Абдуқаюм Йўлдош 1962 йил 29 февралда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган. Тошкент Политехника институтини (ҳозирги Техника университети) битирган (1985). «Қаро кўзим. Шайх ур-раис» (1990), «Сунбуланинг илк шанбаси» (1998), «Тимсоҳнинг кўз ёшлари» (2003), «Парвоз» (2004), «Бир тун ва бир умр» (2007) каби китоблари нашр этилган.
Р. Бредбери, А. Кристи, Ф. Браун, Э. Поттер ҳикояларини, Е. Березиковнинг «Буюк Темур» романини (Ҳ. Шайхов билан ҳамкорликда), П. Шермухамедовнинг «Буюк Хоразмий» романларини ўзбекчага таржима қилган.
«Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1999).
БАЛЛАДА
… Сервиқор либослар сиймин танда хор,
Кўркам чеҳраларда жаҳоний малол.
Журъатсиз нигоҳлар қалашган қатор
Зиналарни босиб чиқмоқда Аёл.
Бигиз пошналарга босганича лаб
Чўтир остона ҳам инграр бемадор.
Ташқарида…
Тунни кундузга улаб
Эланиб-эланиб ёғар оппоқ қор.
Эшик очилади — эгилмас сарв қад,
Эшик ёпилади — сарв қад қилт этмас.
Худойим-эй, бундай илоҳий талъат
Инсон боласига ҳеч насиб этмас…
Калит буралади…
Муздай манглайин
Муздайин кўзгуга босади Аёл —
Парда ёпилган сўнг оққуш либосин
Юлқиган кампирдан яшринган мисол.
Кўзгу хира тортар — аламли нафас,
Лаблар пир-пир учар — ўкинч йўлдоши.
Зада кўнгил томон милдираб, бесас
Қуйила беради аччиқ кўз ёши.
Файзсиз уйни муздай сукутга чулғаб
Виқор либослари оёқ ости, хор.
Ташқарида…
Тунни кундузга улаб
Эланиб-эланиб ёғар оппоқ қор.
Занглаган юраги илвирар, ожиз
Ва сўнгги япроқдай титрару беҳол.
Либослар устига қулайди жонсиз
Букчайган, бечора, муштипар Аёл.
… Ногоҳ чалинади қўнғироқ. Эшик.
Наҳотки у келган…
Аёл лол, гаранг…
Аёл сарвдай қаддин тутганича тик
Муздайин калитни бурайди аранг.
Остонада эса қопин орқалаб
Янги йил шартини этгудек адо,
Телба ҳаяжондан титраб-қалтираб
Турар соч-соқоли оппоқ Қорбобо.
— Янги йил муборак…
Аёл баногоҳ
Чинқириб юбориб чекинар ортга,
Бу овоз… бу овоз… бу кўзлар… эвоҳ!
Наҳот… қайтган бўлса!
Бу ахир ўша…
Қорбобо остона ҳатлар бежуръат,
Сўнг Аёл қошига тиз чўкар нолон:
— Мен келдим, азизам,
Сен кечир фақат,
Сенсиз яшолмайман, ишонгин, ишон…
Аёл қалқиб кетар, титрайди, ҳушсиз,
Тиёлмай қуйилиб келган кўз ёшин,
Туйқусдан бекалом букканича тиз,
Йигитнинг кўксига қўяди бошин.
Қорбобо Аёлни қучар авайлаб,
Лабларидан бўса олар беозор.
Ташқарида…
Тунни кундузга улаб
Эланиб-эланиб ёғар оппоқ қор.
Қайдандир занг саси. Соат ўн икки.
Ҳовлида мушаклар отилар шодон.
Бунда қувонч билан қоришган йиғи,
Бунда ажрашолмас бир йиллик армон…
Алоҳа қучоқдан чиқар Қорбобо,
Аёлга тик боқмас, аланглар ночор:
— Мен энди кетмоғим керак, алвидо,
Менинг ҳали борар манзилларим бор.
Аёл… тушунади.
Беун бош эгган,
Йигитнинг қўлларин маҳкам ушлайди.
Мана шу туришда видолашётган
Ярадор оққушга жуда ўхшайди…
Эшик айбдорона ёпилар чоғи,
Хонага сизади муздайин хаёл.
Бари тамом бўлди, ўкраб йиғлайди
Букчайган, бечора, муштипар Аёл.
(Мен нима қилардим, не имконимда,
Кўксимни чангаллаб бўзлаб йиғлайман.
Аёлга уч юзу олтмиш беш кунда —
Бир бормас, ҳар кунлик висол тилайман.)
Ахир… ахир бунга бўлмайди чидаб,
Олдинда бир йиллик аччиқ фироқ бор.
Ташқарида…
Тунни кундузга улаб
Эланиб-эланиб ёғар оппоқ қор…
ҚИЙШИҚ ПОЙДЕВОР ҚУРБОНЛАРИ
Достон
I
“Мен яхши кўраман!”
Агар шу иқрор
Борлиқ ҳисларимни этолса байн,
Такрорлаб-такрорлаб милён-милён бор,
“Савдо”ларим очиб ташлардим осон.
Лекин сўз тан эрса, севги руҳ эрур,
Сўз агар моддийдир, ишқ илоҳийдир…
Эҳ, пахта ичида ўтган сўнг умр,
Чиройли сўйламак қанчалар оғир.
Гарчанд тўпорилик қонимга сингган,
Қадоқ қўлда равон сузмагай қалам,
Зим-зиё хонага термулиб чиққан
Оқшомлари шеърлар битганман мен ҳам…
Шеърлар ўз йўлига, тўлган кўнгилни
Сирдош бир ҳабибга бўшатган мисол.
Бироқ сезмоқдайдим, менинг ўзимни
Банди этмоқдайди тушуниксиз ҳол.
Шомда чоғишгандай кундуз билан тун,
Умид-умидсизлик чоғишган онлар,
Гумириб кетарди негадир кўксим,
Титраб қўяр эди сирли вулқонлар.
Вужудим мисли хум, қудратим-чи жин,
Муҳаббатим хумни сийпалаган кафт —
Бир кун чок-чокидан сўкилди кўксим,
Озодликка чиқди бемисл қудрат:
Булутларга боқдим, чақмоқлар чақди,
Буюмлар жонланди боққаним чоғлар.
Тоғлар гулханлардан сирғалар тақди,
Хазонлар дудига кўмилди боғлар…
…Аммо яшаб бўлмас замондан айри,
Хусусан бу тахлит долғали пайтлар.
Мен — Ўзбековулнинг оддий деҳқони,
Битиб борар эдим ўзимча қайдлар.
Эҳтимол, муҳаббат журъатга доя,
Эҳтимол, муҳаббат тафаккурга эш…
Муқояса этиб билдим ниҳоят,
Ишлар фақатгина қоғозларда “беш”.
Нега яшаяпмиз йўқсулдан-йўқсул,
Нега ғам-ташвишлар майдадан-майда.
Нақ ўн йил миямга қуйилган ҳар кун
Нурли воқеийлик — қайда у, қайда?!
Нега гурунгларнинг бош мавзуси пул,
Кўпроқ юлиб қолган иззатда чунон.
Менинг она юртим, жон Ўзбеовул,
Айтгил, таназзулга юз бурдинг қачон?..
Ў, элатдошларим, сизларни кўриб,
Дилимда туяман тахир бир туйғу.
Айтар таъналарим қоғозга тўкиб,
Шивирлаб қўяман ночор:
“Халқми шу…”*
Аччиқ қора нонга саримсоқ суриб
Емоқдан қанчалар топасиз ҳузур.
Пайғамбар ёш ўн йил нарида туриб,
Ўтган умрингизга қиласиз шукур.
Ўчганми жўмардлик ҳислари дилдан,
Ошқозон тўлгани — шуми бор сурур.
Нега бурда нонни қўймайсиз тилдан,
Нега сира тинмай айтасиз шукур.
Аждодингиз кимдир, мард сарбадорми
Ё жангарин қудрат соҳиби Темур.
Бугун кўксингизда зарра чўғ борми
Ё фақат муздай кул — ўлимтик шукур.
Саҳардан далага, то шомга қадар,
Сўнг ҳам уйда қирт-қирт: томорқа, охур.
Ярим тун ўринга қулаб бемадор,
Ғудраниб қўясиз: “Ўзингга шукур…”
Рости, тушунмайман, бу қандай мазҳаб,
Бу қандай эътимод, бу қандай шуур.
Елкага заҳматлар юкин орқалаб,
Бурунда ер ҳайдаб, ўқийсиз шукур.
Қўлларим ёқамда, тополмайман сўз,
Ҳайрат истиснога эгизак эрур.
Во дариғ, сиз агар битта бўлсангиз,
Айтмасмидим ўзим энг аввал шукур…
Ўйларим сўйладим мен унда-бунда:
“Бу турмуш турмушмас, эзгувчи” дея.
Оқибат “Ўтёқар” номим ёнига
Лақаб тиркадилар “Ёзғувчи…” дея.
II
Изтиробим ортар атрофга боқиб,
Дилим жароҳати баттар маддалар.
Бир кун то тонггача ўчириб-ёзиб,
Шеър битиб, ном қўйдим: “АЛАМЗАДАЛАР”:
“Бошимиздан сочиб қизил хитоблар,
Бизларни алдади қизил китоблар.
Муте онгимизга ўрнашди ёмон
“Давлат, бу — биз” деган қип-қизил ёлғон.
Агар биз давлатмиз, агар давлатмиз,
Онгсиз ижрочимиз, қуруқ савлатмиз.
Фақат бир нарсага ҳайронмиз, ҳайрон:
Кимнинг Иродаси бизга ҳукмрон?
Агар биз давлатмиз, агар давлатмиз,
Сўқир оломонмиз, манқурт келбатмиз.
Яна бир нарсага ҳайронмиз, ҳайрон:
Қайга бораяпти бу телба даврон?..”
Қуримасдан туриб шеърнинг сиёҳи,
Ҳали йўлланмасдан туриб газитга
(Қайдан хабар топган), райком вакили
Ҳовлиқиб кеп қолди янги “Газик”да.
Гўё қизиққандай турмушим ила,
Вайрона кулбамни кузатгач бироз,
Вакил мурувват-ла лаб жуфтлаганда,
“Аввал ўқинг-чи”, деб тутдим бир қоғоз.
“Мажбуриятларга мавсум йил боши,
Биз ҳам қабул қилдик, қарори мана:
— Аҳд этдик овулнинг кексаю ёши,
Энди ишлагаймиз буткул ғарбона…”
Вакил тамом бўлди — қулади ҳушсиз!
Хайрият, топилди тақчил новшадил…
— Мана, ўзингизга келиб қолдингиз…
Хуллас, қулоқ солинг, ҳурматли вакил.
“Социализм-чи?” деб букмангиз бармоқ,
Қалқон қилаверманг доҳийлар исмин.
Кимнинг дастурхони, айтинг, тўкинроқ,
Ўзбекнингми, “мазлум” швед ишчисин?
“…қуряпмиз!” деманг, бас, энса қотади,
Бу кўпдан сийқаси чиққан ибора.
Бу қандай бинодир, етмиш уч йилки,
Қийшиқ пойдеворга бир халқ овора?!
Ёрлиқлар тақишга устасиз, ёраб,
Бизни ҳам “душман” деб этурсиз эълон.
Ҳукмингизни қўллаб, қурбонлик сўраб
Қарсаклар чалгуси сўқир оломон.
Қарши курашмоққа бизда йўқ фурсат,
“Дақиқа — олтин!” дер капитализм.
Демак, юмуш вақти юмушга фақат,
Демак, бекорчи баҳс сизга, азизим.
…Тузумнинг номида эмас гап, илло,
Тузум, майли, қандай ном олса олсин.
Фақат унда яшар халқнинг доимо
Қорни тўқ, усти бут, кўнгли тинч бўлсин…
Тилга киролмасдан барибир шўрлик
Идора тарафга шамолдай елди.
Ортидан қуюқ чанг билан қўшилиб
“Ҳали кўришамиз!” деган дўқ келди.
III
Кўришдик…
Раиснинг хонасига жам
Бўлганда фаоллар бари сарбасар.
Мактаб кашшофлари етакчисидан,
Овул амолларин сарбони қадар.
Гапга чечан экан вакил дегани,
Нақ ярим соатча пўстагим қоқди.
Менга “сиёсий кўр… лақма… миллатчи…
Экстремист…” деган ёрлиқлар тақди.
Эмишки, мен ўйнаб ноғорасига
Чиркин Ғарбнинг, ҳатто Амриқонинг ҳам,
Энг буюк Советлар оиласига
Рахначи касларга бўлибман ҳамдам.
— Лекин бизга бари аён ва маълум,
Барини билардик! — Вакил ўшшайди. —
Исбот учун тингланг, биз ўн кун бурун
Олган бир шиғири нега ўхшайди:
“Имконият
Суратлар кичкина, аммо
Ватанимиз асли жуда кенг.
Мадҳ этишга тушса шуаро
Сўз бошида мудом турар “Энг…”
Касални минг яширган билан
Иситмаси қилади ошкор,
Мен озгина истеҳзо қилсам,
Демак, бунга ўз асосим бор.
Сўз танлашга, дерлар, йўқ таъқиқ,
Аҳли қалам бари бирдай тенг.
Устозлардан олиб йўл-йўриқ,
Сўз бошига мен ҳам қўйдим “Энг”:
Энг касалдир бизда соғломлар,
Энг соғломдир бизда касаллар.
Энг шириндир бизда шолғомлар,
Энг аччиқдир бизда асаллар.
Энг каттакон бошлиқ энг ўғри,
Энг бош жаллод — энг катта посбон,
Энг камбағал ишчи энг тўғри,
Энг сахий зот — энг йўқсул деҳқон…”
Ахир, бу… мазахлаш турмушимизни…
Шу пайт Шокир миршаб берганрча честь
Ғўлдиради:
— Ўртоқ вакил… ҳалиги…
Бу бола афсунгар… пол… пол… полтергейст**…
— Аҳ-ҳа… Шунақами?! — Вакил илжайди. —
Дема, жинни! Хуллас, ҳисобот тайёр.
Бир энлик қоғоз бас “У — телба” деган,
Нусхасин “тепа”га йўллашим даркор…
Балки… телбадирман, юрмоғим лозим
Кўчаларда сарсон, эгнимда ҳирқа.
Аммо эшитиб қол охирги сўзим:
Адашдинг,
адашдинг,
адашдинг, фирқа!
Мен боқдим вакилга
қаттиқдан-қаттиқ,
Нафратим нигоҳга жам эта олдим.
Иродамдан холи ва ёки боғлиқ
Қандайдир қудратнинг измида қолдим.
У аввал жойидан кўтарилди-да,
Муаллақ қотди минбар билан шифт аро.
Сўнгта тўнтарилди, боши қуйида,
Оёғи тепада, осилган гўё.
Кўзидан пахтаси чиқар. Бақирмоқ
Бўлиб у оғзини балиқдай очар.
Ёрдам сўрашга йўл қўймайман бироқ,
“Бахтиёр очун…”ни куйлаб юборар.
Ўзимни одил ҳис этмоқ туйғуси
Эс-ҳушимни буткул қамраб олади.
Лаззатли, ҳузурбахш қасос қутқуси
Қудратимга баттар қутқу солади.
Қайга йўналтирдим сўқир қудратим,
Интиқом жоизми бир манқурт касга.
Минбар устидаги дарға суратин
Оловга ем қилиб қўйдим бир пасда.
Қаттиқроқ тикилдим.
Вакил чираниб
Куйларкан: “Эй сен, энг бахтиёр очун…”
Заррин бўйинбоғи ногоҳ сарғайиб,
Сизиб чиқа берди ачимсиқ тутун.
“Хонанда” қуйига қулар чинқириб —
“Пов” этиб ўт олар камзул ногаҳон.
Фаоллар биридан бириси ўзиб
Мудирга кўмакка отилар шу он.
Олов ўчирилди.
Вакил ҳансираб
Тираркан афтода, нотавон, ғариб,
Менга бирров қараб қўйгач хавфсираб,
Қорайган суратни баланд кўтариб:
— Мана далил! —деди. — Баринг гувоҳ-а!
Мен-ку, кечирарман, аммо бу сурат…
Энди бу жиннига шафқат йўқ сира,
Энди қутқаролмас милёнта ҳужжат!
Тупукка булғади кимлар кўксини,
Кимлар Суқротона ўйга толдилар.
Эртаси кун маҳкам боғлаб кўзимни,
Мени ўз кулбамдан ҳайдаб солдилар…
“Қора боғичсиз ҳам зулмат-ку ҳар ён”,
Ҳайратим сукунат тубига чўкди.
Фақат тушунмадим: жоҳил оломон
Сўзимданми ва ё кўзимдан қўрқди…
Эҳтиёт морлари елкадан ўсиб,
Озиқ мияларин талаб этдилар.
Беминнат шотирлар йўлимни тўсиб,
Бўйнимга шақилдоқ осиб кетдилар.
Файласуф кундузи чироқ ёққанда***
Лол қолиб, тиз буккан авом оломон,
Куну тун боғич-ла тентиган жонга
Маломат сангларин отди беомон.
Кезаман, кундузми-тунми, билмайман,
Битта маъқулотни**** туяман фақат:
Мени бу кўйларга жоду солмаган,
Мени бу кўйларга солган муҳаббат.
Не дейин, мўъжиза иншога ўгай,
Руҳнинг инъикоси бўёқлардамас.
Матлабим, кўксимнинг олови сўнмай,
Умрим сеҳрларга ҳамдам ўтса бас.
Бироқ ўта ҳушёр шотирлар қанча,
Мени атаб: “Хавфли тинч замонага”,
Оёқ-қўлларимга кишан солганча,
Судраб келтирдилар жиннихонага.
Сезаман, яланғоч деворлар муздай,
Панжара ортида бир парча осмон…
Одамни уқмоқлик, оҳ, мушкул шундай,
Одамни уқмаслик, оҳ, шундай осон…
IV
Бир кун калит тушди кишанларимга,
Кўзларим боғичдан озод этдилар.
Тўрт қорувли йигит олди-ортимда,
Торгина йўлакдан ҳайдаб кетдилар.
Бетон каталакка кирдик алоҳа
(Деразасиз хона хонами ахир).
Бундай қутиларда менга кўпинча
Ҳаво етишмасдан қолар негадир.
Чўққисоқол дўхтир дардманд жилмайиб,
Қўлин узатганча чиқаркан пешвоз:
“Ўтирингиз, — деди, — бир гурунглашиб,
Кўнгил чигилини ёзайлик бироз”.
Қаттиқ ўриндиққа чўкдим бемажол,
Йигитлар ортимда саф тортди қатор.
Англадим, қалтисроқ қимирласам сал,
Сакккиз жуфт қўл ийлаб ташлашга тайёр.
Мўйсафид, ёшига муносиб оқил —
Қай Байттул-ҳазандан бундайин адаб! —
Менинг аҳволимга кўз солиб зингил,
“Фахрий соқчилар”га боқди дарғазаб.
Улар чиқиб кетди. Фақат бирови
Эшикнинг ёнида ҳайкалдай қотди.
Ўқлар отганида чолнинг нигоҳи,
“Кўрсатма!” деб жавоб ўқлари отди.
— Майлида-эй… Шўрлик бир аскарча-да… —
Дўхтир кўзнойнагин тақиб хўрсинди.
Ишламоқлик ушбу муассасада,
Назаримда, унга оғир кўринди.
— Қани, сўйлаб беринг, навқирон дўстим,
Бошингизга тушди қандай савдолар.
Бизнинг “сариқ уй”га — ўҳ, номи қурсин! —
Сизни бошлаб келди қандай ғавғолар.
Саломга яраша алик, ҳар қалай,
Яхши гапга чиқар инидан илон.
Мен нечун борини очиқ сўйламай,
Саволлар самимий бўлгани замон.
V
“Мен яхши кўраман!”
Агар шу иқрор
Борлиқ ҳисларимни этолса байн,
Такрорлаб-такрорлаб милён-милён бор,
“Савдо”ларим очиб ташлардим осон.
Лекин сўз тан эрса, севги руҳ эрур,
Сўз агар моддийдир, ишқ илоҳийдир…
Эҳ, пахта ичида ўтган сўнг умр,
Чиройли сўйламак қанчалар оғир.
Гарчанд тўпорилик қонимга сингган,
Қадоқ қўлда равон сузмагай қалам,
Зим-зиё хонага термулиб чиққан
Оқшомлари шеърлар битганман мен ҳам:
Юр, кетайлик тоғлар сайлига,
Юксакликка ўзни чоғлаб шахт.
Қуйида не қолса — майлига,
Қуйида ким қолса — марҳамат.
Мен биламан: сен шижоатли,
Соф қалбингга сиққуси жаҳон.
Юксакдаги юксак чўққини
Забт этамиз бешак икковлон.
Унда бир ён қорбўрон ўйнаб,
Бир ёнида гуллар терамиз.
Куппа-кундуз ҳисларимизни
Юлдузларга сўйлаб берамиз.
Унда икков! Ўзга зотларнинг
Йўл-йўриғи, фикридан йироқ,
Ҳеч шубҳасиз, бир-биримизни
Тушунамиз ҳазор бор тезроқ.
Шеърлар ўз йўлига, тўлган кўнгилни
Сирдош бир ҳабибга бўшатган мисол.
Бироқ сезмоқдайдим, менинг ўзимни
Банди этмоқдайди тушуниксиз ҳол.
Шомда чоғишгандай кундуз билан тун,
Умид-умидсизлик чоғишган онлар,
Гумириб кетарди негадир кўксим,
Титраб қўяр эди сирли вулқонлар.
Вужудим мисли хум, қудратим-чи жин,
Муҳаббатим хумни сийпалаган кафт —
Бир кун чок-чокидан сўкилди кўксим,
Озодликка чиқди бемисл қудрат:
Булутларга боқдим, чақмоқлар чақди,
Буюмлар жонланди боққаним чоғлар.
Тоғлар гулханлардан сирғалар тақди,
Хазонлар дудига кўмилди боғлар…
Тупукка булғади кимлар кўксини,
Кимлар Суқротона ўйга толдилар.
Эртаси кун маҳкам боғлаб кўзимни,
Мени ўз кулбамдан ҳайдаб солдилар…
VI
Сув ичётган жонга тегинмас илон,
Лаблар қовушганда узмагайлар ўқ.
Инсон тазарруга тиз буккан замон
Учинчи бўлмоқдан ортиқ гуноҳ йўқ.
Тазарру ҳамиша ёлғизликка хуш —
Инсонинг илоҳга эътирофидир.
Менинг мисолимда бул эзгу юмуш
Инсоннинг инсонга эътимодидир.
Туйқусдан
Шарақлаб очилар эшик,
Кира оқ халатли хўппа семиз зот.
На салом бор ва на саломга алик,
Дағдағага ўтди ютиниб бот-бот:
— Бекор ёзилганми инструкция?
Нега унга амал қилмаяпсиз, хўш?!
Санитарлар қани? Безобразия!
Нимага психнинг оёқ-қўли бўш?
Ўртоқ дўхтир, сизга қайтарай яна,
Бу ернинг мудири сиз эмас, менман.
Мабодо бирон-бир ЧП юз берса,
Балогардон бўлмоқ бир ўзимга тан.
Бола боғчадамас, “сариқ уй”дасиз,
Қаттиқроқ бўлинг-да шунга муносиб.
Сиз-чи, кўзингиздан сув оқизасиз
Ҳар битта телбага қўшилиб олиб.
Сиз тилхат ёздингиз: “Соппа-соғ мутлоқ”,
Қўйдик ижроқўмни сўккан Сабони.
Қайтиб опкелишди ҳафта ўтмаёқ,
Московга ёзибди… обком бовони.
Ёки милисалар ҳазиллашган қиз,
Алмойи-алжойи эди ҳар сўзи.
Уволи сизда, сиз озод қилдингиз,
Ёқиб юборди-ку ўзини ўзи.
Ёки Маҳаматни олинг, соғ киши
Самолётга кетмон ирғитиб юрмас.
Бола заҳарланса, бу — СЭСнинг иши,
Сизнинг соҳангизга химикат кирмас.
Барибир сиз озод қилдингиз уни,
Ортидан қўл силтаб, бўзлаб қолдингиз.
У химскладни ёқиб қамалган куни
Ўзингизга қандай сабоқ олдингиз?
Сурнайчи балога қолди оқибат,
Сиз донг таратдингиз: “Меҳрибон, олим…”
Мен эса райкомда терлаб бир соат,
Охирги “строгий виговор” олдим.
Қай бирини айтай, мисолларим кўп.
Бундан кейин мени этманг норизо.
Айтганимга амал қилсангиз, хўп-хўп,
Амал қилмасангиз — ёзинг ариза.
Сиз ахир эркинсиз бедана каби,
Қайга борсангиз ҳам бирдай “питпилдиқ”.
Сизни инфаркт қилмас “зам”нинг ҳасади,
“Дўстлар”ингиз қилдан қидирмас қийиқ.
Бир йилгина қолди, кейин пенсия,
Ў, ўша кунларга етиб олсам бас!
Тушунган чиқарсиз, дўхтир, бир йилча
Биронта психни қўйвориб бўлмас.
Оёқ остида-ку ЧП ҳар маҳал,
Юзидан бирови кўрсатса қилиқ,
Ишим “персональний” кўрилиб, бу гал
Партбилетим олиб қўйишар аниқ.
Бир кунга ўлмайди эшак дегани,
Бир йилга чидайди жинниларимиз.
Бурнидан чиқади зато егани,
Зато бир сауна қуриб берамиз…
VII
Қалт-қалт титраб кетди дўхтир ногаҳон,
Ранги пахта каби оқарди оппоқ.
Орага суқилмоқ гарчанд кўп ёмон,
Миямда чақнагач ғазабдан чақмоқ —
Мен боқдим мудирга
қаттиқдан-қаттиқ,
Нафратим нигоҳга жам эта олдим.
Иродамдан холи ва ёки боғлиқ
Қандайдир қудратнинг измида қолдим.
У аввал жойидан кўтарилди-да,
Муаллақ қотди пол билан шифт аро.
Сўнгра тўнтарилди, боши қуйида,
Оёғи тепада — осилган гўё.
Кўзидан пахтаси чиқар. Бақирмоқ
Бўлиб у оғзини каппа-кап очар.
Ёрдам сўрашга йўл қўймайман бироқ,
“Бахтиёр очун…”ни куйлаб юборар.
Ўзимни одил ҳис этмоқ туйғуси
Эс-ҳушимни буткул қамраб олади.
Лаззатли, ҳузурбахш қасос қутқуси
Қудратимга баттар қутқу солади.
Қаттиқроқ тикилдим.
Мудир чираниб
Куйларкан: “Эй сен, энг бахтиёр очун…”
Устидаги қордай халат сарғайиб,
Сизиб чиқа берди ачимсиқ тутун.
“Хонанда” қуйига қулар чинқириб —
“Пов” этиб ўт олар халат ногаҳон.
Дўхтир шайтонлаган соқчини қўйиб,
Мудирга кўмакка отилар шу он.
Олов ўчирилди.
Мудир ҳансираб
Тикларкан чил-парчин, афтода қаддин,
Менга бирров қараб қўйгач хавфсираб,
Қизил тугмачага босди орқасин.
Сирена янгради. Эшик очилиб
Соқчилар отилиб кирганда, мудир:
— Мана буни олинг! — деди бўкириб.
— Сиз ҳам аризангиз тайёрланг, дўхтир!
Жунунда чоғим йўқ қудратимга чек,
Телба ғазабимнинг авжига етдим.
Шотирларга боқдим қаттиқ-қаттиқ, лек
Ҳаво етмай қолиб ҳушимдан кетдим.
VIII
Тобутга тиқдилар мени тириклай —
Бетон каталакка жойлаб қўйдилар.
Пўлат кишанларга қаноат қилмай,
Кўзларимга боғич боғлаб қўйдилар.
Бетон курси муздай ўтирай десам,
Суянайин десам муздайин девор.
Рутубат уфурган увада кўрпам
Бургаю битлари қайнаган бозор.
Тураман, кундузми-тунми, билмайман,
Дея савдойига чиндан эврилмай,
Гарчанд бахшиликни даъво қилмайман,
Қўшиқ айтавердим минғирлаб тинмай:
“Табиат, ато эт менга қўш қанот,
Суюкли масканга бир зумда етай.
Ёримнинг пойига тиз чўкайин шод…
Табиат, зиндонни зумга тарк этай.
Дил дарди ғулуга солди вужудим,
Қўлларим кун-бакун бемадор, ожиз.
Табиат, зулматда қолмай шуурим
Қўллагил, мен сенга ёлвордим ёлғиз.
Табиат, табиат, қодир табиат,
Сўлётган ниҳолни ўз бағрингга ол.
Сен менга бир зумга қувват бер фақат,
Бир зумга кўмак бер сен ҳумо мисол.
Табиат, ато эт менга қўш қанот,
Суюкли маконга бир зумда етай.
Ёримнинг пойига тиз чўкайин шод,
Сўнг фоний дунёни майли тарк этай…”
Замона қўрғонин фурсат тўзғоғи
Емира боргани сингари бетин,
Иродам — қудратга қолмайин чоғи —
Чўка борди ланжлик лойига секин…
IX
Ўтди балки тўрт ой, балки ярим йил,
Бир кун назоратчи қўяркан нон-сув
Шивирлади: “Бўлинг энди сал оқил,
Кўтариб юрманг ҳам бекорчи ғулув.
Сизни чақиряпти шахсан ўзлари”.
У кишанлар билан боғични ечди.
Шифтдаги чироқни кўриб кўзларим
Қуёшни кўргандай қамашиб кетди.
Шунда назоратчи эшикни ёпиб,
Қўлимга бир ғижим қоғоз узатди.
Ўзи эса дарров энгашиб олиб,
Гўёки этигин чангини артди.
Мен шошиб ўқидим: “Азиз ёш дўстим,
Тушкунликка туша кўрмангиз асло.
Синовлардан собит ўта олса ким,
Ўшанга саодат ёрдир доимо.
Ҳаракат қиляпмиз.
Сиз эрта-индин
“Сариқ уй”дан озод бўласиз бешак,
Умр олдда…
Бардам бўлинг, ёш дўстим,
Сиз суйган қиз ҳафта бўлди — келинчак…”
Ортиқ ўқиб бўлмас, чаплашар ёвуз…
Неларнидир тахмин қилгандим, бироқ
Яланғоч ҳақиқат — номаълум оғу,
Таъсири кутгандан кўра кучлироқ.
Кимга ёзғирайин, кимни қарғайин,
Барига сабабчи ўзимман, ўзим…
Бир умр муҳаббат недир, билмайин
Ўтмадим-ку, юрак, ўзингга тўзим…
Юпанч — ширин алдов,
Оний сархушлик
Ортидаги тахир аслиёт ғолиб…
Назоратчи туртди, очилди эшик,
Торгина йўлакка чиқдим судралиб.
Аллақандай ҳасрат, қандайдир алам
Кўксимни ғижимлаб, минг бир тиғ санчар.
Букилар чириб соб бўлган иродам,
Мисли пўпанакдан қилинган ханжар.
Кўрдим… одам бўйи кўзгу қаршимда,
Унда мен: букчайган, афтода, ғариб.
Шунда, оҳ… кўзгуга қаттиқ боқдим-да,
Ололдим ўзимни ўзим бошқариб.
Қанисан, эй сўнгги мисқол қудратим,
Қанисан, муздай кул остидаги чўғ.
Бу дунёга келиб бир бора севдим,
Икки бор севмакдан ортиқ гуноҳ йўқ!
Кўзгу… қоқ кўксидан дарз кетди бирдан,
Ўргимчак тўридай излар чизилди.
Юзлаб парчаларга бўлинган гулхан
Кўзларимга қайтиб келиб қуйилди.
Бир даҳшатли оғриқ…
Даҳшатли оғриқ…
Икки кўзим бирдан оқиб тушди-ёв…
Бу ўзим-ўзимга энг сўнгги тортиқ,
Бу ўзим-ўзимга энг сўнгги олов…
X
Мана энди, кўринг, мен оддий одам,
Оддийлигим таъкид этиб толмайман.
Қўш қабариқ ойнак тақиб юрсам ҳам,
Бир қадам нарини кўра олмайман.
Энди олов ёнмас боққаним чоғлар,
“Хавфли” ҳам эмасман “тинч замонага”.
Муҳрли қоғоз бор, масъул ўртоқлар
Яқин йўлатмаслар жиннихонага.
Мен оддий одамман кўплар сингари,
Аҳли мардумга ҳеч даъвойим йўқдир.
Изимдан эргашиб сур шарпа каби
Пиқ-пиқ йиғлашини қўйсин-да дўхтир…
Оддийман…
Майлига этайин аён,
Гарчанд бу мендаги энг охирги сир:
Ёлғиз эканимни туйганим замон
Шивирлаб қўяман:
“Севганман, ахир…”
1989
_______________________
* О. Матжондан
**Полтергейст —олмонча атама, “шовқин-сурон”, “руҳлар ўйини” маъноларини билдиради. Буюмларнинг “жонланиши” — ўз-ўзидан йиқилиши, отилиб кетиши, ёниб кетиши ҳодисаси; кенг маънода, фавқулодда мўъжизавий қобилияти воситасида шу ҳодисани юзага келтирган киши.
***Кундузи чироқ ёқиб яхши одамни излаган Диоген назарда тутилмоқда
****Маъқулот — аксиома