Бобур Бобомурод 1968 йилда Бухоро шаҳрида туғилган, 1995 – 2008 йилларда «Кўзгудаги одам», «Ёлғиз қолган аёл», «Муҳаббат ёлғонлари», «Элим бўлди давлатли», «Бухородан куёв қилинг», «Эсиз одам», «Чимён тароналари», «Сукутдаги гўзал», «Умр баҳори», “Бир кун келиб”, “Юрагим”, “Худо берган ўзбекка” номли шеърий тўпламлари чоп этилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси (1998). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
ЭССИЗ ОДАМЛАР
Қўлсиз қолдим бериб бармоғим
Ёниб турар мудом қулоғим
Давраларга тортмас оёғим
Эссиз одам, э Сиз одамлар.
Дил гул эди Сизга аталган
Гоҳ топталиб, гоҳи мақталган
Ҳар бандига пичоқ қадалган
Эссиз одам, э Сиз одамлар
Пошнангиздан кўчирдим музни
Юрагимдан ўчирдим изни
Аллақачон кечирдим Сизни
Эссиз одам, э Сиз одамлар.
Эрта бир кун қабримга кирсам
Жаннатларда оҳиста юрсам
Жим қоларсиз термулиб турсам
Эссиз одам, э Сиз одамлар.
УЧМОҚДАМАН
Талпинганим бир умр
Қафассиз ҳаёт эди,
Топмоқлик қанот эди…
Дердим бу гўзал осмон
Кошкийди топсам имкон
Қуш каби учсам эди…
Учмоқдаман…
Мени чорлар кенг само
Бағрида йўқдур тузоқ.
Парвоз учун шайман аммо
Осмон мендан кўп узоқ.
Кўкдек тоза бўлай десам,
Ғунча очиб кулай десам
Ер ҳам мунча қаттиқ экан.
Орзуимга етгум бир кун
Осмонлардан изланг мени,
Сўнг манзилдан кўзланг мени.
Учмоқдаман…
Мени чорлар кенг само
Бағрида йўқдур тузоқ.
Парвоз учун шайман аммо
Осмон мендан кўп узоқ.