Асқар Маҳкам (1958-2007)

Асқар Махкам 1958 йил 27 ноябрда Тожикистоннинг Кофарниҳон туманида туғилган. Хўжанд давлат педагогика институтини тамомлаган (1981). «Наврўз» (1988), «Тазарру» (1982), «Таважжуҳ», «Ишқ» (1994), «Ибодат» (1993), «Ҳақ» (1998), «Аналхақ», «Табриз дафтари», «Оқкитоб» (2003) каби асарлари нашр этилган. «Авесто», Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг «Кашф ул-асрор» (Қуръони Каримнинг адабий-ирфоний тафсири), Ж. Румийнинг «Маънавий маснавий» (1-дафтар)сини, Шамс Табризийнинг ғазаллари ҳамда Эрон шоирлари шеърларидан намуналар таржима қилган («Туйғулар япроғи», 2005). 2007 йил 6 мартда Тошкент шаҳрида вафот этган.

* * *

Бу уйда бир пайтлар бувим яшаган,
меҳрсиз келинин дастидан ёниб.
Пойдевор тошини ўзи ташлаган,
Бизларга нон ёпган тунлар уйғониб.

Ўзи ер чопарди, ўзи экарди,
невара ташвиши, беш маҳал намоз.
Ғам ошиб кетганда нос ҳам чекарди.
Қўшнилар гоҳ яраш, гоҳи пайт араз.

Айрилиқ дардида оқарган сочи,
сарғайиб борарди кун ўтган сайин,
турмушга етарди базўр қулочи,
бу давру замонга етмасди тайин.

Мен эса шоирман –
бору йўғим шу…
Баъзан шеър тўқийман ўшанга атаб.
Шеър нима билмаган ва билмайди у,
ўйлаб ҳам кўрмаган етмиш йил яшаб…

Бу уйда бир вақтлар бувим яшаган.

* * *

Эй покиза хилқат, хуш келдинг,
вожиб бўлсин Ишқ дуолари.
Тирноғингга арзимас сенинг
бу дунёнинг бор дунёлари…

Бафинг заҳар-заққумга тўлар,
кимдир отар сўнгги тошини
ва пойингга ташлайди улар
муқаддас деб билган лошини…

Сен кетасан… Кўкда ёлғиз ой,
пастда увлар нобакор итлар…
Тумшуғи қон, панжалари лой,
потирлайди қонхўр бургутлар…

Сен кетасан танҳо ва дилхун
гирдоб узра оқ гул мисоли…
Пок танангни асрамоқ учун
лашкар тортар юлдуз қироли…

Эй покиза хилқат, хуш келдинг!
Вожиб бўлсин Ишқ дуолари!
Тирноғингга арзимас сенинг
бу дунёнинг бор дунёлари!..

СЎЗ ЖОНИ

Бугун сўзлар Айюбдек хаста
ё барчадан у ҳам тўйдими…
Менга барглар шивирлар аста:
«Энди биров шеър ўқийдими!..»
Наҳот Сўздан қолмади нишон,
гарчи улар бозорда лак-лак…
Менга гуллар шивирлар гирён:
«Бугун шеъринг кимга ҳам керак!..»
Осмон ўша…
Қадимий осмон…
Юлдузлар ҳам ёнар тўкилмай…
Одам бўлмас ҳеч ким, ҳеч қачон
буюк Қуръон сўзин ўқимай!..
Гарчи каждир чарх –
бордир осмон,
у айланар азал шу йўсин…
Одам бўлмас ҳеч ким, ҳеч қачон
Навоийнинг ўқимай сўзин!..
Ер аиланиб турар ҳар қалаи,
кутарганча инсон зотини.
Одам бўлмас ҳеч ким ўқимай,
Мавлононинг Куллиётини!..
Ва Пайғамбар Раҳмат тоғида
тингламоқда илоҳий ваҳий.
Бутун олам аҳлин оғзида
«Иқро бисми Роббикал-лазии!..»
Қиёматга қадар шу хуллас
ғов бўлолмас ҳеч ким йўлида.
Сўз ўлмайди! Ўлдириб бўлмас!..
Суз жони ҳам Оллоҳ қўлида!..

ЭЙ ИШҚ – БАЛОЙИ ЖОН!

Сен менга жазо бергил, ошкора сазо бергил,
Кўйида адо бергил, эй Ишқ – балойи жон!

Қисматки азал шулдир, ёндир, мени куйдиргил,
Дардимга даво бергил, эй Ишқ – балойи жон!

Гар йўқману пайдоман, йўқсилману дороман,
Созимга садо бергал, эй Ишк – балойи жон!

Менким адашиб сендин, айро тушайин элдин,
Минг қатла хато бергил, эй Ишқ – балойи жон!

Дунёси қилиб торлик, пойимга илиб чориқ,
Илкимга асо бергил, эй Ишқ – балойи жон!

Девоналарим басдур, афсоналарим басдур,
Бир ақли расо бергил, эй Ишқ – балойи жон!

Васлингта етолмасдан пойингда агар ўлсам,
Бир пора мато бергил, эй Ишқ – балойи жон!

Ёнсам чидамас маҳшар, куйсам чидамас машҳар,
Руҳимга сафо бергил, эй Ишқ – балойи жон!

Гар Ёр жафо истар, пайваста хато истар,
Умримга қазо бергил, эй Ишқ – балойи жон!

* * *

Кўнглим менинг истаган ёр йўқ,
Руҳим менинг истаган ёр йўқ.

Мен қатлдан кўрқмасмен ҳаргиз
Оғочлари баландроқ дор йўқ…

Ҳама гуллар оёқ остинда
Ани асрай дегувчи хор йўқ.

Мухаббат ҳам шаҳватдир асли
Магар бунда парда йўқ, ор йўқ…

Биҳамдиллаҳ ўлим айиргай
Қўшай дема ҳеч қўшмозор йўқ…

Тортиб бўлдик барини буткул
Биз тортмаган ғаму озор йўқ.

Сотиб олай десам бир ҳамдард
Бухорода бундай бозор йўқ…

* * *

Иймоннинг кифтида турар осмонлар.
Иймонсиз кимсанинг қошига келманг!
Бундай зот қўлига, эй мусулмонлар,
Қилич ҳам бермангиз, Қуръон ҳам берманг!.

* * *

Иймон деб дунёдан юзни ўгирдик,
Ҳаром деб ҳаммадан кўзни ўгирдик…
На ҳалол, на ҳаром нелигин билмай
Иккисин ортидан итдек югурдик…

* * *

Иймон сотилганда бозор қолмасди,
Беномус қолмасди, беор қолмасди…
Бир зумда сотилиб эски ўликлар,
Кейинроқ ўлганга мозор қолмасди…

Иймонни нур дерлар, нурдир, нурдир у,
Бу нурни кўрмаган кўрдир, кўрдир у…
Бу нурни кўрмаган одамми ажаб
Эҳтимол йўкдир у, йўкдир, йўқдир у…