Абдумажид Азим (1957)

1957 йилда туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетида ўқиган. Шоирнинг “Қалбимнинг Ватани”, “Қуёш боласи”, “Ёруғлик олами” сингари шеърий тўпламлари чоп этилган. Айни пайтда “Ҳуррият” газетасида фаолият юритмоқда.

* * *

Кўнгил, сен ўзингни овутиб яша,
Тақдири азалнинг ишига кўнгил.
Умрнинг паст-баланд йўллари оша,
Сендайин қадрдон топмадим, кўнгил.

* * *
…га

Йигирма йил – қисқами, узоқ,
Биз соғиндик бир-биримизни.
Кўп ёш эдик ва ўйинқароқ,
Ўйламабмиз тақдиримизни.

Сен сарвқад, сочлари анбар,
Париларга насабинг туташ.
Мен алпларга гўёки навкар,
Чақнар эди кўзимда оташ.

Беҳиштларда яшардик гўё,
Жаннатлардан терардик гуллар.
Бахтга тўлиқ эди бу дунё,
Бахтли эди биз юрган йўллар.

Тилсим айтган кокилларингни,
Тортқилади беадаб шамол.
Бахтли қилдим мен йилларингни,
Сен дунёда энг бахтли аёл.

Йигирма йил – қисқами, узоқ,
Соғинчларни айладинг тавоф.
Ҳар нигоҳинг минг битта сўроқ,
Менда қани бўлсайди жавоб.

Йигирма йил, бу менинг сирим,
Ўзимдан ҳам сақлайман ниҳон.
Кўзларинг дер: “Гарчи сиз эрим,
Аммо севмаганман ҳеч қачон”.

Яна баҳор

Яна баҳор, олам уйғонди,
Майсалар ҳам офтобга қонди,
Қирлар узра қизғалдоқ ёнди,
Яна баҳор, олам уйғонди.

Яна бахтга чорлади йўллар,
Ифорини таратди гуллар,
Яшнаб кетди саҳрою чўллар,
Яна бахтга чорлади йўллар.

Менинг бахту баҳорим келмиш,
Ол яноқли нигорим келмиш,
Ғунчаларда диёрим кулмиш,
Менинг бахту баҳорим келмиш.

Яна қайтиб бола бўлсайдим,
Бойчечакни суйиб ўпсайдим.
Ёмғирларда яланг чопсайдим,
Болалигим қайтиб топсайдим.

Эй, ёшлигим, покиза туйғу,
Узоқларда қолиб кетмиш у,
Муҳаббат ҳам қўл етмас орзу,
Юрагимни олиб кетмиш у.

Яна баҳор, уйғонди борлиқ,
Кўклам тутар қўлимга бода.
Дўстлар, сизга тилайман соғлик,
Ғам кўрмангиз асти дунёда.

Бу қиз

Кўзи чиройлидир, кўзи бу қизнинг,
Бухор оҳусидек ҳуркак, ёввойи.
Беш аср лол этиб туркий улусни,
“Қаро кўзум”, дея йиғлар Навоий.

Сўзи чиройлидир, сўзи бу қизнинг,
Ҳар гал тинглаганда, қиламан ҳузур.
Гўё тўкилади ҳар каломида
Ул санам оғзидан новвот ила дур.

Ўзи чиройлидир, ўзи бу қизнинг,
Бир умр термилсам нигоҳим узмай.
Бу хилқат мисоли тузоқнинг ўзи,
Домига тушганим қолибман сезмай.

* * *

қАй, бодом қабоғим, юпқа томоғим,
Ёзнинг ўртасида гуллаган боғим,
Мангу осмонимни тарк этган моҳим,
Оҳ урсам, Ўзига етмасми оҳим?!

Ақиқ лабларингга лабларим қўйиб,
Сени бир қучоқлаб ўпгим келади.
Сен эса ўтасан қабоғинг уйиб,
Кўзинг уммонига чўкким келади.

Сен ночор ҳолимга кулиб минг бора,
Йилларким, ёнимдан ўтдинг бепарво.
Йилларким, дардимга тополмай чора,
Сенинг ёдинг билан яшайман танҳо.