Аҳли Расул Муҳаммад (Абдурасул Мамадалиэв) 1952 йил августида Тожикистоннинг Шаҳристон туманидаги Ўроқли қишлоғида туғилди. 1969 йилда Зафаробод туманидаги 1-ўрта мактабни, 1974 йилда эса Ленинобод давлат педагогика институти (ҳозирда ХДУ) филология факултетини тамомлади. Кўп йиллар ўрта мактабларда ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс ўтди, матбуот билан доимий ҳамкорликда бўлди. «Таянч нуқтаси», «Ёҳу», «Шеърият» шеърий китоблари нашр этилди.
Аҳли Расул Муҳаммад «Тонг» газетасига муҳаррирлик қилди. Ҳозирда Тожикистонда ўзбек тилида чиқадиган «БендБ» болалар газетасининг бош муҳаррири.
ОМОН БЎЛГИН
(Сонет)
Қалбда на кин, на адоват бор,
Омонликни тилайман фақат.
Бўлсам агар қанча ғазабкор,
Шунча бордир менда ҳам шафқат.
Енгилишни ўйламас юрак,
Туғён уриб югуради қон.
Мағлуб бўлиш кимга ҳам керак,
Туғилмаган бунинг-чун инсон.
Агар кетсам оёқдан ногоҳ,
Ачинмагай душман деган зот.
Менинг қўлим баланд келса гоҳ,
Унга ширин туюлгай ҳаёт.
Курашларга чорловчим маним,
Омон бўлгин сен ҳам, душманим!
1972.
ОҲУГИНАМ
Ҳей оҳужон, чўчидингми мени кўриб узоқдан?
Кўнглинг шунча задамиди сайёд қўйган тузоқдан?
Сапчиб кетдинг тошлар аро, кўрмай қолдим бўйингни,
Оҳугинам, кечир мени, бузган бўлсам ўйингни.
Мен на сайёд, на мерганман, англадингми сўзимни?
Шеър излаган хаёлкашман, йироқ тутма ўзингни.
Тонгда чиқсам йўлларингга, оҳугинам, қочмагил,
Лекин ҳамма шеърпараст деб қучоғингни очмагил.
Сен жонингни олиб қочсанг, ҳеч ким номард демасдир,
Йўлинг кесиб ўтганларнинг бари ҳам мард эмасдир…
1973.
СУКУНАТ ВА САДО
Улкан бир тош ётар донг қотиб,
Сулув ирмоқ ёнидан ўтар.
У чулдираб тонгни уйғотиб,
Тилсиз тошдан сас-садо кутар.
Тош – сукунат мулкига султон,
Ирмоқ эса садога сингил.
Иккисига паноҳдир осмон,
Ерга қўймиш иккиси кўнгил.
Аммо улар топишолмас тил,
Хоҳишлари кетар самарсиз.
Яшайдилар бирга узоқ йил,
Бир-биридан бўлиб хабарсиз.
Ўзгаларга туйилар: улар
Ошиқ-маъшуқ бўлиб ётгандай.
Гўё бири дардини куйлар,
Бири эса тинглаб қотгандай…
1978.
ЖАВОБСИЗ ҚОЛГАН САВОЛЛАР
– Нечун тик боқмайсан кўзимга,
Наҳот бор ҳолимча мен йўқман?
– …
– Нечун тушунмайсан сўзимга,
Наҳот мен соқовман, дудуқман?
– …
– Йиғлаб юбординг-ку сел бўлиб,
Наҳот қувончлардан тўйгансан?!
– …
– Наҳот душманимга эл бўлиб,
Сен мени ўлдириб қўйгансан?!!
– !!!
1982.
Э ДЎСТ
Тумонли хаёллар чулғаб бошимни,
Лабларимда сезиб шўртаъм ёшимни,
Елкамда кўтариб мен ўз лошимни
Турганимда, э дўст, қайларда эдинг?
Жулдур ҳаётимни юз, минг бор ямаб,
Бир ёруғ кун учун йилларни санаб,
Дарду фиғонимни кўксимга қамаб
Юрганимда, э дўст, қайларда эдинг?
Юлдузлар дарёси оқдилар қалқиб,
Ойлару қуёшлар боқдилар балқиб,
Мен эса ҳалқобдек бир ерда чалқиб
Турганимда, э дўст, қайларда эдинг?
Ҳеч кимни қўймаган дунёга боғлаб,
Бўлмайди ҳеч кимни қоралаб, оқлаб,
Ҳар ҳолда, мен ёлғиз сени сўроқлаб
Юрганимда, э дўст, қайларда эдинг?
1987.
ОЗОДЛИК
(Баллада)
Тушдами ё ҳушдами
(Шарҳлаш қийин бу ҳолни)
учратдим бир йигитни,
бироқ суврати чолни.
Етмиш йилча вақт ўтиб
қўли боғлиқ бу тутқун
озодликка етибди
мен учратган ўшал кун.
Кишандан бўшалган қўл
карахт бўлиб қотмишдир.
Ибтидоий уйғоқ куч
кўзин юмиб ётмишдир.
Салдан сўнг озод қўллар
секин-аста учдилар.
Бармоқлар бир-бирларин
қисирлатиб қучдилар.
Юзларни силай-силай
бирдан тирнай бошлади.
Оғриқдан роҳат туйиб,
қонга қориб ташлади.
Сўнг юзни елпиди қўл,
қони қатрондек қотди.
Бармоқлар бигиз бўлиб
қабоқлар ичра ботди.
Кўз соққасин шарт юлиб,
итқитиб юборган чоқ
ўрнида икки чуқур
ўйилиб қолди шундоқ.
Салдан сўнг яна қўллар
ўйнаб-ўйнаб учдилар.
Бармоқлар бир-бирларин
жаранглатиб қучдилар.
Сўнг чангаллаб кўкракни,
Мушаклари тугилди.
Бармоқлар ханжар янглиғ
юрак сари югурди.
Суғуриб олгач уни,
жойида жарлик қолди.
Жардан учган қуш каби
юрак кўздан йўқолди.
Ўзига не бўлганин
англолмай қолди одам.
Қўллар яна муз қотди,
тугади Озодлик ҳам…
1989.
КЎНГИЛ КЎЗИ
Пешонамда ёзуқ экан, қирқ йил тошдек қотибман,
Азозилнинг чангалида қирқ йил асир ётибман.
Асал дея заҳар берса, томший-томший тотибман,
Энди билсам, гуноҳларнинг ботқоғига ботибман.
Кўнгил кўзи кўр бандангга кўз ато эт, Оллоҳим,
Бу дунё-ю у дунёда сенсан танҳо паноҳим.
Не билибман, гўдак эдим, мана шу – йўл дедилар,
Тирил десак тирилгину ўл десак ўл дедилар,
Бу тоифа гар ўнг бўлса, униси сўл дедилар,
Бўйнингдаги алвонингга сен содиқ бўл дедилар.
Кўнгил кўзи кўр бандангга кўз ато эт, Оллоҳим,
Бу дунё-ю у дунёда сенсан танҳо паноҳим.
Худо йўқ деб сўзлаттириб, забондан айирдилар,
У дунёси бекор дея макондан айирдилар,
Тан бирламчи дея руҳий имкондан айирдилар,
Оқибатда жонни сендек жонондан айирдилар.
Кўнгил кўзи кўр бандангга кўз ато эт, Оллоҳим,
Бу дунё-ю у дунёда сенсан танҳо паноҳим.
Неча подшо кўрган бўлсам, даҳоман деб бонг урди,
Бири ўлгач, бошқа бири уни хасдек супурди,
Тиригида ўпиб, қучиб, ўлгандан сўнг тупурди,
Бундай давлат тарбияси мени ҳам йўлдан урди.
Кўнгил кўзи кўр бандангга кўз ато эт, Оллоҳим,
Бу дунё-ю у дунёда сенсан танҳо паноҳим.
Англадимки, Оллоҳ деган сўздан улуғ сўз йўқдир,
Кўнгил кўзи – раббоний кўз, ундан ёруғ кўз йўқдир,
Мен каби кўр, мен каби ғўр гуноҳкорга рўз йўқдир,
Оқарганми, қизарганми, билмам, менда юз йўқдир…
Кўнгил кўзи кўр бандангга кўз ато эт, Оллоҳим,
Бу дунё-ю у дунёда сенсан танҳо паноҳим.
1990.
ҚУРЪОНГА ҚАЙТИШ
Ерда қўпса ногоҳ зилзила
Жонсиз танда жонланар титроқ.
Мен чиқаман уйдан югура
Дув тўкилиб елкамдан тупроқ.
Бошим узра чарх урган қузғун,
Пайт пойлайди мени чўқишга.
Нажот истаб ўшанда ҳорғин,
Тутинаман Қуръон ўқишга…
1990.
***
Ҳар куни Ўлимим келар қошимга,
У билан маҳрамий суҳбат тузарман.
Гоҳ юлдузлар оша боқиб лошимга,
Кийимсиз, жисмсиз осмон кезарман…
Ҳар куни Ўлимим келар ёнимга,
Суҳбат давом этар қизғин ва пинҳон.
Гоҳ шу қадарлики, шўрлик жонимга
У билан яшамоқ туюлар осон…
Ҳар куни Ўлимим мен билан бирга,
Улдир садоқатли посбоним менинг.
Вафосизлик қилса Тириклик ерда,
Бағрига олгувчи осмоним менинг…
1990.
***
Жон пардаси тўсмишдир Оллоҳнинг жамолидан,
Бир кун ул кўтарилгай қазонинг шамолидан.
Меҳр кўргайми шоён, қаҳр кўргайми аён,
Кўргай ҳар ким ё яхши, ё ёмон аъмолидан.
Савоб иш қилар қўлни ёмонга чўзмасанг-чи,
Оллоҳ эҳсонларидан кўнгилни узмасанг-чи.
Тиклолмасанг бир янги иморатни, сабр қил,
Эскиси тура турсин, сен уни бузмасанг-чи.
Ушбу маънини асло кўҳна деб бурмагил юз,
Асли унутилгандир сен янги деган ҳар сўз.
Мен билан гурунглашиб тополмассан бирор завқ,
Жойнамозни ёзгилу Оллоҳ билан суҳбат туз.
1990.
***
Амир Темур қабрини бузиб очган осийлар,
Айтинг, нелар топдингиз чирик суякдан ўзга?
Наҳотки, марҳумларни тириклар шундоқ сийлар?
Наҳотки, иш қолмади шундан зарурроқ Сизга!
Сизга маълуммасмиди кимлиги ул подшоҳнинг?
Ахир ул имон билан инсофнинг чўнг қояси.
Ҳақ расули айтгандек, ахир ул ҳам Оллоҳнинг
Ердаги бир суюкли ҳам қули, ҳам сояси.
Сояни шундоқ титиб чопмоқ бўлдингизми, ҳай,
Мана, кўриб қўйинглар олимликнинг кучин деб.
Илмсизлигингизни ёпмоқ бўлдингизми, ҳай,
Қабр бузишларимиз илму урфон учун деб.
Кўрсайдингиз кўз бўлиб ўшанда ул Амирни,
Бошингизда жимгина турар эди кузатиб.
Қабрин очар чоғингиз ул Сизга улуғ сирни
Очмоқчи бўлиб қўлин қўяр эди узатиб.
Лекин Сизда кўз қани кўринмасни кўрмоққа?
Фақат эту суякка ўтар эди тишингиз.
Амир Темурнинг руҳи аршларда чарх урмоқда,
Сиз эса ерга чўккан, ғофил қолган кишисиз.
Меники Сизникидан ортиб тушмасми магар,
Айбингизни ахир мен таъна қилаётирман.
Барча гуноҳларимга тавба айтувдим саҳар,
Шомда битта гуноҳни яна қилаётирман…
1990.
МУСТАҚИЛЛИК БАЛОСИ
Кўзларимни кўзгуга қадаб
Термуламан аксимга узоқ.
Демак, манов барваста одам
Мен бўламан, билиб қўй, ўртоқ.
Лабларимда чўзилар кулгу,
Аксим эса… уяди қовоқ.
Демак, демак, кўзгудаги бу
Мен эмасман, шошмай тур, ўртоқ!
Қош чимириб жиддий ва сипо
Боқай қани, нима бўлади:
Кўзгудаги аксим, ажабо,
Чаппа қараб пиқ-пиқ кулади!
Жаҳлим чиқиб, муштим тугилиб
Мен кўзгуга ташлайман разм:
Аксим эса икки букилиб
Менга қараб қилади таъзим!
Ё алҳазар! Бу қандай бало?
Учиб кетар бошимдан ақл.
Аксим дейди: «Чўчима асло,
Бўлмоқчиман мен ҳам мустақил…»
1994.
ТУРОН
(Шеърий триада)
1.
Боболарим салтанати азалий Турон
битта бутун Кўзгу эди бамисли осмон.
Парчаланиб ётар бу кун шу азим Кўзгу
акс эттириб ворисларин синиқ, нотавон…
2.
Билсангу бирор сўз демасанг,
кўрсангу бирор сўз демасанг,
тураверсанг тошдек сукутда,
сен кимсан, юртдошим, сен кимсан?
Туронзамин – ягона макон
бўлакларга бўлиниб ётса,
чала-ярим қилиб сўйилган
пажмурда вужуддек паришон,
ота киролмаса рухсатсиз
ўз ўғлининг хонадонига,
боролмаса симтўрдан ошиб
бола онасининг ёнига,
этти ётдек бегона бўлиб,
юрсалар туғишган миллатлар,
эгизаклар бир-бировига
лойлар отиб қилса туҳматлар,
жаннатмисол маъво эрса-ю
элнинг қорни ёлчиб тўймаса,
мустақиллик отлиққа эрку
пиёдага бахш этса қуллик,
Ленин телба бўлса-ю, бироқ
чиқмасалар унинг чизиқдан,
ўша чизиқ – қизил харита
энг табаррук ҳужжат саналса,
доҳийсидан юз ўгирганлар
даҳочалар бўлиб олсалар,
ўзларидан ақллироқнинг
қўлларига кишан солсалар,
бўлинганни емоқ вожибдир
дея оғзи каррак бўрилар
ғажишга шай тикилиб турса
шимолу ғарб, жанубу шарқда.
Шуларни билсанг-да жим турсанг,
шуларни кўрсанг-да жим турсанг,
тураверсанг тошдек сукутда,
Сен кимсан, юртдошим, сен кимсан?
Фурсат йўқ назмимни безашга,
вазну қофияси келишмас.
Мақсадим шалдироқ газет ё
ялтироқ журналга беришмас.
Дафтаримга тўкдим кўнглимни,
ахир тўлиб кетса нетайин.
Турон қолар бўлса ўтмишда,
унинг ёдин олиб кетайин.
Билмадим, ўнгдами, тушдами,
ҳар ҳолда, шу шеърни ёздим мен.
Аждаҳо бўғзига чўзиб қўл,
эҳтимол, ақлдан оздим мен…
3.
Сени, Турон, она обу гил,
ҳушдан кетар қадар суярман.
Ингранасан бунча демагил,
суяманки, сенга куярман.
Сен азалдан яктан, яквужуд,
шартмас буни қилмоқ арзи ҳол.
Болам кўнгли бўлсин десанг бут,
бир қўзғолиб бутун бўлиб ол!
1999.
ВАТАННИ СEВИШ
Магар мен чиннидек чин инсон эрсам,
Қандоқ тузай экан дил суҳбатимни.
Ватаним, мен сени севаман, десам,
Миннат қилгандайман муҳаббатимни.
Сени қучиш лозим очмасдан қучоқ,
Сени ўпиш лозим қўймасдан дудоқ.
Сени севиш лозим, ва лекин сени
Севаман демасдан лозимдир севмоқ.
1999.
ОНАМ, ОНАЖОНИМ
Эшиги йўқ уйинг ёнига,
Онажоним, мана мен келдим.
Қучмоқ учун бўйнингдан нега
Кўкрагимни тупроққа бердим?
Дарвоқе, сен дунёда йўқсан,
Дарвоқе, мен етим, бенаво.
Бу кун энди сен ёруғ руҳсан,
Жисминг сенинг нур ила ҳаво.
Чўкиб қолган қабрингга бу дам
Чўкаётган қалбимни қўйдим.
Ҳеч ким тўймаётган бўлса ҳам,
Ҳидигаёқ дунёнинг тўйдим…
Чорасизмиз бироқ биз икков,
Нетай, тўниб, қотиб қолмасман.
Чиқолмассан уйингдан бирров,
Мен ҳам унга кира олмасман.
Эшиги йўқ уйинг ёнига,
Онажоним, яна мен келдим…
2000.
АБАДИЯТ МУЖДАЛАРИ
1.
Менким, исми хато қўйилган
сон-саноқсиз туйнук-эшикли
бинодурман пойдевори лой.
Олам юзин ёритмоқ учун
мендан чиқиб, менга ботар Ой.
Бу шунчалар шодон бир куйки,
ўздан кетиб бесас, бесадо
ўкраб-ўкраб йиғлагайдурман.
Нураб гарддек тўзғиюрману
мен ўзимни йиғмагайдурман.
Нур тўзони янглиғ мен тўзиб,
шамолларга қоришиб бир кун,
тегрангда тонг бўлиб отарман.
Қаён боқсанг мени кўрарсан –
Еру кўкни тутиб ётарман!..
2.
Сенга етмоқ ўлимдир асли.
Ўлолмадим мен бахти қаро.
Умримнинг энг гуллаган фасли
Кезинаман хазонлар аро.
Ишқ бергувчи, жон олгувчи сен,
Нечун Ишқни дилга солмадинг?
Оларингни олиб жим, секин,
Берарингни бера қолмадинг.
Бу дунёнинг пардаси чирик,
Қорилгандир қонга исмати.
Одамларни ер тирикчилик,
Шўрликларнинг шўрдир қисмати.
Тирноқчадек ҳомила – ҳилол
Бораётир тобора тўлиб.
Тирикликда ухладим, алҳол
Уйғонаман энди мен ўлиб…
3.
Хайр, Дунё,
Эй ёруғ Дунё!
Эшигимни ёпай юзингга.
Кўринмагил майли сен,
мен ҳам
кўринмайин сенинг кўзингга.
Бир-бировга мос бўлолмадик,
Сен бошқаю мен буткул бошқа.
Кўрмаганинг қолмади сенинг,
Кўрай мен ҳам не келса бошга.
Сендан нечун гина қилай мен,
Гоҳ тўкилиб, гоҳ кўнглим тўлса?
Ахир қандоқ сиғдирасан сен
Бағрим менинг сендан кенг бўлса?..
2001.
БАХТНИНГ ИФОДАСИ
Йиғи – ноёб туйғу,
кўксингга яшир.
Энг ёруғ кунингда ярагайдир у.
Чунки жаранглаган ҳар қандай кулгу
Бахтнинг ифодаси бўлолмас ахир…
2001.
ВЛАДИМИР ВИСОЦКИЙ СЎЗИ
Аҳли Расул укам,
Тингла бир нафас,
Сўйланайин сенга – ўзимга ўздек.
Инсон дардларининг миллати бўлмас,
Гарчанд мен ўрисман, сен эса ўзбек.
Қирқ икки ёшимда кетдим қийилиб,
Сен эллик иккига кириб турибсан.
Мен асло юрмадим, титраб, тийилиб,
Сен бўлсанг тилингни тишлаб юрибсан.
Куйладим хириллаб ўлгунга қадар
Бўғиб турсалар ҳам кекирдагимдан.
Бошимга чиқмоқчи бўлган овсарлар
Жой сўраб турибди бу кун тагимдан.
Мен роллар ўйнадим турфа хил сиёқ,
Мен қўшиқ куйладим қалбларга доир.
Бор вужудим ёниб бир умр бироқ,
Ҳис қилиб яшадим мен ўзни Шоир.
Ич-ичдан хоҳладим менга ҳам билиб
Аъзолик ёрлиғин беришларини.(1)
Шеърларимни эса китобат қилиб
Босма ҳарфларда теришларини.(2)
Бироқ тан олмади мени димоғдор
Адабиёт боғин қоровуллари.
Гўёки, бу ерда сенга нима бор,
Эй дарвеш-девона, дегандек бари.
Фақат мухлисларим кўтарди мени
Ҳеч ким чиқолмаган тахти равонга.
Тингладилар улар йиғлаб шеъримни,
Мен сиғмай қолганда еру осмонга.
Олмону фаранглар узмадилар кўз
Ҳақпараст овозим томоша айлаб.
Гарчанд тушуниксиз тилимдаги сўз,
Севдилар мени-да мен каби англаб.
Аммо аёздаги бўсадек қайноқ
Ватан – Россиядан айрилмадим ҳеч.
Ишонмасанг, менинг шеърларимга боқ,
Ўзидан ўзгага қайрилмадим ҳеч.
Қовжираб, йўқ бўлиб кетса-да таним,
Шеъру қўшиқларим гул каби яшнар.
Ер билан биттадир барча душманим,
Менинг ғолиб руҳим осмонда яшар.(3)
2004
_________
1.В.Висоцкий СССР Ёзувчилар Иттифоқи аъзолигига қабул қилишларини сўраб олти марта ариза ёзган. Аммо унинг бирорта ҳам аризаси кўриб чиқилмаган ва шоир Ёзувчилар Иттифоқи аъзолигига қабул қилинмаган.
2. В.Висоцкий ҳаётлик чоғида унинг шеърлари деярли эълон этилмаган. «Нерв» («Асаб») номли илк шеърий китоби шоир вафотидан сўнг нашр қилинди.
3. В.Висоцкий вафотидан сўнг галактикада янги топилган сайёралардан бирига унинг номи берилди.
ШАХМАТ ТАХТАСИДАГИ ШОҲ АРМОНИ
Мен шоҳмен, бу жаҳон менинг айвоним,
Аммо юрагимда сўнмас армоним.
Бир пиёда бўлсам бўлмасми эрди,
Пиёдага таслим этгунча жоним.
2007.
ЖАҲЛ УСТИДА ЁЗИЛГАН ШEЪР
Сиз айтган ҳар бир сўз эгримас, тўғри,
Сиз мўмин мусича, биз мушук – ўғри.
Ноҳақ бўлсангиз ҳам барибир ҳақсиз,
Ахир Сиз оламда танҳо, мутлақсиз.
Биз – қора фуқаро, Сиз – буюк миллат,
Биз ғирт иллатдирмиз, Сиз нуқул ҳикмат.
Сизга тенглашмоққа йўл бўлсин бизга,
Аҳмоқ бўлибмизми тенглашиб Сизга…
2007.
ИНСОН
Чанг-тўзон уфурар кўзга нафасинг,
Қулоққа тош каби урилар сасинг.
Бунчалар ғадирсан,
Бунча бужурсан,
Бунчалар дилимни айлайсан вайрон,
Эй сен, томчи сувдан яралган инсон?!
Қочиб кетаётиб сендан узоққа,
Тушиб қоладирман, э воҳ, тузоққа.
Бунчалар айёрсан,
Бунча ғаддорсан,
Бунчалар кўнглимни айлайсан яксон,
Эй сен, томчи сувдан яралган инсон?!
Сени шеърга солдим, шеърим йиғлади,
Ярадор қалбимни эзиб тиғладинг.
Бунчалар жоҳилсан,
Бунча ғофилсан,
Бунчалар бағримни қиладирсан қон,
Эй сен, томчи сувдан яралган инсон?!
Бир томчи сув бўлиб аслингга қайтсанг,
Ва сенда ярқ этиб қуёш акс этса,
Бўлармидинг гўзал,
Шаффоф, мукаммал,
Бўлармиди дунё буткул чароғон,
Эй сен, томчи сувдан яралган инсон?!
Мен бир гулхан ёқдим, чўғида ўзим,
Унинг борида-ю йўғида ўзим,
Аслингдан огоҳ бўл,
Менга ҳамроҳ бўл,
Инсонсан, улфатинг бўлмасин шайтон,
Эй сен, томчи сувдан яралган инсон!..
2008.