Абдулазиз Муборак (1976)

Абдулазиз Муборак (Раимов Абдулазиз Абдувахабович) 1976 йил 24 март куни Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Лангарбобо қишлоғида туғилган.

Шеърлари республика матбуотида чоп этилган. “Тонгдаги шабнам” ва “Сиз менга кераксиз” номли китоблари шеърият ихлосмандларига ҳавола этилган.1999 йили Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган.

АГАР СEН СEВМАСАНГ…

Кетаман
бу ердан бош олиб,
Мажнунни сийлаган саҳрога.
Кетаман
кўзимга ёш олиб,
Юлдузлар ватани самога.

Бўлмаса,
ҳарсангга боғланиб,
Чўкаман туби йўқ уммонга
Ёки кўккаптарга айланиб,
Учаман Кўҳи Қоф томонга.

Дўст тутиб тонгдаги шабнамни,
Сўнг сингиб кетаман тупроққа
Кетаман
йиғлатиб онамни,
«Борса келмас»дан ҳам йироққа.

Кетаман,
барибир кетаман,
Шу менинг энг сўнгги қарорим.
Суймасанг суйкалиб нетаман?!
Алвидо, суюкли дилдорим.
1994 й.

ЭСКИ ДЕВОР

Болалик.
Ўртоғим капалак, сабо,
Қувалаш ўйнардик намозшомгача.
Йўлимга чироқлар ёққанча само,
Мени чорлар эди
тонггача…

Саҳарлар маст эдим, асов ўйларим
Осмону фалакда қанот ёйсалар.
Жимгина ўтлаган қўйларим…
Биллур сирға таққан майсалар…

Эсимда
зилол сув қўшиқ айтганда,
Кўзни юмганча бош чайқаган ялпиз.
Кўча супургани чиққанда,
Ҳеч иши унмаган қўшни қиз.

Райҳон тўла ҳовли.
Пахса деворлар.
Ва қўшни томонга бўйлаган дарахт.
Боғ ичра таралган алёрлар,
Деворни бузамиз деган буюк аҳд.

Кейин…
бирдан кўкка туташди йўлим,
Қўшни томонларда бўлди ёр-ёрлар.
Эсга тушса ҳамон бузилар кўнглим,
Ҳамон бузилмаган эски деворлар.
1998 й.

ҲАСБИ ҲОЛ

Мендан аразлади болалик, ёшлик.
Мендан аразлади содда кунларим.
Дил тубида қуйқа ~ бир сиқим ғашлик
Кўксимда ғалаён бошлар тунлари.

Умр деганлари пойга.
Кетяпман,
Йиллар ~ тушовини узган асов от.
Қайдан келаяпман, қайга кетяпман?
Тасаввурим ожиз, ҳайрон хаёлот.

Баъзан эшикларни атай қарс ёпдим,
Воз кечдим қанчалар азиз номлардан.
Кимларни йўқотдим, неларни топдим
Орни баланд билиб шавкат-шонлардан?

Менга йўл кўрсатгич кўнгил эдику,
Орзуларни қувлаб армонга етдим?
Аммо юрагимда бошқа бир қўрқув,
Ёлғизман ~ ўзимдан йироқлаб кетдим.

Гарчи афсусларим очиқ, ошкора,
Сенга берганларим қайтар демасман.
Кўниб бораяпман энди тобора
Йўқ энди ортиқча қайсар эмасман.

Билмам, сўнгги манзил яқинми, олис,
Билмам, синовларга соласанми бот,
Сендан битта нарса сўрайман холис
Менга “бу йўлингдан қайт” дема, ҳаёт…
2009 й.

ТАЪТИЛДА

Ҳувиллаган ҳовли ютаман дейди,
На қушлар сайроғи, на шамол эсар.
Эркаласам тўнин тескари кийди,
Арзанда мушукчам хурпайди баттар.

Айвонда сочилган турфа ўйинчоқ,
Менга қовоқ уяр аразлаб бари.
Мунгли нигоҳ қадар малла қўғирчоқ,
Тек турар ўғлимнинг машиналари.

Чинқирмас йўлини кессам “паровоз”,
Бир пайтлар овози оламни тутган.
Қичқирмас ҳатто мум тишлаган хўроз,
Гўё ҳамма нарса тилини ютган.

Эй сен, илмоқчалар ёзилган дафтар,
Дилбандимга савод берган алифбе.
Ҳижжалаб бирор бир сўзини қайтар,
Лоақал сен менга бирор нарса де.

Сув қуймоққа борсам райҳону гулга
Ўксик бош тебратар, маюс солланар.
Ҳаттоки саргайиб тўкилди йўлга
Хомак қоқилмасдан қолган олмалар.

Ҳеч ким қувламагач хўрсиниб, ранжиб
Капалак йўл солди қайси томонга.
Ниначи нинасин юракка санчиб
Қанотин силтади мендай ёмонга.

Эслаб ўзимданам бўлдим норози,
(Баъзан ҳарҳашалар бездиргани рост.)
Болалар суронин босган овозим:
“Бироз дам олайин, бас дедимми бас!”

Ишдан қайтганимда қовоғида қор,
Дарвоза қаршилар хушламагандек.
Шунда тартибларни қиламан бекор,
Барча тақиқларга чек қўяман, чек.

Шаҳардан ҳовлиқиб боради хабар,
“Кечир, эй онажон, кечир, қишлоғим”.
Қайсарлик қиламан қизимдан баттар,
Ўғлимдек тиралар икки оёғим.

Дарҳол йиғиштиринг аразингизни,
Юзингизни бурмай орқага қайтинг.
Ўғлим, тезроқ ҳайданг “камаз”ингизни,
Қизим, бор овозда аллалар айтинг.

Майли юмушлардан, ғамлардан ортиб
Сизга от бўламан, жажжи тойчоғим.
Майли қулоғимдан, сочимдан тортиб
Тўпалон кўтаринг ~ чиқсин чарчоғим.

Худойим қисмасин ўғилдан, қиздан,
Эй дўст, бозор бўлсин хонадонингиз.
Тирноққа зор бўлманг, ғанимим, сиз ҳам,
Эгасиз қолмасин кулчанонингиз.
2009 й.

СИЗ БОРСИЗ

Бир кеча қўққисдан уйғониб кетдим,
Соатга қарасам, иккими ё уч.
(Эҳтимол совуқдан) жунжукди этим,
Ташқарига тортди аллақандай куч.

Шуурдан не ўйлар кечмас дафъатан,
Кўнгил деганлари, қурғур, ёмон-да.
Гўё огоҳ этиб қандайдир ҳавфдан
Ит ҳам ҳурар эди қўшни томонда.

Эринмай атрофни кўздан кечирдим,
Шукрки, ҳаммаёқ тинч ва осуда.
Тунчироқ нурида кўриб, энтикдим,
Дилбандларим ётар қатор уйқуда.

Ҳовлида ўйноқлаб, куйлайди шамол,
Бир-бирин рақсга тортар хазонлар.
Дарахтлар жимгина сурмоқда хаёл,
Бошини тебратар гулу райҳонлар.

Тинчлик, хотиржамлик эзгу тушунча,
Шаксиз, яратганнинг инояти – бу.
Чегаралар бўйлаб қанчадан қанча,
Бедор нигоҳларнинг шарофати – бу.

Аёзу саратон, демай сарҳадда,
Мудом сергак турган, эй аскар укам,
Сиз борсиз – осмон тинч, жонлар роҳатда,
Сиз борсиз – яшаймиз юртда хотиржам.

Боболар дуоси ҳикмат бегумон –
Тан сиҳат, Ватан тинч бўлса, бас экан.
Дунё деганлари болангнинг шодон
Битта кулгусига арзимас экан.

Сизга кўнгилдаги борини айтай,
Сабру сабот тилай айни чоқда ман.
Яхши ният билан сизларга атай,
Учта ўринбосар ўстирмоқдаман.

Ҳамонки турибсиз кўкракни кериб,
Йўл йўқ ҳавотирга, йўл йўқ қайғуга.
Мен энди болалар ёнига кириб,
Уйқуга кетаман, ширин уйқуга.
14.01.2012 й.

ЙЎҚОТИШ

Тунлар қувиб ўтди кундузларимни,
Осмон ютаётир юлдузларимни.
Яшаб билмадиму нима топяпман,
Бир-бир йўқотяпман азизларимни.

Отам—суянчиғим, о келбатлари,
Тоғдай босар эди салобатлари.
Афсус тузалмади эски дардлари,
Бир-бир йўқотяпман азизларимни.

Онам—Худо берган меҳрибонгинам,
Унга фидо дердим минг бир жонгинам.
Аммо ўйлаганда оғрир жонгинам,
Бир-бир йўқотяпман азизларимни.

Отамдай эркалаб, онамдай суяр,
Қанчалар жонкуяр, ғамхўр эди-я,
Акам—қаторини бузган нортуя…
Бир-бир йўқотяпман азизларимни.

Кимга азиздирман, кимгадир хорман.
Зор бўлсам таъмасиз меҳрга зорман.
Нетай айрилиқдан шундай безорман,
Бир-бир йўқотяпман азизларимни.

Кимдир олисдан бўй кўрсатар элас,
Афсус эслолмадим… Тан оламан бас,
Йўқотганим фақат ўлганлар эмас,
Бир-бир йўқотяпман азизларимни.
2013 й.

ИФТИХОР

ФИФА рефериси Равшан Эрматовга

Ҳар битта қарорда адолат билан;
Томирда жўш уриб Темурлар қони,
Ўйинни бошқарар маҳорат билан
Жаҳон майдонида ўзбек ўғлони.

Аввал тасодифга йўйди ҳарифлар,
Кейин битта-битта тан бериб кетди.
Менсимай турганди “зоти шарифлар” –
Бадгумонларгаям дам бериб кетди.

Ўттиз икки юртнинг ўн бир вакили
Шухрат ё пул учун чопди бериб жон.
Муносиб фарзанднинг адли туфайли
Камтар ўзбегимга тан берди жаҳон.

Ўртага ташланган тўп эмас илло,
Кимга ору номус, кимга шон бўлди.
Ўйнамасдан ютган биз бўлдик аммо,
Ўзбек шунқорлари чемпион бўлди.

О, Сиздан ифтиҳор қилмайин нечун,
Қўйдингиз бир йўла рекорд ўрнатиб?!
Қуллуқ онангизга туққани учун,
Отангизга раҳмат, Равшан Эрматов!
2014 й.

НАМАНГАН МАНЗУМАСИ

Шукр, кундан кунга очмоқда чирой,
Мустақил диёрга мунчоқ, Наманган.
Не-не азиз зотлар азизлаган жой.
Авлиёлар ўпган тупроқ, Наманган.

Мулла Бозор Охунд, Махдуми Аъзам,
Мавлоно Лутфуллоҳ зоти муаззам.
Саййид Билолхоннинг илмига таъзим,
Олимлар нуридан порлоқ Наманган.

Бағри хун бағрингдан айрилган Машраб,
Фироқинг ўтида қоврилган Машраб.
Дорда ҳам сен томон қайрилган Машраб,
Сен ҳам Машрабингга муштоқ, Наманган.

Бобур чавгон суриб ўтган Ахсикент,
Ҳар ёғийга кўксин тутган Ахсикент.
Дариғ, ер остига кетган Ахсикент,
Недан бу тўлғониш, титроқ, Наманган?

Ҳайратий ҳайрати, Ибрат ибрати,
Нодим Намангоний, Чустий санъати.
Сўфизода, Усмон Носир журъати,
Чиқмаган бағрингдан қўрқоқ, Наманган.

Султон Қаронийнинг мозороти бор,
Борсанг, Балиқли кўл зиёрати бор.
Раққос балиқларнинг синоати бор,
Офтоб чўккан анвор булоқ, Наманган.

Бошларда чуст дўппи ажиб нақшинкор,
Чуст пичоғин дами гўё зулфиқор,
Олмос деҳқонлари танти, миришкор,
Меҳнатдан қўллари қадоқ, Наманган.

Гўё катта шахар қадимий Шаҳанд,
Ҳар бир қиз чевару йигит—ҳунарманд.
Пашмак ҳалволари асалга монанд,
Ҳар ҳовли каттакон бир боғ, Наманган.

Бир ғайрат кўрсатса заҳматкаш қўллар
Кафтдек равон бўлар қадимий йўллар.
Гулзорлардан қочиб кақраган чўллар,
Атиргулга дўнар янтоқ, Наманган.

Барака истаб тўрт фаслларидан.
Тўйларга ниёз бор ҳосилларидан,
Боғбон боболарим заҳмат зўридан
Боғларга айланган тошлоқ Наманган.

Тил ёрар узумлар, ноку шафтоли.
Нақшинкор олмалар новвот мисоли,
Жаннатий боғларим анжир, хурмоли,
Меваси баргидан кўпроқ, Наманган.

Саҳар сувлар сепиб саришта йўлга,
Чор атроф бурканган анвойи гулга.
Эй гуллар ила ном чиқарган ўлка,
Тўрт фасл яшнаган гулбоғ, Наманган.

Либоси ҳаёдан қизлар, аёллар.
Малаксиймо ҳилқат, нозик ниҳоллар.
Шевалари инжа, сўзлари боллар,
Ифори қалампирмунчоқ, Наманган.

Эр йигитта қирқта ҳунар оз деган,
Қулдай ишлаб, шоҳдай яшаш соз, деган,
Ҳотамтой ҳиммати бизга хос, деган,
Йигитлар билмас тин, чарчоқ, Наманган.

Сочу соқоллари нурдан боболар,
Фаришта—юз ёшга кирган момолар,
Элу юрт ҳаққига айлаб дуолар,
Тунлар жойнамозда уйғоқ, Наманган.

Машрабдай мусофир ғариб дунёда,
Саломлар йўллайман ҳар тонг сабодан,
Мен бир шоир ўғлинг, Лангарбободан,
Қўлга қалам тутди фироқ, Наманган.
2009 й.

ЯШАСАЙДИМ

Кўзларимга бундай боқма савол билан.
Мен юрибман гўё телба хаёл билан.
Узун тунлар тиллашаман ҳилол билан,
Яшасайдим сендай яхши аёл билан.

Гоҳ йиғига ўхшаб кетар кулгуларим,
Кимлар учун кулгулидир қайғуларим.
Аммо ишон самимийдир орзуларим,
Яшасайдим сендай яхши аёл билан.

Гар нолисам, ношукурман ҳаётимдан,
Фақат қувонч бўйи келар баётимдан.
Нетай тақдир боғлаб олган қанотимдан,
Яшасайдим сендай яхши аёл билан.

Кошки эди биров дардим англасайди.
Ё дардларим қўшиқ бўлиб янграсайди.
Шу қўшиқни тошюраклар тингласайди:
“Яшасайдим сендай яхши аёл билан.”

Қайда хато қилдим, қачон адашганман?
Бир адашдим, аммо ёмон адашганман.
Бир хатога умрим товон, адашганман,
Яшасайдим сендай яхши аёл билан.

Яшагим йўқ, атай қасддан яшаяпман.
Қўлларингдан ўполмасдан яшаяпман.
Айбим нима, тополмасдан яшаяпман,
Яшасайдим сендай яхши аёл билан.

Сиримсан сен, кимса билмас, ичимдасан,
Биламан ҳеч учрамайсан ҳушимда сан.
Ҳаётимда йўқсан, фақат тушимдасан.
Яшаяпман шундай телба хаёл билан.
Яшасайдим сендай яхши аёл билан.
2013 й.

ЮЛДУЗИМ

1.

Юлдузим, бош олиб кетайлик десак,
Бизга қучоқ очган осмон қайдадир?
Бахтманзилга бирга етайлик десак,
Йўл қайда, сарбону карвон қайдадир?

Ҳикмат тополмадим аломатлардан,
Ҳилват тополмадим маломатлардан.
Дардим достон қилсам дўсту ёронга,
Улар гап бошлайди буромадлардан.

Қўрқдим, қафас дедим ҳою ҳавасни,
Аммо кечир мендай ишқдан сармастни.
Сенга етаман деб ҳар шому саҳар
Ҳатто санаб юрдим ҳар бир нафасни.

Кечикиб борган мен бахт улашганда.
Қайда қолган эдим вақт улашганда?
Тақдир насибамни нася қилди хўп,
Наҳот мен йўқ эдим нақд улашганда.

Не деса майлига оғзи полвони,
Асли сен берасан асл баҳони.
Аммо ишқ бобида, севги йўлида
Мендай яхшиси йўқ, мендан ёмони.

2.

Қадрдон қалдирғоч инига қайтди,
Мени дуо қилиб “вал фажр” айтди.
Қиличдай қошингни солди ёдимга
Бошимда гирёна айланган пайти.

Айни ҳаётимнинг кўклам фаслида,
Англадим, чин нажот ёрнинг васлида.
Адашиб қолмадим, ёруғ дунёга
Мен сени ахтариб келдим аслида.

Хаёллар шамолдай қувди уйқуни,
Номи нима экан ушбу туйғуни,
Сирли нигоҳларинг, майин табассум
Мумдай эритди-я эски қайғуни.

Тун бўйи йиғлаган юраккинамни—
Титраб-титраб ёнган ярадор шамни,
Кўриб раҳминг келиб парволар қилиб,
Ўзинг авраб-алдаб юпатмайсанми?

Дарвозаси қайда чорбоғларингни?
Ҳижронми куйдирган қароғларингни?
Дудоғим ловуллаб куяр ҳасратдан
Ўйласам оловранг яноқларингни.

Юлдузим, тўрт томон етмади бизга.
Еру етти осмон етмади бизга.
Кўнгил томонларга қайтайлик десак
Вақт етмади, имкон етмади бизга.

3.

Юлдузим, чўчитма осмонинг билан,
Осмондай поёнсиз имконинг билан.
Сенга берган кўнглим—омонатимни
Эзғилаб ташлама товонинг билан.

Зар кўнглим қадрига заргар етмади,
Ё зўрим бўлмади, ё зар етмади.
Муроду мақсадга етардим, аммо
Осмонимга сендай ҳулкар етмади.

Гулойим, гулларинг, гулзоринг гўзал,
Ойдан гўзал, гулдан рухсоринг гўзал.
Яратганнинг тугал санъати сенсан,
Ҳатто дилга берган озоринг гўзал.

Борлигинг билганим омаддир, омад,
Сенга дуч келганим—кўкдан иноят.
Яшаш учун боис топдим ниҳоят,
Ниҳоят,
ниҳоят,
ниҳоят…
2013 й.

8 МАРТ

Ҳеч качон осмонларга панжарадан қараманг,
Бойчечакни, лолани янтоқ билан ўраманг.
Умримизнинг ҳар куни, ҳар они фидо Сизга,
Уч юз олтмиш бештадан биттасини сўраманг.

Оналарнинг пойидан жаннат қидирган уммат,
Тожмаҳални ёр учун атаб қурдирган миллат,
Қиз бериб бегонани ўғил билган биз фақат,
Уч юз олтмиш бештадан биттасини сўраманг.

Аёлин корачиқдай асрамаган эл бўлмас,
Қиз-жувонин қадрлаб ўтган миллат қул бўлмас.
Кулмасангиз агар Сиз олам чаман, гул бўлмас,
Уч юз олтмиш бештадан биттасини сўраманг.

Эрни эр қилган хотин, деганлар ҳақ, албатта,
Чақмоқдан кучли шиддат гулдай нозик хилқатда,
Фаришталар Сизларга ўринбосар жаннатда,
Уч юз олтмиш бештадан биттасини сўраманг.

Байрам дегани фақат саккизинчи мартми ё,
Меҳрнинг изҳорига кун ажратиш шартми ё,
Ҳар кун аёлни эъзоз қилмаганлар мардми ё,
Уч юз олтмиш бештадан биттасини сўраманг.

Аёлларни ўзига тенг билганлар эркакми,
Бўйинтуруқни авраб сўнг илганлар эркакми,
Ўз ёри колиб ётга суюлганлар эркакми?
Уч юз олтмиш бештадан биттасини сўраманг.

Водариғ икки эр бир никоҳга чорланяпти.
Бу қилмишдан ер титраб, осмон ҳам орланяпти,
Гул қизлар, ой жувонлар борку, деб зорланяпти,
Қадрингиз билмаганлар шундайин хорланяпти,
Уч юз олтмиш бештадан биттасини сўраманг.

Сизни билмаган каслар изингизга зор бўлсин!
Эр боши эрга қолиб, икки дунё хор бўлсин!
Аёлни азиз билган миллат мудом бор бўлсин!
Тиланг тилагингизни, ўнгу сўлга қараманг!
Уч юз олтмиш бештадан биттасини сўраманг.