Акмал Турсунов (1988)

Акмал Турсунов 1988 йили туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университетида таҳсил олган.

ЛОЛА

Бир азобда тоққа чиқсам баҳорда,
Қиқирлаб турибди тоғнинг лоласи.
Лола, мени ерга урма бекорга,
Анойимас, менам тоғнинг боласи!

Эгилганим тўғри сенинг пойингга,
Чиройинг деб бўлдим мен роса хароб.
Шу жабрлар ҳаққи, қизил жомингга
Лолажон, қуйиб бер бир коса шароб.

Сипқориб тин олсин бу ҳалак жоним
Япроқ-кокилингни лабимга босай.
Қизил бўянганинг – бу жигар қоним,
Юзим рангини ҳам олдинг-ку тоза!

Тиз чўкиб ўпаман япроғинг, мазза,
Сен ял-ял очилган, мен тили дудуқ.
Бир силкиниб қўйсанг жаҳоним ларза,
Бир сийпалаб қўйсанг, жоним тасаддуқ!

Қўлим теккизмайман, бўлма хавотир,
Сен қиқирлаб турсанг, қандоқ юламан?
Ҳар баҳор қошингда бўламан ҳозир,
Ўлсам, ҳузурингга келиб ўламан!

ХОНҚИЗИ

Хонқизи, кел, хонга куёв бўлайин,
Сен билан яшнасин боғим, хонқизи!
Фақат қалинингни қандоқ тўлайин,
Бисотим етмайди чоғи, хонқизи!

Дерлар камбағални ори ўлдирар,
Онам дер: шаштингдан қайтгин, жон қўзим!
Чориғимни судраб борсам кулдилар,
Зар либос севгини бўғар, хонқизи!

Қоп-қора холларинг бирам ярашган,
Боқсам кўнглим байрам, эгнинг қип-қизил.
Ношудман топмоққа тенгин адашган,
Сен ким-у мен кимман ўзи, хонқизи!

Сийлов маликага ярашар, ахир,
Мен ҳам Яратганнинг якка, ёлғизи.
Бир марта кафтимга қўниб суюнтир,
Қўлимни қайтарма фақат, хонқизи!

Хонқизи, кел хонга куёв бўлайин…

ШАРҲСИЗ УМР

Кўзим қотди. Тилим қотди. Қўлим қотди.
Ўзимни алдашга қолмади ҳожат.
Йитди кўксимда ин қурган хавотир,
Хашаки тут чиқди мен эккан кўчат!

Хайрихоҳ изладим: заранг ердаги
Мажнунтол бош ирғаб қўйди оҳиста.
Ой менга жавради ўзин эртагин,
Сой менга “давом эт” деди оқишда.

Жўялироқ билиб сойнинг ўгитин,
Оқишга тутиндим хийла шарқироқ.
Мен овоз созладим тошлар йиқитиб,
Бори шу – умримнинг бўлак шарҳи йўқ!

ОШИҚ

Томиримда жўшқин қонлар гупурди
Яшашга муҳаббат, ишққа тавозе.
Ошиқлар хокини кўзимга суртдим
Заминий ҳисларим босди тарози.

Ташвишга қўл силтанг!
Бари жўн, одми:
кетмонмас рубобни тутқазинг менга.
Энг баланд пардада куйлай ҳаётни:
ҳар он Парвардигор туҳфаси менга.

Ранж-у ситамларга зарра ўрин йўқ,
Қалбимда доира садоси янграр.
Кўкни давра олиб айланади руҳ,
Ер тепиниб ўйнар ҳар бир ҳужайрам.

Кўнглим, оламга боқ, нақадар кўркам,
Ҳақнинг тажаллиси мўр-у майсада.
Ўзингдан баландроқ яшашни ўрган,
Гўзаллик топа бил ҳамма нарсадан.

Дўстим, кел, эскитдан борки бир жумла –
Ҳаёт шаробини баҳам кўр деган.
Яшашни бош-оёқ жумбоққа кўмма,
Ҳақиқат акс этар коса сиртида.

Синовлар аччиғи тилимда новвот
Ҳаққа зоҳидона ишқимни куйлам.
Ялангоёқ қолсам ҳамки, умрбод
Ошиқлик тўнини эгнимда қўймам!

* * *

Ошиқ одам узолмайди гул,
Боқиб баҳра олади, холос.
Қўлдан келган ёмон иши шул –
чертади тор,
йиртади қоғоз!

Ошиқ одам булоқ сувига
Оёғини чаймайди ҳечам.
Дарёни назр этиб сўфига,
Офтобада юз ювар – тежаб.

Ошиқ одам сунмайди бўйин,
Дунёсига силтаб кетар қўл.
Маъшуқига ошиққан кўйи
Чўбин отга миниб олар йўл…

БУРГУТ МОНОЛОГИ

Мени баланд тоғлар учирма қилган,
Ушоқнинг дардида юрган қушмасман.
Тақдиримда овчи бўлиш битилган,
Тайёр ўлаксага сира учмасман.

Қуёшга тик боқиб улғайдим, шундан
ердаги жимитдай жон ҳам намоён.
Қилдим гадотопмас чўққини кулба,
қумурсқадан холи топай деб ошён.

Хонаки каптардай ўйноқилик ёт,
Учсам қанотимни ёзаман вазмин.
Менга енгил-елпи нарсамас ҳаёт,
Аслимга мос яшаш – юракнинг изми.

Шом кирди дегунча дарахтда ғужғон,
ғийбатчи майна – қуш номига иснод.
Пингвин ўзлигидан кечгани ҳамон
сургун қилган шимол томонга қисмат.

Мен эса юксакка интилдим, зора
баландроқ яшашни уқса деб қавмим.
Ернинг тортиш кучин енгмоқ баҳона
Бирам хуш ёқади ҳурликнинг таъми.

Ўзи учмайди-ю, учса кўролмас
Қашқирлар тиш қайраб турибди ерда.
Пўлат тирноғим-ла кўтараман даст,
Йиртиб улгуролмас улар кекирдак.

Нигоҳимга кўчар тоғлардан виқор,
Вақт билан басма-бас келмоқ бўламан.
Кун оғиб, қўнади патларимга қор,
Фурсат етганини ўзим биламан.

Бургут ўлимини кутар қушмас, о!
Қартайганин сезса тирноғи синиб,
бори деб ўлакса титмайди асло –
Мардларча қояга урар ўзини!

* * *

Билмадим, қаёққа қараб чопяпман…
Чопмоқ бирламчидир.
Қаён – фарқи йўқ.
Ит ётиб, мирзалар каби қўпяпман,
Ошиққан манзилим ўзи балки йўқ!
Чиқсам тепаликка бор кучни жамлаб,
Асло ўша ерда қолмайман муқим.
Эртакнинг сўнггини билади ҳамма,
Шу сабаб мен учун жараён муҳим!..