Аламкаш (тахаллуси; асл исми Убайдулло Ислом ўғли) (1846 — ҳозирги Ғаллаорол тумани, Қизилқўрғон қишлоғи — 1924) — шоир, хаттот, таржимон. Ўз қишлоғида мактаб очиб, шу мактаб ўқувчилари учун ҳисоб илмига оид дарслик тузган.
Аламкашнинг 100 дан ортиқ шеърдан таркиб топган қўлёзма асари, 250 дан ортиқ шеърни ўз ичига олган девони ва матеиатикага оид асари бизгача етиб келган.
Аламкаш «Чор китоб»ни форсчадан ўзбекчага эркин таржима қилган (1898). Асар Тошкентда тошбосмада 3 марта қайта нашр этилган (1910, 1913, 1914). Девони қўлёзмаси Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида (инв. № 11306) сақланади.
ҒАЗАЛЛАР
Бу фалакдин ҳар замоне ўзга мотамдур менга,
Кўз ёшим ҳижронидин ҳар соате ямдур менга.
Бу тириклик лаззати бу фони дунё ичраким,
Барчага қанду асал бўлса, билинг, самдур менга.
Ҳожатим ўлмас раво ҳаргиз тириклик шаҳрида,
Эҳтиёжим бал зиёд ўлмаклиги ҳамдур менга.
Ул пари айди: «Бу йўллар сарбасар офат эрур»,
Чунки ўлдурмак бу водий ичра ахтамдур менга.
Кирмасун ҳеч ким бу йўлға баски ҳолин чоқламай,
Демасун недин бу йўлларда тўла ғамдур менга.
Соқиё, келтир қадаҳни лолагун мийно билан
Ким, Аламкашликда май бир ўзга оЛамдур менга.
* * *
Нотавонларга бўлур ҳар дамда афзун эҳтиёж,
Айлади ҳолимни кун-кундин дигаргун эҳтиёж.
Арзи матлаб тийра хотирларни равшан айлади,
Чирки жома кетмади, то бўлди собун эҳтиёж.
Ҳажр арода васли уммиди билан андоқки мен,
Фахр элини вожгун этмакда ҳамчун эҳтиёж.
Эй кўнгул, сен кўрмагил ҳожатни андак, негаким
Ағниёларга бўлибдур Нуҳу Ҳомун эҳтиёж.
Демангиз ёлғиз Аламкаш кўнгли ҳожатдин малул,
Не диловарларни ҳам қилди жигархун эҳтиёж.
* * *
Ҳажр зиндони аро токай чекарман дарду ғам,
Кўрмушамдур кулфатим дарду алам узра алам.
Кимни кўрсам, меҳрибоним, деб тутибман доманин,
Кўрдим андин оқибат юз минг ситам узра ситам.
Ҳажр дардию ғами андуҳу мотам кулфати,
Бу арода халқи оламни ситамлик жаври ҳам.
Доғи даврон офати бирлан ғариблик шиддати
Йўқ эди ағёрларни қилғудек зулмида кам.
Бу бари бир сори-ю, мен хастага ул дилрабо,
Кўп ғазаб бирлан бошимга беибо қўйди қадам.
Толеим вожгуну бахтим чарх давридин забун,
Ҳамдамим ғулу жунун савдоси — бошимга алам.
Ишқнинг сўзу гудози бениҳоят, сабр оз,
Ёр бепарво, рақиблардин надам узра надам.
Ҳам сафар асбоби ноанжому манзил нопадид,
Умр мустаъжал, надоматдин басе кўзимда нам.
Тан қўй эмди, эй Аламкаш, бўлса тақдирингда бул,
Чора йўқ, чунки азалда кетса гар бўйла қалам.
* * *
Демангиз силки машойихларни барпо қилди шайх,
Бал аларга ўт қўйиб, оламни расво қилди шайх.
Неча бир бемаънию бўйни йўғонларни йиғиб,
Аҳли илм бирла уруш қилмоққа ғавғо қилди шайх.
Демангизким, дин ривожи-чун қилибдур хонақоҳ,
Фосиқу муфсид, муфаттинларга яғмо қилди шайх.
Доми тазвирин ёйибдур, кўнгли эл сайдиға банд,
Бас ажаб макру риёларни муҳайё қилди шайх.
Боязиду сийрати иблисваш, сурат учун,
Элни оздирмоқ учун талбис иншо қилди шайх.
Ҳирси мисли аждаҳо, комига тортиб барчани,
Кўр тамаъсин, хотирин пўршўру ғавғо қилди шайх.
Дема шайх, албаттадур ул деви малъун чокари,
Чунки ул иблис амрин элга хўб жо қилди шайх.
Не учун бордур ани фармонида андоқ асар,
Қут бериб аввалда-охир ўзни порсо қилди шайх.
Демаким шайхи замондур, балки даврон офати,
Гарчи юз турлик кароматни ҳувайдо қилди шайх.
Эй Аламкаш, шайхларнинг дастидан дод узра, дод,
Ким неча мўмин-мусулмонларни тарсо қилди шайх,
ҚИТЪАЛАР
* * *
Олим улдурки, билсуну қилсун,
Неки қилмай жаҳон-жаҳон билсун.
Бу иккида амал эрур мақсад,
Одам улки, амал билан ўлсун.
Гавҳари одам амалда эрур,
Яхши улким, амал билан ўлсун.
* * *
Ишқ аҳлига дунё ҳаваси мултамас эрмас,
Дунё билан ишқ истаса ким яхши кас эрмас,
Ишқ аҳлини матлубидин ўзга ҳаваси йўқ,
Ишқ оташи бас лойиқи ҳар хору хас эрмас.
* * *
Одамий қадри майни билса эрди,
Кеча ётмасди, раз экар эрди. .
Кундузи тинмас эрди то оқшом
Сув бериб парвариш этар эрди.
Ток экар эрди уд яғочидин,
Посбонлар анга қўяр эрди.
Зоҳиду, шайху сўфилар тинмай
Кеча-кундуз шароб ичар эрди.
Хонақосин қилурди майхона,
Келса ким — анга май тутар эрди.
* * *
Ким сенга итлик айласа ногоҳ,
Ур анинг оғзига таёқ билан.
Урмасанг гар, олар оёғингдин,
Қолгасен ҳасрат ила доғ билан.
Ким агар қилса одамийликни,
Бер таомингни анга ёғ билан.
Ул қилур сенга бил, қадрдонлик,
Боши бирлан.ёки оёғ билан.
Бу насиҳатни ол қулоғингга,
Ўтсин умрим десанг, фароғ билан.
* * *
Қил ўзинг адабни ўзингдин талаб,
Керакмас сенга ўзга бир муҳтасиб.
Ёмондин қочиб яхшилик истагил
Ки, кўп юрма дунёпарастлик қилиб.