Сайёдий, Сайёдий ўғли, Сайёдий ўғли Харобий (тахаллуслари; исми Саййид Муҳаммад) (17-асрнинг 2-ярми, Балх яқинидаги Хайробод қишлоғи) — шоир. Овчи (сайёд) оиласида туғилган, ўзи ҳам шу касб билан шуғулланган.
Шоирнинг айрим шеърлари ҳамда «Тоҳир ва Зуҳра» достонигина етиб келган. Достонда халқ оғзаки ижодида кенг тарқалган сюжет ёзма адабиёт анъаналари асосида баён қилинган. Унда ҳақиқий муҳаббат ва инсонийлик куйланган, зўрлик ва адолатсизлик қораланган. Достонга 50 дан ортиқ ғазал шаклидаги шеърий парчалар киритилган. Достон асосида мусиқали драма (1938, Собир Абдулла) ва кинофильм (1950) яратилган.
«ТОҲИР ВА ЗУҲРА» ДОСТОНИДАН
ПОДШОҲНИНГ ВАЗИРИ ТУШ КУРГАНИ
Бор эрди Бобохон отлиғ шаҳаншоҳ,
Вазири Боҳир отлиғ эрди ногоҳ.
Икови ҳам бефарзанд эрди,
Паришон хотири дилбанд эрди.
Бор эрди остонаси қошинда,
Яқин эрди — шаҳарнинг йўл бошинда.
Бориб бош қўйдилар остонага ҳам,
Мурод берувчи давлатхонаға ҳам.
Бошини қўйди Боҳир, кўрди бир туш,
Азалда бор эди аларға улуш.
Кўрар, султон бирла ўлтурубдур,
Тавофи остона биткарибдур.
Улуғ остона эрди берди додин,
Бериб остона ҳам жумла муродин.
Бу туш бирла ажаб дилшод бўлди,
Тамоми қайғудин озод бўлди…
Бу тушни кўрдию уйғонди Боҳир,
Бориб султониға чун қилди зоҳир.
Дедиким: — Туш кўрубман подшоҳим,
Шукур, Оллоға мақбул бўлди оҳим. ..
Сўзини эшитиб султони олам,
Худоға (шукр) этибон бўлди хуррам.
Ўтурғон еридин озод қўпди,
Бу Боҳирнинг юзидин тутти ўпти.
Деди Султон:—Худо фарзанд берса,
Анинг бирла кўнгул хурсанд бўлса.
Ўғул бўлса, икови дўст бўлсун,
Икови бир тану, бир пўст бўлсун.
Агар қиз бўлсалар бўлсун дугона,
Бири-бирисига хуш миҳрибона.
Ўғул, қиз бўлса ҳам, дўст бўлсун,
Бу сўздинким тонар — номард бўлсун.
Бу сўзларни деди шаҳ, жаҳд қилди.
Икови ўртада бир аҳд қилди.
Деди Боҳир: — Аё эй шоҳи олам,
Бу аҳди шарт шаҳларға мусаллам.
Менинг ҳаддим чу етмиш ушбу сўзга,
Ки бўлғай, бўлмағай бу сўзлар ўзга.
Бу сўз устида шаҳ қилди қасам ёд,
Анинг учун бу қисса бўлди бунёд.
ХУДОЙИ ТАОЛО БОБОХОНҒА ФАРЗАНД БЕРГАНИ
Кел э султон бу дам хушвақт ўлтур,
Ки чангу най, дафу наққора қоқтур.
Деди Сайёд: — Иноят қилди тангри,
Бу шаҳни ёрлақаб, қиз берди тангри.
Чу ўтди ойу йил, ғунча очилди,
Бу шаҳнинг устига дурлар сочилди.
Бериб тангрим бу шоҳға нозанин қиз,
Бу қизнинг таърифини айтали биз.
Юзи гулдек эди, чун оғзи ғунча,
Кўранлар жон берурди сўйлагунча.
Лаби лаълу тиши дурдона эрди,
Вале кўрган кишилар ёнар эрди.
Юзининг қизили жаннат гулидек,
Уни мисли Эрамнинг булбулидек.
Қаламтек қоши, юзи моҳи анвар
Кўзининг равшани монанди гавҳар.
Қиё боқғач, киши жонин оладур,
Киши кўрса, ўзин ўтға соладур.
Бу шоҳ қизиға берди тўй бисъёр,
Таоми бор эди юз онча тайёр.
Ки йиғдилар алар ҳайу ҳашамни,
Тутуб иззат бу шоҳи муҳташамни.
Бу шоҳ кенгошини элга буюрди,
Анинг отин халойиқ Зуҳра қўйди.
ХУДОЙИ ТАОЛО БОҲИРГА ЎҒИЛ БЕРГАНИ
Деди Сайёд: Боҳир ўғли бўлди,
Анинг таърифи ҳам оламға тўлди.
Мунинг отини қўйди Мирза Тоҳир,
Юзида мустафонинг нури зоҳир.
Аносининг отидур Шоҳихубон,
Бу ҳам ҳусн ичида бир моҳи тобон.
Анга хон дояни бошқа қилибдур,
Бу сирни шаҳр эли барча билибдур.
Неча йиллар энагалар чекиб жон,
Ки ҳарбири бўлубон ҳури ғилмон.
Кўрунг Тоҳирни, беш ёшға етибдур,
Бу Боҳир тангри амрин биткарибдур.
Ки Боҳирнинг вафотин билди ул шоҳ,
Деди: «Ўлмак эрур тақдири оллоҳ».
Ўз-ўзидин деди: «Султон эрурман,
Бу тотор элига ҳам хон эрурман.
Вазирим Боҳир ул Қароча ўғли,
Ки бу Тоҳир турур ҳам, онинг ўғли,
Раво эрмас вазири бирла хони,
Қуда бўлса, маломат тортса жони.
Келур бошимға юз турлук маломат,
Ки хоқон элидин торткум иҳонат.
Ки ман Боҳир билан шарт айлаганда,
Бу сирни ким билибтур биз деганда.
Бу сирни ким билибтур мандин ўзга,
Дедиким, илмади Тоҳирни кўзга.
ТОҲИР БИЛАН ЗУҲРА БИР-БИРИГА ИНТИЗОР БЎЛҒОНИ
Кел э Сайёд, бунёд эт бу қисса,
Начук тушти бу Тоҳир бекка ғусса.
Деди Сайёд, ўшул кун Боҳир ўлди,
Эшитинг банда Тоҳирға на бўлди.
Аларни банди мактаб қилди Султон,
Булар жон бирла ўқур эрди Қуръон.
Ўқуб тилларида илми мажозий,
Вале кўнгилларинда ишқибози.
Бу мактабхона эрди бир баҳона,
Келурлар эрди ул икки дугона.
Ки қўлларин солиб бўюнлариға,
Ани кўрган боқар ўюнлариға.
Гаҳи қош-кўз икиси соз қилди,
Тақи кўнгил қуши парвоз қилди.
Кўнгилда ишқни бунъёд қилди,
Ки Тоҳир бу ғазални ёд қилди:
Эй шамси анвар юзлугум, кўрмагай эрдим кошки,
Кўнглумни, гавҳар кўзлугум, бермагай эрдим кошки.
Эй гулшани Боғи Эрам, эй миҳрибон, тоза санам,
Лаълинг шаробин дам-бадам сўрмагай эрдим кошки.
Ишқингда ман, эй бехабар, йиғлаб юруб шому саҳар,
Ҳижрон чекиб, хуни жигар юрмагай эрдим кошки.
Излаб висолинг, эй гуҳар, бўлдум гадойи дар-бадар,
Ҳиммат этогин белга бар урмагай эрдим кошки.
Мискин Сайёдий бокарам, бўлдум су илло ложарам,
Мардонавор ишқа қадам қўймагай эрдим кошки.
Эшитти Зуҳра бу Тоҳир сўзини,
Ки ишқ ўтиға солди ҳам ўзини.
Бу сўзни эшитиб девона бўлдн,
Анингчун халқ аро афсона бўлди.
Чу ишқа ҳамдаму ҳамроҳ бўлди,
Қизил гулдек юзи чун коҳ сўлди.
Ҳамиша мактаба ҳамроҳ борурди,
Бу сирни шаҳр эли барча билурди.
Иложи йўқ эди чун ғайри мактаб,
Бу мактабхона ҳам кафиша бар каф.
Икиси чирмашур ҳали печакдак,
Бириси қарчиғай, бириси ўрдак.
Вале иккисига айтмас эдилар,
Аён бўлди икисига бу сирлар.
Ки бир кун иккиси ўйнаб келурди,
Ки бир хотун келиб, олдинда турди.
Деди: —Шаҳзодалар, ман бўз қўюбман,
Анинг учун келиб, мунда турубман.
Манам бечораи бир бева занман,
Ғарибу бевазан ҳам беватанман.
Ғарибларнинг дуосини олинглар,
Бўзимдин ул тарафга йўл солинглар.
Бу сўзларга қулоқ солмади Тоҳир,
У ерда беадаблик бўлди зоҳир.
Ки ҳазлон шавқ этди ул қариға,
Ки бу ошиқ бориб тегди қариға.
Тегиб ошиқ қариға, бўлди хандон,
У ерда ўзга сўзлар бўлди чакдон.
Деди хотун: — Манинглан қилма бози,
Қилакўр Зуҳра жоним бирла бози.
Агар санда ақл бўлса, эй ўғлон,
Қилакўр Зуҳра хоним бирла жавлон.
Деди Тоҳир: — Манга айтғил, на сир бор?
Қилакўр ушбу сирни манга изҳор.
Деди хотун: — Онангдин сўз эшиткил,
Сабр қил, сабр ила мақсуда еткил.
Бу сўзни эшитибон Мирза Тоҳир
Бориб онасиға сўз қилди зоҳир.
Деди онасиға:— Эй жоним она,
Манинг жонимға меҳрибоним она.
Ки билман қайси тоғдин қуш учубдур,
Бу қозу турна қай кўлга тушубдур.
Манинг кўнглум тилар ул кўлга борсам,
Букун ман анда бориб, ов озласам.
Ки мактабдин келадурман, ўзум оч,
Бу кўнглум орзу қилди қовурмоч.
Аноси чуст чобук қўпди анда,
Буюрғоч ҳам қовурмоч қилди анда.
Деди онасиға: — Барҳаққи розиқ,
Қўлунг бирла манга бергил мувофиқ.
Қўлунгдин ош емак кўнглум тилабтур,
Санга розим демакка сўз қолибтур.
Ки,— Хуш,— деб, қўлиға олди қовурмоч,
Ки маҳкам тутти қўлин ул узатғоч.
Деди Тоҳир: — Она, тангри ҳақидин,
Муҳаммад мустафонинг ҳурматидин.
Деди, — Она, на сўз бор эшитали,
Қўлумдин келса, мақсадға етали.
Қўли куйгач деди: — Эй нури дийда,
Эшитсанг қиссани, бўлғунг рамида.
Отанг бирла Бобохон қилди паймон,
Ажал етти — отанг топмади дармон.
Унуттуқ биз ани, сиз ҳам унутунг,
На савдодур, болам, кўнгил совутунг.
Алар хоним эрур, хонларға лойиқ,
Кўнгул берма аларға, бўлма ошиқ.
Агар кўнгул берурсан, фитна ортар,
Танимга ўт тушар, оламни ўртар.
Эшитти ушбу сўзни Тоҳири маст,
Бу ишқ ўти билан ул бўлди пайваст.
Ики дона қовурмоч қўлға олди.
Китобини олиб, қўйниға солди…
Кел эй Сайёд, бошла эмди достон,
Зимистонда начук очилди бўстон.
Гулистон кўрмагай боди хазони,
Рақиба тангри егкургай заволи…
Деди Сайёд, — Тоҳир қилди ангез
Ки хилват ерда қилғайлар сухан рез.
Бор эрди шоҳнинг бир сайргоҳи,
Чиқарлар эрди анда гоҳ-гоҳи.
Отин айтурлар эрди Боғи майдон,
Қилурлар эрди анда хўб жавлон. ..
Кириб боғ ичига икки дугона,
Бири булбул, бири гул бирла лола.
Икиси қўшулуб, хўб мунглашурлар,
Уфушуб, қучушуб, кўп йиғлашурлар.
Бири-бирига деб рози дилини,
Ки ҳарна кўнглидаги мушкилини.
Алар бу соза тузди икки тори,
Қириб боғ ичида бу ишқ ёри.
Чу ишқ аҳлида бўлмас нангу номус,
Кўзига ҳеч кўрунмас душману дўст.
Ҳақиқат ишқдур бу ишқ бози,
Вагар на бўлмасун ишқи мажозий.
Деди Тоҳирки: — Эй рухсораи ҳусн,
Қилиб ишқинг мани девонаи ҳусн.
Отанг бирла отамнинг аҳди, эй жон,
Яратибдур бизи қудратли яздон.
Дер эрмишким, анга кўрмам раво ман,
Бу сирдин телба янглиғ мубталоман.
Начук бўлғай мунинг тадбири, эй жон,
Қолибман ишқ водисинда ҳайрон.
Ки сандин ўзга манга ёр бўлмас,
Бу кўнглум сўрғучи дилдор бўлмас.
Фироқингда ажаб ғусса ютубман,
Умид бирла этагингни тутубман.
Дуочингиз эрурман кеча-кундуз,
Фидо бўлсун бу жоним якка-ёлғуз.
Фироқинг ўтида бас ёнадурман,
Ғаминг бирлан букун ҳамхонадурман.
Юзунгдин парда олғил эй нигорим,
Ки шамъинг ўтиға парвонадурман.
Санингдек йўқ жаҳонда дилбари шўх,
Санинг васфинг билан афсонадурман.
Висолинг даштида лаб ташна қолдим,
Лабинг шарбатин ичсам, қонадурман.
Қилиб манзил букун байтул ҳазанни,
Ки азми сокини вайронадурман,
Сайёдий айлади бисёр зори,
Талабгар косаи паймонадурман.
Ки бу юўзни эшитти Зуҳра хоним,
Деди:— Эй меҳрибоним, куйди жоним
Ки Тоҳир бу ғазални қилди охир,
Деди Зуҳра: — Отамдур турфа кофир.
Тирикликда кишининг аҳди бўлса,
Ёмондур аҳдни бас киши бузса.
Отам тонса тонур, ман тонарим йўқ,
Азалдиндур бу қисмат тонарим йўқ.
Манинг ҳам бошима тушти бу савдо,
Ки бўлди ишқ водисинда шайдо.
Санингдек учрамасдур манга бир ёр,
Кўнгул пурғам, кўзўм уйқуда бедор.
Мудом йўқтур мени сабру қарорим,
Ёруқ дунёда сандурсан мадорим,
Ки сан Лайли эрурсан ёри мажнун,
Ки ман Мажнун эрурман чашми пурхун.
Ваё сан Мажнуну ман санга Лайли,
Вале, бор Лайлининг Мажнунға майли.
Икиси боғ ичида, зору ҳайрон,
Бўлуб бу шаҳри Тотор мисли гирён.
Ўшул майдон ичида боғбоне
Бўлубон икиси бир корвоне.
Буларнинг барча ишларин кўрубдур,
Бобохонга ани ҳам еткурубдур…
Шаҳо кўрдум чаман ичра қўнубдур турфа шунқоре,
Назокатлар бўлур пайдо такаллум қилса гуфторе.
Анинг ман васфи авсофин қилай олдингда эй шоҳим,
Агар оқил эсанг ўлтурма они, тингла миқдоре.
Ажойиб оқилу доно, билиб бу фони дунёни —
Қилибдур мосуво ўзни, англа бу сирри изҳори.
Бўлуб Сайфулмулук соний, Бадеъни истайиб топиб,
Қуруб суҳбат, ичиб бода, қуюб олдинда дилдори.
Гўзал шўрнда булбулдек фиғон айлар, шоҳим, Тоҳир,
Азиз жонин фидо айлар кўруб бу Зуҳра дилдори.
Ики ошиқ учун ҳардам фиғону нолалар ҳардам,
Бу ишқнинг ўтиға куйган Сайёдийдур дилафгоре.
Бу хабардан ғазабланган Бобохон Тоҳирни банди қилиб ўз қошиға келтиртиради ва Зуҳрани Тоҳирга тенг ва эп кўрмай илгариги аҳдидан қайтганлигини билдиради. Тоҳирни сандиққа солиб, дарёга ташлашни буюради.
— Бу Зуҳра подшоҳ, сан бир гадосан,
Салом ҳаққи билан сан ошносан.
Одам бирла одамнинг фарқи бисъёр,
Тафовут, халқларга, этти жаббор.
Отанг дўстум эди, билгувчи ғаффор,
Йўқ эрса, лозим эрди санга сангсор! ..
Деди: — Тоҳирни бу сандуқға солиб,
Ки ташланглар ани дарёға бориб!
Олиб бордилар ул дарё лабина,
Булар ўт солдилар Зуҳра жониға…
Яна ул ерда Тоҳирнинг аноси,
На қилсун, кўзининг оқу қароси.
Куюб ул нолалар бисъёр қилди,
Неча сўзлар ўқуб, абъёт қилди.
Дедиким: — Эй бўтам, мардона бўлғил,
Кечиб жондин яна жонона бўлғил.
Киши мардоналардек йўлға кирса,
Ул ишдин тонмаён йўлинда ўлса…
Подшоҳнинг эшигинда барча халқ дод эттилар,
Оҳу вовайло дебон чун ҳақға фарёд эттилар.
Тоҳири бечоранинг кўнглини овлаб мунча халқ,
Жонларин айлаб фидо, Тоҳирни хўб шод эттилар.
Олиб келтурдилар Тоҳирни анда,
Бу сандуқ ичра солиб мисли банда.
Кўтариб солдилар Тоҳирни сувға,
Таважжуҳ бўлди Тоҳир зикри «ҳу»ға.
Улуғ дарё эди поёни бўлмас,
Ғариб ўлса, анинг товони бўлмас.
Ғариб ўлди, кўрунг, Тоҳир на бўлди,
Бу сандуқ ичра тушти, тирик ўлди.
На ерда кўрсангизким, бир ғарибдур,
Ки ранги заъфарондай сарғарибдур.
Ғарибдур қул бу Сайёд бенавонгиз,
Битибдур мунча сўз муфлис гадонгиз.
Солиб сувға бариси бўлди ҳайрон,
Улуғ-кичик бариси бўлди гиръён.
На қилсун Зуҳражон, бечора бўлди,
Куюбон оҳ уруб, парвона бўлди.
Қизиға кўшк ясатиб эрди султон,
Неча кўрсанг, баланд эрди, паровон.
Бу Зуҳра чиқди кўшк устита улдам,
Ки келди жумла оламни тутуб ғам.
Қилур кўшк устида Зуҳра фиғони,
Гўёки чиқди ул руҳи равони.
Бу кўшк олдинда гирдоб бор эрди,
Наким тушса, ани балиғ ер эрди.
Кўрунг сандуқ бу гирдоб ичра тушти,
Оқиб бордию ҳам кўшкка етушди.
Сазое қилди Зуҳра: —куйди жоним,
Фироқинг ўтиға ўртанди жоним.
Қани бир дарди дил бўлғай қариндош,
Ки бўлғай эрди ёлғузликда йўлдош.
Бу ёлғузликда эй, ҳолинг на кечкай,
Бу дарё ичра аҳволинг на кечкай.
* * *
Бу сўзнинг устида мавж урди дарё,
На қилди мавж уруб, сандуқни андо.
Бу гирдобдин чиқариб сув оқузди,
Бу Зуҳра юрагиндин қон томузди.
Бу сандуқ турмади, гирдобдин ўтди,
Ки ҳечким тутмади, ул оқти, кетди.
Қошинда олти ойлик озуқ эрди,
Вале сув жонибиндин нозук эрди.
Ки бу уч ой эди оқиб келурди,
Ки ҳардам баҳраи сувдин олурди…
Сув ичра борадур, сувдин насиб йўқ,
Бу дунёда анингдек бир ғариб йўқ.
Келур бўлса, келур Шому Ироқдин,
Кетар бўлса, кетар қошу қабоқдин.
Бу сўзлар эртадин қолғон масалдур,
Ҳар иш аввалида саъю жадалдур…
Қилиб банд ичра Тоҳир сабр ночор,
Ки бир санг пора келди, турди ночор.
Ани дарё ўкуруб урди тошға,
Ки сандуқ михи бўлди бошқа-бошқа.
Ки бу сандуқ уза сув бўлди пайдо,
Яна сандуқини оқузди дарё.
Яна бирнеча муддат кеча-кундуз,
Ки бу сандуқ ичинда якка-ёлғуз.
Ўшул манзилнинг оти шаҳри Бағдод,
Анингдек йўқ эди ҳеч шаҳр обод.
Бағдод шоҳининг қизи Моҳим тушида Тоҳирни кўриб, унга ошиқ бўлади. Моҳим Боғи Эрамдек боғда сайр этарди. Боғ қаршисидан дарё оқарди. Дарё юзида сандиқ кўринади.
Деди Моҳим: — Анга ғаввос кирсун,
Очиб кўрмай, они мунда кетурсун.
Яна бир қиз эди оти Жаҳонгир,
Дедиким:—Ман қилурман анга тадбир.
Анинг сочи эди қирқ газ тамоми,
Кўруб ҳайрон қолдурди хос-оми:
Бориб сочи билан боғлаб белига,
Ки мурғи офарин кирди қўлиға.
Кўрар тушинда кўрган моҳи пайкар,
Юзи боғнинг гули, лаблари шаккар.
Кўруб Мохим ани, бир оҳ урди,
— Нега оҳ урдилар? — деб Шаҳри сўрди.
Деди: — Шаҳрики, синглим, бехабарсан,
Манинг оҳимни сан нега сўрарсан.
Тушумда кўрганимни мунда кўрдум,
Ки шайдо бўлдиму девона бўлдум.
Моҳим ва қизлар Тоҳирни ҳушига келтириб, танишадилар. Шоҳ ўз қизи Моҳимни Тоҳирга никоҳлаб беради, лекин Тоҳир мажбурий равишда муросасозлик қилса ҳам бу шоҳ қизига кўнгул қуймайди. Зуҳрани ёдидан чиқармайди. Зуҳра ҳам, айрилиқ ўтига куюб, ҳар вақт Тоҳирни эслайди. Бобохон эса қизининг ихтиёрига қарамай, уни ўз укасининг ўғли Қора Баҳодирга бермоқчи бўлади.
Бу шоҳнинг бир эмукдоши бор эрди,
Ўшул қардошининг ўғли бор эрди.
Дер эрдилар отин Қора Баҳодур,
Уруш бобида эрди хўб баҳодур,
Ани чарладию деди сўзини,
Бу шоҳ анга берур бўлди қизини.
Ки шоҳнинг кўнглига келган масалли,
Қизим ҳам шод бўлғай деб, тасалли.
Хаёл этдики, Тоҳирни унутур,
Анга машғул бўлуб, кўнглин сувутур.
Ўқуди фотиҳа домод қилди,
Баҳодур кўнглини ҳам шод қилди,
Эшитти шум хабарни Зуҳра хони,
Бадар қилди йиғилған сийму зарни.
Ғарибларға берур сангпораларни,
Олур кўнгилларин бечораларни.
Ки яъни бир неча дастгир бўлғай,
Бу, Тоҳир жониға тадбир бўлғай.
Эшикдин қора чўммоқ ҳам келибон,
Кетар эрди узоқдин телмурубон.
Келур эрди, анга боқмас эдилар,
Агар сўз сўрса, сўз қотмас эдилар.
Тутар эрди кўнгилда гина бисъёр,
Бу, Тоҳирдин эшитса зарра ахбор.
Бориб, тутуб анинг бошини кесса,
Бу қизлар кўзича олдиға элтса.
Вале қизлар ани билмас эдилар,
Ки зарра кўзга ҳеч илмас эдилар.
Буларнинг фикрина ҳам кеча-кундуз —
Чиқарурлар бариси оҳи дилсўз.
Яна Зуҳра қилиб нолону гаръён,
Тилинда Тоҳири, кўнглинда ҳайрон.
Зуҳра Тоҳирдан дарак топиш учун ишончли бир кишини узоқ сафарга кетаётган карвонга қўшиб юборади ва қаерга бормасин ишқ савдосида куйган ошиқ сифатида куйлаб юришни, шу йўл билан Тоҳирни топиш мумкинлигини уқтиради.
Бу сўзларни эшитиб эрса қосид,
Равон бўлғай йўл узра якка Воҳид.
Юрубон ҳар шаҳарда соз этарди,
Ки зоди ишқ, деб оғоз этарди.
Ки ногоҳ, учради бу шаҳри Бағдод,
Бўлур ғамгин кишилар анда дилшод.
Сайлгоҳ эрди, шаҳлар сайр этарди,
Ки бу йўл сайлгоҳ ичра ўтарди.
Туруб шаҳзодалар бирла бу Тоҳир,
Нишони отар эрди, кўрди зоҳир.
Туруб қичқурди қосид — зоди ишқ — деб,
Ғариб афтода бўлған зоди ишқ — деб.
Тушубдур ишқға, сарву суманман,
Харобу хаста дилу меҳрибонман.
Манингдек бормакан кошонаи ишқ,
Манингдек бўлса бир жононаи ишқ.
Манингдек бир мусофир ҳеч шаҳарда —
Ки бўлғайму асир ул баҳру барда.
Бу ишқ ёдини қосид қилди охир,
Бу сўзларнинг барин англади Тоҳир.
Деди Тоҳир: —Аё шаҳзодалар, сиз —
Турубсиз, бир бўлак озодалар сиз.
Беринг рухсат, бориб, ҳолин сўрайин,
На бўлубдурки, аҳволин билайин.
Қаю шаҳзоданинг фарзанди экан,
Қаю маҳпоранинг дилбанди экан.
Келиб сўрдики:—Эй марди дил ором.
Қаю майхона ишқидин ичиб жом.
Бўлубсан бе[наво], йўқтур қароринг,
Ақл бобинда зарра ихтиёринг?
Вужудинг тахтида ким тўр қурубдур?
Ўшул тўр ичида ким ўлтурубдур?..
Бўлубман бу шаҳарда ишқ асири,
Ки йўқтур мандин ўзга бир ғариби.
Ки ҳеч ғамхор бормукан ғариба,
Қаю ердин сани тортиб насиба?
Деди Тоҳирки: — Шаҳрим шаҳри Тотор,
Ки жумла корвонлар андин ўтар.
Ки шояд тушса йўлинг ул ерига,
Салом эт биздин ул Моҳим парига.
Мусофир бир йигит Бағдодда сизга,
Ки кўп қуллуқ-салом йиборди сизга.
Сабаб бирлан тушубдур ул мусофир,
Тилай деб сиздин улким макру тадбир.
Денгиз албатта бу сўзларни анга,
Тараҳҳум айлагай шоядки манга.
Деди қосидки: — Эй ишқ мубталоси,
Тушуб бошиға ғариблик ҳавоси.
Ман анинг қосидиман, яхши билгил,
Кетар бўлсанг, кетар фикрини қилғил.
Бу сўзларни эшитиб, эрса Тоҳир,
Чиқарди юрагиндин оҳ зоҳир.
Қучоқлашиб икови йиғладилар,
Бу турғанлар юратин доғладилар…
Деди султонға Тоҳир арз бисъёр,
Бу ишнинг аввалидин қилди ахбор.
Эшитти эрса ул арзини султон,
Анинг кўнглини овлаб, бўлди хандон.
Деди: — На ерда сан бўлсанг тирик бўл,
Бўюн тобламағил, кетсанг ана йўл.
Турарсан, дийдамиз устунда турғил,
Кетарсан, яна бир айлана келгил.
Ки бўлсун жумла мушкулинг кушоди,
Қилакўр бизни ҳам, албатта, ёде.
Бу сўзларни дедию берди бир хат,
Келибдур эмди Тоҳирға бу давлат.
Бағдодда Воҳид Шаҳри номли қизни севиб қолади. Тоҳир бошлиқ тўй-тамошо билан Шаҳрини Воҳидга берадилар. Воҳид Бағдодда қолади. Тоҳир хушлашиб, учқур от билан ўз юртига қайтади.
Кетуруб минди Тоҳир яхши жонбоз,
Учар эрди юруса мисли шаҳбоз.
Юруди жаҳд илан, ҳақ деди бисъёр,
Кўзинда ёшию кўнглида дийдор.
Бор эди йўлида бир неча раҳзан,
Одамхўр қирқ қароқчи эрди раҳзан.
Борур эрди йўл узра масту, мағрур,
Кўнгилда ишқ ўти, қўлинда танбур.
Нигори ёди бирлан соз этарди,
Ўзининг созиға овоз этарди.
Бу Тоҳирға алар учради ногоҳ,
Тутуб, банд этдилар Тоҳирни ногоҳ.
Деди Тоҳир аларға арзи ҳолин,
Ўзини ҳам, яна Зуҳра нигорин.
Булар ҳам билдилар ошиқ экандур,
Бу Тоҳир Зуҳрага лойиқ экандур.
Дедилар ошиқона бир ғазал ёд,
Эшитибон сани айлали озод.
Ошиқам, эй дўстлар, жонимға жонон истарам
Бу ҳаво гулларни найлай, ўзга бўстон истарам.
Лаблари обиҳаётдир ташна лаб бечораға
Давлатингда ман яна бир оби ҳайвон истарам.
Ёрсиз жаннатға борсам, зулмати ҳижрон ўлур.
Нолау афғон этиб, бир моҳи тобон истарам.
Дарди бедармонға қолдим, йўқ табиби ҳозиқим,
Мақдаминга бош қўюб, дардимга дармон истарам.
Қул Сайёдий ошиқ эрсанг, истама озодлиқ,
Ман ўзумни хок этиб, дардимга дармон истарам.
Қароқчилар Тоҳирга зарар етказмай қўйиб юборадилар. Тоҳир йўлда борар экан қаршисидан бир тўда «ота безор, она безор» сипоҳи чиқиб, йўлини тўсади. Тоҳир буларга ҳам соф виждонли ғариб ошиқ эканини айтиб, зарарсиз қутулади. Тоҳир Зуҳранинг иштиёқида ошиқиб борар экан, қаршисидан буюк бир тоғ чиқиб, ўткали йўл бермайди.
Ки бу йўл тоғ орасидин ўтарди,
Наким, карвон келиб, ўтиб кетарди.
Бу тоҳир келди йўл бошиға ўткай,
Ки бу тоғдин ўтуб, манзилга еткай.
Деди Тоҳир: «Дариғо, қисматим йўл,
Ки бу тоғ ичра найлай, ҳасратим йўл.
Кўрунг, тоғ беркилиб, бўлди гирифтор,
Юрур йўли йўқ эрди, қолди ночор.
Ки бу тоғ ичра ўлсам, бир ғарибман,
Қизил гул барги эрдим, сарғарибман.
Ғариб ўлса, киши бўлмас қошинда,
Ғариб ўлса, ғариб йиғлар бошинда.
Бу Тоҳир тоғнинг шаънига абъёт —
Ўқуб, йиғлар бу ёлғузликда — Фарҳод.
Ки йиғлаб дедиким: —Эй санги хоро,
На қилдим ман санга мискин гадоё?!
Ғарибларға раҳм қилмади доғлар,
Ғарибликда ғариб йўлини боғлар.
Бу дунёда на мушкулдур ғариблик,
Ажойиб турфа бедилдур ғариблик.
Агарчи ўз еринда шоҳ бўлса,
Мусофир бўлса, бир қулдур ғариблик.
Ғариб[ни] кўрсангиз ҳеч қилманг озор,
Эрам боғинда булбулдур ғариблик.
Ғариб кўнглини синдурмоқ ёмондур,
Шикаста нотавон қулдур ғариблик.
Сайёдий эл орасинда ғарибдур,
Ғариби хоксор қулдур ғариблик.
Тоҳир худога муножот айтади. Тоғ айрилиб, йўл беради.
Яна йўлға кириб андоғ юрарди,
Тевани йўл билан тез-тез сурарди. ..
Қўрунди шаҳри Тоторнинг қароси,
Ҳаял этмакка йўқтур можароси.
Вале ҳам сақламайдур кўзда ёшин,
Етиб йўл устида тевани бошин…
Бориб кўшк остида теваси чўкти,
Тушуб, тева юзидин сийпаб ўпти…
ҒАЗАЛИ МИРЗО ТОҲИР
Сўзни билиб сўзлаганлар хўб билур сўз қадрини,
Фарқи йўқ кўп сўзлаганлар не билур ўз қадрини.
Боғу бўстон қадрини билсаки ҳар зоғу заған,
Булбули шайдо билур гулзору гулрез қадрини.
Ҳар киминг бошиға тушмай билмас ул ғам лаззатин,
Ким ғарибдур, ул билур бир оҳи дилсўз қадрини.
Ёр ила юрдинг Сайёдий, билмадинг эл қадрини,
Оқилу доно билур ҳам ёр, ҳам эл қадрини.
Зуҳра Тоҳирни ўз ҳарамида яширин сақлайди. Уни кундузи сандиққа яшириб, кечаларигина суҳбатлашади. Бир маккор кампир бундан воқиф бўлиб қолади. Энди сирни сақлаш мумкин бўлмай қолганини билган Зуҳра, фурсатни ғанимат билиб, Тоҳир билан очиқдан-очиқ суҳбат ва базм уюштиради.
Бу сўзнинг устида энага келди,
Бу сўзнинг маънисин англади, билди.
Деди: — Эй пийра зол, қавли бадкор,
Кўруб Тоҳирни ул бўлубдур ағъёр.
Начук бўлур булар тадбири эмди,
Келур бу пийра зан тақсири эмди.
Деди Зуҳра энагагаки:— э ёр,
Бориб ҳам келтуринг Тоҳирни тайёр.
Ки бирдам ўлтурали яхши хилват,
Ўтуб ишрат, келур бўлғай маишат.
Энага чарладию келди Тоҳир,
Бу ўткан мушкул ишни қилди зоҳир.
Ки охир чорлади уй қизларини,
Бари хизматдаки қирқинларини.
Бариси кўрди Тоҳирнинг юзини,
Бари бир ерда қўйдилар сўзини.
Ўлум келгунча бир ишрат қилоли,
Манга қисмат бўлур, сўнгра кўроли.
Деди Зуҳраки:—Аввал ишратимдур,
Манинг олдимда ўлса, давлатимдур.
Агар ўлсак, ки мардона ўлоли,
Бир-икки кунга мастона юроли.
Ки чарлатиб бари созандаларни,
Ғазал қичқурғучи озодаларни,
Уруб кўшк устида минг шодиёна,
Баланд қоқтурдилар минг шодиёна.
Бари созанда туруб соз қилди,
Ғазалхонлар анга оғоз қилди.
Буларнииг завқини ул шоҳ эшитти
Аларнинг ишратиға шукр этти.
Деди: — Тоҳирни савдосин унутти,
Қизим миҳрин бу Тоҳирдин сувутди.
Ўзи ҳам чарлатибон ўн кун тўй,
Ки сўйдурди юз оту юз гала қўй.
Халойиқни ажойиб қилди маъмур,
Нақора чалдуруб сурнойу танбур.
Хабари йўқ аларнинг ҳам буларнинг
Буларнинг ҳам хабари йўқ, аларнинг.
Бу султон билмади қизини макрин,
Бу қизлар билмади султонни дардин.
Бу макру ҳийла бирлан тўй бўлди,
Никоҳ этмакка гуфтугўй бўлди.
Бу хон этди никоҳ Қора отиға,
Шукур қилди: «Қўшулди ўз зотиға».
Бу қиз этди никоҳ Тоҳир отиға,
Қулоқ солинг худонинг санъатиға.
Неча кун ушбу даврон бирла ўтди,
Халойиқ билдию султон эшитти.
Ҳукм қилдики султон:— англангизлар,
Агар бир тутсангизлар, боғлангизлар.
Жудо учраса, мунда келтурунглар,
Вагар бўлса, тутуб ҳам ўлтурунглар…
Кетуруб ошиқи бечораларни,
Тутуб банд этдилар овораларни.
Фақир Тоҳирни айлаб банди мазбут,
Бу Тоҳирдин кетибдур эмди беҳбуд.
Икисини тутубон, хонлариға,
Олиб бордилар ул султонлариға.
Борадурлар рақиблар шоду хуррам,
Вале бу иккисинда юз туман ғам…
Буюрди Тоҳири жаллодлариға,
Кўлунда ханжари фўлодлариға.
Олиб чиқдилар ул майдон юзига,
Жаҳон тўлди халойиқнинг кўзига.
Деди Тоҳирки: — Эй барча халойиқ,
Таваққуф айлангиз барҳаққи розиқ.
Қилойин ёрима бирнеча гуфтор,
Ул эрди бу ғариб жонимға ғамхор.
Қадимдин бор эди бир аҳду паймон,
Кетурди ул мани аҳд ила қайдан.
Бу сўз устига ногоҳ Зуҳра келди,
Бир оҳи ҳажр ила бағрини тилди.
Деди: — Бўлсун муборак ушбу майдон,
Ки ман ҳам қилғум аҳд устиида жавлон.
Бу майдон ичра кирдинг, шошма жоним,
Санга арзим будур эй меҳрибоним.
Аё дўстум, букун мардона бўлғил,
Сўзунгдин тонмағил, шерона бўлғил…
Деди Тоҳир эшитиб: — Эй вафодор,
Хуш эмди меҳрибон, эй ёри ғамхор.
Манга ўлгунча сан ғамхорлик қил,
Ман ўлсам, мардума ғамхорлик қил.
Мани бир манзила дафни қилурсан,
Ки сўнгра маслаҳатингни билурсан.
Самандар куймаён мақсудга етмас,
Қаландар ўлмаён маҳбубға етмас.
Куярман ушбу кун парвоналардек,
Ўларман ҳам яна девоналардек.
Ғарибинг руҳига такбир қилғил,
Ғарибинг қабриға шабгир қилғил.
Рақиблар жабридин қилдим видои,
Ки сандин ўзга манга барча ёғи.
Ўқуб майдонда қичқуруб урар оҳ,
Анинг ҳолиға йиғлар ғайри ул шоҳ.
— Эй Нигорим қолмади бу танда дармон, алвидоъ,
Бўлди ёри ёрдин қилмоқға фармон алвидоъ.
Ман букун қилдим сафар шаҳри хомуш ичраким,
Сан қолиб топқунг ҳаёти жовидон жон, алвидоъ.
Ман қачон айрилғай эрдим, жаври султон бўлмаса,
То азал мундоғ бўлубдур, жаври султон алвидоъ.
Қаҳр айлаб зулжалол этди икимизни жудо,
Эмди бўлмас дардимиз, дардимга дармон алвидоъ.
Бу майдон ичра тушдим якка-ёлғуз,
Муборакдур манга бу ийди навруз.
Аё беглар бағишладим жонимни,
Бу майдон ичра оқузунг қонимни.
Бу сўздин ўзга сўзни ул демади,
Улардин ўзга қайғу ҳеч емади…
Деди Зуҳра: — Аё эй, нотавоним,
Тасаддуқ айладим ман танда жоним.
Манга йўқтур бу жондин зарра қайғу,
Бўлуб дунё манга сансиз қоронғу.
Ки сандин сўнг на кун кўргум, эй жон,
Санинг йўлингда бу жонимду қурбон.
Мазоринг олдида тузай мазоре,
Қилай қоним била ман лолазоре.
Санинг қабринг бошинда турбатимни,
Тузайин барча кўрсун зийнатимни.
Тириклигим қурутуб, хок этарман,
Ки ханжар бирла кўксум чок этарман…
Қилиб уч кунки дучор бир-бирига,
Ки рухсат бердилар жаллодлариға.
Кесиб ул ерда Тоҳирнинг бошини,
Бари халқ кўзидан тўкди ёшини.
Зуҳра Тоҳирнинг жасадини қирқин қизларига кўтартириб, мотам билан ўз ҳарамиға олиб боради. Жанозага қирқ минг одам йиғилади. Ҳофизлар турлук оҳангларда ўқиб, майтни катта тантана билан кўмадилар. Зуҳра эгнига «қора курта» кийиб, мотам тутарди, кўз ёшларини тўкиб, Тоҳирнинг қабрини зиёрат қиларди. Шу вақт Қора Баҳодир яна Зуҳранинг ҳузурига келиб, Тоҳирни унутишни ва ўзига тегишини яна таклиф қилади. Зуҳра бу балодан қутулиш учун ёлғондан тўйга розилик билдиради ва Қора Баҳодирни тўй тадорикини кўриш учун жўнатиб ўзи Тоҳирнинг қабриға қараб югуради.
Югуриб етти ул қабрнинг бошиға,
Хабар бўлмади ёри-йўлдошиға.
Ки бир ханжари бор эрди белиға,
Суғурди ханжарин, олди қўлиға.
Қўюб ханжарни ҳам кўксига улдам,
Ани тутғони йўқ қошиға ҳамдам.
Ишорат қилди улдамда ўзига,
Кўрунмай ота-онаси кўзига.
Юракин қабра қўйди, урди бир оҳ,
«Муродим бул эди, еткурди оллоҳ»
Калима айтди Зуҳра, бўлди охир,
Вале, ўлмакдин ўзга йўқту тадбир.
Пичоқ ўйнаб чиқибон боғириндин,
Бўёлди кулли шай қизил қонидин,
Ки сони бўлди бу қизлар хабардор,
Бари мотамда бўлди зори афгор.
Зуҳрани Тоҳирнинг қабри ёнига дафн этадилар. Зуҳранинг вафотидан кейин Қора Баҳодир ҳам ўзини ўзи ўлдиради. Бунинг ота-онаси ўғлини Тоҳир билан Зуҳра кабрларининг оралиғига кўмади.
Ўнгунда Зуҳрау сўнгунда Тоҳир,
Иков ўртасида Қора Баҳодур.
Яна тушди ароға анда ағъёр,
Яна бўлди бири бирисига зор.
Бири гул бўлди, бири навбаҳори,
Икиси чирмашубдур, турфа ҳоли.
Вале Қора Баҳодур ҳам кўкориб —
Чиқибдур, иккисин орада ёриб.
Кўкорибдур ажиб турфа тикони,
Ки маълум бўлди ул ағъёр экони.
БАЙТЛАР
Ўшал фарзанд бирла шод бўлғай,
Бори қайғусидин озод бўлғай.
* * *
Кўнгул севганларига лутф этгай,
Севмаганлар жаҳаннамга кетгай.
* * *
Ошиқ эрсанг, кеч бу шондин, алвидо,
Жону дилдин, хону мондин, алвидо.
* * *
Агар бўлсанг висолин гадойи,
Муяссар бўлса, бўлмағил жудойи.
* * *
Бу ишқ савдосининг поёни бўлмас,
Агар ошиқ ўлар, товони бўлмас.
* * *
Кеча-кундуз тилайдурман худойимдан саодатни,
Ки даф айлаб тамаъ утин ўзи бергай қаноатни.
* * *
Обу оташу боду ток бўлди,
Ҳар ким танида чу пок бўлди.
* * *
Гъанимат тутмади ғофил, чу ўткарди ҳаётини,
Вале қилмадики жонига бир зарра нажотини.
Ки йиғди бу жаҳоннинг мунча асбоб-олотини,
Бу молдин зарра хайр айлаб, чу бермади закотини,
Сайёдийким, бу ишларни суви йўқ анҳоре курдим.