Абдулла Қодирий (1894-1938)

Абдулла Қодирий 1894 йил 4 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган. ХХ аср янги ўзбек адабиётининг улкан намояндаси, ўзбек романчилигининг асосчиси. 20-йиллардаги муҳим ижтимоий-маданий жараёнларнинг фаол иштирокчиси. Мусулмон мактабида (1904—06), рус-тузем мактабида (1908-12), Абулқосим шайх мадрасасида (1916—17) таълим олган; Москвадаги адабиёт курсида (1925—26) ўқиган. Эски шаҳар озиқа қўмитасининг саркотиби (1918), «Озиқ ишлари» газетасининг муҳаррири (1919), Касабалар шўросининг саркотиби (1920), «Муштум» журнали ташкилотчиларидан ва таҳрир ҳайъати аъзоси (1923—26). «Тўй», «Аҳволимиз», «Миллатимга», «Фикр айлагил» каби шеърлари, «Бахтсиз куёв» драмаси, «Жувонбоз» ҳикояси ёзувчининг дастлабки асарларидир (1914-15). «Улоқда» ҳикояси (1916), «Калвак Махзумнинг хотира дафтаридан», «Тошпўлат тажанг нима дейдир?» (1920) каби сатирик ҳикоялар муаллифи.
«Ўтган кунлар» (1924-26), «Меҳробдан чаён» (1929) романлари, «Обид кетмон» (1934) қиссаси ёзувчининг улкан маҳоратини ўзида мужассам этган. Абдулла Шуносийнинг «Физика» (1928), Н. В. Гоголнинг «Уйланиш» (1935), А. П. Чеховнинг «Олчазор» (1936) асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Абдулла Қодирий 1926 йилда «Муштум»да босилган «Йиғинди гаплар» мақоласи туфайли қисқа муддат қамалган. 1937 йилнинг 31 декабрида эса «халқ душмани» сифатида иккинчи бор қамоққа олиниб, 1938 йил 4 октябрда Тошкент шаҳрида отиб ташланган.
Унинг асарлари 1956 йилдан бошлаб оқланган.
Алишер Навоий номидаги Республика Давлат мукофоти лауреати (1991), «Мустақиллик» ордени билаи мукофотланган (1994).

ТЎЙ

Қилди бу вақт бизда жавлон тўй,
Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй.

Бир-биридан ошурдилар тўйни,
Топди равнақ, ҳайратила боён тўй.

Беш кун тўйни сўнгидин
Кетибон мулклар боис фиғон тўй.

Боён тўйиға ерлилар қараб
Этди сарф токи тандаги жон тўй.

Эй ғанийларимиз, эй фақирларимиз,
Амр этубдурми бизға Қуръон тўй.

Мундайин ишлар шаръимизда йўқ
Кори мажъус, кори шайтон тўй.

Ишламас шундай ақллик киши,
Йўламас асло аҳли виждон тўй.

Ўтса тўй бирла ёзу қишимиз,
Айлагай бизни ерға яксон тўй.

Келингиз дўстлар, дин қариндошлар,
Ташласун бўлса гар мусулмон тўй.

Ғаний-бой. Маъжус-насроний.
Абдулла Қодирий, “Садойи Туркистон” 1915 йил, 64-сон, 20 март, 2-бет

АҲВОЛИМИЗ

Кўр бизнинг аҳволимиз, ғафлатда қандай ётамиз,
Жойи келган чоғида виждонни пулға сотамиз.

Ўғлимизға на адаб, на фан, на яхши сўйламак,
На худони буйруғи булган улум ўрготамиз.

Коримиз шундан иборат бўлди ушбу вақтда,
Ўнтадин бедона боқиб ёзу қиш сайротамиз.

Ҳамда ҳар кун такяларда наша кўкнори чекиб,
Баччаға кокил солиб, оҳ-воҳ ила ўйнотамиз.

Қаримиз, боёнимиз, балки бу вақт оқвондамиз,
Ногаҳон кўрсак агар бир бесоқолни қотамиз.

Ўртадан чиқса агар миллатни яхши суйгучи,
Биз ани даҳрий санаб, тўфангча бирла отамиз.

Келингиз ёшлар, зиёлилар бу кун ғайрат қилинг,
Ухлаганларни агар қодир эсак уйғотамиз.

Улум-илмлар.
1915 йил

МИЛЛАТИМГА БИР ҚАРОР

Кел эй миллат, бир кун бир маслаҳат билан қарор ўлсун,
Бу кундин ўтган ишларга пушаймон бирла ор ўлсун.

Қилайлик бул куни ҳайрат ҳама бирдан қилиб ҳиммат,
Жаҳолат чўл саҳросида минбаъд сабзавор ўлсун.

Бу нодонлик биза қилмиш эди тўрт фаслни қишдек,
Жаҳонни зимистони дўнуб фасли баҳор ўлсун.

Аяшмай кумуш-олтунни ҳамма боёнлар асло,
Солиб дорилфунунлар ҳам макотиблар ҳазор ўлсун.

Ўқушсун миллат авлоди бизни доим дуо айлаб,
Қилиб таҳсил улумларни фунуна яхши ёр ўлсун.

Очайлук жамиъатлар, кўб йиғайлик ҳам иноятлар,
Ки токи ятим ва бечора бекасға мадор ўлсун.

Неча чоғлар бўлубдурким, қочибмиз биз тараққийдин,
Бу кун бир илтифот бирлан бу йўлға бир гузор ўлсун.

Жаҳолат сассиғи бизни ҳамиша беҳузур этди,
Бу кун илмнинг бўйи бирлан димоғлар мушкибор ўлсун.

Бизнинг жоҳиллигимизни кўриб ул шод бўлганлар,
Кўриб машғулиятимизни илмға шармисор ўлсун.

Кимиким журъат айлаб, бул каломларға амал қилса,
Жаҳонда исми ани паҳлавон номдор ўлсун.

Бу кун мен сўзладим оз нутқ сиза то Қодир ўлгунча,
Илоҳи айласун таъсир шу сўз сизга бакор ўлсун.

ФИКР АЙЛАҒИЛ

Оқило фикр айлағил, ки на ишлаюр аҳли ватан,
Қайси фосиқ, қайси жоҳил, қайсиси бўлди чапан?

Қилдилар бир-бириға душманликни ҳар вақт беибо,
Бир-бирини айбин очмоқға киришдилар бажан.

Ер сотарлар элда неча тўй бажо этмак учун,
Чунки бидъатин йўлида ҳам фидодур жону тан.

Пулни кўб исроф этармиз, бизға тўғри келмағай,
Тўлибон тошти бу вақт ул ақчалардин рестўран.

Занлари соҳибжамолу ҳам сатанг деб ўйлама,
Еб-ичиб жир битмаган андоқ сигири белабон.

Қизларин бўйнида кўруб зебигардон ҳам тумор,
Ўйламангиз олима деб жумласи нафъсиз, зиён.

Тушса пул қўлиға гар, соатча тўхтаб турмагай,
Чунки нодонни қўлида мушт туфроқдур суман.

Қодирий наздингиза оз ҳасратидин сўйлади,
Айб этуб қилманг ҳақорат, муҳтарам аҳли ватан.

Тошканд, Абдулла Қодирий жанобларингиздур.
“Оина” журнали, 1915 йил, 12-сон