Хуршид Нуруллаев. Олиб-сотар аёлнинг гапи (ҳажвия)

Кеб қолинг. Эроннинг ҳиносига, Боғизағоннинг виносига. Нари кет мўлтони, ҳали савдо қилганим йўқ, баракани учирасан. Кет деяпман, кейин келасан. Келинг амаки. Мумиёми? Бор. Помирникиям бор. Олишингиз аниқ бўлса, топилади. Минг сўм қолдириб, бир соатдан кейин келинг.
Ҳотам қанисан? Ҳотам. Ҳаҳ, уйинг куйгур. Қайга йўқолди? Келинг ука. Ручками, ана, ҳар хилидан бор. Ҳотам. Қайда юрибсан. Хайрият онанг чўлоқ туққан. Ма, беш юз сўмни ол. Дорихонага борсанг, хитой мумиёсидан бор. Ука оласизми? Ёзади. Ўйинчоқнинг каробкасига ёзиб кўринг. Ёзади дедимку. Юз сўм. Қўлингиз енгилми?
Ҳотам, ма бу пулни, ҳамма нарсаларга уриб чиқ. Куф, деб урэ, ярамас. Келинг бобой. Нима? Носми? Ҳозир. Ҳотам, бобойга бир отим носингдан бер. Нима, уйга олиб кетишгами? Тугаб қопти отахон, эрта келасиз. Ҳотам, асартаментга қара дегандимку. Бозорга кириб ўнта эллик сўмлик нос келтириб қўй. Дорихонага бордингми? Ҳой бола, нега қаққайиб турибсан, бор мактабингга. Бу сен оладиган нарса эмас. Қанақа қалпоқ? Қанақа эгизакларнинг қалпоғи. Онангнинг қалпоғи бу, билдингми. Борэ, уятсиз. Оҳ, яна келди. Ҳали савдо қилганим йўқ. Мўлтони эмас, гадоларнинг султони экансан. Пуфлама, исириғингни йўқот, конфетларга иси уради.
Келинг ука. Қанақа ҳужжат. Семичка сотиш учун ҳам ҳужжатми? Қанақасига катта дўкон. Атторлик буюмлар-ку, ука. Бева хотинга азоб берманг. Саккизта болани боқиш ўзи бўлмайди. Бу костюмлар ўғлимники, тўйини қилмоқчи эдик, аварияга учраб ўлди, бечора. Эрта йилини берамиз. Қўйинг ука, қийнаманг. Кейин келсангиз ҳам ҳужжат йўқ.
Ҳотам, кўрдингми уни. Янги солиқчи экан. Қаронг учгур. Ҳали ароқларни олиб келмадингми? Ясамапти? Эрталабгача ясаса ўладими? Олиб келсанг, кўринмайдиган жойга қўй. Мумиёни олиб келдингми. Салафан халтачасидан олиб, бирорта қоғозга ўраб қўй. Ана оёғинг остида ётибди. Кирлигига нима ишинг бор.
Келинг хола. Йўқ, пайпоқ керак эмас. Ана бир халтаси ётибди. Йўқ холажон бўлмайди. Тўрттаси юз сўмга ҳам тўғри келмайди. Қани биттасини кўрсатингчи. Бир боғламида ўнтами. Ҳотам. Қарасангчи, ланги. Боғламига икки юз сўмдан ҳисобла. Юз боғлами йигирма минг сўм бўладими. Қаердан биласан? Ўргулдим сендай академикдан. Калкуляторда ҳисобла. Хола, ярим пулини келаси ҳафта оласиз. Ҳотам, бир боғламини чиқариб қўй. Кеб колинг. Ҳотам, нега бугун одам кам? Эрта бозорнинг ичига кўчмасак бўлмайди.
Ҳа, сизми, ассалом. Келинг. Ўғлингиз сабзавот бозорида, сабзи сотаяпти. Бирор нарса керакми. Ҳа, соғиндингизми? Ҳа, шукур. Нима ҳам қилардим. Худо бизни тирноққа зор қилмаганда, мен ҳам бошқа аёлларга ўхшаб болаларимнинг келтирганига қаноат қилиб яшардим. Ётишга қоласизми. Майли, овсинимни сўранг.
Ҳотам, гап сотма. Қара, шимни сўраяпти. Олиб бер. Парданинг орқасига ўтиб, кийиб кўринг. Ҳотам, югур, поччангни узоқдан кузат. Олдига алвасти кетди. Қараб тургин. Онасига пул берадими-йўқми, аниқла. Келинг қўшни. Дўконни очмабсиз. Дамас кира қилдиларингми? Одам боши ўттиз минг. Қимматку. Йўқ, бормайман. Менга Ургут бозори ҳам бўлади. Нимага? Бирга-бир қолади. Пайпоқми, юз сўмдан. Олинг ука. Йўқ, ўзимиз саксондан олганмиз. Майли олинг, ўғлимга ўхшаган талаба экансиз. Савоб ҳам керак. Бир, икки, уч. Беш юз сўмга олинг, саккизта бераман. Йўғми? Мана қайтими, уч юз сўм. Йўқ. Эрта бормоқчиман бозорга. Буни биттаси ташлаб кетди. Учтаси юз сўмдан. Сизга юбормоқчи эдим, йўқ эдингиз. Чиқмаганингиз ҳам яхши бўлибди. Эрталаб солиқ босди. Базўр ўттиз минг сўмга кўндирдим. Наскини пулини тўламаганимда берардим. Тушдан сўнг келади. Уйда ҳам беш мингта наски бор. Бекор қилдим олиб. Оласизми. Майли, Ҳотам этиб беради.Қайси гўрга кетди у. Опамнинг ўғли бўлгани учун сақлаб юрибманда. Саналганми. Хўп, яхши бориб келинглар.
Ҳотам, қайси очиқ мозорда эдинг. Ҳа, нима қилди. Пул бермадими? Кўрмай қолгандирсан. Сўмкадаги пайпоқнинг тўққиз бойламини олиб қўй. Қолганини, қўшни дўкондаги опа борку, ўшанинг уйига элтиб бер. Қайтишда мана бу ўттиз мингни кўкига алмаштир. Нима. Оҳ, худо урди. Таниб қолмадингми. Эсиз шим. Буюрмасин илоҳим. Буёққа берчи. Жинси дейсанми? Увадаси чиқиб кетганку. Қанақа мода. Шуя. Майли, ола қол, ювиб киярсан. Ўрнига ташлаб кетганига ҳам шукур. Кеб қолинг. Бобойларнинг салласига, улама сочнинг малласига. Нима? Экс, экс, эл бу сизнинг размерингиз. Донаси минг сўм. Нима деяпсиз, ука, Чернявкадан тўққиз юздан олганман. Пачкасида учта. Келинг, икки минг олти юз беринг. Пачкаси билан олганингиз учун. Икки ярим ўзининг пули. Майли олақолинг.
Ҳа, сабзи тугадими. Ҳозир Ҳотам келади. Кечаги пиёзни ҳам олиб чиқинглар. Келдингизми, амаки. Мана мумиёнгиз. Яна икки юз сўм. Қиммат бўлибди. Дуо қилинг бўлмаса. Бўлди, кўп чўзманг. Омин. Онангиз нима деркан. Яна пулми. Нима бўрзаясиз? Мендан ёшириб бергандирсиз? Алдасангиз, гўрингизда тик турасиз, билдингизми. Яна келдингми. Пуфла қани, тутуни чиқсин. Шошма, пасга тут, этагимни кўтарай. Нега сўппайиб турибсиз, шолчани кўтаринг, битта йиртиқ ўн сўмлик бор, садқаи сар қилиб беринг. Кеб қолинг. Бухорача ковуш-маҳси, африканинг ананаси.