Мендан қанақа бошлиқ чиқиши мумкин? Йўқ, жамоа ичида шарманда бўлишни хоҳламайман. Бирор кимсага овозимни кўтариб гапиролмасам, кимнидир ҳақорат қилишимни-ку тасаввур ҳам қилиш қийин, умримда ҳатто пашшага озор етказмаган бўлсам, нега энди мен бошлиқ бўлишим керак?
— Сен мутахассиссан. — дея илгари катта лавозимларда ишлаб, энди корхонамизда кадрлар бўлимини бошқараётган, ўзининг сўзи билан айтганда, нафақага чиққунча бир-икки йил эрмак учун ишлаётган тажрибали ходим менга далда берди. — Бундан ташқари, бошқа номзодлардан фарқинг бор, дипломлисан.
— Йигирма йилдан буён дипломим бор, нега илгари эътибор бермадиларинг?
— Барча олий маълумотлилар ўзларини тижоратга уришган. Сен эса касбига содиқсан. Корхонадан кетмадинг.
— Барибир бўлмайди. Мен ишчи-хизматчиларга қаттиқ гапиролмайман.
— Гапирасан. Юқоридаги раҳбарлар сенга қаттиқ гапирганда сен ҳам қўл остингдаги ходимларингга қаттиқ гапиришга мажбур бўласан.
— Ходимлар айтганимни бажармай, гапимга жавоб қайтаришса-чи?
— Нима деяпсан. Раҳбарга, агар у ноҳақ бўлган тақдирда ҳам гап қайтариш мумкин эмас.
— Ахир, мен жуда беозорман.
— Раҳбар бўлунча ҳамма беозор бўлган. Бошлиқ бўлиб бир оз ишласанг қаршингда фил чиқса уни чўмолини богандек, эзғилаб ташлайсан.
Хуллас, бошлиқ қилиб тайинлашди.
Бир кунда мен ўзгармаган бўлсам керак, лекин бир кун ичида атрофимдаги одамларнинг ўзгариб қолганига ишонгиси келмайди кишининг. Мени ҳайрон қолдиргани бошлиқ бўлиб иш бошлашимнинг биринчи куниданоқ ишчи-хизматчиларнинг менга нисбатан тубдан ўзгарган муносабати бўлди. Илгари ҳамкасблар билан саломлашсам бирортаси ёнимдан индамай ўтиб кетган тақдирда ҳам унга эътибор бериб ўтирмасдим. Энди эса ҳамма менга салом бериб ўтади. Уларнинг саломига гоҳида жавоб қайтармасам ҳам, ҳар бирининг қандай салом беришигача эътибор қаратадиган бўлдим. Бошлиқ бўлишимдан олдин ҳамкасбларим билан бирор масалада келишмасак, дарров баҳс-мунозара авж оларди. Энди ҳеч ким менинг фикримга эътироз билдирмасди. Олдинига ажабландим. Уларни илгаригидек баҳсга чорладим. Қайда. Қаршимда мум тишлагандек сукут сақлашдан нарига ўтишмади. Кейин тўғри фикр айтаётган бўлсам керак, деган хаёлга бордим. Яна бир оз ўтиб эса, албатта бу қўл остимдаги ҳаб бир ходимнинг гапимни тасдиқлаб туришидан бўлса керак, ҳар қандай айтган гапим мутлақ тўғри деган хулосага келдим.
Кайфиятим бўлмаган вақтлар кимга, нима учунлигининг фарқи йўқ, тўғри келган ходимимга қаттиқ гапирадиган, ҳатто уларни ҳақоратлайдиган бўлдим. Ҳайрон қоламан, қани бирортаси миқ этса. Олдинига, агар гап қайтарадиган бўлишса уларга нима деб жавоб беришни ўйлардим. Лекин ходимларнинг мудом бош эгиб, жим туришлари келгусида хавотирга ҳеч қандай ўрин йўқлигини кўрсатди. Чунки бошлиқ ва ходим ўртасида одат шунақа экан. Мен бошлиқманми менга гап қайтариш мумкин эмас экан. Бошлиқ ҳамиша ҳақ экан.
Гоҳида ўйлаб қоламан, нега мен илгари бошлиқ бўлмаганман? Раҳбарлик тажрибасига эга бўлган кадрлар бўлими бошлиғи энди мен билан ўта эҳтиёткорлик билан сўҳбатлашса-да, унинг, тўғриси мен ичидан суғириб олгудек бўлган гапларига қулоқ тутаман.
— Бизда бошлиқликка ўқитишмайди, — дейди у фақат иккимиз бўлишимизга қарамай негадир овозини пасайтириб. — Раҳбарликка тайёрлашмайди. Кўпинча бунинг учун омад қўл келади.
Демак менга омад кулиб боққан.
Шундай бўлса-да, мен кадрлар бўлими бошлиғининг қачонлардир, мен бошлиқ бўлишдан бош тортган вақтлар айтган гапларини эсимдан чиқармайман.
«Сен бошлиқ бўлганинг билан маълум иш жараёнида бир воситачисан, холос. Юқоридан келган топшириқни жамоага етказасан. Жамоа бажарган топшириқни юқорига етказасан. Фақат ҳеч нарсага аралашмасанг, ўзбошимчалик қилмасанг бўлди. Акс ҳолда…»
Акси бўлиши мумкинмас. Мен ҳеч нарсага аралашмайман, ўзбошимчалик қилмайман. Юқоридан берилган топшириқни сўзсиз бажараман. Чунки мен бошлиқман.