Афандихон Ахтарий (1870-1946)

Афандихон Ахтарий — аср бошидаёқ шеърлари анъанавий руҳдан миллий руҳга юз бурган шоирлардан. Чунки миллат “зиндони зиллат ичра” маҳбус, истибдоду жаҳолат исканжасида тутқун эди. Бундай чоғда Ахтарий “хизмати миллий”да бўлган ҳар қандай зотни “миллатни хушрўси” деб мадҳ этди. Миллат ғамини еганнигина “одам ҳисоб этгил”, деб ўгит берди. Демак, шоир учун миллий шеър битиш ҳам, наинки замоннинг талаби, балки инсонийликнинг бош белгиси даражасига кўтарилди. Шундан, Ахтарийнинг “маъшуқ”и ўзгарди. Миллатни илмга даъват қилди: “Илм маъшуқиға бўлғил волаи ҳам дилфириб”, — дейди шоир. Чунки “оҳиста-оҳиста” бориладиган шу йўлгина уни пировард-натижада “муҳтарам” қилади ва “мақсуди алам” (мақсад байроғи)ни қўлга олишига кафолат беради:

На деб зиндони зиллат ичра қолдук кўп, деманг, маҳбус,
Чиқиб бир кун бўлурмиз муҳтарам оҳиста-оҳиста.
Умидинг узма, ҳимматни баланд эт, саъю ғайрат қил,
Олурсан қўлға мақсуди алам оҳиста-оҳиста.

Бу ўзига хос башорат эди. Чунки маҳбусликдан чиқиб “муҳтарам” бўлишнинг маъноси миллий мустақиллик, қўлга олинажак “мақсуди алам”нинг замирида эса, истиқлол байроғи турибди. Бунга шоирнинг: “Миллатинг тобқай тараққий, зўр бўлғай, бахтиёр” сўзлари ҳам бир далил.
Афандихон Ортиқхўжа эшон ўғли Ахтарий 1870 йили Тошкентнинг Себзор даҳа, Ҳовузбўйи маҳалласида дунёга келди. Етти ёшидан машҳур мактабдор домла Исматуллоҳ қорига қатнаб хат-савод чиқарди. Ўттиз пора “Қуръон”ни ёд олди. Сўнгра Бекларбеги мадрасасига ўтиб, Шомаҳмуд Охундда ва Қўқону Бухоро мадрасаларида ўқиб, “хатми кутуб” қилди. Ёшликдан шеъриятга қизиқди. Шоирликда устози Пирмуҳаммад Аълам (1858 – 1933) эди. Араб, форс ва ўзбек тилларида ижод қилган. Мўминжон Тошқин: “Бутун ёзган шеърлари мингга яқин келади. Бироқ булар девон ҳолига келмасдан тарқоқ ҳолда қолган”, — деб маълумот беради.
Афандихон Ахтарий 1946 йили Тошкент яқинидаги Қўшқўрғон қишлоғида вафот этган.
Сиз бу сонда шоир Ахтарийнинг 1914 йили “Садои Туркистон” газетасида босилган шеърлари билан танишасиз.

* * *

Жаҳолат дардидин тегмишди миллат ерга паҳлуси,
Очилди ногаҳон дор уш-шифони икки қопуси.

Бўлуб беҳуш ётмиш, кўрди андак ҳуша келтирди,
Сепиб атрин чиқибон миллатинг икки Арастуси.

Буюрди: “Хастахона ичра элтинг, дору олсинлар!
Билингким, хастахона — мактаб, илм — доруси”.

Алина верди: “Кўр аксинг, шууру равнақинг кетмиш,
Тафаҳҳус айла, хўб ибратнамо,—деб, — ғаз(и)та кўзгуси”.

Шижоат қилдилар шундоғ замонларда, десак мумкин,
Маориф размгоҳин бири Рустам, бири Барзуси.

Мақола ёзсалар аҳволимиздин сарзаниш айлаб,
Яфайлук ҳаққи дил ичра берган бизга лўълўси(н).

Инод этган билан чўх суфлилар йўқ хавфимиз ондан,
Баробар ҳеч келолмас ғаз(и)тани жафриға жодуси.

Эрур лозим ионат, ҳам хушомад, ҳам муҳаббатким,
Кишиким, хизмати миллийдур — ул миллатни хушрўси.

Фиғонким, тобакай бу бистари ғафлатда ётгайлар,
Умидим: шояд учгай бу “Садо”лар бирлан уйқуси.

Егон миллат ғамини, Ахтарий, одам ҳисоб этгил,
Йўқ эрса, ҳар киши ўзина лойиқ дарду қайғуси.


ОҲИСТА-ОҲИСТА

Тараққийға қўёр миллат қадам оҳиста-оҳиста,
Кўнгилдин дафъ бўлғай жаҳлу ғам оҳиста-оҳиста.

На деб зиндони зиллат ичра қолдук кўп, деманг, маҳбус,
Чиқиб бир кун бўлурмиз муҳтарам оҳиста-оҳиста.

Умидинг узма, ҳимматни баланд эт, саъю ғайрат қил,
Олурсан қўлға мақсуди алам оҳиста-оҳиста.

Агар эксанг ниҳоле, дафъатан бўлмас улуғ охир,
Ёзар ул баргу шохин дам-бадам оҳиста-оҳиста.

Сипоҳи илм тортиб, аскарин чиқғонда кўргайсиз,
Қилур ҳар ён жаҳолат рам оҳиста-оҳиста.

Тажаддуд аҳлига бўлғон муқобил ҳарзагўларни
Ҳақиқат ўзи айлар муттаҳам оҳиста-оҳиста.

Дўнуб миллийга ашъори ҳама шоирларинг минбаъд,
Димоғидин кетар “Жоним, укам” оҳиста-оҳиста.

Таназзул, на тараққий фарқин этмас соддадиллар ҳам,
Билиб ҳолин, бўлур соҳиб надам оҳиста-оҳиста.

Жаридамиз нуфусимизга оздур деб, еманг қайғу,
Чиқар майдона чўх аҳли қалам оҳиста-оҳиста.

Жаҳолат сарбаланд ўлди деб, ўлма, Ахтарий, дилхун,
Қилур охир бу бори илм ҳам оҳиста-оҳиста.


ФУЗУЛИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Жаҳла дўндинг, миллат, урфонинг керакмазми санго?!
Шабда қолдинг, меҳри рахшонинг керакмазми санго?!
Рағбатинг ништаргадур, қонинг керакмазми санго?!
Ғамзасин суйдинг, кўнгул, жонинг керакмазми санго?!
Тийға урдинг, жисми урёнинг керакмазми санго?!

Маърифат гулзоридин, сад оҳ, қолмишмиз йироғ,
Лола янглиғ жаҳл саҳросида сийнам доғ-доғ,
Зулмати зиллатда истарман, фиғон тортиб, чироғ,
Оташин оҳим-ла айларсан бани таклифи боғ,
Боғбон, гулбарги хандонинг керакмазми санго?!

Водийи ғафлатда уйқу битди, миллат, эмди тур,
Ташнасан, жаҳд айлаб ўзни илм бағриға етур,
Ҳуша келмазсак ўзимиз, ўзгаларми ўргатур,
Ела верма доғ эдуб, ҳар дам аёғлардин кетур,
Эй пари, зулфи паришонинг керакмазми санго?!

“Утлуб ул-илма ва-лав би-с-Сийни” демишдир ул ҳабиб,
Илм маъшуқиға бўлғил волаи ҳам дилфириб,
Ойғил анга биз қадрдонлар келибмиз бешикиб,
Эй камонабрў, рақиба верма ғамзангдин насиб,
Ўқ урарсан доша, пайконинг керакмазми санго?!

Турфа миллат менга, билмам, дўсти давлатхоҳими,
Менга душмандур киме, кўрсатса тўғри роҳими,
Баҳси илму жаҳл этиб, қон қилма дилогоҳими,
Ёндуруб жоним, жаҳонсўз этма барқи оҳими,
Осмон, хуршиди рахшонинг керакмазми санго?!

Ҳақни катмон айлаганни, бил, дили фоиқ дагил,
Миллатинг хизматчисин саб айлаган содиқ дагил,
Бузма кайфинг, тўғри йўл бирлан юран сориқ дагил,
Куфр зулфидин мани манъ айламак лоиқ дагил,
Сўфи, инсоф айла, иймонинг керакмазми санго?!

Ахтарий, миллатга ҳар сўзни дема беихтиёр,
Хоҳиши Оллоҳга боқғил, ҳар ишинг бир вақти бор,
Миллатинг тобқай тараққий, зўр бўлғай, бахтиёр,
Дуталимким, ашки селобина йўқдур эътибор,
Эй Фузулий, чашми гирёнинг керакмазми санго?!

ИЗОҲЛАР
Паҳлу — ён, биқин; икки Арасту — “Садои Туркистон” ва “Cадои Фарғона” газеталарининг муҳаррирлари Убайдуллахўжа Асадуллахўжа ўғли ва Обиджон Маҳмудов кўзда тутилмоқда; тафаҳҳус айламак — текширмоқ; лўълў — марварид; инод — ўжарлик; “Садо”лар — “Садои Туркистон” ва “Садои Фарғона” газеталари; тажаддуд аҳли — жадидлар, янгичилар; Ҳадис: Хитойга бориб бўлса-да, илм ўрган; катмон — яшириш; фоиқ — яхши, афзал; дагил — эмас; саб — ҳақоратлаш.

Нашрга тайёрловчи: Олим Олтинбек