, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ҳамда садоқат ғоялари устуворлик қилади. Ҳабибий мумтоз ўзбек шеърияти ва, айниқса, мусиқасини назар-писанд қилмаслик, ҳатто феодал даврларнинг социализмга ёт мероси сифатида рад этиш ҳоллари авж олган замонларда Навоий, Муқимий сингари мумтоз шоирларнинг ҳаётбахш анъаналарини изчил давом эттирган.
Ҳабибийнинг адабий мероси мумтоз ўзбек адабиётининг ғазал, мурабба, мухаммас, мусаддас, рубоий, туюқ, қасида ва достон сингари жанрларида ёзилган 40 мингдан зиёд байтдан иборат. Унинг 300 дан зиёд ғазалларига куй басталанган бўлиб, уларнинг аксари ҳозир ҳам ижро этилади.
Ҳабибий Тошкентнинг Камолон қабристонига дафн этилган. Тошкент, Андижон шаҳарлари ва Пахтаобод туманидаги кўчалар Ҳабибий номи билан аталади. Пахтаобод туманида Ҳабибий уй-музейи барпо этилган.
Наим Каримов
ИШҚ ДАРСИ
Эй ёронлар, ишқ дарсин қилганимда ибтидо
Жилвагар эрди кўзимда нозанин бир маҳлиқо.
Сафҳайи оразда ҳар лаҳза ўқиб ҳолу хатин,
Ҳарна мазмун бўлса бўлди шубҳасиз кўнглимга жо.
Сўзласам ишқу муҳаббатдан очилгай чеҳраси
Бор экан билдим муборак зотида меҳру вафо.
Ишқ аро Фарҳоду Мажнунларга тан бергай жаҳон
Қилмади тарки муҳаббат кўрди кўп жабру жафо.
Тан берурман эмди ҳар меҳнатга тоқат кўрсатиб,
То тирик борман бу йўлдан ёнмагайман мутлақо.
Яшнагайман дам-бадам кўрсам танимга сиғмайин
Ой юзидин касб этиб кўнглим, кўзим нуру зиё.
Сенга ҳам бўлгай муяссар, эй Ҳабибий, васли ёр,
Бўлмагай асло умиду орзулар барҳаво.
КЎНГИЛ ҚУВОНЧИ
Кел эй кўнгилнинг азизи кўп этма истиғно,
На деб ўзингга мени аввал айладинг ошно.
Дилим чароғи, кўзим нури, тан мадорисан,
Азта бошинг ҳақи, бир лаҳза бўлма бепарво.
Қаро кўзингга кўзим тушмаса ёмон ҳолим
Фироқинг ўтига йўқ сабру тоқатим асло.
Замону асрим аро эй ягона фарзона,
Жаҳонда борму киши сен каби гўзал зебо.
Кулиб кўзинг қирида илтифот этар чоғда
Қиё-қиё боқишинг кимни қилмагай шайдо.
Чаманда кўкка боқиб қолди бир кўриб наргис,
Бўлурму дуняда кўзлар кўзинг каби шаҳло.
Чин эътиқодим ила софу тоза меҳрингни,
Ҳабибий, сафҳаи сийнамда айладим иншо.
1941
КЎЗИ ШАҲЛО
Карашма бирла ҳушим олди бир кўзи шаҳло,
Тағофил айлади-ю, кетди боқмади асло.
Кўнгилда оҳи жаҳонсўзу юз ғаму андуҳ,
Дилимда дарди фироқу қошимда минг савдо.
Тешик-тешик жигаримдан булоқ ўлиб қонлар
Кўзимда тўлмоғу тошмоқ била улуг дарё.
Хаёли лаъли лаби масту майпараст этди,
Қаро кўзин қараши қилди волаю шайдо.
Ажабки ҳар туну кун ёра-ёр экан, ағёр,
Ғарибу ғамзодалардан ҳамиша бепарво.
Ҳумори бодайи васли билан хароб ўлдим,
Хуморим аччиғи то қилмагай мени расво.
Ҳабибий, кўз тутаман иштиёқий васли билан,
Нечук аламки яна қилса нозу истиғно.
ТОҲИРУ ЗУҲРО
Эл оғзида ширин афсона эрди Тоҳиру Зуҳро —
Муҳаббат бирла чирмашган ҳақиқий ошиқи шайдо.
Замона зулм ила отди азим дарёга Тоҳирни
Ва лекин қаърига тортмай кўтарди бошига дарё.
Букун майдонда шону шавкат ила жилвагар бўлди,
Чин ошиқликни таълим айлаб элга бу ики барно.
Очилган, яшнаган гулшанда ранго-ранг олиб илҳом
Нахуш санъат билан тасвир этибдир Собир Абдулло.
Неча душман чиқиб тўсмоқчи бу нури ҳақиқатни,
Қолиб нури ҳақиқат ёв ўзи барбод бўлур аммо.
Ҳақиқат шами ўчмас зулму даҳшатнинг шамолидан,
Адолат байроғи қайрилмагай бир зарра ҳам асло.
Ҳабибий, эътиқодим шулки иқболу зафар бизда,
Нечунким янги-янги кунда бўлмоқда ҳунар пайдо.
1912
МАКТАБ
Жаҳонда илму фаннинг кони мактаб,
Тугалмас кони бепоёни мактаб.
Муҳаббат қилса ким илму ҳунарга,
Ширин жон бирла тенг жонони мактаб
Вужудин илм ила гавҳар қилурга,
Қидирса чоралар имкони мактаб.
Тўлиғ илму адаб олмоққа аввал
Кишининг ғайрату виждони мактаб.
Азиз ёшлар учун ёшлик ғанимат,
Билимсизнинг бўлур армони мактаб.
Ривож олса не чоғлик илму урфон,
Мадад бахшу мадору жони мактаб.
Шарафли келди махлуқ ичра ннсон —
Шараф узра шараф ҳам шони мактаб.
1947
АБАС
Баҳрасизлар бирла ўтган умру фурсатлар абас,
Тоза жонпарвар каломи аҳли ҳикматлар абас.
Базм аро жўш урса қайнаб соз ила хонандалар,
Қилмагай таъсир қизғин базму суҳбатлар абас.
Баъзи бир каж фаҳму худбинларга минг жон куйдириб,
Қилса ҳурмат бирла танқиду насиҳатлар абас.
Маснади суҳбатга лойиқ аҳли дониш бўлса ким,
Сурат оро у қуруқ ҳайбатли савлатлар абас.
Ишлаганда ақлу идрокингни ишлат аввало,
Йўқса ҳосилсиз бўлур беҳуда меҳнатлар абас.
Бир ёмонга раҳм гўё жавр эрур юз яхшига,
Гар аниқланса ёмонлик раҳму длафқатлар абас.
Эй Ҳабибий, кимда-ким завқи муҳаббат бўлмаса,
Сидқ ила ҳар қанча кўп қилсанг муҳаббатлар абас,
1960