Зилола Хўжаниёзова (1973)

1973 йилнинг 16 июнида туғилган. Қарши давлат университети филология факультети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида таҳсил олган.
2002 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
“Юрагимда бир гул ўсади”, “Дил шеваси”, “Кўнгилга йўл”, “Ҳулво” (Туркия), “Соғинч шивирлари”, “Аксиома”, “Кел,эй дўст”(Озарбайжон) номли шеърий тўпламлар ҳамда қатор илмий-публицистик рисолалар муаллифи.
У Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида, Республика Давлат мулк қўмитаси нашрида, ҳозирда эса Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги тасарруфидаги “Миллий стандарт” журналида бош муҳаррир лавозимида фаолият юритмоқда. Республика ва хорижий нашрларда юздан ортиқ ижод намуналари чоп этилган.

АКСИОМА

Вақтнинг ғалвирида қалқийди дунё
Бир куни эврилар рўзи қиёмат.
Дунё жозибаси, ҳирс-ҳавас рўё,
Уммон узра сузган ҳасдай омонат.

Ҳамон замин гирён, ҳалаклаб тинмас,
Охират томон йўл ҳар битта қадам.
Ҳатто вужудингнинг эгаси сенмас!
Ҳар лаҳзанг синов бил, эй аҳли Одам.

Зикр-у истиғфор эт, айла илтижо,
Ўзидан ўзга йўқ дўст ила маҳрам.
Сулаймон бойлиги этдими вафо?
Қалб кўзларинг очса – шу олий карам.

“Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир”¹,
Кибрдан тоза тут қалб хилқатини.
Яна нафсинг ўлдир, англагил алҳол,
Тирик туриб ўлмоқ ҳақиқатини.

Бир куни ғойибдан келганда пайғом,
Нур ила чайилса фитратим маним.
Руҳимга ҳурликни этса-ю инъом,
Иллоҳ, бир чуқурни тўлдирар таним.

Бир ёруғ муждага илҳақман, иқрор,
Тилимда тазарру, нажот ҳам паноҳ
Ҳақнинг раҳматидан одил-у қаҳҳор,
Умидимни узмам, алҳамдуллиллоҳ!.

Вақтнинг ғалвирида қалқийди дунё…
—-
¹ Шавкат Раҳмондан

* * *

Бу йўлларда еллар сарсон, йиллар сарсон,
Умрим оқар Насаф -Тошкент орасида.
Йўл чигилар ошиққанда манзил томон,
Соғинч, дийдор кўзим оқу қорасида.

Мунисгинам, менинг тобим ўйидасиз,
“Йўлинг олис, чарчадингми, болам”, дейсиз.
Гулдай заиф, титраб турар қўлларингиз,
Дардман сизу, мен ношуднинг ғамин ейсиз.

Сиз тахтимсиз, давлатимсиз, кўрк-савлатим,
Сизсиз мендай ғариб, ночор топилмайди.
Остонага кўзин тикиб, муштоқ кутиб,
Тун оққунча қўшдарвоза ёпилмайди.

Кўзларимга халқобланиб ёш қуйилар,
Тишлаганим, бўғзимдаги тош туюлар.
Сиз-ла дунё оқибати бисёр, она
Бировларнинг ёлғон меҳри фош туюлар.

Шукур, етдик интиқ кутган баҳорларга,
Дастор олма гул очибди, оқ, пуштиранг.
Она, яна ният айтиб саҳарларда,
Бир бор бизмас, ўзингизга умр сўранг.

Бу чархи-дун ғам-ғуссага бозор экан,
Қўлим силтаб, найсонлар-ла елдим яна.
Нурга интиқ майсадайин бўй кўрсатган,
Соғинчларим маҳкам қучиб келдим, она…

Соғинчларим маҳкам қучиб келдим она…

БАЪЗАН…

Баъзан соғинасан кимнидир тинмай,
Баъзан қайларгадир келади кетгинг.
Яна хос кунларга кўникмай, сиғмай,
Қалбинг шамолга фош келади этгинг.
Керакмас ўткинч шон, керакмас дунё,
Хаёллар беқўним, бебош, дарбадар.
Руҳинг самоларга интилар гўё.
Учмоққа шай олис юлдузга қадар.
Сезимлар, кечимлар беун, саросар,
Кўксинг оғирлашар, надир чораси?.
Совургинг келади боринг ҳавога,
Охир, қабаради дийданг яраси..
Ишонч йўқолганда, гўё ҳақорат,
Туюлар дўстнинг ҳар такаллуф лутфи.
Аслинг йиғлаганда, кулмоқ – маҳорат,
Сабр тугаб, занглайди кўнгилнинг қулфи.
Шунда соғинасан ёруғ маъвони,
Келар кенгликларга бош олиб кетгинг.
Умид-ла юракка жойлаб дунёни,
Боладай қалбингни учириқ этгинг…

* * *

Боқаман, найрангбоз дунёи ҳашам,
Теграмда, кўз сузиб муқом, ноз этар.
Солланар, такаббур риёга жазман,
Раққосдай саҳнада рақсин соз этар.
Ол борим,
қўй мени
ишқ бирла..
Сен учун кўнгил не, нафс буюк матлаб,
Такаллуф эт, турлан, зорланиб тила.
Мен-чи бағрихунман, гумроҳ ишқталаб,
Илло, ҳеч фанодин кечгум бир йўла!…
Ол борим,
қўй мени
ишқ бирла…
Ҳар назар, ҳар ўйда бир фисқ ўрлайди,
Бас, мен ёр, ошиқман, дарвеш ҳалафман.
Кимга не насибу, ким не тилайди…
Мен кўнгил тарафман, мен дил тарафман.
Ол борим,
қўй мени
ишқ бирла…
Не ажаб, шу кўҳна дард билан борман,
Ситилсаму бунёд бўлсам минг карра…
Ибтидодан буён ҳамон машғулман,
Аслим топмоқ учун заррама зарра…
Ол борим,
қўй мени
Ишқ бирла…

* * *

Соғинч саҳросида излаганим ишқ,
Орзу осмонимда гуллаб нафамон.
Минг йилларки, бенур, бенаво қалбга,
Ям-яшил фаслда йўллади инъом.
Дилда қанот қоқиб умид қушларим,
Чуғурлаб кўнглимни эттилар ошкор.
Ўнгидан келдими оппоқ тушларим,
Тунларим паришон, беором, бедор.
Қалбимда нурлардан тоза бир туйғу,
Бир ниҳол унмоқда – ишқ деган дарахт.
Ҳар они фараҳбахш, жилвагар ёғду,
Минг йиллар кутганим, балки шудир.. бахт.
Жонимда, қонимда ҳисларим сармаст,
Гар у шароб бўлса, тоабад ичгум.
Карбало даштида ёлғиз эдим, бас…
Ишқки, гуноҳ бўлса, мен абад маҳкум.
Кўксимда асрадим осмоний исминг,
Ғанимим қаричлаб ҳар босган изим.
Риёкор, зим-зиё тун кечаларга,
Сочимни силашга бермадим изн.
Мени чорлаётган илоҳий бир сас,
Тилим тушунмайди ўзга лаҳжани.
Соғинчимга ватан этгумдир абас,
Руҳимга инган у ёруғ лаҳзани.
Энди қароғингда яшайман абад..
Муҳаббат юртида каъбам, маҳшарим.
Қалбинг ошёним то, рўзи қиёмат,
Кўксимга чўғ солган шамсим-қамарим.
Энди қароғингда яшайман абад..

* * *

Билсанг бу дунёнинг бир телбасиман…
Сенинг оғушингда сармастдирман куз.
Далли дилим недин умидвор билмам,
Гарчи умрим кузи боқади маюс.

Кўз ёшларим уйда қолдирдим атай,
Йиғламайман, гарчи дилим заъфарон.
Ёшлик баҳор дерлар, кексаликдир қиш,
Менинг бор ҳаётим куздир бегумон.

Тиллоранг туйғулар намхуш, хазонрез
Руҳим тентирайда зангор йўлакда.
Жунунваш кезарлар мен-ла изма-из,
Ғамларим ҳам ял-ял сориқ кўйлакда.

Билсанг, бу дунёнинг бир телбасиман,
Бугун оғушингда сармастман мезон.
Кўксимда муғжалар сап-сариқ оғриқ
Миллёнта баҳорга сиғмаган исён…

Билсанг бу дунёнинг бир телбасиман…

* * *

Cенда йўқ атиргул сумбати, кўрки,
Лоладай гўзалмас, қоматинг расо.
Ёлғон дунёларда кўнглимнинг дўсти,
Қалбим яросига малҳамим ҳулво.
Гулмисан, майсами, ё андуҳ-титроқ,
Нафис бўйларингдан яйрайди дилим.
Онамнинг исини таратган япроқ,
Отамни сўнгйўлга кузатдинг сўлим.
Сен Ҳақнинг ердаги жаннатий гули,
Самбиттол тагида ниш уриб баҳор.
Дунёга чинқириб келганим куни,
Бешигимда хушбўй таратдинг илк бор.
Тириклик юкини ташласам хориб,
Чорласа чин дунё-гардуни маъво.
Бир кун албат ҳоки туробим қориб,
Тупроғимдан униб чиқасан ҳулво,
Юрагимдан униб чиқасан ҳулво.
Гулмисан, майсами, андуҳми ё оҳ…

* * *

Қари итдай ғингшиб, улийди шамол,
Деразам кўзидан боқаман аста.
Чопонин елкага ташлаб бемажол,
Эски йил кетмоқда, эгик бўй басти…

Бонг уради соат ўн иккига нақ,
Ҳовлиқиб эшигим қоқади биров.
Остонадан уйим кулгуга тўлар,
Янги йил киради, шодон-шўх, асов.

Азалдан бу чархнинг эртаги мунгли,
Келиш доим қувонч, кетиш эса ғам.
Тангрим, менга шундай қисмат битгинки,
Қаҳ-қаҳ отиб кулай кетишимда ҳам…

* * *

Ишқ дегани қадаҳ ичинда шароб,
Ичдиму аҳволим айладим хароб.
Не кун, тийнатимни қамрар изтироб,
Сиз ҳам мени шундай соғинасизми?..

Далли юраккинам, девона юрак,
Севиб қолган масту мастона юрак.
Соғинчдан ғарибу бечора юрак,
Сиз ҳам мени шундай соғинасизми?..

Ичимга чўғ тушди, ичимда оташ,
Хаёллар беқўним, ўйларим саркаш.
Дардимга бир қалам, бир қоғоз дардкаш,
Сиз ҳам мени шундай соғинасизми?..

Излаб толса кўзларимни кўндирай,
Ашъор битиб сўзларимни кўндирай,
Лек кўнгилни энди қандоқ кўндирай,
Сиз ҳам мени шундай соғинасизми?..

* * *

Ичкаридан бир сас келар, ичкаридан…
Тўфондайин тўзғитади ҳисларимни.
Музликларни эритади дил қаъридан,
Супуради йўлагимдан изларингни.

Ичкаридан бир сас келар, ичкаридан
Дунё бир зум эсанкирар ҳайқириқдан.
Саҳро каби қақраб ётган зор кўнглимга,
Пайғом келар фироқми ё айрилиқдан.

Ичкаридан бир сас келар, ичкаридан…
Унут дейди, қўйиб юбор, баҳридан кеч.
Оёғимга тушов бўлиб ботган кишан,
Сендан меҳрим узолмадим, узолмам ҳеч.

Ичкаридан бир сас келар, ичкаридан…