Шавқий Каттақўрғоний (тахаллуси; исми Муҳаммад Шариф) (1785 — Каттақўрғон тумани — 1861) — шоир. Бухородаги Говкушон мадрасасида таҳсил олган. Ўзбек, тожик ва араб тилларида ижод қилган.
Унинг бир девон ва турли баёзлардаги лирик шеърларининг умумий ҳажми 3000 мисра атрофида. Булар ичида ғазал салмоқли ўрин тутади. Шавқий шеъриятида, шунингдек, мухаммас, мусаддас, мусаббаъ, мусамман, муашшар, маснавий, рубоий, фард, қитъа, марсия, мувашшаҳ, чистон жанрига мансуб шеърлар ҳам учрайди.
Шавқийнинг шеърларида инсондаги гўзал маънавий фазилатлар мадҳ этилган. У Бедил, Навоий, Фузулий, каби шоирларнинг адабий анъаналарини давом эттириб, ўзининг комил инсон борасидаги фикрларини фалсафий мушоҳадалар, тасаввуфий қарашлар, диний эҳтирослар пардасига ўраб берган.
Шавқий мусулмончилик қонун-қоидаларининг қисқа мажмуи — «Мухтасар ул-виқоя» маснавийсини «Миръот ал-мухтасар» номи билан тожик тилида шарҳлаган. Тахминан 23 минг мисрадан иборат бўлган бу рисола 26 боб — фаслга бўлинади. Ҳуқуқ мезонлари, ахлоқий-таълимий қарашлар ҳар бир фаслда баён шаклида бериб борилган. Асар охирида китобдаги арабча сўз ва истилоҳларнинг луғавий маъноларига изоҳ берувчи сўзлик илова қилинган. Шунингдек, араб грамматикасига оид «Рисолаи қофия ё миръот ун-наҳв» асарини ёзган. Шавқий девонлари нусхалари Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти (инв. №4634) ва Тожикистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти (инв. № 1899) да сақланади.
ДЕБОЧА
Ҳақ ҳамди, расул наътин изҳор
Айлаб, яна бир-ики сўзум бор.
Донолар самъига етушгай,
Бир неча расони кўзи тушгай.
Ашъорим ўқушсалар арода,
Ёд айласалао мени дуода.
Ҳижратдин ўтуб минг икки юз йил,
Йўқдин бу жаҳона келмишам, бил.
Ўттузға киранда, сайр этиб роҳ,
Хатми кутуб айламишман, эй шоҳ.
Толиблара хизмат айладим чўх,
Уйқу била роҳат айламак йўх.
Гоҳо келур эрди шеър ёда,
Мактуб ўлур эрди ул арода.
Ул асра муаллим эрди бир эр,
Дерлар эди они Мавлавий Шер.
Таҳқиқ эди онинг иши дойим,
Толиблари хизматиға қойим.
Олимлар ичида сарвар эрди,
Ҳотам сифату қаландар эрди.
Товуқ йили фавт этти ночор,
Тарих анга «мурғ» бўлди, эй ёр…
САБАБИ ТАЪЛИФ
Бир марди кўҳан манга ёвушти,
Аҳволима иттилое тушти.
Қобил билибон мени бу ишда,
Моҳир сониб ҳар қаю равишда,
Саъй айлади, берди бир неча панд,
Изҳори ҳунарға қилди пайванд.
Устозим эди-ю, раҳбар эрди,
Ул асрда балки сарвар эрди.
Онинг сифатин на дейки, эй шоҳ,
Эрди бари илмлардин огоҳ.
Одобдин эрмас эрди, ночор
Исмини десам — Халифа Бозор.
Дийдорини ҳақ каромат этгай,
Нофеъ сўзи бирла ҳақға етгай.
Айди:— Ҳунарингни айла изҳор,
Ҳифз этмакадур сўзунг сазовор.
Абётинги ким ўқуб эшитса,
Шоядки доуи хайр этса…
Мақбули табиат ўлди сўзи,
Ҳал бўлди бари сўзинг рамузи.
Бас «Мухтасари виқоя»ни назм
Этмакни ўзумга айладим жазм.
Форсий тил илан тамом қилдим,
Зоди раҳи хосу ом қилдим.
Мармузи ғавомузин ҳал этдим,
Мужмал сўзини муфассал этдим.
Бурноғи расолари замона
Гўстурдилар эл аро нишона.
Бир неча китоб деб Навоий,
Еткурди ҳазинлара давойи.
Андин сўнг ўтуб расо Фузулий,
Ашъори расоларинг қабули.
Форснй эл аро расоси чўхдур,
Бедил киби бир расоси йўхдур.
Сўз бобида табъи баҳри маввож,
Файз ила замири шамси ваҳҳож.
Ғоятда эрур анинг камоли,
Миръоти сифоти лоязоли.
Рангин сўзи дурри баҳри ғайбий,
Эъжозида йўқ улусни райби.
Бир неча китоб қолди ондин,
Ҳар бириси они тотлу жондин.
Мен, Шавқий, анинг сўзин асири,
Бел боғлу муҳибларини бири.
Руҳидин анинг тилаб ионат,
Офоти замонадин сиёнат.
Тангри карам этса мен гадоя,
Солғай боша тайри бахт соя.
Йўқ боғлу дари хазинаи ғайб,
Дур сочса кимарса, қилмағил айб.
Инсоф ила сўзға қил назора,
Фарқ айла дур ила санги хора.
Ҳар кимки эрур улума моҳир,
Бўлғай анга сўзни ҳусни зоҳир.
Уч лафз ила олам ичра девон
Айған йўқ эди бирор инсон.
Ҳиммат камарини белга боғлаб,
Услуби улум илан яроғлаб,
Туттум раҳи ҳамду наъту алқоб,
Ёр ўлса карими ҳаййи ваҳҳоб.
Шавқийға худой раҳбар ўлғай,
Дарёдил ўлуб, суханвар ўлғай.
ҒАЗАЛЛАР
* * *
Чиқди боғидин бир гул, мен сори шитоб айлаб,
Бурқаъин солиб юздин, бағрими кабоб айлаб.
Титравуж тоқиб бошқа, зарварақ сепиб қошқа,
Мени олди ёнбошқа, дин уйин хароб айлаб.
Ҳаддин ошқанин ишқим билмайин, белин қучтум.
Заррадек ера туштум, анда изтироб айлаб.
Бехуд ўлмоғим кўрди, бошим узра ўлтурди,
Мени ҳуша келтурди, хайидин гулоб айлаб.
Кўргач-ўқ ўшал юзни, баҳраманд этиб кўзни,
Боадаб тутуб ўзни, нақши по ҳисоб айлаб.
Сўрди мустамандидин, ҳажрининг газандидин,
Лаъли нўшхандидин мени комёб айлаб.
Ақлим итмиш ул соат, телбалиғ тарийқидин
Ёва сўз демишдурмен, оллида хитоб айлаб.
Келди қаҳри ул гулни, сарди зулфи сунбулни,
Ўтқа солди мен қулни, боғи иртикоб айлаб.
Тарки хонумон эттим, гўшада макон эттим,
Васфини баён эттим, Шавқидин китоб айлаб.
* * *
Эй қади сарви сиҳий, булбули гулзоргинам,
Кўзими равшанию маҳрами асроргинам.
Деб ўшал гавҳари як дона мени маҳв этай,
Садқа бўлсун ани йўлида йўқу боргинам.
Бўлмасун офати дунёға гирифтор асло,
Кўзимни оллида юрсун гули бехоргинам,
Жонима роҳат эрур кўнглуми оромгаҳи-
Сарви ул гул гўзалим ҳам мени дилдоргинам.
Ғами айём кўнгул пардасиға йўл топмай,
Мени шод айлади ул гавҳари шаҳворгинам.
Гар Зулайхои замон десам они, айб этманг,
Мисри кулфатда манга бўлди харидоргинам.
Лаб шакар тўтиси Шавқийни севарда айтур:
— Эй қади сарви сиҳий, булбули гулзоргинам.
* * *
Эй пари пайкар, Масиҳоваш, шакар гуфтор сен,
Қўй қадам гулшан сариким, равнақи гулзор сен.
Бош чиқориб сарв гулшандин, йўлунгда мунтазир,
Қилмасанг бовар, сўр андин, борсанг, эй дилдор, сен.
Шоми ҳижрон ичра қолдим, оразингдин чек ниқоб,
Эй қуёш талъат, фуруғи дидаи хунбор сен.
Нотавон этти ғами ҳижрон, етушти лабға жон,
Сўрғали бемори ишқинг, кел Масиҳовор сен.
Мен худ ўлдум кўрмайин, тавсан миниб қилсанг гузар,
Марқадимдин ўтма, то бир боқмасанг зинҳор сен.
Дашт аро овора бўлғанларни ҳолин, эй насим,
Ёр кўйи сори бўлсанг, айлагил изҳор сен.
Маҳвашимни тавсани босған изидур, кўкдағи
Ул тўлун ой эрмас, эй зоҳид, агар ҳушёр сен.
Сен киби золим элидин шиквалар қилсам, не тонг,
Чўх балолар бошға солған гунбази даввор сен,
Ҳар қачон қолсанг суубат ичра бу даврон аро,
Шавқиё, зикр айла наъти санйиди аброр сен.
* * *
Ёр ҳажрида кўзум қатраси чандон-чандон
Оқтиким, қолди улус кўргали қайрон-ҳайрон.
Чархдек сочтим ўлуб ҳам ёшим анжум-анжум,
Келгали кулбама ул ой арақафшон-афшон.
Ўлтуруб эрдим анинг ёдида мен қон йиғлаб,
Сунди май мен сари ул муғбача хандон-хандон.
Қоши ёсини чекиб, ноз ила новак отгач,
Ўтти кўксум сипаридин ўқи паррон-паррон.
Шукрким, кўнглум уйин айлади равшан тун субҳ,
Кўргузуб меҳри вафосин манга алвон-алвон…
Дайрдин лутф ила, Шавқий, санга мийно-мийно
Берсалар бода, сумур гўшада пинҳон-пинҳон.
* * *
Изо мо зоқатул-аҳволи билҳажр,
Фасиф антассуода лайлатуд-дажр.
Агар шоми фироқидин қутулсам,
Дегай васфини ҳатто матлаъул-фажр.
Жавоҳирлар тўкармен икки кўздин,
Тилармен лаъли нобидин анга ажр.
Недин оҳим ўқин торамға отмай,
Қилибдур қоматим «ё»дек нигун ҳажр.
Мени гар хонақаҳ сорида кўрсанг,
Бу йўлдин қайтарурда айлағил зажр!
Тамаъ айлаб висолиға, чекармен
йўлида дарду андуҳи ғами ҳажр.
Балои ҳажридин кўп қўрқма, Шавқий,
Масалдур: қўруған кўзга тушар важр.
* * *
Ғафлатим дафъиға маъжуии зарованд эттим,
Кўзиминг косаю ашкин суву ҳованд эттим.
Ўлмас иксилмоғудек ғайр хаёли яъни
Риштаи шавқинги жон ториға пайванд эттим.
Музди дийдорингга лойиқ ҳасанотим йўқ эди,
Ваъдаи васлинг ила кўнглуми хурсанд эттим.
Қасри ирфоними селоби хаёл этти хароб,
Дайр лойидин ани рахнасини банд эттим.
Телба кўнглумға солиб силсилаи ранжу ано,
Водийи ишқинги қатъиға хирадманд эттим.
Шояд ўлғай манга жамияти дил тафриқадин,
Ўзими халқ аро фақр аҳлиға монанд эттим.
Жоми майдин мени Шавқийға карам қил, соқий,
Ҳарза ақвол ила табъимни пароканд эттим.
* * *
Кело, хўбларни хўби, кинналарни ташламаймизму?
Жаҳон айвонида бир неча кун дил хушламаймизм\ ?
Мабодо бир куни жон олғучи олғай бу жонларни,
Ки андин илгари бўйнинг уза қўл ташламаймиз.му?
Замона кулфатидин кўзда ёшлар қона айланди,
Ани дафъи учун майхонаға йўл бошламанмизму?
Сени зулминг қилиб бағримни қону, дил ҳама зардоб,
Не бўлғай раҳм қилсанг, соате ёнбошламаймизму?
Баҳор айёмида гуллар ҳама очилса бўстонда,
Ани сайр этмоқа ҳамдам бўлиб қўл ушламаймизму?
Чунон ташна бўлубмен оташи ишқингдин, эй барно,
Ани қондурмоқа лаъли лабннгдин тишламаймизму?..
Нигоро, золимо, мунча жафолардин не мақсад бор,
Мени олдимға кел, ёнбошлашиб кенгошламаймизму?..
Мунингдек орзуларға етолмай ўттинг, эй Шавқий,
Ки шояд раҳми келғай, деб саҳар нолишламаймизму?
* * *
Қилдилар аҳли риё ўзларин эшон янглиқ,
Билдилар ҳийла ишин бу била осон янглиқ.
Эл кўзига ўзларин айладилар қутби замон,
Қалбига боқса киши, сурати бежон янглиқ.
Ҳийла-ю макр ила элни ўзига қилди мурид,
Сурати шайхнамо, сийрати шайтон янглиқ.
Маърака садри бўлуб, бермайин илм аҳлига жо
Билмайин илму адаб расмини ҳайвон янглиқ.
Назр деб ҳийла-ю талбис ила эл молин олиб,
Ҳазар этмай едилар гурги биёбон янглиқ.
Хайлини роҳи залолат сариға бошлағали,
Ўғрилик хожасига қилғувчи дўхон янглиқ.
Хоҳиши нафс учун айладилар мунча фусун,
Шавқиё, қилма ўзинг ботини ёлғон янглиқ.
* * *
Десанг замирими ханнос қилмасун ва^вос,
Йироғ айлама ўздин ситойиш ила сипос.
Улуғ сифат киши ёш эрканида ҳам билинур,
Бу сўзға қойил эрур кимки бўлса чеҳрашунос.
Жаҳон бақосиға мақбул бўлмади меҳнат,
Магар бу сўзга гуваҳ бўлса Хизр ила Илёс.
Кўнгул харошиға кўрдунгму чархи кажрафтор
Ҳилолдин ясабон кўргузур халойиқа дос.
На кохи чатрдурур, на сипеҳри торами хазр,
Қилурға гард, эрур бошинг узра санги харое.
Ажал шиканжасидин фориғ ўлмади ҳеч ким,
Не кўнғуроту, не найман, не уйғуру жайёс.
Ўзинг ишинг била бўл, ғофил ўлма бир соат
Ки, қасри умринг эрур бемадору суст асос.
Кушодарўй ўлубон, айлағил тилингни чучук,
Агар десанг, бўлайин олам ичра сарвари нос,
Ўзунгға айла тавозуъ тарийқасин пеша,
Юзунгни қилма совуқ халқ ичида мисли калос.
Муҳаббатинг гуҳарин сарф этмагил улким,
Итоб этарда сенинг хетирингни тутмас пос.
Ўзунг мужолисинг ила қарор тут, билсанг,
Бўлур қароға сазовор айру чоғида лос.
Фалакни кўрки, берур ғайримизга бодаи айш,
Биза етушганида давр чаппа айлади тос.
Қаерда чангу рубоб ўлса, Шавқиё, базм эт,
Муғаннийларинг эрур нағмаси сўзунгға либос.
МУХАММАСЛАР
* * *
Ишқ офатидин тушти менинг бошима савдо,
Мажнун киби ҳайрон кезарам шаҳр ила саҳро,
Тун-кун ишим ўлди мени ҳар ерда алоло,
Олам кўрунур кўзима бир шаҳпари анқо,
Мунис манга ғам, дарду бало кулбаси маъво.
Ҳасратзадамаи, лозим эмас маснади шоҳий,
Олдурғали кўнглумни кўруб ул юзи моҳий,
Ҳар дам ошурурман фалаки зуҳрадин оҳи,
Оё кўрунурму кўзума васлини роҳи,
Оғзимға эрур заҳру ситам неъмати дунё.
Гар васли муяссар манга қилмас эса бахтим,
Дунёда керакмас манга бу тож ила тахтим,
Бир ён кетарам телбасифат, қолғуси рахтим.
Чекти алами тешаи офат сари сахтим,
Фарҳода на нофеъ лаби Ширин, дами Исо.
Мушкил иш экан ишқ, ани билмас эканман,
Ранжу аламим кўзга анинг илмас эканман,
Бош кетса, анинг йўлидин айрилмас эканман,
Ер этса жафо, тарки вафо қилмас эканман,
Жон роҳатидур ройиҳаи сунбули соро.
Эй зоҳиди фарсуда, манга қилма насиҳат,
Ишқидин анинг манеъ ўлуб, қилма фазиҳат,
Гар васли муяссар нўқ эса, ҳажри ғанимат,
То катми адам бор ани кўйига ззимат,
Саргашта кезармен раҳи пайғулаи ғабро.
Маъшуқани ҳуснини билур сийнаи ошиқ,
Хоки қадамин сурма қилур дийдаи ошиқ,
Гар бошидин ошса ғами деринаи ошиқ,
Уммедин узолмас дили бекийнаи ошиқ,
Умрини қилур сарф ани йўлида саропо.
Оинаи иқболима даврон ситам этти,
Ҳижрон тошини урди, баҳосини кам этти,
Меҳнатни зиёд айлади, помоли ғам этти,
Кўнглум тилиниб, азми тарийқи адам этти,
Ушшоқа улуғ офат эрур фитнаи аъдо.
Бир ёра гирифтор ўлали бесару сомон,
Ҳар ён кезарам телба сифат волау ҳайрон,
Ишқидин эрур ҳамнафасим нолау афғон,
Оламда менинг мушкилими айлағил осон,
Йўқ сендин ўзга такягаҳим, эй шаҳи доно.
Шавқийға мақолини карам қил, асар этсун,
Ким нахли мақолоти фасоҳат самар этсун,
Файзи ҳақа элни сўз ила бохабар этсун,
Ашъорини донолар ўқуб, муътабар этсун,
Озғурма тарийқи набавийдин ани асло.
* * *
Бир ошёнда тутмиш эди маскан икки зоғ,
Буми замона айлади бир-биридин йироғ,
Бир дам олонча қўймади ҳижрон аларни соғ,
Айди аларни шаъниға бир соҳиби фароғ:
Ул унда доғ бўлди-ю, бул мунда бўлди доғ.
Мажнуну Лайли бир-бира айларди жон фидо,
Таҳсин этар эди алара шаҳ ила гадо,
Ҳомуну Нажд арода қилиб ишқғ,а иқтидо,
Ҳижрон аларни айлади бир-биридин жудо,
Ул унда доғ бўлди-ю, бул мунда бўлди доғ.
Юсуф ағолари чаҳ аро ташлабон нишеб,
Канъон ичида ҳазрати Яъқуб ғусса еб,
Охирда соттилар ани Миср ичра банда деб,
Ҳижрон аларға кўрки, на ишларни кўрди эб,
Ул унда доғ бўлди-ю, бул мунда бўлди доғ.
Фарҳодким ғазанпари аҳли жаҳон ўлуб,
Ширин фироқи бирла ани бағри қон ўлуб,
Ҳам Қўҳканки шуҳрати аҳли замон ўлуб,
Ҳижрон арога тушгали тоғлар макон ўлуб,
Ул унда доғ бўлди-ю, бул мунда бўлди доғ.
Келди қулоқға Вомиқу Азро хабарлари,
Бири Яманни буржини бир моҳи анвари,
Бири фироқ марҳаласини самандари,
Ҳижрон аларға солди букун чархи ахзарий,
Ул унда доғ бўлди-ю, бул мунда бўлди доғ.
Маҳжур Хисрави-ю, Музаффарда минг алам,
Яъқуб’ чўл арода гирифтори чўх ситам,
Музтар асири нашъа-ю Вола хароби ғам,
Шавқийни суҳбатини тополмай Хиромий ҳам,
Ул унда доғ бўлди-ю, бул мунда бўлди доғ.
МАСНАВИЙ
Бор эди бир хасиси дангу дағал,
Ўлур эрди дирамсиз ўлса бағал.
Биров гар келмак ўлса унга гумон,
Сарф ўлур деб анга бирорта нон.
Оташи ҳирс айлаюр эрди доғ,
Кўрунурди замона бир пари зоғ.
Ҳодисоти замона ели эсиб,
Бир кишини тушурди, йўлни кесиб.
Кеч эди-ю, йўли ҳам эрди узун,
Келди дарвозаға, чиқармади ун.
Соате ўлтуруб эди, ногоҳ
Чиқти уйдин ўшал хасосат жоҳ.
Назари тушди ул сиҳий қадга,
Ҳолини сўрмай, очти лаб радга.
Деди:— Бу уйда ҳеч киши йўқдур,
Деди ул ҳамки:— Қорнимиз тўқдур.
Бир замон бўлса бир уй омода,
Гарчи бўлса тўшакдин ул сода,
Истироҳат қилиб кетар эрдук,
Эртароқ манзила етар эрдук.
Бўлди ночор, уйға киргузди,
Умридин риштаи умид узди.
Бор эди завжаси, афифаи вақт,
Эсмаган зулфи сори сарсари мақт.
Моил эрди сахо сариға дили,
Айтмаған бетаҳоший сўзни тили,
Турди ул нолира. еридин чуст,
Меҳмонға таоме қилди дуруст.
Чун ки меҳмон учун пишилди палов,
Лаълдек жониға тутошти олов.
Бойға асру тамаллуқ ила бориб,
Меҳмон сори ошини юбориб,
Борди-ю, қиблаға ўгурди юзин,
Чашмадек тутти ашки икки кўзин.
Деди:— Ё раб, мунинг замирини оч,
Раҳматинг фанзидин хамириға соч.
Мапи тавфиқдин карам айла,
Ани халқ ичра муҳтарам айла.
Бир неча ўғри иттифоқ айлаб,
Бойнинг молин иштиёқ айлаб,
Нақб уруб ҳовлидин, чиқориб бош —
Урди меҳмон аларни бошиға тош.
Ўғрилар кеттилар умидин узуб,
Етмади меҳмон ўзини тузиб.
Яна бир молини бўғуб эди ип,
Ани ҳам борди-ю, айирди билиб.
Уйға ўт тушганин билиб ногоҳ,
Уй эгосин айлади огоҳ.
Ғайрат айлаб ўчурдилар они,
Йўқса куюрди моли ҳам жони.
Англабон бу шарафни меҳмондин,
Яхшироқ кўрди они юз жондин.
Ботин ила бу маъниға етибон,
Ҳасаду бухлу хиссати кетибон.
Ёд этиб чиқти кеча-ю кундуз,
Тангри фармонидин ўгурмади юз.
Деди Шавқий:— Ўшал киши мен эдим,
Саргузаштимни назм бирла дедим.
ҚИТЪАЛАР
Урарлар аҳли мансаб эрталар чою палов оқшом,
Сену мендеклара ҳаргиз муяссар йўқ ғурунбоди!
Бу янглиғ фазл ила, найлай, чиқиб Қарнаб йўлин тутмай,
Бухоро ичра мансаб топтилар ҳар зоғу калходи!
Расолар ҳолини билмак учун Шавқий савол этди,
Қани бир аҳли дониш то жавобин қилсин иншоди?!
* * *
Қилиб эрдимки бир куни кочи:
Олиб эрдим бузоқи урғочи.
Подачиға дедимки:— Эй ўртоқ,
Қамбағал молидир — билиб, хўб боқ.
Ўтлик-ўтлик ерда элтиб боқғил,
Давлатимдин тезагини ёқғил.
Қолмайин мен сенинг вуболингға,
Ол кочимни «оши ҳалол»ингға!