Хуршид (Шамсиддин Шарафиддинов) 1892 йилнинг 20 июнида Тошкентда боғбон оиласида таваллуд топган. Мадраса ва эски мактабда таҳсил олган. У асримиз бошларидан, аниқроғи, 1905—1906 йиллардан бошлаб жадид адабиётининг навқирон намояндаларидан бири сифатида қалам тебрата бошлаган. Шу маънода у маърифатпарварлик руҳида «Эскилик ва янгилик» деган дастлабки пьесасини, кейинроқ «Ориф ва Маъруф», «Қора хотин», «Кичик аскар» каби пьесаларини, «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин», «Сиёвуш», «Ойбону» сингари мусиқий драмаларини яратган. Айниқса, унинг Алишер Навоий достонлари асосида яратган ҳар икки драмаси ўз даврида жуда машҳур бўлган. Хуршид қатор опералар либреттоларини ҳам ёзган.
Хуршиднинг дастлабки шеърлари 1914 йилда «Туркистон вилоятининг газети», «Садои Туркистон» газеталари, «Таржимон», «Ойна» журналлари ва «Туҳфаи Хислат» баёзида (1914) «Хоиб» тахаллуси билан эълон қилинган. Ўз шеърларини жамлаб, «Девони Шоҳидий» номи билан девон ҳам тузган (1912). Шоир кейинчалик «Муштум» журналида босилган ҳажвий шеърларида «Ўжар», «Тажанг», «Чаён» каби тахаллуслардан фойдаланган.
Хуршид таржимон сифатида ҳам самарали ижод этган. Хусусан, Шиллернинг «Қароқчилар», В. Шекспирнинг «Қора араб», «Отелло», У. Ҳожибековнинг «Аршин мол-олан» каби машҳур асарларини ўзбек тилига ағдарган. Шунингдек, Шарқнинг буюк шоирларидан бири Ҳофиз Шерозийнинг юзга яқин ғазалларини она тилига таржима этган. Бундан ташқари у ўзбек мумтоз адабиётининг ёрқин намояндалари Мунис ва Огаҳий каби шоирлар девонларини араб графикасидан ҳозирги ўзбек (кирилл) ёзувига ўтказиб, нашрга тайёрлаган.
Хуршид етук ғазалнавис шоирдир. Унинг «Чоргоҳ», «Гирён», «Баёт», «Ушшоқ», «Сегоҳ», «Дугоҳ», «Сувора» каби куйларга солинган оҳанграбо шеърлари машҳур ҳофизлар томонидан ҳамон ихлос билан айтиб келинмокда. Моҳир ғазалнавис шоир, етук драматург ва таржимон Хуршиднинг ижодий мероси анча бой, серқирра ва сермазмун бўлиб, у ҳозир Ўзбекистон Фанлар академияси Ҳ. Сулаймонов номидаги Адабиёт музейида авайлаб сақланмоқда.
Хуршид 1960 йил 13 сентябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.
* * *
Эй кўнгул бўлмиш сен ишқи дарбадарга мубтало,
Бўлдинг ўз раъйинг била бир дардисарга мубтало.
Марҳаматли ёр излардинг не бўлди сенгаким,
Дилрабо деб бўлдинг охир бир ўжарга мубтало.
Ишқнинг фарзандлари гар васл бирла ҳажр иков,
Ҳар бири ишқ аҳлин айлар бир хатарга мубтало.
Васл агар бўлса насиб ошиқни шодлиқ ўлтурур,
Ҳажр ўти тушса қилур сўзи жигарга мубтало.
Юз жафони бир вафо бирла унутдирғой сенга,
Бир вафони оз деб ўлма шўру шарга мубтало.
Ишқ бир майдирки ичкан кимса айлар тарки ҳавас,
Бу ширин май айлар умрингни заҳарга мубтало.
Рашк этарсан этса ағёрингға гар ёр илтифот,
Балки ағёр ўлғуси сендин батарга мубтало.
Қуш бўлуб ағёр бахти васл боғиға учар,
Сен эрурсан толеъи беболу парга мубтало.
Вомиқу Фарҳоду Мажнун ҳолидур ибратнамо,
Бўлдилар ранжу ғаму дарду кадарга мубтало.
Дилбарингға марҳаматсиз деб маломат қилмаким,
Қилсанг учқундин ҳазар бўлғунг шарарга мубтало.
Сенга ҳар дам ишқ таркин айла деб қилди хитоб,
Бул ажаб Хуршид ўзи бўлди қамарга мубтало.
* * *
Ишққа майл этдинг кўнгул, шодию роҳатни унут,
Поймоли ранжу кулфат бўл, ҳаловатни унут.
Ақлу ҳушунгни самон янглиғ совурмоқ истадинг,
Истагинг бўлди бу чоқ жисми саломатни унут.
Қилмай озодлиқни тақдир ишққа бўлмишсен асир,
Эмди бўлдинг телбау иззатла ҳурматни унут.
Ишқ агар бўлса мажози аблаҳона бир ҳавас,
Гар ҳақиқий бўлса даъво дўсту улфатни унут.
Ёру дўсту ақраболардин жудолиғ илғасанг,
Севги домонини тутғил, одамиятни унут.
Ишқ эмасдур илм ё давлат, на бир фазли ҳунар,
Нафснинг истакларидиндур бу зиллатни унут.
Икки кўзни бир-бирига айлагай хасму рақиб,
Эттирар дўстлар аро меҳру муҳаббатни унут.
Ишқ ялқовлик, муҳаббатдур шараф-шонға кафил,
Истасанг ишқ ўйна инсонлиқ фазилатни унут.
Севги тўғри йўл чироғи берса бовар айлама,
Ҳуш ила бўл бу каби иғвоу ғафлатни унут.
Ишқ ғавғоу жунуну телбаликдин эътибор,
Бир илиндингми анга тинчлик фароғатни унут.
Вомиқу Фарҳоду Мажнун ҳолин ўйла, ибрат ол,
Этмағил ҳаргиз улар тортғон фалокатни унут.
Нафсу кўнглум истагин, Хуршид, тутубман бу замон,
Иккиси эттирдилар ваъзу насиҳатни унут.
* * *
Эй кўнгул ҳаддин ошиб кибр ихтиёр этмак абас,
Бехаёлиқ шармсизлиқни шиор этмак абас.
Жисми одам бўлма, билғил одамилиқ расмини,
Сўзламак бирла фақат инсон қатор этмак абас.
Гарчи инсонлиқ нишони сўзламоқ, сезмак эрур,
Ўзни ёлғиз бу билан одам шумор этмак абас.
Молу дунёни йиғиб ҳечкимга нафъинг тегмаса,
Мақтаниб ўзни маломатға дучор этмак абас.
Давлатингда англасанг муҳтожу йўқсул ҳақи бор,
Айла эҳсон, баҳл ила феълинг тор этмак абас.
Айлағай борлар мудом йўқсул биродарға кўмак,
Мардлик, одамлик будур, бу ишдан ор этмак абас.
Бул ватан ҳам халққа доим хизмат ила жонфишон,
Еб, ичиб туҳматга оғзинг эски ғор этмак абас.
Билгил ўз нуқсонинг, эй дил, илм ила қилғил даво,
Ўзганинг айбиға кулмак шармисор этмак абас.
Бўлма манманликка тутқун, халқдин айрилма ҳеч,
Ҳам ватанға ҳурмат эт, қардошни хор этмак абас.
Битмагай инсон шараф шонини, Хуршид, сўзласам,
Сўз дурин беҳуда сарф этмак нисор этмак абас.
* * *
Марҳамат кўрсат қулунгға, сўнғил, эй жонон, қадаҳ,
Шояд ўлғой эрди мен беморингға дармон қадаҳ.
Нотавон жисмимға бахш этғил тавонолиғ бу он,
Бўлғой эрди балки менга дафъи ҳижрон қадаҳ.
Мулк бахшаш айламасдин мен учундир мўътабар,
Лутф ила, эй ҳусн шоҳи, айласанг эҳсон қадаҳ.
Ташналаб ошиқни сероб эт зилоли лаълдин,
Яшнатиб дилларни этсун хурраму шодон қадаҳ.
Сабрим олдинг аввал айлаб қанча аҳду ваъдалар,
Хайф ўлубдур мен ғарибу ташнаға бу он қадаҳ.
Ҳар нечаким ваъда қилдинг, айламассан бир вафо,
Эрди дилбарларға муҳр ваъдау паймон қадаҳ.
Ёдинг ила маст эрур Хуршид майсиз, бодасиз,
Нур уза нур ўлғай эрди сунсанг, эй жонон қадаҳ.