От жуда ақлли жонивор. Азалдан йигитнинг ҳамроҳи, йўлдоши. Бу иккиси гўё эгизакдай гап. Бир замонлар ана шундай бўлган. Аммо ҳозир удумлар анча ўзгариб кетди-да. Йигитларнинг отга меҳри анча пасайдими, дейман. Ҳар ҳолда бу гапларни айтишимда жон бор…
Шунча яшаб отнинг ёмонлиги ҳақида деярли ҳеч нарса эшитмабман. Аммо баъзи гап-сўзлар юради. От дев наслидан бўлиб, вақти келганда аслига бир қайтар эмиш. Тўғриси, буни мен отнинг шаънига зўр туҳмат деб биламан. Шундай бўлсаям бир воқеа эсимга тушди, айтайин-да, қутилайин. Гап йўғида бир гап, дейман-да.
Тошпўлат чобағонни биласилар. Унинг довруғи ҳар ёққа кетган Чибор оти бўларди. Ў-ў, нимасини айтайин, жонивор ўз вақтида эгасининг орини ерда қолдирмаган. Кўпкариларда не-не отларни чангида қолдириб, кимнинг ҳавасини, кимнинг ҳасадини келтирмаган, дейсиз. Одамларнинг айтишича, кўпкари бошланди, дегунча от ўзини тутолмай қоларкан, ўзиям. Буни сезган чобағон жиловни қўйиб юборса, бас, улоқ устида уймаланаётган уюрга ўзини урар экан-да, эгасига улоқни олишга ёрдам бераркан. Улоқ тақимга босилгандан сўнг елдек югурар, то “Ҳалол!” дейилмагунча чопавераркан-чопавераркан. Шу зайл жонивор Тошпўлатбойни элга танитган. Кўп йиллар икки қадрдон одамларнинг назарида юрди.
Дунё бевафо-да! Иккиси қариди. На униси, на буниси кўпкарига ярамай қолди. Одамлар-чи, одамлар, умуман унутди. Ҳа, улар ўзи шунақа! Ортда қолганни унутади, унутмаганлари тилдан чиқариб ташлайди. Шу нарсага куяман-да, шу нарсага…
Тошпўлатбой чобағон нима қиларди, одамлар унутаётганлигини сезгач, давралардан ўзини тортди, похир. Одамларга бўлган фикриям ўзгарган-ов, менимча. Лекин қари оти, содиқ дўстига меҳрини ҳеч аямаган. Гаплашсаям у билан гаплашган. Кунларини унинг олдида уймаланиб ўтказаркан, ўзиям.
Бир-икки йил бурун шу икки дўст ўртасида ажаб воқеа бўлган. Буни эшитган одамлар яна гапиришга тушганди ўшанда. Айтишларича, шундан бир-икки кун бурун жонивор ўзини ғалати тута бошлаган. Эгасини кўрса, меҳри жўш урганиданми, ё ўрганиб қолганиданми, ўйноқлаб кутиб оладиган жонивор нимагадир совуқ тикилармиш. Бунинг устига унинг кўзида кишини сескантирадиган қизил нурми-ей, алламбалолар бор эмиш-да, ишқилиб. Ўша кунлари от ҳеч нима емаган, ичмаган. Тошпўлатбой эса пайтавасига қурт тушгандай типирчилаб қолади. Бир уйга кирар, бир оти олдига борармиш. Бу ҳол кўп қайтарилган. Энди ўйласам, унинг отга меҳри бўлакча бўлган экан-да, бошқа бўлганида, билмадим-ов, шундай қилармиди, йўқми.
Шу зайлда икки кун ўтади. Тошпўлатбой кўпроқ унинг олдида бўлган. Учинчи кун эса отининг олдидан бир қадам ҳам жилмаган. Айримларнинг айтишича, у от билан ниманидир гаплашганмиш. Гаплашса гаплашгандир, нима бўпди! Шуни гап деб кўтариб юрганларга ҳеч қойил эмасман. Бунинг устига Чиборни гап-сўзни тушунадиган жонивор эди, дейишади.
Одам отнинг ёлларини силаган, бўйнидан қучоқлаб, йиғлаган, йиғлаб ёрқин ўтмишини бир-бир эслаган.
…Чиборжон, бир пайтлар иккимиз қанча ёрқин кунларни ўтказганмиз. Улоқни тақимга босиб, чопаётган дамларимда кўнглимдан кечган ғурурни, севинчни ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайди. Сен ҳам севинганмидинг? Билардим, севингансан! Буни бошқа отларнинг олдидан тўшингни чўққидай қилиб ўтишларингдан билардим, Чиборжон!..
…Энди ҳаммаси ортда қолди: сен ҳам, мен ҳам, иккимиз билан боғлиқ гап-сўзлару шуҳрат чўққилари ҳам…
…Агар сен ўзингни ғалати тутмаганингда, балки бу ҳақда ўйламаган, гапирмаган бўлармидим. Балки бугун билан эмас, ўтмиш билан яшаб юрармидим. Сен кўзимни очдинг, Чиборжон, сен кўзимни очдинг! Энди ҳолимни билаяпман. Тан олиш оғир бўлсаям тан олаяпман, Чиборжон!..
У отга узоқ гапирган. Йиғлаб-йиғлаб гапирган, сўзлаб-сўзлаб йиғлаган. Чибор беэътибор. Балки беэътибор, десам тўғри бўлмас, ғалати экан. Эгаси диққат қилиб қараса, у ниманидир кутармиш. Бу пайтда вақт алламаҳал бўп қолган экан. Шунда, денг, жонивор узоқ-узоқ уч марта кишнайди. Ҳаммаси ана шундан кейин бошланган. Кишнаб бўлган Чибор зарб билан арқонни узади. Кейин пишқира бошлайди. Ажаб томони шундаки, унинг бурнидан чиқаётган ҳақиқий олов экан-да. Чобағон буни кўриб, ҳушини йўқотади. Шундай бўлсаям жониворнинг ҳаракатларини кузатаверган. Қарасаки, от энди худди одамга ўхшаб орқаси билан ерга ўтириб олган, олдинги икки оёғи одамнинг қўлидай кўтарилиб турганмиш. Кўз эса бир балои бад бўлиб кетган. Кўз соққасида оқиям, қорасиям йўқ, уларнинг ўрнини совуқ қизил рангми, нурми эгаллаган. Кейин оғзини очибди. Тишлари айрича бўп кетган. Бу – отнинг тишлари эмас, қозиқ тишлар экан.
Чиборнинг бир дамда кўзидан совуқ нур, бурнидан олов сочиб, тишини шақиллатиб турган махлуққа айланиб қолганлигини кўрган чобағон турган жойида тошдай қотади. Энди унинг ёнида турган Чибор оти эмас, тайёр дев эмиш-да. Кутилмаганда махлуқ одамга ташланади. Одам чап бермаганда уни бирон хаста қилиб қўйиши ҳеч гап эмаскан. Лекин у кўп ташланмапди. Балки жонивор шу ҳолидаям эгасини танигандир, балки чобағоннинг қўрқмай қараб тургани сабаб бўлгандир. Ишқилиб, бир-икки уринишдан сўнг махлуқ тинчланади. Сўнг аста-секин ўзига келади.
Кўпчиликларинг гапимга ишонмаяпсилар-а, сезаяпман. Ишонасиларми, йўқми, буниси ўзларингга ҳавола. Ахир, Тошпўлатбой майда гап, қўшиб-чатадиган одам эмас, у чин сўзли, мард одам. Нимани кўрган бўлса, борини уйдагиларига айтган. Мен эса ундан-бундан эшитганларимни айтаяпман…
Шуйтиб, буни эшитган айрим кайванилар отни йўқ қилишни маслаҳат беради. Фаҳмлашимча, чобағон отидан озроқ хафа бўлган, шекилли, уларга дарров қаршилик қилмаган. Авваллари шу гапни эшитганда борми, маслаҳатгўйнинг бошини ёрган бўларди. Чобағоннинг шу қилиғини унча тушунмадим. Нега отидан хафа бўлади. Ахир, жонивор махлуқ бўламан, деб бўлган эмас-ку. Унинг қисматида шу нарса бор экан, у шўрлик нима қилсин. Ҳалиям шукр қилиш керак, махлуқлигига бориб, бирон хаста қилмабди…
У ҳеч нарса демасдан маслаҳатгўйларни кузатади. Ҳеч кимга бир оғиз сўз демай ўрнига кириб ётади. Балки оти билан кечган ширин дамларини эслагандир, балки жониворни нима қилиш кераклиги ҳақида ўйлагандир. Бунисига бирон нарса дейиш қийин. Тўғри-да, бандаси ичидагини Яратган Эгамдан бўлак ким биларди. Аммо шу кеча унинг ётиб ётгандай, ухлаб ухлагандай бўлмаганлиги рост. Бунга ишонса бўлади. Эртасига каллаи саҳар туради. Ҳеч вақт ўтмай бир-иккита томошаталаблар етиб келибди, денг…
Улар уч-тўрт киши бўлиб отхонага ўтади. Не кўз билан кўришсинки, от ўлиб ётармиш. Чобағоннинг боври тўлиб турган экан, шекилли, “Чиборжон! Чиборжон!” деб оламни бузиб йиғлайверибди. Йиғилганлар ҳеч нарса дейишолмабди. Охири, йиғлаб кўзёшлари тугагач, жониворнинг жасадини кафанлаб тоза жойга олиб бориб, кўмиб келади. Шу-шу, чобағон дунёдан, одамлардан юз бурди. Уф-уф, Чибор ҳасрат қилса бўладиган от бўлган-да, доғида куйдирадиган от бўлган-да, ўзи… Яна нимасини айтайин.
Яқинда эшитдим, Тошпўлат чобағон ётиб қолибди. Ишқилиб, Худойим шифо берсин, сабр берсин! Бандасининг қўлидан тилашдан бошқа яна нима келарди.
…А, Чибор-а, Чибор, шуйтиб куйдириб кетасанми? Чибор-а, Чибор…
«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 2-сон