1980 йили туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тугатган. “Илинж” (2004), “Ҳар юракда бир Ватан” (2009) номли шеърий тўпламлари чоп этилган.
ВАТАН ДEГАНИ
Осмон, ою юлдуз қуёш ҳам керак,
Зарурати бордир тоғу тошгача.
Бироқ мен билганим — қалбда бир безак —
Тупроқ йўлда қолган излар бошқача.
Ватан дегани шу бир ҳовуч тупроқ,
Ватан дегани бу — юракда титроқ.
Зах ўтиб нураган девор пинжида
Қордан омон қолиб мунғаяр тандир.
Уни улоқтирган олов заҳмига
Бизни одам қилиб яратган тақдир.
Ватан дегани шу бир ҳовуч тупроқ,
Ватан дегани бу — юракда титроқ.
Болалигим менинг асов тулпорча,
Оёғим шилинган тошга урилиб.
Онам чанг кўчадан ҳовучлаганча
Тупроқни малҳам деб босар эгилиб.
Ватан дегани шу бир ҳовуч тупроқ,
Ватан дегани бу — юракда титроқ.
Ота улуғ зотдир, суянчдир падар,
Эл доим ишонар оқилларига.
Таяниб яшайман имкони қадар
Отамнинг пур ҳикмат нақлларига.
Ватан дегани шу бир ҳовуч тупроқ,
Ватан дегани бу — юракда титроқ.
Ким қандай англайди, қандай тушунар,
Тупроқ ифорига тўла тонгларим.
Шундан ҳалолдирсан, шундай ҳокисор,
Менинг она халқим буғдойрангларим:
Ватан дегани шу бир ҳовуч тупроқ,
Ватан дегани бу — юракда титроқ.
САРАТОНДА
Қорачиғларига чўғ босар офтоб,
Айвонда беҳадик мудрайди қумри.
Қафасда бедана қилади хитоб:
Наҳотки шу тахлид ўтади умрим.
Дарахтда чуғурчуқ қилар хархаша,
Ўчоқнинг бошида чумчуқ галаси.
Сокин уй ичида дил қулфин ечар —
Янграйди онамнинг ҳазин алласи.
Томнинг биқинида оввора момом,
Тонгги ибодатга кўрар тараддуд.
Намсиз лабларида айланар калом:
Тангрим бандаларинг гуноҳидан ўт.
Қулоққа чалинар девор ортидан
Тунлари ҳам бедор қизлар кулгуси.
Томирларни чертиб юрак қатида
Улғаяр шерюрак йигит ғулуси.
Салқин гўша излар оловли фурсат,
Кимдир чеккан бўлса ёз озоридан.
Саҳарлаб отланган бир отам фақат
Ҳали қайтгани йўқ пахтазоридан.
АЁЛ
Нозик таъб, бир ширин жилвангда — дунё,
Сен эксанг тошда ҳам гул битар, Аёл.
Баъзан мамлакатни, бир бутун халқни
Заминда энг буюк эл этар Аёл.
Тилга шу сўз келса, айтса бўлади,
Унинг жасорати ёв йўлига банд.
Ватанга энг содиқ инсон бўлади
Она меҳри билан улғайган фарзанд.
Суюкли юртдошим, дилдошим менинг,
Кел, таъзим айлайлик бошимиз эгиб.
Аввал онамизга… Балки минг бора…
Айвонда ўтирган йўлга кўз тикиб.
Ҳаёт йўлларида йўлдоши латиф,
Рафиқам, азизам, бунёдкорим.
Қаддим таъзимдадир, қалбим таъзимда
Унга бахшидадир ҳар йўғу борим.
У — шаҳди шиддати, иффати азиз,
У — қадди камоли хушрўй гул мисол.
Шубҳасиз дунёни суяб турибди,
Қалби муҳаббатга йўғрилган Аёл.
МУРОЖААТ
1
Кўпчиб бораверар юракда ҳадик,
Қалб бир хавотирни туяётгандай.
Тасалли излайман ўзимга ҳа деб,
Мен сени йўқотиб қўяётгандай.
Ёмғир ёғаверар тонггача бетин…
Оғир тин олади кўксимда юрак,
Дил ёрар на баҳор насимларига.
Наҳотки термулиб яшашим керак
Кафтимда армоннинг расмларига.
Ёмғир ёғаверар тонггача бетин…
Қўй-а, ишонганим сен деб юраман,
Менга ҳадя этган ҳаёт тотини.
Мен сени шунчалар яхши кўраман,
Ҳатто қаролмайман сенга ботиниб.
Ёмғир ёғаверар тонггача бетин…
2
Осмон, абрларни парчала осмон,
Ғужғон юлдузларни бошим узра соч.
Ҳатто кўклам бу йил уйғатолмаган
Дарахт новдасидек севгим ялонғоч.
Туманлар ичида бир мавҳум шарпа,
Зериктириб қўйди томчилар саси.
Уйғотиб юборди мени бу даъфа,
Ногоҳ илк севгининг ҳарир нафаси.