Фарҳод Арзиев (1975)

Фарҳод Арзиев 1975 йилда Навоий вилояти, Нурота туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетини, Ҳиндистон Оммавий ахборот воситалари институтини, Буюк Британиядаги Сити университетини тугатган. «Ёлғизлик ранглари» шеърий тўпламининг муаллифи.

* * *

Билсангиз, бўғзимгача ҳаяжон —
Мен йиғлаб айтмоқчи эдим бу Сўзни:
Бу мен, қайтиб келган сафардан,
Ўжар тийнати ранжптган Сизни…
Гуноҳкор эмасман фонийлигимдан.
Мен бошимни эгдим, очилармисан:
Ассалому алайкум, Яшил дарвоза!
Болалик эсингдами, болалик — Ватан…
Болаларин севади она Табиат.
Бул сирни англадим, ахир, англадим.
Ҳурлик улашган-ку руҳимизга,
Мен ҳам ҳурликда яшадим!
…Тонготар. Уйғонади одамлар
Бу — мен, қайтиб келган сафардан,
Ассалому алайкум, Яшил дарвоза!
Ассалому алайкум… Ватан!

ТОНГДА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Тонгда дунёни кузатмоқ гўзал,
Аслига тортмасдан нур билан соя.
Шоир бўлармидим, ҳеч бўлмаганда,
Чўзилса бу тасвир бирор сония.

Билмадим, бул нега эскирган саҳна,
Гўзалдир, ёшгина жонимга қасддир.
Бўлса ҳақиқат ҳам, ёлғон ҳам кўҳна,
Бплмадим, осмон ҳам хато ҳавасдир.

Кўнгил озорланар — гул уза жилва,
Кўнгил озорланар — гул барги хандон
Сеҳр қодир агар, менга ҳам нима,
Унутмоқ истайман ҳаммасин тамом!

Тарки анжумандир кўнгил ҳаваси,
Саҳро ҳарорати гулгун ёшида…
Ўғрию каззобнинг омади асли,
Синоат айланиб кўзу қошида…

Билмадим, томирда оқди гуноҳим,
О, юпанч истадим ҳар заррасидан!..
Билмадим, ҳаммаси айланар яқин,
Кечиргин, кечиргин, Ҳазрати Одам!

…Тонгда дунёни кузатмоқ гўзал,
Аслига тортмасдан нур билан соя.
Шоир бўлармидим, ҳеч бўлмаганда,
Чўзилса бу тасвир бирор сония.

* * *

О, қандай умиддир билсанг, азизам,
Кўнглимни тебратиб ёмғирлар ёғар.
Шамлар оқиб борар кўзим сатҳида
Бошдан аёғим — зар,
бошдан аёғим…

Руҳимдан гул ҳиди келади,
Хаёлимда гуллагандайман,
Бошдан аёғим гул, бошдан аёғим,
Хаёлимда ўлмагандайман.

Гуллар сенга ўхшар жуда ҳам,
Кипригингда каби баргларида нам.
Бу — менинг энг ёруғ умидим,
Бу — жаннат ҳавоси — ёмғирли олам.

Ёшлигимга ўхшар, ўн беш ёшимга,
Ёмғирли оламда боғу равоғим.
Руҳимдан гул ҳиди келади,
Бошдан аёғим гул, бошдан аёғим,
Бошдан аёғим гул, бошдан аёғим…


КЎЗЛАР ВА ДЕНГИЗ ХУСУСИДА

Кўзларингда адашган
Гуноҳкорнинг юраги — бу най.
Лабларингга босгин, оҳанглар додлаб,
Ёлғиз йилларимга етсин, мен эса
Бирон бир кунимни эслаб ўкинай.

Мен бўм-бўш қайиқ каби чайқалиб кетаягшан,
Олислашиб кўзинг қирғоқларидан.
Ботаётган қуёшнинг жилваларида,
Сирларига сингиб қоронғуликнинг,
Овуниб жодугар чироқларига.

Хуш кўрдим сени, эй, мовий денгизим!
Сен ҳам мени хуш кўр, денгиз, соғмасман
Нега бунёдманам, тўлқинларингда
Унут қирғоқларинг қадар оқмасам!

Томчиларингга сингган осмонларимни
Шарпалари тегиб сочим оқарар.
Рангсиз майсаларинг, чиғаноқларинг
Менинг юрагимни айтиб чақирар.

…Кўзларингда адашдим, сеиинг кўзларинг
Тўлғончиқ денгиздир, бунчалар чексиз!
Умрим қолиб котди қайси қирғоқда?
(Ёлғиз йилларимдан эсдалик, ёдгор).
Мен эса чайқалиб кетяпман, воҳ-воҳ,
Оламу одамдан жуда йироққа.

* * *

Дарёлар оқа бошлаган жойларига
яна қайтиб оққани қайтиб келадилар.
Екклезиаст.

Мени толиқтирди бу қўшиқ —
Чиғаноқлар марсияси…

Кўнглим сувларига ғарқ бўлди осмон.
Чўкиб кетди
Чўкиб кетди
Юлдузларнинг сирли жимлиги,
Қояларга севилмаган турналар армони,
Мангу ибодат синиқлари…

Қайтади дарёлар, дарёлиги шу!
Қайтади дунёлар, дунёлиги шу!
Одамлар эса қайтмагай!
Йўл тугаса ҳам кетаверар одамлар
Гувиллаб — гув-гув…,
О, ингроқлар қўшиғи!
Ёлғизлик қўшиғи!..

Мени толиқтирди бу қўшиқ —
Юракнинг йиғиси…

* * *

Ҳазрат ҲАЙЁМ,
Шаробга тўлибди кўзларимиз,
Майлими тўлдирсак пиёламизни?..

Ҳазрат ҲАЙЕМ,
Маст бўлдик, айтинг-чи, бу нима олам?
Маст бўлдик, айтинг-чи, биз қандай одам?

Ҳазрат ҲАЙЁМ,
Руҳимиз бемеҳр, совуқ очунда,
Шаробдек чайқалур вужуд ичинда,

Ҳазрат ҲАИЁМ,
Ҳамон ҳайронамиз бегонадикдан,
Қачон бегонамиз ҳайроналикдан?

Ҳазрат ҲАЙЁМ,
Тупроққа тўлибди кўзаларимиз,
Майлими синдирсак пиёламизни?..

* * *

Ёмғир ёғар,
Гўзалдир бари.
Тун қўйнида иккита шарпа…
Биз яна учрашдик, руҳни эзувчи
Айрилиқ тумани тарқаб,

Туннинг болалари иккимиз,
Муҳаббатнинг гуноҳкорлари.
Кўзлариигнинг тортиғи — жунун,
Жонинг сузар, кўзимга қара!

Ёмғир ёғар,
Тарқалиб кадар,
Тилларимиз савдойи оқин.
Телбадирмиз бу тун шу қадар,
Осмон бизга шунчалар яқин!

СЕН

1.

Гулим, сенинг юрагинг тоза,
Юрагингга боқаётган мен.
Икки кўзинг — икки дарвоза,
Дарвозани қоқаётган мен.

Фақат сендан истарман паноҳ,
Фақат сендан оларман баҳра.
Йиллар мангу меҳрдан йироқ,
Гулим, менинг кўнглимга қара.

Асабларим ўтдай чақнаган,
Ғурбатларда зерикдим, гулим.
Биров бориб эшик қоқмаган.
Узлатларда зерикдим, гулим.

Гоҳ бошимдан сепишдилар зар,
Гоҳо жазо бердилар: ўлим!
Мени қанча ўлдиришдилар,
Сени бор деб, тирилдим, гулим!

Йигирма бир ёшимда келдим,
Юлдузларим кўксимда ўчиб.
Гулим, сенинг қошингга келдим,
Икки дунё баҳридан кечиб.

2.

Фақат сен мен учун яшнаб юрасан,
Фақат сен яшайсан менинг ғамим еб.
Фақат сен Фарҳодни яхши кўрасан,
Фақат сен сўрайсан «Фарҳод қани?» деб.

Фақат сен кўнглимни тутарсан азиз,
Фақат сен мен учун қиларсан тоқат.
Ҳамма ва ҳаммаси кетар-ку беиз,
Фақат сен мен билан қоларсан, фақат…

* * *

Баъзан боргим келар сенинг ёнингга,
Тугаб битмасидан умр деган чўғ.
Нега хаёлимда ёруғ оламда
Сендан бўлак меҳрибоним йўқ?

Мени тушунарми сендан йироқда.
Хавотирлар билан ўтган йилларим?
Мени тушунарми энг керак чоғда
Қўлимда йўқолган гулларим?..

Имконлар излайман, топилмас нега?!
Мени маҳбус каби сақлар ўзлигим.
Инсон боласига баъзи-баъзида,
Оғир ботар экан чорасизлиги…

Нега хаёлимда ёлғизсан ҳамон,
Ҳеч нарса дилингга ҳадик солмайди?
Нега хаёлимда сенинг ёнингга
Мендан бошқа одам бора олмайди?..


ТАХАЙЙУЛ

1.

Шу ҳур қизг кўзларини
Гўшанга қил, худойим!
Киприклари бўлсин раққоса,
Унда кўнглим эркаласин кўнглини…

Шу ҳур қизнинг кўзларини
Аланга қил, худойим!
Киприклари бўлсин раққоса
Олов теграсида кўрай ўзимни,
Лоақал бир бора билай ўзимни…

2.

Сени сўроқладим
Атиргулнинг тушларидан.
Пайпаслаб кўрдим
Ўн беш кунлик ойнинг ёғдуларини.
Тингладим баҳорнинг нафасларини.
Воҳ!
Бунча тозасан!..

* * *

1. Агар кўнгулларим хастамиш,
Агар айшим ғорат баногоҳ.
Агар мижгонларим ёшланди,
Сени кўрдим дорул фанода.

2. Сўроғим борми ёруғ оламларида,
Ҳадсиз гуноҳларимнинг йўқми жавоби?
Бир боқинг бу қандай аламларимки,
Сочми ё киприги, қаддими қабоғи…

Пинҳон борлиғига этса ошино,
Кўзимни юмсаму кўрсам юзларин.
Беҳисоб ал-жабр, чексиз ҳандаса
Анинг нигоҳлари, ё Тангрим…

3. Бу қандай тилсимдир, ҳарир либосда
хонавайрон этган кўнгил ҳарамин.
Кўз юмиб лабларим лабига боссам
на руҳим қолибди, на макруҳ таним.

Билмадим на бўлар баҳридан ўтсам,
ишқим куярмикан ёки иймоним?
Гулдай қучоғида ҳижратим сабил
гулдай қучоғида жувонмарг жоним.

4. Мангу очлик бордир руҳ ила қонда!
Шу мантиқ замирида туғилар бари.
Сенга бўлган муҳаббатим ҳам
Руҳдаги очликнинг бир кўриниши…


МУҲАББАТ СОҒИНЧИ

1. Мана тўзғиб ётар қуш патларидай,
Улкан орзуларим, қайноқ ҳисларим.
Мен эса бепарво бир пайтдагидай,
Сени соғинаман, сени изларман.

Мана хаёлларим, қайтар кўнглимга
Ўзимдай беқарор, яна бетартиб.
Ўн йил бурунгидай чиқиб йўлингга,
Уларни мен сенга этсайдим тортиқ…

Ўз қалбимга ўзим чексиз малолман,
Қўёлмам сен томон ҳатто бир қадам.
Кеча ҳам, кундуз ҳам битта саволман:
Наҳотки мен бўлсам шу турган одам?!

2. Сўзларим хатоси мастлигим билан,
Ҳаётни алдадим ростлигим билан.
Мен сени бор дея шеърлар ўқисам,
Сен кетиб қолибсан ёшлигим билан.

ҲАЖР ИЧИДА ХАЁЛ

Сен менинг бетакрор густоҳлигимсан,
Ҳақиқат деб топган гумроҳлигимсан.
Гоҳида бемисл шаккок тасаввур,
Бирда ҳаётсану, бирда ўлимсан.

Рўзи маҳшаримсан, қиёматимсан,
Ўзимнинг ўзимга маломатимсан.
Хунимга ташнасан, меҳри қаттиғим,
Ҳарчанд гиря этсам, ҳарчанд ўтинсам.

Руҳимни синдирган муҳтарам гуноҳ,
Нима фитна бўлдинг кўзимдан оққан.
Қандай гулханийсан, қандайин гулоҳ,
Ичимга муз қалаб совуқ ўт ёққан?!

* * *
(Алишерга ҳазил)

1. Кўнглимиз бор, заримиз йўқ дунёда
Севгимиз бор, ёримиз йўқ дунёда.
Ўзимизни сўроқласак, изласак,
Йўғимиз бор, боримиз йўқ дунёда.

2. Орзулар жимирлар узоқдан сирли,
Хурсандсан, ҳолидан бехабар телба.
Сен сувсиз қудуқдан оcмонга боқиб
Юлдуз санаётган чорасиз одам.


ТУГАБ БИТМАС ҲИЖРОН

Вақтики оламда қолмаса мурод,
Хазондай тўкилса ҳуснинг гуллари.
Ранжми нима билан кўнглимни ёрсам,
Нега ғойиб бўлар дийдор кунлари?

(Соғиниб ўлтирарман, соғиниб
Бул ҳаёт шамин теграсинда).

Наволар келади – қадаҳлар тўлар,
Сукунат келади – илоҳий ўлан.
Сен хуним бермассан, бераҳм, ағёр,
Ҳаммаси, ҳаммаси хун сўраб келар…

Жонга оғу каби сингиб борар вақт
Унга ором етмас, у бир гуноҳкор…
Сен ҳадду ҳудудсиз соғинчдай фақат,
Мубтало этасан такрор ва такрор.

Мени кечирарми изтиробларим,
Ё таҳқир этарми ҳар сўровида.
Сен қандай севгисан жаллоди аввал,
Сен қандай жаллодсан севгига лойиқ…

(Соғиниб ўлтирарман, соғиниб
Бул ҳаёт шамин теграсинда).


ЁШЛИКНИНГ АДОҒИГА ЧИЗГИЛАР

Юрак айланиб кетган қанотга
Бир етим мусиқа оқар маст
Севги нафрат бўлиб қотган…

Чақирмас ортингдан кимингдир
Чақирса ҳам эшитилмас
Ютиб кетар айрилиқнинг сўнгсиз титроғи.

Кўнглингни бузади кимнингдир
“Бахтлимисиз?” деган сўроғи…
Ялангоёқ сўроқлар!
Аёвсиз топтайди туйғуларингни…

Кўклам боғларининг шовқини
Олислашиб борар,
ортидан
эргашар нотавон илтижоларинг.

Умидсизлик зулмати ичра
Ўзлигинг рўёга айланар
Мазмунсизлик қилар тантана.

Қанчалик, қанчалик бешафқат жазо
Ёшликнинг адоғи…

* * *

Сочларинг ҳидини келтирган шамол
Дарахтларга суянди ҳолсиз
қучоқлади маҳкам
хўрсинди
тинди
бу тун ҳатто шамол ҳам
уй ҳам, дераза ҳам
дераза ёнида ўсган арча ҳам
нақадар
нақадар аччиқ истеҳзо
сенга, муҳаббатга, барчага!..