Ғулом Эгамшукур (1959)

Ғулом Эгамшукур 1959 йил 15 январда Сурхондарё вилоятининг Денов туманида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1981). Дастлабки шеърий тўплами — «Қуёшнинг ҳиди» (1997). «Руҳ анатомияси», «Мангу армон», «Кўринмас майдон» (2007) каби шеърий тўпламлар ва драматик достонлар муаллифи. «Қуёшга суянган одам» хужжатли қиссаси ҳам бор. Р. Рождественскийнинг «Уруш» (1983) достонини ҳамда У. Сулаймоннинг бир туркум шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.

* * *

Сен ёлгиз меники, сен менга ёрсан,
Ҳусн маъбудаси танг қолмиш бунда.
Ё фалак адашди, ё мен адашдим,
Севмоқ қандай яхши дарахт олдида.

Ёмғирлар осмони – кўз ёш осмони,
Ёмғир хаёлларни кўриқлайди жим.
Мен сенга ишонгум бу тун, бу тонгда,
…Ёмғирни ўғирлаб уйга кирган ким?!

Сен бепарво қолдинг, эрта-чи, қотил,
Хаёлнинг кесилган у бийрон тили.
Сўзлаб беролмайди ўз изоҳларин –
Карахт ҳислар билан боғланган йўли.

Келгин, гўзалликка маъбуда бўлгин,
Бу тун кўзларимга кулиб қарагин.
Осмон қораликда соф, бегубордир,
Бу кеч сочларингни майда ўрагин.

Очиқ қолсин тилсиз деразалар ҳам,
Биз ҳакда сўзласин парвоналарга.
Бугун лабларингдан ўпар оппоқ тонг,
Бу тонг шеър ўқийман шабадаларга.

* * *

Тонг отади балки шу соатларда,
Кўрасан кўзингни, оқ нурин силаб.
Димоғингдан келар тонг бўйи,
Ожиз шивирлайди шунда лаб:
«Маҳкамроқ қуч мени!»
Ҳозир кун ботади – сигирлар қайтар,
Туёқлардан келар гул ҳиди,
Анқийди гул ҳиди молхоналарда
Майсаларнинг яшил қонлари –
Қотиб қолган мол туёғида…
Сен секин кирасан омонат уйга,
Тун ҳадиксирайди: «Бегона бошмоқ»
(Бошмоқдан анқийди хушбўй гул ҳиди)
«Танийман» деб қолди остона…
…Тун такрорлар дўрилдоқ овозда:
«Қуч мени маҳкамроқ».

ДАРС
Юракка

Ғамноккинам, о, юпунгинам,
Қаро кийган – қаро қуримдан
Адашдимми? Сиёҳ – тунгинам,
Айрилдимми ёқут – дуримдан?
Адашдимми топмадим ҳориб,
Нур таратмас зулмат либоси.
Ғубор босган ўтовдек ғариб,
Эшитилмас қалбим садоси.
Ғамноккинам, о, юпунгинам,
Руҳи сарсон, тахти ғоратим.
Нафси – аждар, вужудим – ғаним,
Тунд Зуҳалми о, муҳаббатим!
Ҳувуллаган сукут – қабристон,
Мунгли қабр – вайрона кўнглим.
Бўёқлари қотган шабистон –
Косасида қорайди таним…
Дили жоним, руҳи тарошим,
Дил ғубори тошар кўзимдан.
Қорачикдан тошар бир гуноҳ,
Кўз ёшларим чопар изимдан!
Ғамноккинам, о, юпунгинам…

РУҲ АНАТОМИЯСИ
(Туркумдан)

1. Сен у қадар олис,
Сен бу қадар яқин эдинг.
Қуёш учқунингми? Тутар вужудим!
Кўзларим гавҳари куйди қорайиб,
Таним аро кўпирди қоним!
У, жоним! Сочларим қайнади,
Мен гўё ҳабаш!..
Ўсдим, ўсавердим оташ зўридан,
Оёғим Ерда.
Ўсавердим то гардун қадар.
Ўсдим даргоҳингга, қадам-пойингга!
Остонангта бошимни қўйдим…
Сен у қадар олис,
Сен бу қадар яқин эдинг!

2. Гўё ўлим каби таҳликали –
судранади Тун.
Қўрқувдек шарпасиз кезар Руҳ!
Унинг бошпанаси –
энг чуқур Қудуқ –
юрак – қудуқ.
Унинг туйнугидан сиғади Осмон,
Унинг туйнугидан сиғади…
Ва ўн саккиз минг оламни ушлаган Аллоҳ!..

3. «Алла» айтсанг, ухлайди гўдак,
«Аллоҳ», десанг оромда Вужуд.
Боласин опичлаб олган Онадек –
Руҳингни етаклаб юради Осмон!
Гар узоқроқ қолсанг ғафлатда,
Бегонага айланади руҳ!..
Эгасиз қолар тан –
эгасиз Ватан!

ҚОРА ОДАМ

Қора Одам маҳзун, Қора Одам –
сукур ютган Тун.
Қора Одам энгашар Ерга.
Юлдузлар – кўзлар мўлтирар, боқар –
ҳар тун, ҳар оқшом –
Шу алфоз, шу куй!..
Қора Одам…
…Яқинроқ боқади қўлда Ой – чироқ!
Тушунмас Уни;
Ғафлатдаги банда!
Уйқудаги Дунё…
Қора Одам маҳзун,
Қора Одам – афсун –
сукут ютган Тун!
Қорайгандан қораяр,
чуркайди гардун.
Қора Одам маҳзун,
Дейди: Уйғотаман Дунёни!
Титратгум Кўкни! –
Эй, ризкдан мосуво,
Гуноҳ либосида дайдиган шарпа.
Эй, ғофил банда, уйғотгум Дунёни…
Қора Одам ғазабнок боқди,
Гумбурлади момақалдироқ!
Яқинроқ энгашди –
Чўнтагага яширди
Ой – чироғини,
Кўзларини юмди
Қора Одам.
«Уҳ-ҳ» дея нафасин қаратди Ерга…
Бўрон, довулларни ютиб юборди –
Роҳиба қиз каби қора либосига
ўраниб ғафлат кўлкасида ухлаган
Дунё… Зулмат лашкарлари қоқар деразаларни,
Шамолларнинг юзи қорайди –
моматалоқ бўлди –
темир дарвозаларда!
Босинқирар; ағдарилар ўнгу сўлига,
Тақводор қария дер:
«Астағфируллоҳ!..»
Ниҳоят, ханжарни санчди кўксига,
У – Қора Одам!
Синди чақмоқ –
Ханжари!
Титради Ер, Осмон…
…Томчилар ёмғир,
кейин селга, дўлга айланар ёмғир!..
Қора Одам…
Кўрдики, бомдодга яқин –
Унинг кўз ёшига чўмилиб,
Шу улкан дунёда,
шу катта Ерда –
Намозга шошарди митти бир Одам!..