1. Бегоналар қайнаган замин
Ташқарида ҳамма нотаниш. Қуёш, ечинишга ечиниб қўйиб, энди уятидан донг қотган яланғоч дарахтлар, оғир асфалтдан бичилган кафани ичида зил кетаётган йўл, тўққиз қаватли бинонинг ҳар бир катагида урчиётган сувараклару ертўлани сув босганига қарамай, яна янги жиҳозни уйларига ташмалаётган очкўз одамлар… Бари нотаниш.
Ёмғирга аралашаб пилчиллаётган қор, шафақни унутган кулранг само, кўп нарсаларни ваъда қилаётган муздай шамол — ҳаммаси бегона…
Мен кимман?
Қудратли илоҳий куч таъсирида юрагим бир маромда тепаётир. Бордию унинг ҳаракати тўхтаса… курраи заминнинг сон-саноқсиз дўнгликлари сони яна биттагинага кўпаяди.
Еттинчи қаватнинг айвонидан пастга, серташвиш кўчага, нуқул қаёққадир шошадиган йўловчиларга боқиб, бирдан қўрқувга тушаман. Ҳар биримиздан бир қабариқ. Ҳар бегонадан бир дўнглик. Гўё замин билинар-билинмас қайнаётгандек. Силкинишдан тўхтаган юрак заминнинг қабаришига сабабчи. Ҳозиргина унган қайноқ қабр…
Замин қайнаб боргани сари руҳим чанқайверади. Билмоқ истайман. Билолмайман. Мен кимман?..
2. Яланғоч умр
Қуз… Сенинг дарахт япроғига ўч, сап-сариқ, синиқ рангинг — борлиқнинг рамзи бугун.
Тафтинг деганларим сиқиқ, совуқ ва ҳазин экан. Бежавоб меҳрим муҳри — сенинг қувончинг, менинг дардим. Олғир нигоҳинг изи — юзимдаги ажин энди. Ажин — илдизимга элтувчи йўлнинг боши. Таассуфки, мукаммалликка интилувчи чексизлик шундан бошланибди…
Куз, сен келдингу табиат орзусиз қолди. Дарахтлар бор умидларини тўкиб, яланғоч яшашга маҳкум бўлдилар энди.
Яланғочликка эса, чидолмаяпман…
3. Руҳим саёҳати
Мен қайси пайтларда тирик ҳисобланаман? Танамни тарк этган руҳим саёҳати — тушимдами? )
Сайрируҳ мобайнида «имкон» ё «гуноҳ» деган тушунчаларнинг ўзи йўқ. Поёнсиз эҳтирослар, жиловсиз хатти-ҳаракатлар узилган тонгда сиқиқ ошёнимнинг бирор жиҳозига илинган нигоҳим қоқилади… бу ажаб саёҳат барҳам топади.
Тантиқ руҳим совуқ ақлимга уруш очганда, изтиробларим ранги синиқ. Синиқ ранг сиқиқ умр рамзими? Умр аталмиш мезон наҳот шунчалар қисқа? Умр қисқа, аммо сайрируҳ…
Улкан, чексиз кўм-кўк майдон. Ерда чечаклар. Осмонда саноқсиз юлдузлар. Ой ҳам, порлаётган қуёш ҳам бир осмонда. Майдоннинг қоқ ўртасида уч курси. Унда Болалигим, Қизлигим, Аёллигим ўртирибмиз. Қуёш нури бир заъфарон, бир ол, бир сап-сариқ… Замон узра балққан мойчечаклар енгил шаббода хўрсиниғида қўрқиб титрашади. Ҳам кутишади, ҳам қўрқишади. «Болалигим» бешик-курсидан туриб қуёшга боққанида, борлиқ пуштиликка айланди. Аяжоним «гул ичидан ҳидлаб олган гули-гавҳарим»ни айтаяптилар. Гул ичидан ҳидлаб олганлари —«Болалигим». Адам: юзларида қатъийлик, кўзларида ранж, қўлларида ниҳол — кўчат экмоқдалар. Атроф ниҳолга тўлди. Аслзода аждодларим томиридан унган улар. Буни анча кейин биламан. Ҳозир эса, ерда думалаб қийқираман. Қувончимдан энтикиб, думалаб-думалаб юмалоқ курраи заминнинг кафтдек майдонидан «йиқилиб» кетаман.
«Қизлигим»га эврилганимда эса юрагим шиғиллаб, кўзгу ёнидаги курсидан сакраб тураман. Атрофимда бақалоқ хотинларнинг турмушдан тўйган шаддод овозлари. «Йиғлама қиз, йиғлама-ё, тўй саники, ёр-ёр…»
Болалигимда адашиб қолишни хоҳлаганимданми, ё «тойчоқ ёт бўлгиси» келмаганиданми; барибир, кимгадир тегаману, кейин майдондан кетаман, дейман. Адажоним эккан ниҳолларни «жадид» дея, «босмачи» дея қарс-қарс йиқитаётганлар энди менинг томирларимга зирқиратиб болта урадилар. Шижоатимга теккан зарб дастидан бор овозда дод солгим келади. Аммо… Ношукурлик ёмон. Умрим болаларимга бахшида энди.
Майдондан хўнграб кетган ишончим ўрнини жажжиларимга меҳр эгаллади. Менлигимнинг бир жуфт парчасига аямнинг сўзларини: «Тол ичидан танлаб олган толе навкарим, Гул ичидан ҳидлаб олган гули гавҳарим»ни айтаману, кўзимдан юлдуз томади. Бепоён самовотга меҳр томчиларидек илинган сон-саноқсиз авлодларим руҳи — осмондаги юлдузлар. Жисмимни сел қилаётган дардли қўшиқ — уларни исёни. Кеч… Жуда кеч ташриф буюрган, эҳтирос уммонини жунбушга келтирган муҳаббат майдон соҳилини нурафшон этади. Шундагина кўраман… «Гўё кўзим энди очилгандек. Соҳил сап-сариқ, армон рангида. Сунбула…
«Мани кўнглим сиз билан…» ,
Гуноҳ аталмиш соҳил сарҳадлари абадий сукутда жон сақлаган ойнинг юзига чирмашиб, доғга айланади.
Руҳим саёҳатдан толади. Фоний дунёга қайтаман. Энди Сизга етолмаганим, сизни-да ўзимдан аюрганим, шажарамга теккан зарб таъсирида ўзлигимни англамаётганим азобидан доғда ўтаман. Доғда яшайман! Наҳот шу мавжудликнинг номи «яшаш» бўлса…
4. Занжир ҳалқалари
Хотиралар исканжасида лом-мим демай, хотиржамлик куйини ижро этмоқдаман. Соат миллари ҳам менга ўхшаш — ижрочи. Улар қўшиғингизни айтишаяпти. Юрагимни ўртаётган ҳис армонми, хаёлми? Ажрата олмаяпман.
Хотиралар занжирининг ҳар бир ҳалқаси — янги тугун. Асир бўла туриб, «хотиржам»лик ўйнаш… Наҳотки, бир умрга шундай «бахтли» аёлман энди?.. Йўқ, мен бундай бўлишини истамайман.
5. Етим баҳор
Баҳорим илк бора қалдирғочсиз келди. Мунгли ва бир жуфт қора мунчоқлар менга узоқ тикилганлари хотирамда муҳрланган. Ўшанда менга нималарни айтгинг келганди-я, қалдирғоч?
Балки бу фоний дунёнинг ўткинчилигинидир?..
Айрилдим, ўзимни-да аюрдим ҳиссиёт исканжасидан.
Балки «меҳр аталмиш улкан ҳис беҳудуд баҳрул уммон эмас, томчидир? Қақраган тақирликка заррача кор қилмай сингиб кетганидан сўнг, бу томчининг бор ё йўқлигини исботлаш амримаҳол», демоқчимидинг? Ундан ҳеч бўлмаса биргина гиёҳ унишидан умидвор қалбим — ниятлар мозори энди. Барини кўмдим.
Балки «келажак аслида бугунгидир», деб айтмоқчимидинг? Кечаги кунда эртамни нобуд қилганимни фаҳмаб, ўтган кун армонида келажакни кутмай қўйдим.
Балки… Йўқ. Ундай демагандирсан. Зотан, мени биласан. Ожизман. Сению мени бирдай ожиз яратганнинг ўзи бас келсин, қалдирғоч. Қалдирғоч, қалдирғоч…
6. Телбалик бахти
Қандайманми? Мен билан яшаш… Мени биламан деганлардан сўраманг, барибир алдашади. Сизни ҳам, ўзларни ҳам алдаб яшашади…
Қандайлигимни узим айтаман, эшитинг.
Телба ким? Телба — катакларга сиғмаган одам.
Катак — қизил чизиқлар мажмуаси.
Қизил чизиқ —«мумкинмас»нинг тасвири.
Шу сиқиқ тасвирнинг миллионлаб катагига саноқсиз одамларнинг танаси сиғади. Аридекми, асаларидекми, пашша ё капалакдекми, чумоли ё суваракдекми, куни ўтиб яшар одам танаси. Аммо, руҳ!.. Уни катакка тиқиштириш азоб.
Ўшанақа руҳимга — ҳеч бир ошёнга қўнмаган, сиғмаган руҳимга мадад изламай қўйдим. Ўттиз беш поғонанинг ҳар бирида аввал «шўх» деб, кейин «лақма» деб, кейин «бетгачопар» деб туртиндим.
Бўғзимга тиқилган тош… Фақат шунгагина бошим урилмади. Энди билдим. У тош эмас. У — исён:
Руҳим жунбушда… «Ҳужайра» аталмиш таначаларимга ҳаракат бахшида этаётган асов ғалаён томиримга сиғмай кетмоқда.
Мендан қўрқманг… Кейин, илтимос, туш кўрманг мен билан хайрлашаётганингизда. Орзу қилманг мени бир умр.
Борлиқ вужудини, қон томирларинию юрак уришини, ҳужайралар ҳаракатинию тириклик таначаларининг шиддатини туйган, «кўплар»нинг кучли оқимига қарши чиқиш мумкин дея ўйлаган кимсага ишониб бўлармиди? Аслида «аёл экан» деб тамшаниб қўйганингизда, ўзингизга ҳукм ўқийсиз. Яхшиси, «жинни экан» деб айтинг. Бу ташбеҳ менга тегишли.
Зотан, телба — «кўпчилик»дан фориғ дегани. «Ёлғиз» дегани. Телба — сиздан, ундан, улардан холи дегани.
Телбаларнинг бахти шундаки, улар бир-бирларига ўхшамайдилар. Шундай бахтга эришган руҳнинг ўттиз беш зинага қисқаргани (ёинки узайгани, барибир) хусусида ваъз айтай, эшитинг:
«Ҳамонки, руҳим мадади исёним экан, ҳамонки, телбалик бахтнинг акс-садоси экан, кимгадир интилишни, суйиб-сурканишни бас қилсак, тамом! Ўша «кўл»ларга ўхшаб, мени «жинни» дея олганингизда, ўзингизнинг соғ эканлигингиздан хотиржам бўлинг…»
7. Озодлик
Тушда қор эрийди,
Сокин, лек ёниқ овоза билан
М. Чаклайс
Руҳим саёҳатда. Танам каравотда. Тилим айланибди. Нималар дебман? Ўзимга айтишмади. Майли, айтманг. Девор қулоқлари, эшик кўзлари, сокинликнинг ўз сўзлари бор. Нималар деганимни билмайман, аммо ўша сонияларда озод бўлганим аниқ. Тушлари учун ҳам гуноҳкор саналганлар бор-а, бизда? Бор…
Гуноҳнинг ўзи нима? Барча «мумкиниларнинг аксими? Унда осойишталигимиз йўлида яна «бир овоздан» қарор чиқариб қўяқолайлик: «Туш кўриш ман этилади» деб. «Моддий вужудни тарк этган ҳар қандай руҳ — халқ душмани» деб.
Барча тантиқ руҳларга безак тақайлик — ялтираган, шалдираган занжир ҳалқаларидан. Руҳлар ҳам билишсин-да етим тана азобини…
Айтманг, соҳибим, майли. Фақат кечиринг. Нима деганимни билмайману, лекин ўшандаги овозим… Озод руҳнинг овози сокин, лек ёниқ бўлғай. Унда ҳам мунг, ҳам ҳасрат, ҳам эҳтирос, ҳам умид бўлгани аниқ. О, наҳот бу оҳангни ўзим ҳеч қачон эшита олмасам…
Нималарни айтвордим-а?..
8. Умидим сарҳади
Бир умр сизни изладим. Атрофимдагиларга хислатларингизни менгзадим. Кимки юрагимга яқин келса, ундан ўзимни олиб қочдим. Аслида-ку, уларни менга яқин қилган нарса сизга ўхшашликлари. Шу билан бирга, уларни йироқлаштирган ҳам айнан шу муштараклик.
Ҳаётим — ҳалқаларнинг узвийлиги. Қиши билан қовжираганига қарамай, ўз дарахтидан айрилмаган япроқ учун баҳор ким? Ўтган баҳордан хотирадек қовжираган баргнинг базўр илинган жойидан бўртаётган куртак садоқатли япроқ умидин армонга қоради. Бугунмас, эртага албат йиқилалажагимни туйиб, илиниб яшамоқдаман.
Севгили кунларимнинг сарҳади — мен сиздан узилган кун…
Бугун баҳорий ёмғир ўлимни яқинлаштирмоқда. Яқиндагина эмасмиди, ўз баҳоримда у жоним озуғи эди. Энди қовжираган танамга урилган шаффоф томчилар — зарба. Чидаш керак. Эртами, индинми, ер билан битта бўлганимда, сизни сезмай қола-ман. Ер бағирлаб ётган япроқ чиркинликка айланади. Мен эса, чирий бошлайман. Балки ўшанда ҳам, мени мазах қилишдан тўхтамаган шамол кучидан фойдаланиб, бир учиб кўрарман… Сиз ҳамон…
Аммо сизга етолмаслигимни, сизни тополмаслигимни, сизга ўхшолмаслигимни ва сизга ҳеч нимани қиёслаёлмаслигимни билиб тураман ўшанда ҳам.
Ҳозир эса табиатнинг феълига қасдма-қасд, ўз дарахтимга илиниб турибман.
Шундай экан, мени олиб қолган кучга минг бор шукр!