Хуршид Нуруллаев. Йиғилиш ҳам иш (ҳажвия)

Эрталаб соат тўққизда ўтказиладиган йиғилишига ўзи кечикканидан қабулхонага шошиб кирган бошлиқ хонада котибадан бошқа ҳеч ким йўқлигини кўриб, ҳайрон қолганини яширмади.
– Мажлисга айтилганлар қани?
– Сизни роса бир соат кутишди, кейин ўринбосарингиз ҳаммани турли йиғилишларга жўнатди.
– Ўринбосарнинг ўзи қаерда?
– Вазирликка кетди, сизнинг ўрнингизга.
– Бош муҳандис-чи?
– Вилоят касаба уюшмаси кенгашининг техника хавфсизлиги бўйича тадбири бор экан.
– Касаба уюшма бошлиғи қаерда?
– Парашют спорти федерациясига сиз бошлиқ экансиз. Шошилинч мажлис ўтказилаётган экан. Ўрнингизга ўшани юборишди.
– Бош ҳисобчи шу ердадир?
– Дебитор қарзлар бўйича бирлашмада ҳисобот бор экан. Сизнинг шахсан иштирок этишингиз тайинланган. «Раҳбар келмадими, деб, мени уришади», дея бошбух юрак ҳовучлаганча ўзи кетди.
– Нечта йиғилишга айтишган, ўзи?
– Еттита, ўртоқ директор.
– Ҳаммаси бир вақтдами?
– Иккитаси 9 да, 5 таси 10 да.
– Ходимлар кўпроқ ўз жойларида, ўз ишлари билан банд бўлишлари ҳақида йиғилиш ўтказмоқчи эдим, эссиз. Бинога киришда қоровулни кўрмадим. Қаерда у?
– Йиғилишда.
– Йиғилишда?
– Қоровулимиз ўз иши билан бирга, бизда боғбонлик вазифасини ҳам бажаради. Шуни эътибога олиб, ўринбосар уни туман табиатни муҳофаза қилиш бўлимида ўтказиладиган йиғилишга юборди.
– Бугунги йиғилишни эрта соат тўққизда ўтказамиз. Ҳаммага етказинг.
– Эртага соат тўққизда сизни учта йиғилишга айтишган…