Хуршид Нуруллаев. Ҳимматингизга боғлиқ (ҳажвия)

Даволовчи шифокор касалхонага ётқизилган беморни кўздан кечираркан, унинг қаерда ишлаши билан қизиқди.
— Ёзувчиман.
— Нима ёзасиз?
— Камчиликларни.
— Бизга тушган беморлар касалхона шароитини яхшилаш учун нимадир қилишади. Ушбу палатага сиздан олдин даволанган бемор қурувчи экан. Тузалгандан сўнг, мана, кўриб турганингиздек, хонани таъмирлаб берди. Сиз ҳам ўз соҳангиз бўйичи ёрдамингизни аямассиз.    
— Қандай қилиб?                                           
— Шароитимизни яхшилаш учун камчиликларни ёзасиз.            
— Қайси камчиликларни?                                    
— Албатта, беморларнинг камчилигини-да.                        
— Масалан?                                            
— Бизни баъзан таъмагирликда айблашади. Лекин бирорта шифокор бемордан пул талаб қилганини эшитганмисиз?                 
— Йўқ.                                                
— Яшанг. Ундай бўлса бу туҳмат қаердан чиққан? Албатта беморлардан. Шуни ёзса бўладими?                                
— Бўлади. Яна мисол борми?                                 
— Бор. Беморларнинг яна бир камчилиги уларнинг шифокор ёки ҳамширанинг чўнтагига пул тиқиши.                                
— Ие, пул тиқса ёмонми?                                    
— Ёмон эмас. Лекин чўнтакка кирган пулнинг миқдорини билмаслик ёмон. Биласиз, пулни беморнинг олдида санаш ноқулай. Лекин, хилватроқ жойга бориб пулни санашгача кетган вақт кишини қанчалик беҳаловат қилишини тасаввур ҳам қилолмасангиз керак.        
— Бу ерда беморнинг камчилиги нимада?                         
— Унинг кўрсатган миннатдорчилиги шифокор чамалаганидан камлигида.                                                 
— Тушундим. Сизнингча бемор қанча бериши керак?                 
— Кечирасиз, бизда тиббий ёрдам кўрсатиш бепул.            
— Тушунмадим?                                             
— Нимани тушунмайсиз?                                     
— Ахир, миннатдорчилик билдириш керакми?                     
— Бу ҳимматингизга боғлиқ.