Навтеж. Муаллим Дас (ҳикоя)

Уйда атиги учтагина адёл бор бўлиб, уччови ҳам эскириб, увадаси чиқиб кетган эди. Улардан бирини ҳар кеча оиланинг кенжа фарзанди Мунни ва тўнғичи Сита, иккинчисини — ўртанча ака ва сингил, учинчисини эса оталари — муаллим Ишар Дас ёпинишарди. Хотини Бхагванти эса тунни бўйра устида канопдан тўқилган матони ёпиб ўтказарди.
Уч нафар кичик фарзанд аллақачон ухлаб қолишди, тўнғичи эса ҳамон йўталарди. Мана икки йилдирки, касаллик қизни қийнамоқда. Бир кун Ишар Дас ўқувчилардан бирининг отасидан — айтишларича, яхши шифокордан — Ситани бир кўриб қўйишни илтимос қилди. У қизни дарҳол операция қилиш керак, акс ҳолда Сита кар бўлиб қолиши мумкин, касаллик унинг юрагига ҳам таъсир қиляпти, деди. Шифокор бундан ташқари ҳар куни болага сут, тухум, кўкатлар, мевалар, витаминлар беришни тавсия қилди…
Сита икки йилдан бери йўталади, лекин бинафша димламасидан бўлак ҳеч қандай дори ичмайди. Операция… ҳар куни тухум… сут… мевалар… У эса кейинги икки йилда ўз маошига ҳатто адёл ҳам сотиб ололмади.
— Менга қара онаси, сен менинг адёлимни олгин, мен шундай ҳам ухлайвераман.
— Йўқ, йўқ, раҳмат! Мен уйдаман-ку, кун бўйи исиниб оламан. Сен эса эрталаб ишга борасан. Кейин жаноб Раоникига бориб дарс ўтишинг ҳам керак.
Ҳар куни тонг саҳарлаб муаллим Ишар Дас мактабга бориш учун уч мил йўл юриши керак. Неча йилдирки, унинг свитери ҳам, палтоси ҳам йўқ. Совуқ тушиши билан унинг учун азоб бошланади. Мактабга келгач, совуқдан қотиб қолган бармоқлари билан анча вақт қаламни ушлолмайди. Кечқурун исиниб олишга ҳам умид йўқ. Яқинда у жаноб Раодан репетиторлик ўрнини олиш бахтига мушарраф бўлди. Тўғри, олдиндан анча тавсияномалар тўплашга тўғри келди. Эндиликда, мактабда дарслар тугагандан сўнг, у бир милча юриб жаноб Раоникига боради ва унинг фарзанди дарс олдидан чой ичиб олишини кутиб ўтиради — бола бусиз шуғулланишни истамайди.
Гарчи улар, дарс бир соат давом этади, деб келишган бўлишса ҳам, Ишар Дас икки соатда аранг вазифасини бажаришга улгуради. Унга эса ойига ўн беш рупий тўлашга келишишган… Олдинда яна уч ой машғулот бор… Ўн бешни учга кўпайтирилса, қирқ беш бўлади. Ниҳоят, фарзандларнинг онасига адёл сотиб олиш ва операция учун ҳам озгина пул йиғиш мумкин бўлади. Март ойигача албатта операция қилиш керак, деди доктор…
Уйқу орасида у Бхагвантининг пичирлаганини эшитди:
— Дарсларинг учун пул олганингдан сўнг, жун сотиб оламиз-да, кейин мен сенга свитер тўқиб бераман. Бундай совуқда уч қават кийимда ҳам қалтирайсан. Ишқилиб, тобинг қочиб қолмасин, худо ўз паноҳида асрасин!
— Менга энди свитер керак эмас, мен палто кияман.
— Палто? Қанақа палто? Наҳотки у сенда бўлса? Ўки сотиб олдингми? Маошингни олганинг йўқ, ўтаётган дарсларинг учун ҳали ҳақ тўлашган бўлмаса.
Сита яна йўталади. Бхагванти унинг ёнига ўтириб, кўкрагини арта бошлади.
Ишар Дас эндиликда палтоли бўлганлигини ҳақиқатда ҳали ҳеч кимга айтмаганди. Уни уйга кийиб келса, ҳамманинг оғзи очилиб қолса керак. Уйда уч гўдак пайдо бўлганидан сўнг Ишар Дас ўзини ўйлолмай қолди. Бир пайтлар тўйи учун яхши палто сотиб олган эди, у кўп хизмат қилди. Лекин мамлакат бўлинганидан сўнг унга Покистондан бу ерга келишга тўғри келганда, палтоси ўша ерда қолиб кетди. Шундан бери унга янги палто битмади.
Ва, ниҳоят бир ҳафта бурун у яна палто кийди, лекин уни ҳеч кимга, ҳатто хотинига ҳам кўрсатмади.
Ўша, қолиб кетган палтосига ҳамон ачинарди! Моҳир чевар унинг чап ёқасига ҳалқа тиккан эди. Тўйларидан анча аввал Бхагванти унга бирон-бир гулни қистирарди-да, сўрарди: «У қандай аталишини биласанми?» У эса гарчи билса ҳам, ҳамиша «билмайман» дегандек қилиб бошини чайқарди. Ўш Бхагванти уни қучоқлаб пичирларди: «Севги белгиси». У шундай дедию хижолат бўлиб, яноқлари қизариб кетарди. Севги белгиси… Севги белгиси…
Бугун муаллим Ишар Дас хотинига палто ҳақида гапиришга ҳеч журъат этмади. Кеча у жаноб Раонинг уйидан қайтаётганида йўл бўйи шу палтони кийиб келди, ўзи яшайдиган кўчага бурилиш жойида эса, ечиб, эски газетага ўраб, эшигидан лип этиб кираркан, ҳеч кимга кўринмасликка ҳаракат қилди. Гап шундаки, у бу палтони сотиб олмади, сўрагандай қилиб олди.
Илгари, у кичкиналигида, бир кун отаси шундай бир воқеани гапириб берганди. Бошқалардан ҳар нарсани сўраш одати бўлган бир бола сил касалига чалинади. Маълум бўлишича, унга мунтазам дарслигини бериб турадиган бола анчадан бери касал экан. Ишар Дас ана шу нарсани эслардики, бир куни у қўшнилардан биридан бирон-бир ширинлик билан меҳмон қилишни илтимос қилди. Шунда отаси уни икки шапалоқ уриб, бир пакет ширинлик олиб берди ва деди: «Қанча хоҳласанг, шунча е, лекин ортиқ ҳеч кимга тиланчилик қилма!»
Ситанинг йўтали бироз босилди. Бхагванти эрининг тўшагига ўтди.
— Палтоингнинг ранги қандай? Қарзга олдингми?
— Йўқ, — деди у қалтироқ товуш билан. — Сендан узр сўрашимга тўғри келади, онаси. Бизнинг шароитимизда мен қандай қилиб қарзга нарса олишим мумкин?
Бхагванти иродаси кучли аёл эди, у арзимас нарсага йиғлайди, деб ҳеч ким ўйламасди. Ҳозир эса, сабаби Яратгангагина аён, бошини эрининг кўкрагига қўйди-да, кўз ёшларига эрк берди.
Ишар Дас уни қучоқлаб, жулдур адёлга меҳрибонларча ўради, ундаги ҳарорат Бхагвантига ўтгандай бўлди. Унинг танасига шифобахш малҳам қўйилгандай, кўплаб адёллар билан ўрагандай бўлиб, уйқу истаги киприкларини жуфтлаштирди.
Эрталаб Ишар Дас эски газетага ўралган палтони қўлтиғига қисганча, ишга жўнади. Кун совуқ эди, шу боис муаллим уни кийишга мажбур бўлди. Рао хоним унга бу палтони берганида, эри уни чет элдан сотиб олиб келганлигини таъкидлаганди. Шунда жаноб Раонинг ўзи суҳбатга аралашди.
— Нодон кишиларгина, агар нарса чет элдан сотиб олинган бўлса, яхши бўлади, деб ҳисоблашади. Лекин чет эл — чет элга душман. Бу палтони мен Австриядан сотиб олганман. Сиз, жаноб муаллим, руҳшунослик деган фанни эшитган бўлсангиз керак, албатта. Яъни айтмоқчиманки, Австрияда бу соҳада йирик мутахассислар бор, — ва жаноб Рао шу қисқа нутқини сўзлаб, хонаси томон йўл олди.
Рао хоним шундай яхши аёл эдики ва унга шундай бир меҳр тўла кўзлари билан тикилдики, назарида унинг олдида одам эмас, фаришта тургандай бўлди. Ва у палтони олмасликка журъат этолмади.
Бир неча кун бурун, у ёш Рао билан машғулотни тугаллаганда, ёмғир тинмай ёғар ва шамол тўхтамаётганди, Ишар Даснинг ёниб турган камин олдидан ҳеч кетгиси келмади. Ниҳоят, у кетишга қарор қилиб, ташқарига чиқди, лекин айвоннинг ўзида қиялаб ураётган ёмғир томчилари юзини савалади. У иккиланиб, жойида депсиниб туриб қолди. Уни кузатгани чиққан Рао хоним сўради:
— Нима бўлди, жаноб муаллим?
— Ҳеч нарса, аниқ қилиб айтганда, ҳеч нарса! Совуқни қаранг-а!
— Ҳа, — маъқуллади у, — сиз эса яна тўрт мил жойга пиёда боришингиз керак. Палто кийиб олсангиз бўларди!
Муаллим Рао хонимга қараб хижолат бўлди ва бирдан гапириб юборди.
— Палто қайда дейсиз онажоним! Менинг ҳатто свитерим ҳам йўқ.
Рао хоним Ишар Дасга қаради ва бирдан унинг юзига қизиллик югурди — илгари муаллим ҳеч қачон уни онажон демаган эди. Гарчи Рао хонимнинг қиёфасида унга жуда таниш, марҳум онасини эслатадиган нимадир борлиги бир неча марта ақлига келган бўлса ҳам. У Ишар Дасни камин олдига ўтқазди. Унга чой, орасига гўшт солинган бир бурда нон беришни буюрди. Муаллим дастлаб бош тортди, лекин хизматкор аёл буни хоним буюрганлигини айтди ва кичкина хурмачада қуюқ қаймоқ ва чой олиб кела бошлади.
Рао хоним кетди ва тез вақт ичида қўлида иссиқ палто билан қайтиб келди.
— Марҳамат, олинг, жаноб муаллим.
— Эй онажон, мен…
— Онажоннинг хоҳишини бажариш керак.
У бир пайтлар армияда «ўнгга, чапга», «чапга, ўнгга» командаларини ўйламасдан бажарганидек, бу гал ҳам палтони ўйламасдан олди. Ҳатто ташаккур ҳам билдирмади. Худди шу пайтда жаноб Рао кирди ва палтони Австрияда сотиб олганлигини ва у ерда руҳшунослик соҳасида анча обрўли мутахассислар борлигини айтди.
Ўша кундан бошлаб, Ишар Дас уйига яқинлашганда палтони ечиб, эски газетага ўраб, секингина яшириб қўядиган бўлди. Мактабдаги ўзига ўхшаб, ҳеч устига палто битмаган муаллимларга бир ёлғонни тўқиди. Лекин Бхагвантига нима дея оларди? Бугун кечқурун у яна палтони эски газетага ўради ва уйга келиб, худди ўғирланган нарсадай яшириб қўйди.
Ниҳоят, у барибир палтони Рао хонимга қайтармоқчи бўлди. Лекин оқшом, дарсни тугаллаб, ўз шогирдидан онасини чақиришни сўраганда, у онаси бир ҳафтага Амритсардаги тоғасиникига кетганлигини айтди. Ишар Дас палтони фақат унга қайтариши керак эди. У унинг қайтишини кута бошлади. Бир ҳафта ўтди. Нега бу фикридан умуман қайтиши мумкин эмас? Лекин уни қаердан олганлигини Бхагвантига қандай изоҳлайди? Ва Ишар Дас бир ҳафта палтони қийналиб ва ҳаловатини йўқотиб яшириб юрди. У тўрга илинган балиқдай озодликка чиқишга ҳаракат қилиб типирлар, лекин бунинг уддасидан чиқа олмасди.
Мана икки ҳафтадирки, у ёш Рао билан шуғулланяпти, олдинда яна икки ой бор. Ойига ўн беш рупий. Ўн бешни учга кўпайтирилса қирқ беш бўлади. Икки ярим ойдан сўнг унинг қирқ беш рупийси бўлади.
Мактабда дарслар давом этаётганда, Ишар Дас палтони ўйламади. Лекин бугун, ўқувчилардан бири йўталганда, бемор қизи ҳақидаги ўйлар уни яна чулғаб олди: «Ҳаммаси яхши бўлади. Пул тўплаймиз-да, операция қилдирамиз». Ўқувчилар эса кўпайтирув жадвалини ёдлаб шовқин кўтаришарди: «Уч карра беш — ўнбеш, уч карра ўнбеш — қирқ беш, тўрт карра ўнбеш — олтмиш».
Уч карра ўнбеш — қирқ беш. Муаллим Ишар Дас ўйлади: «Январда — ўн беш, февралда — ўттиз, мартда — қирқ беш. Операция қилдирамиз, адёл буюртирамиз…»
Кечқурун ёш Рао билан машғулот ўтказаётганида, у шогирдининг хулқида бироз ўзгариш юз берганлигини сезди. У ҳеч қачон ҳурмат-эҳтироми билан ажралиб турмасди, лекин бугун эса кўзларида айёрона табассум ўйнади:
— Жаноб муаллим, — деди у бирдан, — бир кун отам менга журнал берган эди, унда ажойиб ҳазил бор. Хоҳлайсизми, гапирсам?
Ишар Дас дафтардан кўзини узмай деди:
— Гапир.
— Бир муаллим саволга нотўғри жавоб берган ўқувчига: «Қулоғингни тозала!» деган экан. Ўқувчи ўша заҳоти муаллимнинг қулоғидан ушлаб тозалай бошлабди.
Ўш Рао шу гапни айтгач, қиқирлаб кула бошлади. Ишар Дас жим турарди.
Айни шу дамда хонага хизматкор кирди:
— Жаноб муаллим, жаноб Рао сизнинг киришингизни илтимос қиляпти.
Хизматкор Ишар Дасни меҳмонхонага олиб кирди. У жуда ҳашамдор қилиб безатилган эди. Иккита камин ёниб турарди, уй худди ёздагидек иссиқ эди. Девор томонга катта ойнаванд шкаф қўйилган, уйдаги китоблар мактаб кутубхонасидаги китоблардан кўп эди.
Ишар Даснинг оёқлари юмшоқ гиламга ботди — гилам қалин эди! Худди учта адёл сингари! Эй йўқ, учта адёлдан ҳам кўп! Тўртта… Тўртинчиси Ситанинг онаси учун…
Жаноб Рао ўртоғи билан карта ўйнарди.
Ишар Дасни кўргач, жаноб Рао ўрнидан турди ва унинг ёнига келди. Ишар Дас ҳурмат ифодаси сифатида кафтларини бирлаштирди.
— Ўтиринг, жаноб муаллим! — Хўжайин оромкурсига чўкаркан илтифот билан таклиф қилди ва ёнидаги оромкурсини кўрсатди.
— Сизга айтишим керак бўлганим жуда нохуш хабар, лекин — начора! Ҳеч иложи йўқ. Нега сиз ўтирмаяпсиз?
Ишар Дас узр сўради.
— Мана қаранг, сиз мана бу шкафда кўриб турган китобларнинг ҳаммаси руҳшунослик ҳақида. Мен бўлак китобларни сақламайман. Мен бу китобларнинг ҳаммасини ўқиб, мағзини чаққанман! Айнан мағзини чаққанман! Мен шахсий ҳаётимда руҳшунослик қонунларига амал қиламан.
Шу жойда жаноб Рао тўхтаб, муаллимга қараб олди ва яна гапини давом эттирди.
— Руҳшунослик фани шуни ўргатадики, агар ўқувчи қалбида муаллимга нисбатан ҳурмат бўлмаса, у ҳеч нарсага ўргана олмайди. Шундай қилиб, сиз палтони олганингиздан сўнг ўша кундан, ўша дақиқадан бошлаб…
Ишар Дасга шундай туюлдики, худди унинг юрагига биров ўткир учли михни ургандай бўлди.
— Сиз палтони олганингиздан сўнг, ўша дақиқадан бошлаб, ўғлимнинг қалбида шубҳа пайдо бўлди. Одатда ақлсиз ота-оналар бундай нарсаларга эътибор бермай, уларни аҳамиятсиз нарса ҳисоблайдилар, мен эса руҳшуносликни аъло даражада биламан. Эндиликда менинг ўғлим сиздан ҳеч нарсани ўрганолмайди. Бугун у мендан сўради: «Уйимизни супурадиган фаррош Лаллу билан муаллимнинг ўртасида қандай фарқ бор? Фаррош ҳам сизнинг эски-туски кийимингизни кияди, муаллим ҳам».
Ишар Даснинг назарида унинг юрагига биттагина мих урилмай, балки бутун ўриндиқда мих ғўддайиб тургандай туюлди…
— Жаноб Рао, — гап бошлади Ишар Дас, қўлларини худди ибодат қилаётгандай жуфтлаб. — Палтони кийишни менга хоним буюрди, эртаси куни эса у кетиб қолди… — Шу пайт Ишар Дас палтони еча бошлади. — …Мен у келишини кутдим. Мен унга ташаккур билдириб, палтони қайтариб бермоқчи эдим. — Муаллим палтони ечгач, уни тахлай бошлади.
— Йўқ, йўқ, жаноб муаллим, уни қайтаришингизнинг ҳожати йўқ. Кийинг, кийинг, — деди жаноб Рао Ишар Даснинг кўзига тикилмасликка ҳаракат қилиб. — Кийинг, кийинг палтони! — яна таъкидлади у. Ва муаллим буйруққа итоаткорлик билан бўйсуниб, ўйламасдан палтони кийди.
— Агар болаларингиздан биронтасига бирон бир кийим зарур бўлса, биз ўғлимизнинг эски нарсаларини беришимиз мумкин. Палто ҳақида ташвиш чекманг. Ҳа, мана, олинг, сизга ўнбеш кун учун етти ярим рупий бераман. Эртадан бошлаб сизнинг дарсга келишингизнинг ҳожати йўқ. Умид қиламанки, сиз ҳаммасини тушунасиз. Сизнинг ҳеч бир айбингиз йўқ, кўп меҳнат қилдингиз, лекин руҳшунослик…

Рус тилидан Алиназар Эгамназаров таржимаси