Анвар Юнус 1939 йил 6 декабрда Қўқон шаҳрида туғилган. Тошкент автомобиль йўллари олийгоҳини тугатган. Шоирнинг “Менинг қора кўзлигим”, ”Оқ лола”, Сени соғинаман”, “Муҳаббат тумори”, “Бир ҳовуч дур”, “Уйғоқ дунё” ва рус тилида “Остров любви” шеърий тўпламлари адабиёт ихлосмандларининг катта эътиборини қозонган.
Анвар Юнус 1983 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Турон Фанлар академияси академиги. Самимий қалб соҳиби, нафис шеълар ижодкори Анвар Юнусов 2016 йил 31 декабр куни вафот этди.
ҲАҚИҚАТ
Оҳ, нечун сўзладим дардимни карга,
Кўксимга санчилган армондур, тиғмас.
Юзлаб фирибгарлар сиққан шаҳарга,
Токай, ёлғизгина ҳақиқат сиғмас.
Ғаним кўл кўтарса чўкиб кетмас тоғ.
Зеро юлдузларни этиб бўлмас ғарқ.
Баъзилар тилида сақичсан эй, воҳ,
О, менинг бағримда жоним бўлган ҳақ!
Нур сўнди қалбимнинг бир бўлагида,
Ёлғонлар зарбидан шикаста асаб.
Баланд биноларнинг тор йўлагида,
Имонлар сотилди, сотилди мансаб.
Шарт эмас қуёшни айламоқ таъриф,
Қайда чарақласа соялар кулдур,
Бироқ, қарагандим бошим кўтариб,
Кимлар бошлиғига, ким зарга ғулдур.
Беркилиб қолмагин, умидим йўли,
Ҳайқириб эртакдан чиқиб кел, ботир,
Бўйнида қуриган дарёлар қўли,
Онажоним Орол жон бераётир!
О, нечун сўзладим дардимни карга…
КУНЛАР СОВИБ ҚОЛДИ…
Босиб келди қадим шаҳарга –
бағри хазон — кўзакнинг дарди.
Хиёбонлар кўмилди зарга,
юрагимда фасл ўзгарди.
Кунлар совиб қолди, дилбарим.
Шамолларнинг кафтида кеча,
бешикдайин тебранди Қўқон.
Эшигимни қоқди бир қизча.
атргулдек нозик ҳаяжон.
Кунлар совиб қолди, дилбарим.
Туман тушди, оқшом-симоб ранг,
Йўлларимга қулади оғир.
Мен қуёшга интизор бир тонг,
томчилади ойнамга ёмғир.
Кунлар совиб қолди, дилбарим.
Кенгликларга қор ёғар бу пайт,
қилич тутиб кезиб юрар қиш.
Бориб уйғоқ дарахтларга айт,
ухласинлар кўриб яшил туш.
Кунлар совиб қолди, дилбарим.
Яхлаб ётар бу кеч дала, қир,
баҳоргача тилайман бардош.
Севмоғингга мени ишонтир,
музламасин кўксимда Қуёш.
Кунлар совиб қолди, дилбарим!..
АБДУЛЛА ҚАҲҲОР ХАЁЛИ
Атиргулларимни уйғот, эй шамол,
Муаттар ҳавога тўлсин боғларим.
Она тилим — боғим, билмасдан завол
Минг йил яшашингга умид боғладим.
Ёзмоқ — қонимдаги уйғоқ ғалаён,
Аждодлар руҳидан топмоқлик хабар.
Осмон чиқиб борар минбарга ёлғон,
Ҳақиқат тиллари туғилган Бабар.
Не учун қабоҳат тантана қурар,
Яшириб ётурсан, дунё, не сирни?
Ҳамон давраларда шеър ўқиб юрар
Кеча ўлдирганлар Усмон Носирни.
Нуру саодат бер, қудрат бер, ҳаёт,
Шуур бер, фарқлашга қорадан оқни.
Халқ суянса тоғман дегувчи ҳар зот,
Тоғ бўлиб босмасин муқаддас халқни.
Деҳқонни куйдирса саратон, саҳро,
Балки бир пиёла сув тутмадим мен.
Гавҳар донасидек тупроқлар аро,
Увол ётган халқни унутмадим мен.
Мунгли толеимсан, дардимсан Ватан,
Зеро, ўтмишингдан қилмасман номус.
Жанггоҳлар ўтида ёниб, куймаган
Очунда бир халқсан мисоли қақнус!
УСМОН НОСИР СЎЗИ
Остонамга қўймадинг қадам,
Минг йил бўлди сени кутаман.
Бахтга ёлғиз етмайди одам,
Мен эртага ёниб кетаман.
Тўкилмоқда хазон — куз оҳи,
Руҳим қақшаб кечиб ўтаман,
Йиғламоқда дарахтлар шохи,
Мен эртага ёниб кетаман.
Оташ излаб, излаб муҳаббат,
Чақмоқларга кўксим тутаман.
Нигоҳингни самога қарат,
Мен эртага ёниб ўтаман,
Эгалладим шеърим — дулдулни,
Юлдузларга номинг элтаман,
Маҳкам қучиб юрагим — гулни,
Мен эртага ёниб кетаман.
Мен ёнаман, куяди ғаним,
Она қуёш, сенга етаман,
Толеимда қолар Ватаним,
Мен эртага ёниб кетаман!
БИР ЯШИЛ ЯПРОҚ УЗИЛСА…
(Мухамммас)
Бир яшил япроқ узилса, дарди кўнглимда қолур,
Ногоҳон юлдуз тўкилса дарди кўнглимда қолур,
Ки хазон топган дарахтлар барги кўнглимда қолур,
Янграган савту наво оҳанги кўнглимда қолур,
Дилбарим, ўйнатма ханжар занги кўнглимда қолур.
Ишқ ҳаёт уммони ичра беназир дур, гавҳарим,
Шул сабаб кўнглимга келмас бўлмаса симу зарим,
Ишқ имоним, ишқ паноҳим, ишқ суянган сарварим,
Телбаваш шаббодаларга очма юз гулу тарим,
Бошимга ағёрлар отган санги кўнглимда қолур.
Ганжи дунёдин баланддур аҳли ушшоққа вафо,
Айла юздин бир вафоким, солма бошимга жафо,
Дилга васлингдин нажотдур, Қайсга Лайлидин шифо,
Ҳар кеча васлинг тилаб то субҳ қилдим илтижо,
Чекса оҳ саҳрода Мажнун чанги кўнглимда қолур.
Ям- яшил очун табаррук, гул берур булбулга роз,
Бағрида чақмоқ туғилса, келди осмондин овоз,
Севги кимга бахт берибдур, кимга бермиш эҳтирос,
Солдику кўнглимга армон қора зулфинг сарвиноз,
Кипригимда кипригингнинг жанги кўнглимда қолур.
Анваро, ошиқ эмассан, жон- жаҳонинг куймаса,
Қилма даъвои муҳаббат устихонинг куймаса,
Ўтга киргин гар самандардек имонинг куймаса,
Ёзма ашъор ошиқона сўзда қонинг куймаса,
Умри зое лолаларнинг ранги кўнглимда қолур.
НЕ УЧУН ЯШАДИНГ
Ночорлар ҳолига дил увушмаса,
Ҳақиқат сўзига лаб қовушмаса,
Ўзингдан ўзгага соянг тушмаса,
Дунёда не учун яшадинг, инсон.
Ҳаёт кувончлари этмаса сеҳр,
Ёру дўстларингдан топмасанг меҳр,
Севги деб ёнмаса кўзларингда нур.
Дунёда не учун яшадинг, инсон.
Номинг келтирмаса юртга ифтихор,
Мағрур қоя каби тўкмасанг виқор,
Гул очмаса кўнгил боғингда баҳор,
Дунёда не учун яшадинг, инсон.
Ватан хизматида турмасанг ҳар вақт.
Покликка этмасанг остонангни тахт,
Хумодек қўнмаса пешонангга бахт,
Дунёда не учун яшадинг, инсон.
Бошингда эврилур зангори осмон,
Руҳингда яшайдур замину замон.
Олиб ўтолмасанг имонинг омон,
Дунёда не учун яшадинг, инсон.
Она сайёрага бўлиб кўзу қош,
Зулматни енгишга топмасанг бардош,
Кўксингда ловуллаб ёнмаса қуёш,
Дунёда не учун яшадинг, инсон.
Элга нафинг теккан чоғлар қолмаса,
Изингда ям- яшил боғлар қолмаса,
Ортингда фарзандинг- тоғлар қолмаса,
Дунёда не учун яшадинг, инсон.
ФАРҒОНАДА КУЗ
Юз йиллик чинорларнинг кифтида жилоланиб,
Чиқаётган қуёшнинг кафтида тиллоланиб,
Водийнинг нафасидан сарҳуш бўлиб, солланиб,
Тўкилган япроқларни ўйнар тонгги саболар.
Ипак каби эшилди сумбуланинг сувлари,
Кўчаларни тўлдириб сайр этар оҳулари,
Етти иқлимга машҳур Фарғона сулувлари,
Куз, сўлим боғлар аро гуллар тўкар қаболар.
Учар олис элларга мунгли куйлаб турналар,
Бу аччиқ айрилиқдан қушлар кўкси тирналар,
Мовий осмондан боқиб юлдуз бўлиб нурланар,
Малика, Матлубанинг шеъридаги иболар.
Қаҳрабо ранглар ичра кўмилади Фарғона,
Ярқираб сузиб борар уммонда гавҳар дона,
Атлас кийиб табиат пардоз билан овора,
Атир пуркаб оламга уфуради ҳаволар…
2
Боғларда бошланган хазонлар фасли,
Деразанг ортида куйлайди сим-сим,
Хаёл қушларининг синди қафаси,
Қўшиқлар туғилди бу кеч беисм.
Аёз сипоҳ тортар рангин чаманга,
Ҳазин наволарга тўладур бағир.
Ўраниб бормоқда оппоқ туманга,
Уфққа қоришган дарё, дала, қир.
Кузакнинг чақмоғи- оқ турналарни,
Яшил соҳилларга кузатар замин.
Тунги ой ҳовучлаб тўккан нурларни,
Қушлар кечиб борар ҳавода ғамгин.
Баргларин тўкмоқда олов ранг боғлар,
Келмоқда қиш ҳиди, кетмоқда мезон.
Самога бош уриб шовуллар шохлар,
Юлдуздек жаранглаб тўкилар хазон.
3
Сувлар тиниб қолди, сумбула келиб,
Қошига чорламас зумрад булоқлар.
Ёзнинг этагидан тутмоқчи бўлиб,
Йўлкаларда чопар олтин япроқлар.
Салқин саъарларни этади зебо,
Гулзорларда сўнгги ғунчалар фақат.
Она табиатга бериб кўрк, оро-
Боғларда куз гулхан ёқар бу фурсат.
Олма ҳиди тўлган ҳавода кезар,
Бобом кипригидек оқарган мезон.
Юлдуз чаноқлардан кўпиради зар,
Далалар бошида тунайди деъқон.
Қуёш чиқар кўкка машъал ёндириб,
Тоғлар этагида водий нурланар.
Ўтган йўлларида қўшиқ қолдириб,
Олис манзилларга учар турналар…
4
Кечаги ям-яшил боғъарда бугун,
Олтин ранг ардоқли ранг бўлиб қолди.
Оёғинг остида оъимдек беун-
Хазон япроқлари тўкилиб қолди.
Шамолга ёлвориб инграйди оғоч,
Заминнинг бағрида кичрайди кундуз.
Мезон қиличини тутиб яланғоч,
Қўли етган ерни босиб олди куз.
Сен ҳам шаҳд қилурсан йўлларга боқиб,
Меҳрсиз бир сўздай қулар жаҳоним.
Юрагим кузакнинг баргидай ёқиб,
Бу хазон фаслида кетмагин, жоним…