Баҳодир Исо (1956)

1956 йилда Риштон туманидаги Дўтир қишлоғида таваллуд топган. Фаргона педагогика институтини 1977 йилда тугаллади. Бироқ, фаолиятини асосан адабиётга, санъатга боғлади.
Унинг шеърлари, достонлари республикамизнинг барча матбуотларида, коллектив тўпламларда чоп этилган. 1988 йилда нашр этилган «Хайрли тун» шеърий тўплами билан мухлисларга яхши танишдир.

УЧРАШУВ

Ойдик кеча. Боғ томон
ланг очилган дераза.
Боққа боқиб бир жонон
мушт ўқталар:
«— Кўрасан!»
Мушт ўқталар эркалаб,
мушти муштмас, олмадир.
…Ўзи билмай, боғ тараф
эгилади қомати…
Шунда ногоҳ «чўлп» этар…
Шитирлайди боғ ичи…
Шарпани қувиб кетар
ғафлатда қолган кучук…


ЭШАКНИ ЭСЛАШ ҲАҚИДА

Мен
қачон
нодонни
сўкмоқчи
бўлсам,
сен
шунда
эсимга
тушасан,
эшак…


ҲАЛИ ЎЛМАГАН ОДАМ

«Бошига тош билан бир урсам…»,
деб ўйлайди кимдир мен хақимда.
«Бошини бағримга боссам…»,
деб ўйлайди кимдир мен ҳақимда.
Мен эса
кўтариб юраман
ўша —
минг марта тош тегиб ёрилган,
иссиқ бағирларда димиққан,
ҳамма учун қизиқ
бошимни…


СИЁСАТ ҲАҚИДА

(Ҳазил)

Сиёсат бу — кўп нозик нарса,
У билан ўйнашиб, қийналма,
Сиёсатга тегма, қиз бола бўлсанг,
ўғил бола бўлсанг, уйланма.

АЛАҲЛАЁТГАН МУТАФАККИР

Капалак тишлайди одамни ёмон,
Бошлиқ бақиради қулоқни ёриб,
Тўқчилик келтирар қуриган уммон,
Пахтани еб бўлар оч қолса қорин.