Абдулазиз Муборак (1976)

Шеърлари республика матбуотида чоп этилган. “Тонгдаги шабнам” номли китоби шеърият ихлосмандларига ҳавола этилган.1999 йили Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган.Абдулазиз Муборак (Раимов Абдулазиз Абдувахобович) 1976 йил 24 мартда Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Лангарбобо қишлоғида туғилган.

ЁЛҒИЗИМ

Қошингдай қорайди қаро тун,
Юлдуздек учдингми, юлдузим.
Неча минг айланди бу гардун,
Мен ҳамон ёлғизман, ёлғизим.

Гавҳарим, гавҳарга чопдингми,
Бир дунё бўлардим мен ўзим?
Тенгсизим, тенгингни топдингми,
Мен ҳамон ёлғизман, ёлғизим.

Суймадим бошқа бир санамни,
Ё қалбим кўр бўлган, ё кўзим.
Мен ёлғиз ўғлийдим онамнинг,
Мен ҳамон ёлғизман, ёлғизим.

Сен эрка ўғлингни эркала,
Тиззамни қучоқлай мен ўзим.
Кўксимда йиғлайди бир нола,
Мен ҳамон ёлғизман, ёлғизим.

ЮРАГИНГГА ЯҚИНРОҚ БОРСАМ

Йўл юриб, мўл юриб келдим олисдан,
Минг йил ахтарганим ёнимда борсан.
Ёнимда борсану баттар ёлғизман—
Кошки юрагингга яқинроқ борсам.

Қўл чўзсам, зулфингга етар бемалол,
Балки қучишимни кутяпсан, зорсан.
Қўлларим ҳалвираб тушар бемажол,
Кошки юрагингга яқинроқ борсам.

«Қўй юрак, силтанма, ошиқма бекор.
Бунча шошқалоқсан, бунчалар торсан?»
Бунча бечораман, бунчалар ночор –
Кошки юрагингга яқинроқ борсам.

Қайси йўлдан борай, кимдан сўрай, айт?
Қайси тошга уриб бошимни ёрсам?
Сўраб-ку Маккани топарман бир пайт,
Кошки юрагингга яқинроқ борсам.

ҚАДРДОНДИР

Кўз ўнгимда хатоларнинг чанги ҳамон,
Бўйнимдаги гуноҳларим янги ҳамон,
Кетмас сира ҳижронларнинг ранги ҳамон,
Юзимдаги сориғларим қадрдондир.

Мен ҳеч кимни ахтармадим дўстдан бошқа,
Изим тўлиб бораверди таъна, тошга.
Не савдолар тушмади-я шўрлик бошга,
Бошимдаги ёриқларим қадрдондир.

Муҳаббатни эрмак билдим, ёронларим,
Қанча дилни вайрон этди ёлғонларим.
Энди бўлса изтиробу армонларим,
Кўксимдаги оғриқларим қадрдондир.

От айланиб қозиғини топар бу кун,
Мен ўзимга келдим мана —кўркам, дуркун.
Топган обрў, давлатларим бари бир пул—
Қирқ ямоқ чориғларим қадрдондир.

2001 й.

ҚАСДИМ БОР ШОШҚАЛОҚ ДУГОНАНГИЗДА

Тор кўча. Титроқ қўл. Алангли кўзлар.
(Исмим жимирлайди рўмолчангизда.)
Эҳ, қайга шошилар бу шаддод қизлар,
Қасдим бор шошқалоқ дугонангизда.

Ақалли энг сўнгги сўзларимни ҳам,
Айтолмай қолганим қилади алам.
Ҳоли қўймадилар бир нафас, бир дам,
Қасдим бор шошқалоқ дугонангизда.

Қўлингиздан тутдим, толдим хаёлга
Улар чидолмади бундай иқболга,
Шикоят қилишди қўшни аёлга,
Қасдим бор шошқалоқ дугонангизда.

Кетдингиз. Хўрсиндим. Кулдилар роса,
Ошиқ юрагимга ўт боса-боса,
Дардимни қилдилар элга овоза,
Қасдим бор шошқалоқ дугонангизда.

Бу қайсар болаку қасдидан кечар,
Гар исми битилса пешонангизга.
Шошилган қизларнинг ҳоли не кечар,
Бир эслатиб қўйинг дугонангизга.

1994 й.

БОЛАЛИК

Болалик.
Ўртоғим капалак, сабо.
Қувалаш ўйнардик намозшомгача.
Йўлимга чироқлар ёққанча само,
Мени чорлар эди
тонггача…

Саҳарлар маст эдим, асов ўйларим,
Осмону фалакда қанот ёйсалар.
Жимгина ўтлаган қўйларим…
Биллур сирға таққан майсалар…

Эсимда
зилол сув қўшиқ айтганда,
Кўзни юмганча бош чайқаган ялпиз.
Кўча супургани чиққанда,
Ҳеч иши унмаган қўшни қиз.

Райҳон тўла ҳовли.
Пахса деворлар.
Ва қўшни томонга бўйлаган дарахт.
Боғ ичра таралган алёрлар,
Деворни бузамиз деган буюк аҳд.

Кейин…
Кейин бирдан кўкка туташди йўлим,
Қўшни томонларда бўлди ёр-ёрлар.
Эсга тушса ҳамон бузилар кўнглим,
Ҳамон бузилмаган эски деворлар.

1998 й.

СОҒИНГАН БЎЛСАМ

Ҳамон овунмади мусофир кўнглим,
Йиллардай чўзилиб кетдим йўллар ҳам.
Йўл қараб онамдай ичиккан синглим-
Райҳонни соғиндим, соғинган бўлсам.

Бир пайт балиқдай пок, беғубор эдим,
Сувдай тиниқ эди, о, кўнгилгинам.
Мен ёлғиз қуёшга харидор эдим,
Уммонни соғиндим соғинган бўлсам.

Шамолларни қувган бургут эдим мен,
Чақмоқ туғиларди нигоҳларимдан.
Ёмғирдек покиза, юрак бағри кенг,
Осмонни соғиндим соғинган бўлсам,

Бу забун ҳолимдан кимга арз этай,
Ким ҳам тушунарди йиғласам, кулсам?!
Бир инсонни излаб юрибман, нетай,
Инсонни соғиндим, соғинган бўлсам.

2000 й.

СEВГИМНИ ТАН ОЛМАСЛИГИНГ ЁМОН ЭДИ

Ойрухсорим, қалбим сенга осмон эди.
Ойюзингда орзуларим ниҳон эди.
Кўрсам кўзим қувонарди, шодон эди,
Афтода бу ҳолим сенга аён эди,
Севгимни тан олмаслигинг ёмон эди.

Изларингни излар эди кўчаларим,
Ҳаёлинг-ла кечар эди кечаларим,
Оҳ, исмингни неча минглаб ҳижжаладим,
Кўнглим йиғлар эди, рангим самон эди,
Севгимни тан олмаслигинг ёмон эди.

Шаффоф нурлар ўйнар эди. тирноғингда,
Қароқларим куяр эди фироғингда.
Сени мендай ким севарди қишлоғингда?
Ошиқлигим элу юртда достон эди,
Севгимни тан олмаслигинг ёмон эди.

Кимдир ғийбат қилар эди, кимдир ҳасрат,
Кимлар ҳавас қилар сенга, кимлар ҳасад.
Мағрурлигинг хушёқарди менга фақат,
Дўсту душман ҳаммаси мен томон эди,
Севгимни тан олмаслигинг ёмон эди.

Сочларидан тортардим шўх, саболарнинг,
Эркатойи эдим еру самоларнинг.
Ранги қайга кетди энди дунёларнинг,
Ў, у кунлар қандай гўзал замон эди?!
Севгимни тан олмаслигинг ёмон эди.

1997 й.

СEНГА

Дилбар, дил барига кўникиб қолди…
Соғинчнинг пинжида қалтираб дир-дир,
Сени ўйламасдим севмасдан олдин,
Мен сени ўйламай севдим бари бир.

Дилбар, шўр пешонам саҳро тап-тақир,
Қумга тилим билан исмингни ёздим.
Ў, сени ўйламоқ нақадар оғир —
Ақлдан оздим…

Дилбар, дил дардларнинг оғушида жим,
Эртаклар тўқийди эртамни ўйлаб.
Мен кетган томондан юз бурди синглим,
Ажаллар қариди қайтишим пойлаб.

Дилбар, қайсар юрак орқага тортмас,
Сендан кўнгил сўрай олсам, қанийди.
Сенинг қувончларинг ўзингдан ортмас,
Мени андуҳларинг яхши танийди,
Дилбар андуҳингдан айланай, Дилбар…

1995 й.

АГАР СEН СEВМАСАНГ…

Кетаман
Бу ердан бош олиб,
Мажнунни сийлаган саҳрога.
Кетаман
Кўзимга ёш олиб,
Юлдузлар ватани— самога.

Бўлмаса,
Ҳарсангга боғланиб,
Чўкаман туби йўқ уммонга
Ёки кўккаптарга айланиб,
Учаман Кўҳи Қоф томонга.

Дўст тутиб тонгдаги шабнамни,
Сўнг сингиб кетаман тупроққа
Кетаман
Йиғлатиб онамни,
«Борса келмас»дан ҳам йироққа.

Кетаман
Барибир кетаман,
Шу менинг энг сўнгги қарорим.
Суймасанг суйкалиб нетаман?!
Алвидо!!!
Суюкли дилдорим,
Ке-та-маннн!!!

1994 й.

ВАТАН ҲАҚИДА ҚЎШИҚ
(Хориждаги ўзбекларга)

Кўксимда кўкарган оҳим бор.
Оҳ, десам кўк кўкси тирналар.
Олисда оҳимдан бехабар
Баҳорга алданган турналар.

Борлиқ бир камалак — алдамчи,
Бўғилмай бўйнидан олсамчи?!
Осгани осмонда арғамчи —
Баҳорга алданган турналар.

Турфа хил тўни бор осмоннинг,
Замин ҳар лаҳзада турланар…
Сарбонсиз саргардон карвонми,
Баҳорга алданган турналар?

Тонгда ел йиғлайди шабнамни:
«Ори йўқ олифта оламни!»
Янгидан янгилар ярамни,
Баҳорга алданган турналар.

Тўрт фасл темиртан тайёра,
Самода судралиб сур чалар.
Куз келса беватан, оввора,
Баҳорга алданган турналар.

Шаҳд этиб тақдирни олмай тан,
Кетолсам бу карвонсаройдан,
Мен боплаб баҳорни алдайман,
Баҳорга алданган турналар,
Баҳорга алданган турналар.

1995 й.

ТИЛАК

Осмон
тоғ сувидек тиниқ, беғубор,
Фусункор камалак сим-сим таралди,
Ўўў, Тангрим, ҳикматинг бунчалар бисёр—
Ўн саккиз минг олам бошдан яралди.

Олисдан югуриб келди бойчечак,
Изига солганча момиқдай елни.
Тушимми, ўнгимми?!
Қирқ мингта малак
Самоларга элтди чўккан кўнгилни.

Осмондай кенгайиб кетди-ю кўксим,
Кўнглим тўлиб тошди эзгу тилакка:
Қалдирғоч, қадаминг хайрли бўлсин,
Деҳқон ҳовучидан ёғсин барака…

Ёмғир, кўнгилларни ювгин бирма-бир,
Қўҳна ғуборларни арит бутунлай,
Биз ҳам одамлардек яшайлик, ахир,
Сўнгги нафасгача ўлгимиз келмай…

1998 й.

ЁЛҒОНЧИ КЎЗЛАРГА ТУШМАСИН КЎЗИМ

Ҳар тунда юлдузли самога қараб,
Худодан сўрайман сабр ва тўзим.
Алдандим, ёлғончи дунёда яшаб
Ёлғончи кўзларга тушмасин кўзим.

«Мен сени юракдан севаман», деган
Гўзалларда азал вафо йўқ экан…
Кўнглимни олгану қайтиб бермаган
Ёлғончи кўзларга тушмасин кўзим.

Титранар, аламдан инграр юрагим,
Айрилиқ куйини тинглар юрагим.
Худодан тилаган ёлғиз тилагим
Ёлғончи кўзларга тушмасин кўзим.

Йўқ экан дунёда севги, муҳаббат,
Садоқат топилмас, кўпдир хиёнат.
Майли тоқ ўтайин дунёдан, фақат
Ёлғончи кўзларга тушмасин кўзим.

Ёлғончи қизларга тушмасин…

1993 й.

НИГОҲИ ОҒИР ҚИЗ

Менинг кўнглим оғир, кўтаролмайсиз,
Бироқ кўнглимданам гуноҳим оғир.
Ундан-да оғирми нигоҳларингиз,
Нигоҳи оғир қиз, нигоҳи оғир?..

Оҳ, кўнгил дафтарим титаяпсизми?
Сиз ҳам тушунмайсиз мени барибир.
Мендек бахтингизни кутаяпсизми,
Нигоҳи оғир қиз, нигоҳи оғир?..

Мен кимман, бир кўнгил қулиман холос,
Дардини шеър қилган шоирман, шоир.
Наҳотки сиз менга қиласиз ҳавас,
Нигоҳи оғир қиз, нигоҳи оғир?..

Қанча давраларда ўқидим ашъор,
Неча юракларни этдиму асир.
Нигоҳингиз тутмоқ бунчалар душвор,
Нигоҳи оғир қиз, нигоҳи оғир?..

Бир куни учрашмоқ бордир қайтадан,
Қачондир йўлимиз боғлайди тақдир.
Қолган гапларимни кейин айтаман,
Нигоҳи оғир қиз, нигоҳи оғир…

1999 й.

ПИСАНД ЭМАСМИ?

Гулни суйиб, суйкаладим,
тикон билан сийлади,
Тақдиримга суяндим
армон бериб синади,
Бедор ўтган неча тун
мени бир ўй қийнади,
Қалбингдаги муҳаббат
ўткинчи бир ҳавасми?
Ё йигитнинг севгиси
қизга писанд эмасми?

Минг ноз ила нигоҳин
ташлаб ўтар аёллар,
Ҳузурингга йўлларим
бошлар дайди хаёллар,
Силтанади юракка
сиғмай минг-минг саволлар,
Севгимизни ёмонлар
билса, ёмон қўймасми?
Ё йигитнинг севгиси
қизга писанд эмасми?

Тақдиринг дарвозаси
тошдан, бағритошлигим,
Остонангда ёш тўкиб
ўтди тилло ёшлигим,
Етди севгим бошига
мўмину юввошлигим,
Моҳим, кўкни куйдирган
оҳим сенга етмасми?
Ё йигитнинг севгиси
қизга писанд эмасми?

1993 й.

ҲОЖИ ОТА

Бўғзимга тиқилди муштумдай йиғи,
Айрилиқ тўхтамай эзар дийдамни.
Бағримни тилади армоннинг тиғи,
Тупроққа топширдик ҳожи отамни.

Яхшилар йиқилса, йиғлар фалаклар,
Зулмат босиб кетар ёруғ оламни.
Намозга тизилди минг-минг малаклар
Тупроққа топширдик ҳожи отамни.

Тупроқдек хокисор, елдай мулойим,
Қайтиб кўраманми, шундай одамни?
Қабри ҳам бағридай бўлсин илойим,
Тупроққа топширдик ҳожи отамни.

Тушундим дунёнинг хийлоларига,
Бир ҳикмат титратиб ўтди танамни.
Энди зор бўламиз дуоларига,
Тупроққа топширдик ҳожи отамни.

Гарчи бу жудолик оғирдан оғир,
Фақат айтиб қўяй битта далдамни,
Сезяпман жаннатга кетяпти охир,
Тупроққа топширдик ҳожи отамни.

Елкага ташлади тўнни тириклар,
Йиғлай-йиғлай охир кўнди тириклар.
Кўзингизни очинг энди, тириклар..!
Тупроққа топширдик ҳожи отамни.

1999 й.

ХОТИРА

Кўп қўллар бошимни силади,
Қанча қўл менга бахт тилади.
Сабабин бир Худо билади,
Онамнинг қўллари бошқача.

Кўп инсон мен учун меҳрибон,
Қанчаси хушфеълу хушзабон,
Ичимни тирнайди бир армон,
Онамнинг тиллари бошқача.

Йўлидан адашган карвонман,
Қаёққа кетяпман?! Ҳайронман.
Онамга етолмай сарсонман,
Онамнинг йўллари бошқача.

Зор бўлдим онамнинг меҳрига,
Борида етмадим қадрига.
Гул экай дейману қабрига,
Онамнинг гуллари бошқача.

Руҳлари нур сочар йўлимга,
Сўнг Қуръон тутқазар қўлимга
«Ўғлим, бу худонинг қисмати
Йўқ, лаънат ўқима ўлимга»!
Онамнинг дили ҳам бошқача…

1994 й.

ЙИГИТ ЙИҒИСИ

Мана оқшом чўкди.
Хазонли боғда
Тиллоранг япроқлар унсиз йиғлайди.
Сездим— минг йилларча мендан йироқда
Севгиси хўрланган бир қиз йиғлайди.

Йиғлайди
Гуллар ҳам овута олмас,
Кўз ёши олдида дарёлар томчи
Кимдан аламини олишин билмас,
Ки ўзи бевафо, ўзи алдамчи…

Йиғлайди
Дунёни унутиб буткул,
Унга шўх саболар бегона энди,
Дунёга алданиб куйгандир кўнгил,
Деворга урилган пешона энди.

Йиғлайди
Гоҳ беҳуш, гоҳи ҳушида
Бахтини тақдирдан қилади таъна.
Севгани опқочиб кетар тушида…
Чўчиб уйғонади, йиғлайди яна.

… Яна оқшом чўкди.
Куз чўккан чорбоғ.
Турибман хазоннинг ҳолини сўраб.
Юзимда хазондай табассум, бироқ
Йиғлайман сойдаги балиққа ўхшаб…

1994 й.

ЁМҒИРГИНАМ

Йўлларимга никоҳладим нигоҳимни,
Бўйлай-бўйлай белга етди осмон тоқи…
Ёмғиргинам, маним туман гуноҳимни,
Саҳарларга ювмоқ бўлди шабнам гоҳи.

Гоҳ сукунат самосида чақмоқ бўлдим,
Элас-элас эслаб олис шўхлигингни.
Хазонданам хокисорроқ — тупроқ бўлдим,
Ёмғиргинам, йўқламадинг йўқсилингни…

Олчоқ дунё кўзларимга тортди парда,
Туман тўла очунда ман нима кўрдим?!
Сочларимга соя солган саҳарларда
Шабнамларга овунгандай юравердим,
Ёмғиргинам!…

1996 й.

ЗАРДА

Менинг бор бисотим шу ғариб кўнглим,
Ҳеч ким тополмайди кўнглимни, ҳеч ким.
Парвойингиз фалак, жилмаясиз сиз жим,
Кўнглим йиғлаяпти, ахир, одамлар!…

Кўзларим тубида аламлар пинҳон,
Ситамлар жонимни ўртайди ёмон.
Қаранг, кулгуларим – қалбаки, ёлғон,
Кўнглим йиғлаяпти, ахир, одамлар!…

Осмондан қарайсиз—илмайсиз кўзга
(Тушиб қолганим йўқ аслида сизга!)
Ҳеч ким тушунмайди —Раббимдан ўзга,
Кўнглим йиғлаяпти, ахир, одамлар!…

Таскин тиламайман ҳеч қайси касдан,
Кўнглингиз бехабар бир мунгли сасдан.
Қийналиб кетдим-ку, овутолмасдан,
Кўнглим йиғлаяпти, ахир, одамлар!…

Кўнглим кўксимдами? Кўксимни тилиб,
Қўлимдан келса-ю отардим юлиб…
Онам қаэрдалар, юпатсин келиб,
Кўнглим йиғлаяпти, ахир, одамлар!…

Кўнглим йиғлаяпти, одамлар!…

1998 й.

КEЧИКИШ

Мен сени севаман деёлмаган қиз,
Юзингда уятми, кўзингда афсус?
Мени эслайсанми олислигингда?
Қўмсаб йиғлайсанми ёлғизлигингда?

Мен сени севаман деёлмаган қиз,
Олисда ёлғизлик этмасми маъюс?
Маъюслик рўйингни куз этмайдими?
Куз сенга ҳолимни эслатмайдими?

Мен сени севаман деёлмаган қиз,
Ў, кимлар пойингда тиз чўкмади, тиз.
Ҳалиям ғуруринг осмондами айт,
Ҳалиям мен сенга ёмонманми, айт?

Мен сени севаман деёлмаган қиз,
Наҳотки, оламда қолдирмадинг из?!
Исмингни эсласам… эсласам эди!
Энг кўҳна сўзимни сўзласам эди:
-Мен сени севаман!
-Мен сени севаман,
Мен сени севаман деёлмаган қиз,

1998 й.

СИНИҚ ШEЪР

Тун.
Нимта ой.
Чилпарчин кўнгил.
(Ойюзлигим,элас-элас
Ойюзингни эсладим.)

Ярим тун.
Чўккан дил.
Ушатилган ой.
(Балки онанг синдирган патир,
Балки онам илинган кулча…
Ютиндим…)

Оёқлаган кеча.
Оқсоқ ой ётоқда.
Кўнгил – дарбадар.
(Уйқуси ўчган дард юлдуздек учар…)

Тунлар…
Ойлар…
Кўнгил, «кўн,Гул, кўн, Гул»лар…

…Қайбир тун…
Ой—дўндиқ…
Яримта кўнглимда ёдинг бус-бутун…

1995 й.

УМР

Бир умр мен меҳр тилаб яшадим,
Қалбимга қабрини қазган зот учун,
Сочимни ўз-ўзим силаб яшадим,
Кўнглим кўтаролмай ингради очун.

Бир умр мен сеҳр сўраб яшадим,
Найрангини найга яширди наво.
Бошимга минг бало ўраб яшадим,
Менга ватан бўлди дашти Карбало.

Бир умр қадрни куйлаб яшадим,
Пойимга пайпаслаб шўрлилар келди.
Сабримнинг косасин сийлаб яшадим,
Бошимга қулликлар, хўрликлар келди.

Бир умр мен қаҳр танлаб яшадим,
Қаҳратон нигоҳлар қадрига етмай,
Қаро тун қўйнида йиллаб яшадим,
Қийнади қароси қароғдан кетмай…

Ҳар саҳар мен умр тилаб яшадим…

1994 й.

МАЙЛИМИ?

Майлими, моҳчеҳра малагим,
Бир лаҳза ёдингда яшасам?
Майлими, ақалли аллаким,
Энг олис кишингга ўхшасам?

Майлими, ойданам олисим,
Заминдан кўшкингни кўзласам?
Майлими, мен—дайди бир насим,
Меҳрингни мозорин изласам?

Майлими, тегрангда кун кўриб,
Энг оғир кунингга ярасам?
Майлига, майлимни синдириб,
Майлими, майлингга қарасам?

…Сўраб ҳам ўтирма
сен бўлсанг…

КЎНГЛИМ

Ким кўнглим харидори…
Иқбол Мирзо

Кўнглимни қўйнимдан излаган гумроҳ,
Қўй уни, сенсиз ҳам садпора, сиёҳ…
Балки, тошдаги гул, қордаги гиёҳ—
Кўнглим…

Уни самолардан ахтарар ҳилол,
Излаб заминни зир титратар шамол.
Гоҳо қўл сомоқчи бўлар эҳтимол,
Синглим…

Айт, менга дағдаға қилмасин ажал,
Жон керакми олсин, турмасдан, дангал…
Уни тополмайди онамдан аввал
Ҳеч ким!

1994 й.

ЮПАНЧ

Осмон қучоғидан учоқлар қайтди,
Ердан кўкка ҳижрат қилди мармар муз.
Ҳатто тун чориғин судраган пайтда
Ўтиндим:
—Биз қачон қайтамиз?!

Бисотим хаёллар, ҳилолдай тутқин.
Насибам—самога сочилган юлдуз.
Майсалар шабнамни қуёшга тутди,
Ютиндим:
—Биз ўзи қайдамиз?!

Гардуннинг гардани гуноҳга лим-лим,
Паймонам тўла ғам, андуҳим тўкис…
Дардисар дардларим — тилсим, тил—сим-сим,
Хўрсиндим:
—Кимгаям айтамиз?!

…Бўҳтон—сиғинганим соҳир санамга,
Сомондай сарғайиб қолганим—миш-миш.
Ёнганларим – ёлғон, айтинг, онамга,
Фақат…
Мени ёмон кўриб қолди ҲУШ…

1995 й.

ҲАЗИН ҚЎШИҚ

Кўзларимга чўккан дард,
Бунча мендан олиссан?
Жонимдан кечаман, шарт,
Қара, жондай ёлғизман.

Кўзларимга чўккан дард,
Айланмайсан тилимда.
Айт, сен недан башорат,
Муҳаббат ё ўлимдан?!

Кўзларимга чўккан дард,
Кўзимдан нур аритмай
Аримайсан, сен наҳот,
Қаримайсан, қаритмай?!

Кўзларимга чўккан дард,
Товонимга оққин сан.
…Онамнинг тонгдай бегард
Кўнглига энг яқинсан…

Кўзларингга чўккан дард…

1995 й.

СЎФИЁНА

Мен дунёга аслида
севмоқ учун келганман,
Ишқсиз ўтган ҳар лаҳза
тушдир менга, Худойим.
Севилмасам, севмасам,
эвоҳ, нечун келганман,
Жон кирсин бу юракка,
ишқ бер менга, Худойим.

Яқинларим йироқдан
тинмай мени ёмонлар,
Кўнгил ташна, тўлғонар,
тушунмайди нодонлар,
Ишқсиз ҳолимни хароб
кўрдим аллақачонлар,
Раҳм эт, жони ҳалакка,
ишқ бер менга, Худойим.

Капалакдай беқўним
йиллар ўтди нечалар,
Юрагимда эгиб бош
қон йиғлайди ғунчалар.
Юлдузларни соғиниб
талпинар дил кечалар,
Учай сўнгсиз фалакка,
ишқ бер менга,Худойим.

Кўнглимдаги кемтикни
дунё асло тўлдирмас,
Фариштасиймо малак,
хушрўй зебо тўлдирмас,
Ҳаловатим англадим,
ишққа боғлиқ чамбарчас
Етказ ёлғиз тилакка —
ишқ бер менга, Худойим.

1994 й.

БИР КУНИ

Тунлар титроқ туриб
томирларимда,
Тилагим тиладим, тилим тилиниб.
Кўзимни юммадим — киприкларимда,
Узилган умидим унди илиниб.

Шудринглар шипшиди: -Сен ўша, тонгнинг
Қўйнида қўй боққан бола…
…Эсладим.
Оҳ, бу кун буларнинг баридан тониб
Мен кимга шунчалар ёқмоқ истадим?!

Тоғу тош йиғлайди дардимни айтсам,
Тоғнингда бағри тош эмасдир мендай.
Бир куни ўзимга, уйимга қайтсам,
Водийга адашиб келган самумдай…

Бир куни онамми қучоғин очган?
Тўн бичиб сабрдан, кўнмаган ғамга?
Во дариғ, не қилдим жабрдан бошқа,
Карахт вужудимни қучган онамга?!

Қайсарлик қон билан киргандир, аммо
Мулзам нигоҳимни нетай яшириб.
Ўлсам армоним йўқ, пушаймон асло –
Онамнинг кўзида кўз ёшдай тўлиб,
Бир куни…

1994 й.

ТАВАЛЛО

Бир дард бор дилимда оҳорли,
Ўзингга айтаман, ўзингга.
Оҳ, дунё бунчалар озорли,
Ўзингга қайтаман, ўзингга…

Шундай кенг оламда ёлғизман,
Кундан кун ўздан-да олисман.
Ёлғиз сен риёдан холиссан,
Ўзингга қайтаман, ўзингга.

Исмингни тилимдан қўймасман,
Куйлайман, куйлайман тўймасдан…
Лутф айла энг сўнгги нафасда,
Ўзингга қайтаман, ўзингга…

Гуноҳим оламга тенг мени,
Авф этгил караминг кенг сени.
Дунёлар топсин ўз тенгини,
Ўзингга қайтаман, ўзингга…

1996 й.

ЎЗИМГА

Эй,дўст, унут ғамингни,
Инъом бил ҳар дамингни.
Ўлчаб бос қадамингни,
Гувоҳингни унутма!

Эй, дўст, қўрқма ёмондан,
Ё ҳийлагар шайтондан,
Шарт шуки, ҳар замонда
Паноҳингни унутма!

Эй, дўст, андак кўкдан туш,
Келмагай Тангримга хуш.
Савобингни қилмай пеш
Гуноҳингни унутма!

Эй, дўст бер бир қултум май,
Кўнглинг йиғлайди тинмай.
Кимсам йўқ деб хўрсинмай
Ҳамроҳингни унутма!

Эй, дўст, хушларинг қайда?
Изғивермай ҳар жойда,
Отангдан қолган уйда
Чироғингни унутма!…

Эй, дўст, сезмайсан, эсиз!
Ортингда йўқ битта из…
Ким бўпти Абдулазиз,
Оллоҳингни унутма!…

1996 й.

ОРЗУ

Шундай яшаш менга азалий орзу,
Қуюндай қамраган хаёлотимни:
Саботим синашдан толмаса сулув,
Баттарроқ хўрласа садоқатимни…

Дўстларим хиёнат айласа тортиқ,
Миннат ўқи билан тешса кўнглимни.
Акам ҳам суянчиқ бўлмаса ортиқ,
Меҳридан юз буриб кетсам синглимнинг…

Ёдимдан кетмаса отамнинг ёди,
Асло қаримаса қабри онамнинг.
«Чақмоқчалик борми қолган ҳаётим,
Камалакка тенгми умри танамнинг?!»

Шу ўй юрагимга солганча ғулу,
Ҳар битта нафасда йўқласа ўлим.
Ёмғирдай тўкилса гуноҳим дув-дув,
Осмондай йиғласа кўкпараст дилим,

О, ҳу!!!
Яшагандай бўлардим!…

1996 й.

УЙҒОНИШ

Ғафлатларга бериб қадр тонгларини,
Тингламабман муаззинлар бонгларини.
Йиғлолмадим, кўзим шунча зангладими?
Қандай ювай осий дилнинг чангларини?!

(Кўзларимни юлиб отсам, шарт,
Кирларидан оғирлашар ер…
Осмон, менга йиғлашни ўргат,
Осмон, менга кўз ёшингдан бер!…)

Во, дариғо, кўзим қиймай ишратлардан,
Кечолмабман шайтоннусха улфатлардан.
Юз ўгириб уламои умматлардан
Сазо бўлдим нурдан қочиб зулматларда.

(Мадор кетди, инградим фақат,
Вужудимни босди совуқ тер…
Чақмоқ, менга ёнишни ўргат,
Чақмоқ, менга шиддатингдан бер!…)

1996 й.

СОҒИНЧ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Қор ёққанда қўмсагайман кузларимни,
Хазон фасли баҳорларни соғинаман.
Менга нима, кимлар ўпар изларимни,
Мендан безор дийдорларни соғинаман.

Куяр эдим суйган сари дилдоримни,
Суяр эдим куйган сари озорини.
Оҳ, доғдаман босолмасдан хуморини,
Дил оромда, озорларни соғинаман.

Дунё — маккор, ёлғон бари яллалари,
Қаэрларда қолди онам аллалари?!
Не синоат жондан безган паллаларим,
Бешикнимас мозорларни соғинаман?

Тулкимижоз дўстларимнинг даврасида
Чўчиб хатто капалакнинг шарпасидан;
Кўнглим хавфда миннатларнинг зарбасидан
Арслонкелбат ағёрларни соғинаман.

Қанча манзил, қанча дилни тутдим маскан,
Лек тарк этдим қанча гўзал, қанча кўркам…
Отам Одам қачонлардир айро тушган
Беҳишт отлиғ диёрларни соғинаман.

1998 й.

СИЗНИ СОҒИНАМАН

Гулдан гап кетганда туйиб уфорин,
Ғунчани ўйлайман хазон деганда.
Кўкларда ҳаяллаб қолган дилдорим,
Сизни соғинаман осмон деганда.

Хатолар излашга яратиб кўзни,
Гина йиққани дил берган эканда!
Қушюрак ёронлар, эзилмайсизми,
Ўлгингиз келмасми виждон деганда?!

Ҳасратни бас қилинг, қисматдошларим,
Армон нима қилсин тирик юрганда.
Неччига кирдийкин қабртошлари?
Отамни эслайман армон деганда.

Қайданам аксирдим!..
Соғ бўл, деганлар
Ортган риё тоши мангу елкамда.
Яхшини мадҳ этсам кўкрак керганлар,
Мени кўрсатинг «ким ёмон» деганда.

Аҳли машойиҳ ҳақ, бу дунё бозор,
Худо ҳам сотилар аксар дўконда,
Эй, дил, дардларингга кутма харидор,
Сирни тушунавер арзон деганда.

Йўловчим сафаринг хатарли, қалтис,
Саноқсиз сарбонлар ёлғиз карвонда.
Ақлингга эргашма, кўнгилга —ҳаргиз.
Сарбоним деб сиғин иймон деганда!

1998 й.

АФСУС

Қуёш қадрим эди, тундан асролмадим,
Аллақачон унут бўлган тилакдайман.
Яхшиларнинг хотиридан ўчди ёдим,
Энди фақат ёмонларга керакдайман.

Шикаста дил, овозиму рўйим шикаст,
Тош остида униб-ўсган чечакдайман,
Гуллар насим оғушида тўлғонар, бас,
Энди фақат тиконларга керакдайман.

Ҳамон ҳижрон саҳросида сарсон Лайли,
Қайснинг Мажнун бўлгани ғирт чўпчак, дейман?
Дилраболар дардли дилни менсимайди,
Энди фақат достонларга керакдайман.

Чўққилардан чўққиларга учар бургут,
Тўрга тушган қушдай — жониҳалакдайман.
Ерда кун йўқ энди менга, юзим шувут,
Энди фақат осмонларга керакдайман.

Билдим бугун ҳаётимда нимадир кам,
Билолмадим қайдан уни дараклайман.
Йиғламайман, фақат менга қилар алам
Энди фақат армонларга керакдайман.

1998 й.

ГЎЗАЛЛАРГА

Гўзал бўлишингиз мумкин чиндан ҳам,
Нетай, ҳуснингизга тараф бўлмаса?!
Найлайин, юзингиз ёруғ кундан ҳам,
Шунчаки, шунчаки қараб бўлмаса?!

Пойингиз ўпмоққа ошиқиб денгиз,
Найлайин, тошларга бош урса тинмай?!
Нетай, қаттиқ бўлса тошдан дийдангиз,
Сизга тушган кўнгил қолмаса синмай?!

Ғунча дудоғингиз муқаллидидир?
Нетай, нигоҳингиз жодудир, жумбоқ?!
Найлайин, тишингиз инжудир, ё нур,
Кўкка кипригингиз кўприкдир, қармоқ?!

Васфингиз эҳтимол бундан-да узун,
Найлайин, сиғмаса таърифга, сўзга?!
Нетай, гўзал кўнгил тиласа кўзим,
Кўнгил ўзгасини илмаса кўзга?!

…Гўзал бўлишингиз мумкин чинданам…

1998 й.

АРОСАТ

Иқбол акага

Ҳеч ким кўзларимга боқолмайди тик,
Ҳеч ким мушугимни «пиш» деёлмайди.
Фақат дил буржида қандайдир ҳадик,
Мени ўз ҳолимга қўймайди…

Ҳамма ғанимларим дўст бўлди охир,
Ҳамма кўзларимга кулиб қарайди.
Фақат шарпа янглиғ битта хавотир,
Мени ўз ҳолимга қўймайди.

Ҳар қандай қарорим қиличдай кескир,
Ҳеч қандай аҳдимдан қайтиб бўлмайди.
Фақат бу шубҳанинг матлаби надир,
Мени ўз ҳолимга қўймайди?!

Ҳар қайси кун менга, шубҳасиз байрам,
Ҳеч қайси жудолиғ мотам бўлмайди.
Фақат ўлим каби таҳдидда бир ғам
Мени ўз ҳолимга қўймайди…

1998 й.

АРАЗ

Бир кам дерлар, наҳотки, йўқ каминг бошқа,
Сенга қараб ҳасратларим ҳаддан ошган.
Меҳр кутиб бошим урай чағир тошга,
Сендан роҳат тилайманми, кемтик дунё?

Хазонзордан чечак излаб юрсам майли,
Йўқотганим – тилак, излаб юрсам майли,
Дилга дарддош керак, излаб юрсам майли,
Сендан роҳат тилайманми кемтик дунё?

Чаён менда бол бор деса ишонаман,
Тиконда йўқ озор, деса ишонаман,
Сенга нима ғам битилса пешонама,
Сендан роҳат тилайманми, кемтик дунё?

Жайронларнинг жони хавфдан омон дейсан,
Яхшиларга жавру жафо тамом дейсан,
Нима десанг дейсан, вале ёлғон дейсан,
Сендан роҳат тилайманми, кемтик дунё?

1999 й.

ФEРУЗАХОН МАРСИЯСИ
Икром аканинг шеъри

Қўққис бир юлдуз учди,
Осмонда синди чақмоқ.
Жала теккандай ўчди,
Кўнглимдаги шамчироқ.

Синглим, сўнг бор кўзингга
Ботиниб қаролмадим,
Керакмиди ўзимга
Жонимни беролмадим?!

Энди дардим зиёда,
Юпанч керакмас, менга?!
Сен сиғмаган дунёда,
Қувонч керакмас менга!

Бирдан бир ёруғ учди,
Қарсиллаб синди чақмоқ,
Хаёлимдан шу кечди—
Алам, айрилиқ, фироқ…

Феруз, Ферузажоним,
Юрагим йиғлаяпти,
Орзуларим, армоним,
Тилагим йиғлаяпти.

Мусичадай беозор,
Қордай беғубор эдинг.
Қалбинг мисоли гулзор,
Ҳамишабаҳор эдинг.

Ногоҳ бир юлдуз учди,
Бошимда синди чақмоқ,
Юракни армон қучди,
Қандоқ чидайман, қандоқ?!

Бу дунё-ку аслида,
Ҳаммамизга мезбондир,
Лекин баҳор фаслида
Гулдай жонинг хазондир.

Гул айланар хазонга,
Сўлмайди тикан, додей.
Яхшига кун, ёмонга
Ўлим йўқ экан, дод-эй.

Ёлғиз сени эслайман,
Қўл очган чоқ дуога,
Ёлбораман, йиғлайман,
Эгам қодир Худога:

«Энг ёруғ юлдуз учсин,
Синсин, майлига, чақмоқ.
Синглим ризвонга кўчсин,
Илоҳо, омин, Оллоҳ…»

1996 й.

ТАРОЗУ

Эй, сиз!!!
Тўрт фаслда турфа хил,
Турланиб, тусланувчи,
Топиб ернинг бўшини
Юҳодай ямлаётган
Илдизлари ялмоғиз,
Карахт дилли дарахтлар!…
Қаранг,
мағрур тоғ кўксида илиниб, аранг,
Йил бўйи кўкни кўкка бўяётган арчанинг
пойига бош урар
Бўронлар,
Қаранг!!!

1995 й.

ҲАҚИҚАТ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

Ғижиниб ўтяпман ғирром очундан,
Кўнглимни тўлдирмас чопган омадим.
Оҳ, нурлар таралган чоғда сочимдан,
Умрим каби учқур саман топмадим.

Жонимни ҳовучлаб оламан нафас,
Бир кун тоқ бўлади, ахир, тоқатим,
Боғи эрамларинг асло керакмас,
Онам қучоғидай маскан топмадим.

Қанча ғамлар билан эгилмади бош,
Дилда қўрғошиндай қотди ҳасратим.
Нима ҳам қиларди ёв бўлган сирдош,
Ўзимга ўзимдай душман топмадим.

Қушлар хаёлдай ҳур, қафаслар синган,
Қуллик замонлари— қадимдан қадим
Кўнглим бандиликка жимгина кўнган,
Муҳаббатдан қаттиқ кишан топмадим.

Кўнглимдан ҳақиқат жой олди илло,
Ҳар битта далдаси—темир қанотим.
Кўнглимга кетяпман хайру хўш, дунё,
Ки, ундан-да гўзал гулшан топмадим.

ДУНЁ

Ҳаёт изларимга увол тўлдирди,
Кўзларимга аччиқ савол тўлдирди,
Бўм-бўш қучоғимни шамол тўлдирди,
Кўнглимни тўлдириб бер, дунё…

Чучмомо бошини ёмғир кўтарди,
Офтоб ер бағридан ҳовур кўтарди.
Топталган майсалар бағир кўтарди,
Кўнглимни кўтариб бер, дунё…

Оловнинг тилини топиб олди сув,
Болари кўнглин гул овунтирди-ку,
Сен йиғлаб кўзингнинг кирларини юв—
Кўнглимни кулдириб бер, дунё…

Бас, энди ўлимни суйиб яшайман,
Не дейсан, жонимдан тўйиб яшайман…
Кўнглимни жойига қўйиб яшайман,
Кўнглимни қайтариб бер, дунё…

1998 й.

СИЗ

Қор ёғмай қаҳратон бўлади гоҳ-гоҳ,
Кўклам келаверар ҳатто чечаксиз.
Гулни ҳидламай ҳам яшарман, бироқ
Сиз менга кераксиз…

Ойсиз ҳам бинойи айланар замин,
Юлдузлар яшайди балки фалаксиз.
Кунсиз бир кунимни кўраман, лекин
Сиз менга кераксиз…

Ёмғирсиз амаллаб кўкарар саҳро,
Шамол даркор эмас булутга шаксиз.
Йиллаб ташналикка чидайман, аммо
Сиз менга кераксиз…

Қанотсиз Марсгача учмоқда учоқ,
Кемалар сузмоқда, қаранг, эшкаксиз.
Сув ё ҳаво бўлсам… қанийди… э, воҳ,
Мен сизга кераксиз…

ОШИҚОНА

Дил ҳайронлиғ қаърида
Абгор бўлиб ўтяпман.
Ҳижроннинг қўлларида,
Дутор бўлиб ўтяпман.

Ўт кетсин дунёсиға—
Нафсим муддаосиға,
Ошиқлик балосиға
Дучор бўлиб ўтяпман.

Кечдим жоним тинчидан,
Бардошим овунчидан…
Дийдоринг соғинчидан,
Бедор бўлиб ўтяпман.

Не хушхабар олдинда —
Бошимга дор ё кунда?!
Найрангбоз даҳри дундан,
Безор бўлиб ўтяпман.

Байрам — қабоғим учса,
Бахт — сендан келган ғусса.
Танҳо ўзинг азизсан
Мен хор бўлиб ўтяпман.

САДОҚАТ

Қара, сиринг каби сориғ япроқлар,
Рангин умидимдай узилди бир-бир…
Елга дил очади хазон ўйноқлаб,
Диллар очилади — очилмайди сир.

Қара, сиринг каби соқов бу дарахт,
Кўкка қўл чўзади – тилайди недир.
Кимгадир тахт керак, яна кимга бахт,
Қўллар очилади — очилмайди сир.

Қара, кўк кўксидан йўл очди чақмоқ,
Кўз очиб-юмгунча тўкилди ёмғир,
Кўз очиб, денгизга йўл солди булоқ,
Йўллар очилади — очилмайди сир.

Қара, гул баргидай очилди қанот,
Ортиқ орзуларим тутолмас тақдир.
Ўнинчи гулинг ҳам очилган ҳайҳот,
Гуллар очилади — очилмайди сир…

1999 й.

БУГУН ЮРАГИМДА БЎРОНЛАР КEЗАР

Бугун юрагимда бўронлар кезар,
Тўфонлар безовта қароғларимда.
Ким мени англайди, ким дардим сезар?!
Бир дарддош муттасил сўроғларимда.

Ҳақиқат ямлади ҳайратларимни,
(Этак ой юзига бўлолмас парда)
Тишларим қаритди ҳасратларимни,
Ҳолбуки, тилимнинг юраги зада.

Кўнглимдан кўзимга қуйилмоқда нур,
Ташқарида — зулмат, ташқари — рўё.
Оғзимни пойлашдан чарчади охир,
Дунё — ҳасратимга харидор дунё.

Ҳеч қандай афсун-ла очилмас дилим,
Дардимни ёдингдай тутаяпман мен.
Шаксиз, кипригингга туташдир йўлим
Шубҳасиз, кўзингга кетаяпман мен.

СИРИМНИ САҚЛАЙДИ КИМ

Сиримни сақлайди ким,
Кимга қўяй, шартимни?
Қайлардасан қудуғим,
Олгин ахир дардимни,
«Искандарнинг шохи бор!»

Ойдай тўлди паймонам,
Кундай тутилди тилим,
Қайлардасан, бегонам?
Раҳминг келсин, тошдилим,
Юрагимнинг оҳи бор.

Елдай сарсон карвоним,
Кўҳна сўқмоғим қани?
Қайлардасан, сарбоним?
Манзилимга элт мани,
Бу йўлларнинг чоҳи бор.

Сенсиз эгилди бошим,
Қара, кўнглим ҳам синиқ.
Қайлардасан, дилдошим?
Бунча узун айрилиқ—
На бош, на адоғи бор?!

1999 й.

НАРГИС

Наргис,
нигоҳларим сарғайиб борар,
келар йўлларингга чўкканича тиз,
ҳижрон ёмғирлари бошимни ёрар,
Сенсиз.

Сенсиз
нигорон дил йиғидан тинмас,
мунгли қўшиғини куйлайди унсиз
у десам овунмас, бу десам кўнмас
ҳаргиз.

Ҳаргиз
ҳасратларим етмас поёнга,
Кўзингни эслатиб термулар юлдуз.
Мениям олиб кет… осмонга,
Наргис.

Наргис,
иқболимиз нечун ҳаяллар?
айт, висол онлари бунчалар олис?!
мени мендан жудо айлар хаёллар
Сенсиз.

Сенсиз…
гапиргим ҳам келмайди, айтсам,
ҳаёт ҳам кўзимга ғалати, ҳиссиз,
сенга барибирми, наҳот менсиз ҳам?
Эсиз!…

1999 й.

КУЗГИ КАЙФИЯТ

Рангпар чорбоғ. Дарахтлар
Донишманддай тек қотган.
Тилло тўшак— япроқлар,
Дилда ғашлик уйғотган.

Кечагина кўзимни
Қувнатган япроқ қани?
Қучоғида кўкламлар
Соч ёйган чорбоғ қани?

Қани, гуллаган дарахт—
Оқ либосли келинчак?
Орзумдай қанот қоққан
Оппоққина капалак?!

Онамдай сочларимни
Силаган сабо қайда?!
Саболарни қувлаган,
Бокира ҳаво қайда?!

Зумда бари таъбирсиз
Ширин тушга айланди.
Орзум — жуфти тузоққа
Тушган қушга айланди.

Рангпар чорбоғ. Битталаб
Жондай узилади барг.
Балки эрта эрталаб
Оқтупроқ тортар фалак.

Тамом, ҳаммаси тамом,
Алвидо, баҳор энди —
Қара, юзимда хазон,
Сочларимга қор инди.

1999 й.

СEВГИСИЗ АЁЛДА ХАЙР ЙЎҚ

Оламни яратган бир ҳикмат,
Меҳрсиз дунё-ю дайр йўқ.
Кун каби равшан бу ҳақиқат
Севгисиз аёлда хайр йўқ.

Йигитнинг топгани тиллодир,
Кунлари, тунлари яллодир.
Ишваси шайтоний ҳийлодир
Севгисиз аёлда хайр йўқ.

Ким етмас ёрига, ким етгай,
Севги бор тошда ҳам гул битгай,
Ёрини ўттизда қаритгай
Севгисиз аёлда хайр йўқ.

Ишонсанг, тиконда меҳр бор,
Гулларда ишқ босган муҳр бор,
Ҳаттоки илонда хайр бор,
Севгисиз аёлда хайр йўқ.

Севгисиз ҳаёт ҳам эрмакдир,
Ёлғондан тўқилган эртакдир.
Севмаган эркак-ку эркакдир
Севгисиз аёлда хайр йўқ.

2000 й.

ТИЛИМГА БИТТА СЎЗ КEЛАДИ, ХОЛОС…

Ҳушимни учириб, девона айлаб,
Қулоғимда янграр қўнғироқ овоз.
Мени ўзимга ҳам бегона айлаб,
Тилимга битта сўз келади, холос…

Дармоним қурийди, қарийди сабрим,
бу дарддан Луқмон ҳам этолмас халос.
Мени ҳам соғиниб қолганми қабрим?
Тилимга битта сўз келади, холос…

Ғамим кўтаролмай синади қалам,
Ҳасратим заҳридан бужмаяр қоғоз,
Кимга-ям суянсин, ахир, дилгинам?!
Тилимга битта сўз келади, холос…

Хатоларим бисёр, юмолмайман кўз
Илло, пушаймоним йўлга пояндоз.
Кўзлаган манзилим шунчалар олис…
Тилимга битта сўз келади, холос.

…Ниҳоят, дунёдан бурилди юзим,
Ниҳоят, ҳаётим — хаёлимга хос.
Бор учсанг учавер энди, юлдузим
Тилимга битта сўз келади, холос…

1998 й.

МEНГА ПАНОҲ БEРИНГ НИГОҲИНГИЗДАН

Лаббай ҳам топилмас гоҳо шошганда,
Дунё сўрармидим, нигорим, сиздан?
Бир қиё боқсангиз — бошим осмонда,
Менга паноҳ беринг нигоҳингиздан.

Изимдан изғийди қанча нигоҳлар,
Қаҳратон нигоҳлар, ханжар нигоҳлар.
Гизли наштарларин санчар нигоҳлар
Менга паноҳ беринг нигоҳингиздан.

Қўл силтаб олифта дунёларига,
Кошки сингиб кетсам анвор қаърига.
Кўнгил берманг майли, кўндим барига,
Менга паноҳ беринг нигоҳингиздан.

Беписанд санамлар ёнимдан ўтди,
Аламлар, ситамлар жонимдан ўтди.
Бир ўтли ҳайқириқ қонимдан ўтди.
Менга паноҳ беринг нигоҳингиздан.

Бир келинг, бир бора кўнглимга қаранг,
Энг охир, энг оғир кунимга яранг.
Жон берсам, танамни тупроққа берманг,
Менга паноҳ беринг нигоҳингиздан.

1999 й.

АЛАМ

Сени яхши кўрардим,
Ҳамма яхши биларди.
Сени кутсам, теракзор
Менга паноҳ бўларди.

Севгимни тор кўчангнинг
Терак, толлари айтсин,
Мендан ўч ололмаган
Ўжар боллари айтсин,
Кампир чоллари айтсин.

«Тил текизма бу қизга
У меники бўлади.
Менда кўнгли борлигин,
Бутун қишлоқ билади».

Ҳаммасининг кўзида
Битта таъна, битта дўқ —
Келгиндига қишлоқнинг
Тушиб қолган қизи йўқ

Афсус, сен ҳам бошимни,
Ерга эгдинг охири.
Мени илмай назарга,
Кимга тегдинг охири.

Биламан энанг қайраб
Сени йўлдан урган-да:
«Бошингга урасанми,
Шоирни… бой турганда!».

Теракнинг таънасини
Тентагона ўярдим,
Энангга энасини
Кўрсатиб ҳам қўярдим.

… Сени қандай севардим,
Эҳ, ҳеч ким билмас эди.
Гўзалроқ бўлганингда
Алам ҳам қилмас эди.

1994 й.

ҚАЙСАРГИНАМ

Кўнглим тўлиб-тошиб сенга айтай ўлан,
Сойлардан шўҳ, оҳулардай эркагинам.
Тундай қаро сочинг менга бўлсин гилам,
Ёлғиз менга аталгансан, дилбаргинам,
Қайсаргинам, қайсаргинам, қайсаргинам.

Дуо билан тақдирни-да синдираман,
Муҳаббатим юрагимга сингдираман,
Ўзим бориб онангни ҳам кўндираман,
Ёлғиз менга аталгансан, дилбаргинам,
Қайсаргинам, қайсаргинам, қайсаргинам.

Умрим ўтсин термулганча қароғинга,
Айтчи яна қанча чидай қийноғинга?!
Керак бўлса ўт қўяман қишлоғинга,
Ёлғиз менга аталгансан, дилбаргинам
Қайсаргинам, қайсаргинам, қайсаргинам.

Аразларинг кипригингдай узун-узун,
Сенга шафқат, ўз-ўзимга тилай тўзим.
Қайсар бўлсанг, сендан ўтган қайсар ўзим,
Ёлғиз менга аталгансан, дилбаргинам
Қайсаргинам, қайсаргинам, қайсаргинам.

1995 й.

ШОИР

Қишлоғимда кўча кўп,
Биттаси бор-тор кўча.
Бу кўчанинг бошида
Биз турамиз ҳар кеча.

Кўкка қараб Баҳодир,
Юлдузларни ахтарар.
Ҳув ҳовлида бир санам,
Мени ўйлаб соч тарар.

Қиз сезади: кўчада
Ошиғининг бағри қон,
Чиқолмайди бари-бир —
Отасин феъли ёмон.

Зорланаман дўстимга:
«Шунча суйганим камми,
Отасининг измидан
Чиқолмаган санамни?!»

Дўстим дейди: -«Танноз қиз
Қадрингизга етмайди.
Бир чиқиб қўйса нима,
Асакаси кетмайди.

Афсус, тажанг отаси,
Катта олар ўзини.
Сизга бергиси келмас,
Ёлғизгина қизини».

Аламимдан талқондай
Туйиб ташлайман тошни.
Биз пинакка кетамиз,
Туртиб қўйиб қуёшни.

Шундай кечар ҳар кеча,
Таътил тугар шу зайл.
«Қиз омонат сизга дўст,
Тошкентга кетдим, хайр…»

Гарчи шаҳарда мазза —
Ўзимга хон, тўраман.
Лекин ҳар кунни санаб,
Нақ кунимни кўраман.

Бир кун бўлиб бошқача,
Йиғолмайман ҳушимни.
Овунмоқчи бўламан,
Сувга айтиб тушимни.

Шу кун дўстдан келди хат:
«Сизга катта таъзия —
Аза эмас, тўй бўлди,
Эрга тегди Розия…»

Кўз олдимда бир чақмоқ,
Чақнагандай туюлди.
Ишим чаппа айланиб,
Тушим ўнгидан келди.

Энди менга барибир,
Буткул бошқа боламан.
Аламимни биргина
Шеъриятдан оламан.

Кўниб қолган онам ҳам
Қайсар ўғил феълига
«Қайда бўлсанг, омон бўл,
Келмасанг ҳам… майлига».

Уйга қачон бораман,
Энди Худо билади.
Шундай қилиб Тошкентда
Шоир пайдо бўлади.

1994 й.