Мутриб Хонахаробий (тахаллуси; асл исми Муҳаммад Ҳасан Ҳожи Табиб ўғли), (1865-Хива-1925) – шоир. Хивадаги Муҳаммад Аминхон мадрасасияа таҳсил олган. Мақомчи-бастакор сифатида ҳам машҳур бўлган (Мутриб—созанда, тахаллуси шундан).
Мутриб Хонахаробийнинг серқирра иқтидорини юқори баҳолаган Феруз уни саройга жалб этиб, девонбегилик вазифасига тайинлаган. Бу йилларда Мутриб Хонахаробий ёзган ғазал ва мухаммаслар кўплаб баёз-мажмуалардан ўрин олган, жумладан, Табибий тузган иккала тазкирада шоир асарларидан кўплаб намуналар учрайди.
Мутриб Хонахаробий 20-асрнинг 20-йилларида сарой тугатилгач, Хоразмда пайдо бўлган маҳаллий матбуотда фаол иштирок этади, «Хоразм хабарлари», «Инқилоб қуёши» газеталарида адабий ходим лавозимида хизмат қилади. Илк шеърларини 1890 йилда ёза бошлаган. Унинг баёз, девон ва мажмуалар орқали 14 минг мисрага яқин ғазал, мухаммас, мусаддас, қасидалардан иборат адабий мероси етиб келган.
Мутриб Хонахаробий қолдирган ижодий мерос асосини ишқ-муҳаббат мавзуида битилган ғазал, мурабба, маснавий, мухаммас, мусаддас ва рубоийлар ташкил этади. Унинг хон ва шоир Феруз шаънига бағишланган қасидалари ҳам мавжуд. Мутриб Хонахаробийнинг илммаърифатга даъват, ҳуррият мавзуларида ёзилган шеърлари маҳаллий матбуот саҳифаларида, шунингдек, Хивада 1924 йилда нашр этилган «Юғурмия» тўпламида чоп этилган. Бу туркум шеърларида («Кўрунг эмди халойиққа…», «Билинглар, эй халойиқ», «Кўнглума бир турфа сўз келди равон» ва б.) тарғибий-ташвиқий руҳ, хитоб, даъват оҳанглари ҳукмронлик қилади.
Мутриб Хонахаробий меросининг асосий қисми 1909 йилда Муҳаммад Шариф ибн Муҳаммад Ёқуб — Ҳаррот тартиб берган девон (300 саҳифа)да жамланган. Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институти фондида 2 кичик девони (инв. №903, 906) сақланади. Лаффасийнинг Феруз давридаги хоразмлик ижодкорларга бағишланган тазкирасида Мутриб Хонахаробийнинг «Шоҳ Комрон» шеърий асари борлиги ҳақида маълумот берилган.
Абдурашид Абдуғафуров
ҒАЗАЛЛАР
Жонон, юзинг мен зордин бир лаҳза пинҳон айлама,
Тийғи фироқинг захмидин бағрим тўла қон айлама.
Доим жунун саҳросида Мажнун каби қон ютдуруб,
Зиндони ҳажр ичра ики чашмимни гирён айлама.
Зотинга ҳар саҳву хато қилсам, кечиргил ёзуқим,
Ҳар дам фироқинг ўтиға жонимни сўзон айлама.
Ширин тилингдин истасам бўйи вафонинг муждасин,
Бир нуқта изҳор этмайин ноз ила ҳайрон айлама.
Васлинг шабистонига юз қўйсам бурунғи аҳд ила,
Юз турфа афсунлар қилиб, эй гул, пушаймон айлама.
Ажзу ниёз айлаб кўнгул комин таманно айласам,
Ул лаҳза ғамза тийғини қатлимға буррон айлама.
Шамъи руҳингға истасам парвоналиғ, эй гульузор,
Мутрибни ҳижрон қайдиға ташлаб, паришон айлама.
* * *
Айлай нечук ишрат мен, ул оромижоним келмаса,
Бермакка жон оромини руҳи равоним келмаса.
Топгай ҳазин кўнглум нечук ғам қайдидин озодлиғ,
Айларга ҳижрондин халос Азро нишоним келмаса.
Партав солиб рухсоридин, маст этгали саршоридин,
Жон бергали гуфторидин, ширин забоним келмаса.
Фарёдким, андуҳу ғам давр этмиш атрофим шукун,
Тарқатғали ғам лашкарим соҳибқироним келмаса.
Тузмакка ишрат созини, билмак учун дил розини,
Айлаб малак парвозини, сирри ниҳоним келмаса.
Ҳар дам боқиб мастонғина, лутф этгали жононғина,
Лаъли лаби хандонғина, қоши камоним келмаса.
Ваҳ, не қиёматдур букун мен Мутриби бечораға,
Ҳусн авжининг сардафтари, олий маконим келмаса.
* * *
Ҳижрон ўтиға мунча кўп, эй меҳрибоним, ўртама,
Айёми ишрат бўлди, кел, ороми жоним, ўртама.
Ҳуснинг хуморидин кўнгул беихтиёр ўлған чоғи,
Бир лаҳза раҳм айлаб манга, жисм ичра жоним, ўртама.
Васлинг таманноси учун ошуфта ҳол ўлсам агар,
Дарди фироқ ичра қўйиб, сарви равоним, ўртама.
Лаълинг зулолин истасам, ғайр ила сен ишрат тузуб,
Эй орази гул, сарв қади, қоши камоним, ўртама.
Нутқи каломингдин ҳазин кўнглум вафо истар эса,
Ноз айлабон, эй тўтийи ширин забоним, ўртама.
Эҳсони лутфингдин мени маҳрум этиб ишрат аро,
Ҳусн авжининг сардафтари Азро нишоним, ўртама.
Изҳор лутфингни сўрар чоғда табассумлар била,
Юз нукта ёлғондин деб, эй шаккарфишоним, ўртама.
Лаълингдин истаб жонфизо, нутқингга зор ўлсам агар,
Тишлаб дурафшон лабларинг, эй нуктадоним, ўртама.
Ноз айлабон қршииг қоқиб, оҳиста Мутрибға боқиб,
Ҳар жилвада жоним ёқиб, эй навжувоним, ўртама.
* * *
Қатл этарга кўзларинг қилса ғазаб,
Бергусидур жисмима жон икки лаб.
Гар муяссар бўлса васлинг суҳбати,
Нўш этарман тинмайин жоми тараб.
Бодаи лаълинг хумори ичраким,
Ҳажр даштида юрурман ташналаб.
Солди ўт жонимға чашминг ғамзаси,
Кўрмишам васлинг тилаб ранжу тааб.
Базми васлингдин даме шод этмайин,
Йиғлатурсан зору ҳайрон рўзу шаб.
Ваҳ, қачон васлингга етгайман дебон,
Тортиб ҳижрон жаврин айларман талаб
Фурқатингда дам-бадам қон йиғлатиб,
Бўлмағил Мутрибни қатлиға сабаб.
* * *
Тушди ҳажрингдин тану жон ичра ўт,
Зулфи зуннорингдин иймон ичра ўт.
Солғусидур икки чашминг ғамзаси,
Бир боқишда бу дили қон ичра ўт.
Гулшани ҳуснингни жонон ҳажридин,
Тушди кўкда моҳи тобон ичра ўт.
Не гуноҳим бор эрур, ҳар дам солур,
Дарди ишқинг жисми вайрон ичра ўт.
Чеккан оҳимдин ғамингда ўртаниб,
Тушғуси гардуни гардон ичра ўт.
Ишқ аро Мутрибни чеккан оҳидин
Тонг эмас тушса гулистон ичра ўт.
* * *
Ҳар кун юзинг кўрмак тилаб икки кўзум гирён эрур,
Топмай ҳазин кўнглум лабинг шаҳдини, саргардон эрур.
Кўргач тазарруъ айласам, дерман висол уммидидин,
Билмам насибам не учун хунобаи ҳижрон эрур.
Тийғи фироқингдин тани зоримда сар тосар яро,
Қилсанг мурувват заррача ҳар мушкулим осон эрур.
Комиға йўл топмоқ учун, эй тўтийи ширин мақол,
Етмай жанобингға тану жонимда минг армон эрур.
Вобастаи зулфинг бўлиб, бўйи вафо истар эсам,
Мажнун каби йиғлаб, нки чашмимда ашким қон эрур.
Мен хастаға эрмас ажаб, кўргач сени топсам шифо,
Нечунки айш ичра менга лаълинг майи дармон эрур.
Ишрат этарга майл этиб, кулбамға келсанг ноз ила,
Бу Мутриби бечоранинг жони сенга қурбон эрур.
* * *
Эй кўнгул, ўртанма кўп сарви хиромонинг келур,
Васлидин шод этгали гулбарги хандонинг келур.
Шому фурқат ичра бўлган кўзларингни тийрасин,
Қилғали равшан бу тун хуршиди рахшонинг келур.
Тўкмағил ҳажр ичра йиғлаб кўздин ашки лолагун,
Ким тараҳҳум айлаб ул ёри нигаҳбонинг келур.
Лутф бирла заҳр ҳижронидин ўлган жисмишта,
Тозадин жон берғали Исои давронинг келур.
Бодаи васли била бу кеча сармаст эткали,
Хуш такаллум, гулбадан, шўхи суҳандонинг келур.
Гул юзи бирла машомингни муаттар қилғали,
Сарв қомат, маҳжабин, себи занахдонинг келур.
Бўлма ғамгин, Мутрибо, гар етса ишқ ичра ситам,
Ҳолинга раҳм этгали ёри қадрдонинг келур.
* * *
Эрмасам ошиқ, кўзум ҳайрони бўлғайму эди.
Танда жон парвонадек сўзони бўлғайму эди.
Истамас эрсам агар сарви қади зебосини,
Жисми зоримда ғами ҳижрони бўлғайму эди.
Гар ҳазин кўнглумни шавқ ўти мақом этмас эса,
Икки чашмим рўз, шаб гирёни бўлғайму эди.
Бўлмаса вобаста икки наргиси шаҳлосига,
Нотавон кўнглумда юз армони бўлғайму эди.
Тори зулфи жонима қуллобдек банд эрмаса,
Риштаи жоним онинг қурбони бўлғайму эди.
Интизор ўлмас эсам юз узра мушкин ҳолиға,
Қумридек ҳар кун ишим нолони бўлғайму эди.
Отмаган бўлса агар ҳар ғамзасида новакин,
Жисмида Мутрибни юз пайкони бўлғайму эди.
* * *
Кел, эй дилбар. чаман сайриға, гулшан лолазор ўлди,
Тамошойи жамолингға кўзим беҳад хумор ўлди.
Ниҳоли қоматинг ёдида қаддим хам, кўзум пурнам,
Висоли базмига маҳзун дилим кўп интизор ўлди.
Гули ҳуснингни шавқида чекиб булбул каби афғон,
Нетай зуҳд аҳлиға пинҳон розим ошкор ўлди.
Ишим ҳижрон тунида кеча-кундуз оҳ-воҳ бирла,
Икки чашмим фироқинг шиддатидан ошкор ўлди.
Асир бўлмас эса кўнглум сочинг ториға, эй гулруҳ,
Не деб жисмимда жоним зарра янглиғ беқарор ўлди.
Бўлиб мажнуни беморинг фироқинг кишвари ичра,
Чекиб ташвиши ҳижронингни жисмим бемадор ўлди.
Агар раҳм этмасанг, эй нозанин, Мутрибни ҳолиға,
Улусға нолишидин дойимо бе эътибор ўлди.
* * *
Билинглар, эй халойиқ, сизга бу бир яхши даврондур,
Тамоми юртимизда нозу неъматлар фаровондур.
Топиб осойиши пиру жувон, озурдадил бўлмай,
Бари маҳзун ўлан эллар дамодам шоду хандондур.
Худойим раҳм этиб бизга, биродарлар бўлиб ёру,
Кўрунг эмди ситамгарларни, саргардону ҳайрондур.
Бўлуб қурултою Ижрои Қўмита шаҳр аро барпо,
Бу давлат файзидин бизларға ҳар мушкиллар осондур.
Биродарлар, ўзин ҳар кеча бизга посбон айлаб,
Биҳамдиллаҳ, аларнинг мақдами осойиши жондур.
Алардин баҳра олмоққа тараддуд айламак лозим,
Буларнинг эътиқоди мунча бизларга фаровондур.
Мудом, эй сода диллар, Мутрибосо шод ўлунгларким,
Бори душманлар аҳволини кўрким хонавайрондур.