Башорат Отажонова 1986 йил 13 февралда Фарғона вилоятининг Бувайда туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетида ўқиган. Ҳозир «Бошланғич таълим» журналида бўлим муҳаррири вазифасида ишлайди.
У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Зоминда ўтказилган истеъдодли ёш ижодкорларнинг 7-анъанавий анжуманида «Юксак бадиий тасвир воситалари учун» номинацияси бўйича совриндор бўлган (2003). Таълим соҳаси муаммоларини ёритишдаги салмоқли ҳиссаси учун Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган (2017). Шеърлари ва таржималари республика нашрларида чоп этилган.
* * *
Саратон чарчади…
Эски кўйлагин
Ювиб марвартакнинг шохига илди.
Сўнг менинг ёнимга — ёғоч кўприкка,
Ўзини ташлади ҳорғин ва дилгир.
Бошимизда осмон — кўнглимдай улкан,
Юлдузлар — юзимга тошган сачратқи.
Сомон йўли кезар кўзларимизда,
Юракни ёргудек ҳайрат сачратиб.
Ариқларнинг лаби — бир узууун айвон.
Майсалар кўзига қўнган пайт тушлар —
Хира булутлардан беркиниб, сувда
Ойнинг синиқлари расмга тушар.
Шундай манзарани кўзига қамаб,
Шундай манзаранинг ўтиб баҳридан —
Чарчаган саратон худди синглимдай,
Аста ухлаб қолар менинг бағримда.
* * *
(Синглимга)
Бизни қишлоқ туғди!
Яшил далалар,
Кўнглимизни варрак қилиб учирди!
Булутларни ёрдик содда болалар,
Осмон кўзимизга ҳайрат кўчирди.
Тобора баландлаб учдик,
Варракнинг
Ипи чувалашди.
Қишлоқ мунғайди.
Сўнг топа олмади излаб, дараклаб,
Қуёшга йўл олдик биз — икки дайди.
Қуёш — бўйдоқ шаҳар —
Олифта ва тунд!
Орзуларни экдик — худди юлдузлар.
Энди биз шаҳарлик, болалик унут,
Сочларига попук қадалган қизлар.
Ҳар оқшом йўлларга кўз тикар қишлоқ,
Кутволгани чиқар бақатераклар.
Бизлар шеър тўқиймиз унга бағишлаб,
Шаҳарда адашган содда варраклар.
Пойига тиз чўкиб сўрайлик узр,
Шўртепа — йўлимиз пойлаган ватан.
Варракдай бағрига учайлик,
Ахир
Бизни қишлоқ туққан!!!
БОЛАЛИКНИ ҚЎМСАБ…
Яна тол кўчага намозшом чўкди,
Хира тортиб қолди кунларнинг кўзи.
«Арининг инига чўп суқар оқшом —
Ҳозир ажиналар кетади тўзиб».
Калима қайтариб, рангимиз ўчиб,
Аста тарқаламиз бир кўча бола.
Эшиклар ёпилар.
Қулф — катта тош
Бизни ажинадан қилар ҳимоя…
Йиллар сувдай оқди.
Толлар кесилди,
Толларнинг ортидан кетди кампирлар.
Бизни қўрқитмайди энди ажина,
Тол кўчадан кўчиб кетгандир сирлар.
Энди тол кўча ҳеч аҳамиятсиз!
Болалар — олифта! Ўйинлар мулзам…
Темир эшикларда темир қулфлар,
Гарчи ажиналар қўрқитмаса ҳам.
Яна тол кўчага сукунат чўкди,
Кундуз ёнбошлади кўзлари тиниб.
Зериккан намозшом қишлоқ оралар,
Ўша кампирларни соғиниб…
* * *
Бугун тонгда баҳор уйғонди!
Деразанинг ёриқларидан,
Сизиб кирди ўрнимгача март.
Ташқарида оғироёқ боғ —
Дарахтларни тутаётир дард!
Бугун тонгда баҳор уйғонди!
Тунда ёзни туш кўрган қуёш,
Баданида илиқлик сезди —
Ним табассум ҳавони ёриб,
Изғириннинг заҳрини кесди.
Бугун тонгда баҳор уйғонди!
Чевар хола — Табиат тикди,
Майсалардан яшил дастурхон.
Гул қадади ораларига
Бинафша ва қоқиўтлардан!
Бугун тонгда баҳор уйғонди!
Деразанинг ёриқларидан,
Кўнглимгача оқиб кирди март.
Уйғондим-у…
Ҳислар уйғонди,
Юрагимда бошланмоқда дард!
Юрагимни баҳор уйғотди!!!
* * *
Қуёшни уйига кузатар туман,
Тераклар пойига чўкиб борар нур.
Куз — бизни айирган сариқ ёсуман,
Боғ четида кузни қарғайди ғурур.
Ёмғирлар қўйнидан тўкилган тилак,
Сочимни бўяйди камалак рангга.
Сукунатни қучиб мудрайди йўлак,
Сарғайган хазонлар — ғийбатчи янга.
Боғ…
Мажнунтол ости…
Икки ўриндик.
Бағрида зерика бошлайди шамол.
Куз — етим қолган қиз, кўйлаги йиртиқ,
Куз — барглар қўйнида беркинган хаёл…
* * *
Ҳарир булутларнинг чокини сўкиб,
Мовий бўшлиқларни ёряпман, она.
Оёқларим ерга кетяпти чўкиб,
Осмондан-да ўсиб боряпман она.
Бедор туйғулардан сармаст ётибман,
Бош қўйиб кўнгилнинг болишларига.
Заъфарон хазонлар янглиғ кўндим ман,
Хастакўнгил кузнинг нолишларига.
Бир куни болалик дўниб эртакка,
Дуога қўл очар саждагоҳим — Ер.
Ҳурлар поклик тўшаб кетган йўлакка,
Менинг юрагимдан тўкилади шеър…
* * *
Ҳансирайди толиққан кеча,
Ўз ўтига ўзи қоврилар.
Қисмати шўр булутлар бебош,
Орзулари кўкка соврилар.
Қишлоқ ётар терга беланиб,
Кун жонидан ўтганда роса.
Ранг сўрайди тундан эланиб,
Бағри ўнгиб кетган дарвоза.
Тўқсон ёшли ҳассали чолдай,
Мудраганча турар сўрилар.
Қуруқ бўйин яшира олмай,
Куймаланар кекса мўрилар.
Мажнунтоллар — янги келинчак,
Кўзларида соғинчнинг расми.
Осмон — гўдак тўла беланчак,
Майсаларнинг келар ҳаваси.
Оғзини чўғ куйдирган тандир,
Кийиб олган мотам кўйлагин.
Ўчоқларнинг нигоҳи тахир,
Кўзларида оқар ўйларим.
Чойшабига ўранади тун,
Мағрур титрар мағрур дарахтлар.
Қора тундан қўрққани учун,
Ойнинг юзи оқарар баттар.
Ҳансирайди толиққан кеча…
* * *
(Шалолага)
Осмон — муҳаббатга лиммо-лим юрак,
Юлдузлар — ундаги сирларнинг акси.
…Яна пайдо бўлди тилсимли йўлак
ва яна ҳисларнинг бетакрор рақси.
Саргашта боғларга хазонлар чўкди,
Яна кўзларини намлади само.
Қизнинг юрагига армонлар тўкди,
Рангин туйғуларга кўмилган дунё.
Китобда яшади, севди, севилди,
Умрини башт этди дақиқаларга.
«Менинг баҳодирим…» шивирлади у,
Соғинчлар тўкилди саҳифаларга.
Дераза ортида… Қизнинг ёнида
Юрагига жойлаб бутун осмонни,
Мунг тўла кўзларга интизор эди:
Унинг баҳодири — унинг армони.
Яна юлдузларни яширди осмон,
Яна деразага урилди шамол.
Қизнинг нигоҳлари ўт олди бирдан,
«Сен — кўнгил гуноҳи,
кетяпман, хуш қол,
менинг баҳодирим…» шивирлади. У
Совуқдан жунжикиб китобни ёпди.
Дераза ортида… Қиздан узоқда,
Таниш киприкларни қировлар ўпди.
…Яна пайдо бўлди тилсимли йўлак,
Ва яна ҳисларнинг бетакрор рақси.
Яна муродига етмади эртак,
Кўксимга бош қўйди қиз яна ўксиб.
* * *
Сиз келасиз — дақиқалар ҳаяжонда,
Дукурлари уриб кетар юрагимнинг.
Кенжа ботир — йигирма йил соғинганим,
Сиз келасиз — ижобати тилагимнинг.
Кўксаманнинг туёқлари ўт сочади,
Чор тарафдан кўк тоқига олов учар.
Кенжа ботир — йигирма йил соғинганим,
Юрагимдан чорлов учар, чорлов учар.
«Девлар ўлди…» Қоф тоғидан келган жарчи
шамолларнинг тилидаги ҳандасидир.
Кенжа ботир — йигирма йил соғинганим,
Ҳақнинг мағрур бандасидир, бандасидир.
Қизғалдоқлар — олов бўлган туйғуларим,
Бойчечаклар соғинчимнинг рангларими?
Кенжа ботир йигирма йил тушдан кўриб,
Эртакларнинг орасидан танлаганим.
Йўллар узун…
Манзил олис…
Сиз яқинда…
Йўлингизга кўзин тиккан эртакчи қиз,
Кўксманнинг туёғидан ўт чақнатиб,
Кенжа ботир сиз келасиз, сиз келасиз…
* * *
(Ҳамидуллога)
Бор эканда йўқ экан,
Оч эканда тўқ экан.
Аслида бувимдайин,
Эртак китоб йўқ экан.
Мезон. Оқшом. Сўриток.
Тераклар орасида,
Беркинмачоқ ўйнарди,
Юлдузлар норасида.
Эртакка кўмилардик,
Уйига іайтгач офтоб.
Сен, мен, Мираҳмад, Баҳри
Ва бувим-эртак китоб.
Тушларимга кирарди,
Уч оғайни ботирлар.
Бугун кўнглимни бузди,
Ўша ширин хотирлар.
Бугун юлдузсиз осмон,
Унутилган сўриток.
Биз улғайдик… Мен кетдим,
Тошшаҳарга кайфим чоғ.
Гарчи китобга дўстман,
Гарчи кўпдир эрмаклар.
Энди ўшандагидай,
Сеҳрлимас эртаклар.
…Бир бор бўлди, йўқ бўлди,
Бир оч бўлди-тўқ бўлди.
Бувимдайин сеҳрли,
Эртак китоб йўқ бўлди…