Тўлаган Хўжамёров — Тавалло ХХ аср бошлари Тошкент адабий муҳитининг кўзга кўринган намояндаларидан эди. У 1882 йили Тошкентнинг Кўкча даҳасида зиёли оилада туғилди. Аввал эски мактабда, сўнг Бекларбеги мадрасасида таҳсил олди. Бекларбеги мадрасаси бу даврларда Тошкент адабий ҳаётининг марказларидан бири эди. Тавалло шу ерда Каримбек Камий, Мискин, Хислат, Юсуф Сарёмий каби замонасининг атоқли шоирлари билан танишади. Айниқса, Юсуф Сарёмий билан яқин алоқага киришиб, уни ўзининг пири, устози сифатида эътироф этади. «Тавалло» деб тахаллус олиши ҳам мазкур устоз даъвати билан бўлади.
Тавалло ўзи яшаб турган воқелик моҳиятини, Туркистоннинг чор истибдоди остида ҳуқуқсиз, забун бир қисматга маҳкум эканлигини англаган паллада, яъни 1905 йиллардан бошлаб жадидчилик ҳаракатларига қўшилади. Бу ҳаракатнинг барча муҳим жабҳаларида иштирок этади. Хусусан, миллий матбуотимизнинг илк намуналари ҳисобланган «Тараққий», «Шуҳрат», «Садойи Туркистон», «Садойи Фарғона» газеталарида унинг шеър ва мақолалари мунтазам чиқиб туради.
1914 йил 30 августда Мунавварқори, Авлоний, М.Подшохўжаев, Ҳусанхўжа Дадахўжа ўғли (ёзувчи Саид Аҳмаднинг отаси), Саидабдулло Саидкарим ўғли Саидазимбоев, Комилбек Норбеков (жами 12 киши)лар билан биргаликда Тошкентда «Нашриёт» ширкатини тузиб, китоб чиқаришни йўлга қўядилар. 1915 йилда эса Авлонийлар ташаббуси билан тузилган “Турон” жамиятида фаолият кўрсата бошлайди.
1913 йилнинг ўрталарида Тошкентда биринчи миллий театр труппаси фаолият бошлайди. 1914 йилнинг 27 февралида «Колизей» театр биносида намойиш этилган «Падаркуш» спектакли шу труппанинг илк миллий театр томошаси эди. Тавалло бу ҳаракатнинг ҳам ташкилотчилари ва жонкуярлари қаторида кўринади. Ана шу воқеага бағишлаб махсус шеърлар ёзади.
1918—19 йилларда Тошкентнинг дастлаб Эски шаҳар, сўнг Янги шаҳар ижроия қўмиталарининг аъзоси бўлган. Кейинчалик турли хўжалик ишларида ишлаган.
1916 йили Тавалло ўзининг матбуотда эълон қилинган ва босилмаган шеърларини тўплаб, «Равнақ ул-ислом» номи билан чоп эттиради. Тўпламда етмишга яқин шеър жамланган бўлиб, уларнинг деярли барчаси маърифатпарварлик руҳи билан йўғрилган.
Тавалло 1917 йил октябрь тўнтаришидан сўнг турли идораларда ишлади. «Муштум» журналида ҳажвий шеърлар билан фаол иштирок этди.
Тавалло 1937 йил 14 августда «Турон», «аксилинқилобий», «Миллий иттиҳод» ва бошқа ташкилотларнинг аъзоси бўлганликда, «шеърларида миллатчилик ғояларини илгари сурган»ликда айбланиб, қамоққа олинган. 1937 йил 10 ноябрда НКВД қошидаги учлик ҳукми билан отиб ташланган. 1968 йил 18 октябрда оқланган.
Тавалло қабрининг қаердалиги номаълум.
* * *
Даргаҳинга бош эгиб, килдим, Худоё, илтижо,
Афв кил ёзғонларимда гарчи кўб саҳву хато.
Ақли ожиз қудратинг авсофида ҳар бандани,
Фаҳм қосир, санъатинг ёзғон билан бўлмас адо.
Ўн сакиз минг олами халк айлабон, эй Биру Бор,
Одаму Ҳаввони туфроқ-лойдин килдинг бино.
Банда йўқтур беқусур, эй Қодиру Ҳайю Ғафур,
Қаҳру лутфингдин ҳамиша менда кўб хавфу рижо.
Амру фармонингсиз унмайдур дарахтда барглар,
Айтадур дашту биёбон, тоғу тош ҳамду сано.
Бирни бахтин кўлдин олиб, бирни қилмоқ бахтлик,
Санга махсусдур: гадо – шоҳ ўлмоғи, шоҳлар – гадо.
Сандин эрмасму бу янглиғ рўшнолик бизлара,
Бўлмаса, ким килди бизга мунча ҳуррият ато.
Эй Худовандо, насиб айла жамолинг Ҳашрда,
Бандаи бечорадурман қилмағил бахтиқаро.
Остони ажзиға шул кун Тавалло бош қўюб,
Илтижо қилди, қабул айла дуосин, Холиқо.
ОҲУ ҲАСРАТ
Эй Худоё, бер бизингдек бедаволарга даво,
Қилди миллат кўкрагини таъна тирноқи яро.
Жумла Туркистон элидин топмағайсиз охтариб,
Миллат учун қайғурарлик бир саховатли ғано.
Дунёда йўқтур газит биздан шикоят қилмаган,
Биз ҳануз ғафлатдадурмиз, коримиз кайфу сафо.
Бошқалар илм изласа, бизлар худойи ош учун,
Эртадин то кечғача бўлдук эшикларда гадо.
Илм учун берса бировлар ойига сўмлар кўринг,
Бир пақир-чун биз қилиб панжшанба кунлар можаро.
Неча турли жома кийса элда атроф одами,
Биз юрурмиз қайда кўрсанг бош яланг, очиқ яқо.
Рус ватандош мактаби тўлғон зебу зийнат илан,
Ё қамишдур бизни мактаб ё чуриган бўриё.
Ёш жужуқлар борса мактаб, титраюр безгак киби,
Лой ўлур мактаб ичи ёғмур агар ёғса ҳаво.
Илмсизликдин эмасму, муҳтарам кардошларим,
Қиз аносидин бўлуб, ўғул атодин норизо?
Миллата мактаб керак, йўқму ғанилар, ўйлангиз,
Сарф этар тўю азо деб неча минг – бари риё.
Ким қилур биздин бўлак дунёда мундоғ бидъати,
Хоҳ Арабга, хоҳ Ажамга, хоҳ борғил Оврупо?
Шарқдин Мағрибгача биздек жаҳонда хор йўқ,
Бизга не бўлди, билолмам, ё Расули Мустафо?
Ёзди бир оз ҳасратидин, ошнолар, авф этинг,
Деб тавалло айларамким, бўлса шеъримда хато.
ЎЗ ВИЖДОН — ВУЖУДИМА ХИТОБ
Эй, қўлум, пул тутма ҳеч, миллатга ёрдамлашмасанг,
Бўлма хушнуд, эй дилим, миллат ғамин ғамлашмасанг,
Равшан ўлма, эй кўзум, ёшинг тўкуб намлашмасанг,
Фикрим очилма, агар шеъринг ёзиб ҳамлашмасанг,
Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.
Лол агар ўлсун тилим, мундин бўлакни сўйласа,
Захм етсин ҳуша миллатдин дигарни ўйласа,
Ҳеч димоғ очилмасун, ким ўзга гулни бўйласа,
Тўймасун қорнум мани, бир кунда беш тўй тўйласа,
Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.
Соч оқарса қайғу миллатда, ёронлар, шодман,
Томса тинмай ёшларим, ўрниға қонлар, шодман.
Ҳасрати миллат учун қилсам фиғонлар, шодман,
Уккидек тутсам хароботда маконлар, шодман,
Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.
На учун синсун аёғим деб ёзурман, дўстлар,
Чандир ўлсун нега ёғим деб ёзурман, дўстлар,
Кар нечук бўлмас қулоғим, деб ёзурман, дўстлар,
Билмасун ҳеч ис димоғим деб ёзурман, дўстлар,
Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.
Кўрди элни кўзларим бир зарра ибратланмади,
Бошқалар қилғонин ақлим билди, ғайратланмади,
Борча элдин ортда қолиб ҳам журъатланмади,
Миллат учун қайғурурга дил ҳамиятланмади,
Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.
Доимо юрдим бекор, миллатга хизмат қилмадим,
Едим, ичдим, ухладим, миллатни қадрин билмадим.
Ўзгинамни ўйладим, эл-юртни кўзга илмадим,
Жаҳлдин шарбат ичиб хотирда ўзга келмадим,
Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.
Беҳуда пул сарф этиб, уч пул газетга бермадим,
Менга ким қилди насиҳатлар сўзига кирмадим,
Олмадим журнал, газет, ҳар сатридин гул термадим,
Миллатим аҳволини ёдимга ҳам келтурмадим,
Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.
Дейдилар, бас қил, Тавалло, шеърлар манзур эмас,
Миллати маҳв ўлса, парво қилмаюрлар, ғам емас,
Бунларинг шўрбо, палов, норин ебон чой ичса бас,
Сўнгра икки елкасига тепсалар ҳам индамас,
Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.
ҚАРИНДОШ ВА ҲАМШИРАЛАРИМИЗ — МАЗЛУМА ҚИЗЛАР ТИЛИНДАН
Атолар, кўрсатинг, йўл бизга ҳам илму синоатдан,
Ўқутинг, қутқаринг бечора қизларни ҳалокатдан,
Солинг ҳар ерга мактаб, қўл йиғинг буғзу адоватдан,
Зарурдур илм ўқутмоқ бизлара ҳар қайси бобатдан,
Келингиз, фойда йўқ сизлара тўю зиёфатдан.
Олинг бизлар учун балдоқ, маржонлар керакмаздур,
Беринг коғаз, қаламлар, зеби гардонлар керакмаздур,
Тумору чўлфи-сўлфи, дурри ғалтонлар керакмаздур,
Тўқуз-тўқуз чўяндин бизга қумғонлар керакмаздур,
Илм бизлар учун ортиқ сизи қилғон бизоатдан.
Букун безордурмиз сизни қилғон қўш фалаклардан,
Босуб чанг ётгучи дорларни устида алаклардан,
Зару кимхобу шолу атласу турлук ифаклардан,
Қасам биллоҳи кечдук баргаку олтун зираклардан,
Ўқутинг, қутқаринг дунёда бизларни маломатдан.
Илоҳи тикка-тикка ўлсун ул қўлтуқ туморимиз,
Чунон юз пора ўлсун уй ичинда зардеворимиз,
Нисор ўлсун, ато, урфон учун бу йўқу боримиз,
Бўлакдек биз ҳам эмди илм ўқумоқға хуморимиз,
Канизакмизму бизлар, қўрқунг, эй, ваҳму қиёматдан.
Дуо айланг, анолар, эмди бидъатлар қуруб кетсун,
Бизичун сизни қилғон мол сандуқда чуруб кетсун,
Атолар раҳм эдуб, мактаб солуб, бизларни ўқутсун,
Агар ўқутмаса, Лут қавмидек бизларни ер ютсун,
Ўлум бизларга ортуқ илмсиз дунёда роҳатдан.
Ўқутғон сўнгра вергонда, куёв тенгдошимиз ўлсун,
Иков ҳам илмлик, ёшликда бирдек ёшимиз ўлсун,
Жаҳонда шод ўлуб ҳамохират қардошимиз ўлсун,
Агар чолларга тушсак, заҳр ичкон ошимиз ўлсун,
Илоҳи сақла бизни дунёда мундоқ фалокатдан.
Худоё, баҳра вер бизларга ҳам илму фунунлардан,
Хабардор ўл ҳамиша биз каби бахти забунлардан,
Маориф ёди бирлан кўздин оқғон чашми хунлардан,
Етуштур илм ўқуғон бизга ёраб, раҳнамунлардан,
Тавалло айлаюрмиз кўз тутуб тонг-ла шафоатдан.
ТОТОР ҚАРДОШЛАРИМИЗНИНГ МАШҲУР ШОИРИ МАРҲУМ АБДУЛЛА АФАНДИ ТЎҚАЕВНИНГ ШЕЪРИНА ТАЗМИН
Жумла фикрим кеча-кундуз сизга оид миллатим,
Сен саломат — мен фароғат, иллатингдур иллатим.
Марҳум Абдулло Тўқайдек ёш чоғимда кетмасам,
Ожизона шоиринг бўлмоқға вордур нийятим.
Энди йил тўлди вафотиға Тўқайни деб бу кун,
Боғладим шеърина тазмин, ёдланиб дурри ятим.
Эй кўзум нури, белимни қуввати, жону дилим,
То тирикман, мадҳ этарман миллатим, миллиятим.
Сан туфайли мақсада етсам тонг эрмас деб умид,
Айларам хизмат санга, йўқ бошқа машғулиятим.
Қалбу виждоним мани андин бўлакни истамас,
Гар хаёл айларда сансан, вой мамнуниятим.
Булбулинг гул ишқида қилса чаманда нолалар,
Бир нафас тинмас сани кўйингда мавжудийятим.
Ҳар замон дод айлаюрман шеъра, танқид айлаюб,
Авф қилғил, ёзаман, тутганда мажнуниятим.
Ҳар замон ёд этса миллат бизни Абдуллодек,
Шул манга иқболу мақсад, бахту масъулиятим.
Миллатим, миллиятим, бир яхши хизмат қилмадим,
Қил садо, бошимға кел, кетсун бошимдан ғафлатим.
Гар Тавалло шеъри Абдуллога ёқса не ажаб,
Топишурди охиратда ёш-ёш икки ятим.
ОЛАМГА БИР НАЗАР
Осмондаги тайёралар, боқғил қаёнга боралар,
Эй нафс ила оворалар, нечун кўролмайсиз ҳануз.
Симсиз бировлар сўйлашиб, миллат ғамини ўйлашиб,
Юрганда сиз тўй-тўйлашиб, ҳеч бир уёлмайсиз ҳануз.
Аскар отиб ел замбурак, борларни қилди бод(па)рак,
Сиз боғда чолиб тартарак, сопқон отолмайсиз ҳануз.
Ғирромофўн айлар садо, бир игна бирла минг наво,
Фатнус олуб, эй бедаво, тинч ухлаёлмайсиз ҳануз.
Гимнозу симнорга боруб, таҳсил улум этти ўқуб,
Сизлар ҳамон занбил тўқуб, адрес ёзолмайсиз ҳануз.
Мактабни қадрин билмайин, инсон каби иш қилмайин,
Ҳозирда ўзга келмайин, ҳеч ибрат олмайсиз ҳануз.
Руслардин ибрат олмайин, ёшларни йўлга солмайин,
Тўй-маъракадин қолмайин, ҳеч бир туролмайсиз ҳануз.
Чиқди бировлар осмон, мошинаси — айруплон,
Сизлар трамвайдин ҳамон, нечун тушолмайсиз ҳануз?
Эй Тошканд аҳли, бугун, сизлар ўқунг илми фунун,
Илмсиз киши бўлғай забун, ёким билолмайсиз ҳануз?!
Ғафлатда кўр чойхоналар, боқур кўринг бедоналар,
Билмам қачон уйғоналар, сиз уйғотолмайсиз ҳануз.
Кўр, Еврупо аҳли, недан, тинмай ўқурлар илму фан,
Кўкрак очиқ сизлар чапан, инсон бўлолмайсиз ҳануз.
Ёзди Тавалло ҳасратин, билдурди сизга ниятин,
Суйган аё ўз миллатин, деманг ёзолмайсиз ҳануз.
ҚАЛАМГА ХИТОБ
Эй, қалам, сирримни сен эттинг жаҳонга фошлар,
Бу сабабдан бир нечалар бўлдилар кундошлар.
Тўғри ёзғил ҳасрату, андуҳу меҳнат эй қалам,
Аҳли виждон ўқиса оқсин кўзидин ёшлар.
Бизни элга тўғри сўз ёқмас такаллуф бўлмаса,
Қил ҳамиша онлари ҳаққинда сан махтошлар.
Илму фансиз нечалар айлаб ўзини «образон»,
Ман тараққий айладим деб урса лоф хархошлар.
Соч қўюб, фальто кийиб, бир русча мактаб кўрмайин,
Айласа санга насиҳат айлағил бардошлар.
Кўр, тараққийға қадам қўйсанг кўролмас, эй қалам,
Қобилият маҳв этар бир неча монеъ ёшлар.
Аввало симнору гимноз борсун, ўргансун илм,
Бас, келиб андин кейин берсун санго кенгошлар.
Сан қалам, қўйгил қадам, турма аёғинг кўтаруб,
Чолмасун бир хил сани бетарбият бебошлар.
Нега кор этмас мани ёзғонларим деб ранжима,
Фойдаму олғой агар ёқғонда ёмғур тошлар.
Қилмайин инсоф ўзи йўл олмайин ётса ҳамон,
Ё малакларму тушуб онларни йўлга бошлар.
Миллатинг қайғуси хўбдур ема бошқа қайғуни,
Эй қалам, айлар адам, борма худойи ошлар.
Кел, Тавалло, бўл мусаввир, ол қаламни қўлға сан,
Чек фронтлар суратин кўрсун ҳама наққошлар.
ҲАҚҚОНА БИР СЎЗ
Фош ўлди олам ичра бул, эй дўстлар, аҳволимиз,
Ҳайратда қолди кўрган эл, бизни қилан афъолимиз.
Ғурбатда ранги сарғайиб, беҳуда умрин ўтказиб,
Ёшлар такаллуф ахтариб, нафсониятда чолимиз.
Қилғон иши доим зиён, ҳеч бир кушода кўрмагон,
Кетти недан, билмам, қаён аввалдаги иқболимиз.
Ғафлаткашида биз каби, ғам бирла кулфат ҳамдами,
Шод ўлмадик биз бир даме, ҳасратда қадди долимиз.
Мактабни қадрин билмаюр, бир эзгу ишни қилмаюр,
Ҳаргиз кўчадин келмаюр, нодон бизи атфолимиз.
Босмай тараққига қадам, ўткузсамиз бизлар бу дам,
Ғафлат бизи айлар адам, бўлмаски қилу қолимиз.
Кўргил замона ёшларин, не ерга урди бошларин,
Олди ўзин қардошларин, бизни тўқулсун ёлимиз.
Тушсак кураш, тиксоқ ямоқ, буми ҳунар чопсоқ улоқ,
Исриқ супурги бойламоқ, йўқтур бўлак аъмолимиз.
Йўқ бизда бир фикр ўйласак, арзир букун қон йиғласак,
Тил йўқки, бир сўз сўйласак, дунёда гунгу лолимиз.
Ёзса Тавалло, турмади, мактаб сариға юрмади,
Сўзлар қулоқға кирмади қирқ йилги ёткон шолмиз.