Итнинг фақат тили йўқ, аммо ақлли, ҳушли жондор. Вафодорлигига-ку қиёс йўқ! Шу – кўпчилик одамлардан ҳам вафодорроқми-ёв, дейман-да! Бўлмаса, ҳайдашингга қарамай эшигингда ётиб олиб, уйингни қўриб чиқармиди?! Э-э, нимасини айтай, бу жондорнинг фазилати кўп. Менам билиб айтаяпман, йўқса, бу гаплар қаерда, дейсиз…
Итнинг садоқати тўғрисидаги бир воқеани анча бурун эшитганим бор. Бир итни шунчалик, дебди-да…
Қаҳатчилик замонлари экан. Ишлайсан-ишлайсан, ейишга ҳеч вақо йўқ. Бир ҳовуч буғдойни болаларимга, деб яширсанг, ана, уйинг куйди, мана, уйинг куйди. Сўроқ-пўроқ қилмасдан, аристонга жўнатади-қўяди. У ердан омон келасанми-йўқми, Худойжон билади! Ўлмай кетиб, келмай кетганлар кўп-да.
… Э, менинг чечанлигим қурсин, яна гапдан чалғибман-ку…
Шуйтиб, қаҳатчиликнинг дийдори қурсин! Одамларга шу етмагандай, ўғирлигу талон-тарожлар авж олиб кетади. Худойжон қаҳрига олса, шундай бўлармикан ё?
Ўша думурларда чолимнинг Авазбой дегич бўйинсаси бўларди. Чўпон эди, ҳукуматнинг молини боқарди. Одамларнинг айтишича, жуда бамаъни йигит бўлган. Шу денг, у куз-қиш вақтида молини Эгизак томонларда боқар экан.
У пайтда қўтонлар ҳозиргидек пухта-пишиқ бўлмаган. Қаерда қулай жой бўлса, ўша ерга молни ётқизиб кетаверган. Буям етмагандай, қишлоққа келиб, дам олиш қаёқда, дейсиз. Келсаям чулиғи борганда бир кун-ярим кунга “ғир” этиб келиб кетган. Палакат бўлган йили эса ёрдамчиси ҳам бўлмаган. Энди унинг кунини кўраверинг. Ҳар куни сурув ортидан юриб, туёқ санагани-санаган. Ҳалиям бахтига Бўйноқ дегич ақлли ити бор. Баъзан шу итни сурувда қолдириб, ўзи қишлоққа келиб кетаркан. Шу зайлда кунлар думалаб-думалаб ўтаверади.
… Тираманинг қайсидир куни, каллаи саҳарлаб Бўйноқ қишлоқда пайдо бўлади. Уйдагилар ҳайрон. Аввалига “Авазжон уришган бўлса, уйга келган-да”, деб ўйлашади. Жонивор ҳеч кимга яқин келмасдан, фақат ғингширмиш. Сал туриб разм солиб қарашса, итнинг танаси моматалоқ, бир-икки жойи нима биландир тилинган. Қон қотган жойлари билиниб турар, кимдир нон бераман, деб олдига чақирса, жунини ҳурпайтириб, тишларини кўрсатиб, ириллаган. Балки унга бари одамлар ёвуз, қонхўр, ўғри, каллакесар бўлиб кўриндими…
Одамлар итнинг аҳволидан кўнгилларига ҳар балоларни келтириб, унга янаям илиқроқ гапирибди. Шунда денг, жонивор ишонч ҳосил қилгандек, уларга яқинлашади. Ит одамларнинг бунчалик ақлсизлиги, фаҳмсизлигидан куйган, йиғлаган, деб гумон қилаяпман…
Аваз бебахтнинг мункиллаб қолган отаси бўларди. У ҳовлига чиқиб қараса, итнинг авзойи бузуқ. Унинг кўнглига шубҳа оралайди. Ит чолни кўриб, гўё арз-дод қилгандай, унинг этагидан тишлаб, дашт томонга судраб, тортармиш. Чол дарров сезган. У қўни-қўшнини йиғиб, йўлга чиқади. Одамларнинг ҳаракатланганини кўрган Бўйноқ уларга эргашиб, бир тўхтаб, бир чопармиш, бир чопиб, бир тўхтармиш.
Улар қўтонга келади. Бу ерда қиёмат қойим бўлган. Ҳамма томон қон! Авазбой беш-олти жойидан пичоқ еб, ўлиб ётармиш. Сурув эса аллақаёққа ҳайдаб кетилган.
Кўрганларнинг айтишича, Авазбой ва Бўйноқнинг ўғрилар билан кўп олишгани шундоқ билиниб турармиш. Ёлғиз гувоҳ – ит шу ерда ҳам у ёқдан-бу ёққа чопар, бир ўлиб ётган эгасининг олдига келар, яна қаерларга бориб келаркан. У шу ҳаракатлари билан кўрганларини айтмоқчи бўлган-ов, менимча. Аммо ўлик билан бўлиб, унга ҳеч ким эътибор бермаган. Ўзи, доим шундай бўлади, одамзод ўз дарди билан бўлиб, бошқани эшитмайди ёки эшитишни истамайди. Ит буни сезганми дейман, одамлардан ўн-ўн беш одим нари бориб, мунғайганча ётиб олади. Шўрлик йиғлаган, ўкирган, аммо буни ҳеч кимса билмайди, бир Худойжондан бўлак.
Ўша куннинг ўзида кексалар маслаҳатлашиб, Аваз бечоранинг жасадини ўзи шаҳид бўлган жойга қўяди. Ҳукуматдагилар ўғриларни излашга тушади. Орадан бир неча кун ўтиб, Худодан қайтган босқинчиларни бозордан тутиб келади. Улар қилмишига яраша жазосини олган. Аммо ўртада бир одамнинг нобуд бўлиб кетгани ёмон бўлган-да…
Қисқаси, Аваз раҳматлининг уйдагилари кўп куйган. Ахир, ҳазилакам доғми бу?! Ҳали чимилдиқ кўрмаганди, бебахт! Аммо нимаям қиларди: йиғлашди, куйишди, охири, кўнишди.
Ҳасратдан янаям мункайиб қолган чол ўғлининг еттисидан сўнг қабр бошига бориб келишни ният қилиб отланибди, денг. Бориб қараса, жонивор эгасининг қабри ёнида мунғайиб ётармиш. Одамни кўриб, ҳушёр тортади. Унинг қабр бошига келаётганини фаҳмлаган жонивор яқинлаштирмасликка ҳаракат қилади. Тишини кўрсатиб, ириллайди. А, нимасини айтсин. Унинг содиқлигиними ёки боласининг дўппайган қабрини кўрибми, чол тушмагур йиғлабди, тилига алмойи-алжойи сўзлар келибди:
… Мен, шу бир жониворчалик ҳам бўлолмадимми, болам?!
… Кексайганда шу доғни сўрабмидим Сендан?!
… Энди шу доғ билан ўламан…
Чолнинг кейинчалик айтишича, ит кекса эгасини энди танигандек, унинг дардини тушунгандек, қабр бошига йўл беради. Нимасини айтайин, ит сезган! Бўлмаса, йўл берармиди?..
Дунёси танг бўлган чол қабр бошида қанча турганини билмайди. Шомга яқин қайтади. Кетаётиб “Боламдан битта ёдгорлик шу – ит, унинг энг яқин дўстиям шу. Кел, уни уйга олиб бориб, яхши парвариш қилай”, деган ўйда итга яқинлашади. Буни сезган жонивор рўйхушлик бермаган. Чол минг макр билан унинг бўйнидан арқон ўтказади, отига тақиб, уйига олиб келади.
Жонивор йўл-йўлакай қанча ғингшимаган, орқага қараб тисарилмаган, дейсиз. Одам бағрини тош қилиб, кўзидан тизилиб оқаётган ёшни енги билан артиб, тортқилаб келаверади. Уйга келгандан сўнг қочиб кетмасин, тағин, деб боғлайди. Аммо бу ерда яхши парвариш қилишаётган бўлсаям вафодорга Аваздан бўлак одамлар етти ёт бегона. Шунинг учун у ҳеч нарса емайди-ичмайди, икки-уч кунда ўзини олдириб қўяди.
Учинчи кечасигами, тўртинчи кечасигами, Бўйноқ арқонни тиши билан узиб, ғойиб бўлади. Бунга ҳамма ҳайрон. Биров-ярим ёш-яланглар:
– Олиб келайликми, – дейди. Аммо бир нимани сезган чол тушмагур:
– Йўқ, тегманглар, эгасининг ёнига кетган, у энди бошқа жойда яшай олмайди, – деб йигитларни шаштидан туширади.
… Орадан бир-икки кун ўтиб, бориб қарашса, Аваз раҳматлининг қабри ёнида яна бир қабрга ўхшаш дўнглик пайдо бўлганмиш. Воқеадан хабардор қайсидир раҳмли одам вафодорнинг ўлиб ётганлигини кўриб, шу ерга кўмиб кетган. Ўтган-кетганда кўрганмисилар-йўқми, билмадим, лекин ҳалиям шу икки қабр бор.
… Э, гапнинг қизиғи қолиб кетибди-ку. Ўша имонли одам қабр ёнидаги тобатошга пичоқ биланми, ё бошқа бирон нарса биланми, ҳар ҳолда, тирнаб, адашмасам, шундай гапларни ёзиб кетган: “Ҳаммасидан хабарим бор эди. Ўтиб кетаётиб, итнинг ўлиб ётганини кўрдим. Тилсиз жонивор садоқати шунча бўладими деб, хўп йиғладим! Кейин ўйлаб ўтирмасдан, чуқур кавлаб, қадрдонининг оёғ учи томонга кўмдим. Буни тушунасизлар, деб ўйлайман!”
Қабр бошига борганларнинг бари буни ўқиб, ўкириб-ўкириб йиғлабди, йиғлаб-йиғлаб ўкирибди. Кейинчалик ўтган-кетган ҳам бу ерга бир тўхтаб ўтар, кўз ёши қилиб кетаркан. Шу ёзув ҳозир бор-йўғини, билмайман. Чунки одамларнинг бу ҳақида гапирмай қўйганига кўп замон бўлиб кетди. Лекин, аниқ биламан, қабрлар ҳалиям бор.
… Воҳ жонивор-а, воҳ жонивор-а, сенинг кўнглингга мунча меҳр, мунча вафони ким солди?! Воҳ жонивор-а, воҳ, вафодор-а…
«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 2-сон