Извош гузардан ўтиб катта кўчага бурилди ҳамки, Ёқубхўжадан садо чиқмади. Бой икки-уч дафъа ҳамроҳининг авзоига зимдан кўз югуртирди. Ёқубхўжанинг қадди уникидан ярим қарич тик, шу боис у ўтирган ҳолида ҳам хийла салобатли кўринади. Одамлар, «Ёқуббойнинг шахсий қўриқчиси» деб гап тарқатишди, «Миркомил унинг измидан чиқмайди» деганлар ҳам бўлди. Тўғри, Ёқубхўжа кўз очиб топган маслаҳатгўйи бўлмаса-да, унча-бунчани хушлайвермайдиган Миркомилнинг ишқи шу одамга тушган, бинобарин, ёнида доим уни олиб юришга одатланган эди. Ҳақиқатан, унинг Ёқубхўжадан яширган-нетган сири бўлмаган.
Суриштириб келганда, Миркомил кимдан, нимани сир тутган, ўзи!.. Қув ёхуд маккор бўлганида раҳматли отасининг Макка ва Мадинада такя қурдириш ниятида ўттиз минг тилло васият қилиб қолдирганини уезд ҳокимига айтармиди?! Соясидан чўчиса, ҳатто ўз пушти-камаридан бўлган ўғил-қизларидан ҳадик-хавотирда яшаса етти ёт бегона, бунинг устига ғайридин Искандарни[1] гумашта қилиб олармиди?! Икки кўзнинг бири янглиғ ёнидан узоқлашмайдиган Ёқубхўжадан ҳам гумондор юрса, уни дўстми-душманми дея бош қотирса… одамнинг ҳар нарса бўлгани яхши эмасми!.. Йўқ, Миркомил бундай мужмалликка тоқати йўқ — у жини суйганга ҳам, суймаганга ҳам дилидагини ямламай айтган.
Извош кўтармадаги завод кўчаси муюлишига етди, бой «ана ёрилар, мана ёрилар» деган ўйда ҳамроҳининг қуюқ соқолига қараб қолди. Шунда:
— Тўхтат, извошни!.. — дея ҳайқирди бой.
Бир маромда йўрғалаб бораётган қўш-от сувлуғи туйқус силтаб тортилганидан пишқириб, тумшуғини тўшига босгудай бошини қийшайтириб тўхтади.
Извошчи «нима гап» дея ортига ўгирилиб улгурмай, бой тош йўлга сакраб тушди. Извошчи ҳам, Ёқубхўжа ҳам бойнинг муддаосини тушунмай, унинг изидан қараб қолишди.
Миркомил катта-катта қадамлаб, қоп орқалаган кишининг тепасига бостириб борди. Оғир юк остида икки букчайган киши бойни кўрди-ю, кўсак тўла қопни «тўп» этиб ерга ташлаганича тили калимага келмай, қўрққанидан салом беришни ҳам унутди.
— Қаёққа обкетяпсан, кўрнамак?!—Ўтакаси ёрилган киши дудуқланди. Бой унинг жавобига муҳтож эмас эди.— Куппа-кундузи ор қилмадингми?!
Чангга беланган, яғири чиққан оқ яктагининг енгини билагига қадар шимарган ишчи қулоқ-чаккасига бехос тушган тарсаки зарбидан чайқалиб бориб деворга суяниб қолди…
Извош завод дарвозасининг рўпарасига етгандагина Ёқубхўжа тилга кирди:
— Чакки қилдингиз, ака…
Ҳали ғазаби сўниб улгурмаган Миркомил «сен маҳмадоналик қилма» деган маънода ҳамроҳига қаттиқ ўқрайди. Ёқубхўжа эса бойнинг жаҳли чапақай чиққанига яраша босиқлик билан бўлса-да, ўпкалади:
— Аши, бир қоп кўсакни куппа-кундузн ўмариб чиқишига нима мажбур қилганини суриштирмадингиз-ку… Жўжабирдай жондир, ҳойнаҳой…
Извошчи отнинг яғринига тарсиллатиб қамчин босди. Миркомплбойнинг ўнг қоши тепага сапчиди.
— Жўжабирдай жон бўлса оиласини ўғирлик орқасида боққани маъқулми?!
Ёқубхўжа дарҳол жавоб қайтармади, извош завод ҳовлисига кириб тўхтагачгина бояги ўпкалапганнамо оҳангда мулойимлашиб деди:
— Одамларди кўнглига қаранг-да, ака… Ҳақ гапни айтаман деб… у ёқда Темурҳожини изза қипсиз…
Темурҳожини изза қилгани рост. Изза қилмаслик учун ҳақ тапни айтмаслиги керак, айтмаса… ахир, Миркомнлнинг хусумати йўқ, талашган мол-ҳоли йўқ, уни жин урибдимики, Темурҳожига душманликни соғинса!..
Нима бўлдию, элликбоши кўча бошида йўлиқиб, «Тақсир, қозиликка Темурҳожини мўлжаллагандик, сиз нима дейсиз?» деб сўради. Миркомил ортиқ ўйлаб турмади, «Хожи ҳалол одам, юртнинг хизматини қилсин» деди-қўйди. Орадан уч-тўрт кун ўтмай эшикка йуқлаб келишди. Бой ташқари ҳовлига чиқса, супа ёнида элликбоши билан янги қози — Темурҳожи қўл қовуштириб турибди.
— Келинглар, келинглар! Қани, ичкарига,— деди бой меҳмонхонага чорлаб.
Мехмонлар оёқ тираб туриб олишди.
— Бирров кирдик,— деди ўнғайсизланиб элликбоши.— Аши, ҳожингиз сира қўймади… Бир ният қилган экан…
Элликбоши гапини адоғига етказгунича қози тутуннинг боғичини ечиб, зарбоф тўнни қўлига олди. Миркомилбой келувчиларнинг муддаосини тушунди.
— Э, баракалла-а!—деб юборди у бошини чайқаб. Мезбон мамнун бўлди, деган ўйда ҳаракати дадиллашган меҳмонлар тўнни қўлга олиб улгурмай бой муддассини ойдинлаштирди:
— Бу ишларинг дуруст эмас… Бнр оғиз ризолигим эвазига ҳадя келтирибсизларми, ундан чиқди, ризолик бермаган тақднримда ортимдан тош отар экансиз-да?!
Темурҳожи икки қўллаб тутиб турган тўнни тушириб юбораёзди. Элликбоши тушунуксиз ғўлдиради:
— Йўғ-э, тақсир!.. Биз… ҳожингиз, оқ фотиҳа олай деб…
Миркомилбой ўзига етганча қайсар ҳам эди — у элликбошининг тутилиб-бўғилиб гапиришига қулоқ солмай, кўнглидагини охиригача айтди:
— Хушомадни бандага эмас, Худога қилинглар!..
Ёқубхўжа бўлса, «тўғри гапни айтаман деб душман орттирасиз» дейди. Ҳақ гапни айтгани учун душмани ортадими?.. Ҳақ гапни айтиш душманликми?.. Ахир у кимга, қайси, ҳамюртига ёмонликни раво кўрди?!
Феъл-атвори шундай экан, начора, бир юмалаб бўлак одамга айланиб қололмаса! Ҳақдан воз кечиб ҳар кимнинг кўнглига қарай олганида бир уй бойваччанинг бетига оёқ қўйгудай иш қилмас эди. Энди афсусланиш, пушаймонлар қилиш осон, лекин… табиатидаги кажбаҳсликдан қутулиш фурсати жон чиқар вақтига қолди…
Убайдулла жунфуруш Майлисойдаги заводига икки қур келиб уйига таклиф қилиб кетди. Айтилган куни Ёқубхўжани эргаштириб борганида бир уй меҳмон гурра қўзғалиб Миркомилнинг ҳурматини бажо келтиришди. Бой, ёнида Ёқубхўжа — уйнинг тўрига ўтиб жойлашиб ўтириб олгунча йиғилганларнинг қандай одамлар эканлигини, ҳатто бир-иккиси ўзаро маъноли кўз уриштириб олганигача пайқаб улгурди. Деразага яқин ўтирган Ғафуржоннинг туси гезарди. Берида — Ғафуржоннинг амакиси Ҳошимбой, сўнг пахта тижоратини энди-энди йўлга қўяётган Ниғмонбек! Уларнинг ҳеч бирида Миркомилнинг хусумати йўқ, хусумат қайда, йиғилганларнинг ҳеч бири Миркомил билан беллашадиган сармоя жамламаган, шу маънода ҳам бу давранинг посонгиси Миркомилбой учун хийла енгиллик қилиши аён эди.
Миркомил сир бой бермади. Илиққина суҳбатга гоҳ қўшилиб, гоҳ сўзсиз бош ирғаб ўтираверди. Тўсатдан Ҳошимбой гурунг мавзуини бузди:
— Закот — фарз! Закотдан бўйин товлаш бенамозликдан кам бўлмаган гуноҳи кабир!
Миркомил умр бўйи лойнинг ичидан чиқмаган кулолдай ранги заҳил Ҳошимбойнинг афтига чимирилиб қаради. Ёқубхўжа қуюқ қора соқолини қўл учида сийпалади.
Гапга гап уланди, суҳбатга ғийбат, фисқи фасод аралашди. Ким оғиз очса, айтганига Миркомилдан тасдиқ ишорасини кутар, бойнинг авзоидан эса на эътироф, на-да эътироз маъносинн уқиб бўларди. Ниғмонбек ҳам гурунгга қўшилди:
— Закот тўлаш ниятидаги одамнинг кўнгли тоза бўлмоғи лозим, — дедн у хотинчалиш овозига зўраки салобатли тус беришга уриниб.— Бизлар-ку, майда… давлатмандликни ҳавас қилувчилар, холос… эррайма[2] бойлар орасида ҳам закотга хиёнаткорлар бор экан…
Миркомилнинг тишига оғриқ тургандай кўзини бир зум юмиб-очди-ю, сир бой бермасликка уриниб, икки бармоғи билан иягини чимдиб олди.
— Ниғмонбек!..
Келишганидан бери илк бор овозини баралла қўйиб мурожаат қилган Ёқубхўжанинг салобати ҳаммани жим қилиб қўйди. Одатда, Ёқубхўжа гапни бошлаб қўйиб, хийла фурсат сукут сақлар, аксари ҳолларда, шундай сукутининг ўзиёқ бузуқ ниятли суҳбатдошни анча саросимага солиб қўяр эди. Бу сафар ҳам у худди гап бошламаган одамдай жим, лабини қимтиб кўзойнаги остидан Ниғмонбекка қадалиб қаради. У қайтиб тилга киргунича Ниғмонбек неча қизариб-неча бўзарди. Ниҳоят, Ёқубхўжа сукут билан азоблаш «машқи»ни маромига етказгач, сўради:
— Бу, кичкинтойни кулала қилдиларми? Ниғмонбекнинг баданидан совуқ тер чиқиб кетди.
«Ёмон чикитти-ку,[3] аблаҳ!» деб сўкинди ичида.
Миркомил енгил тортганини сездириб қўйиш маъносида бир қўзғалди. Ниғмонбек ўтган йилнинг жадйи кунлари ўғил кўрган, бойнинг ҳурмати учун унга «Комилжон» деб исм қўйган эди. Энди Миркомилга пичинг қилиб, уни ёмонотлиққа чиқармоқчи… Миркомил эса…— «ўша ҳурмати чинми, манави пасткашлигими?» деб мана, орадан беш йил ўтгач, мулоҳаза посангисига қўйиб-олиб, олиб-қўйиб кўраяпти… Оғзига кучи етмаганлар, «Миркомил айрим даромадларидан закот тўламайди» деб овоза қилгани бойнинг қулоғига етган, шуни эслади-ю, ўша машваратнинг нишаби қай томонга оғганини ўша пайтда қисман ва ҳозир тўла-тўкис пайқаб етди. Тўкин дастурхон теварагида ўтирганлар пинҳона кўзлаган муддао амалга кўчаётгандек бараварига бойнинг оғзига тикилди. Миркомил ҳеч бир даврада сўзини йўқотмас, умуман, тили қисиқлик нима эканини билмас эди.
— Закотдан баҳс кетди-и. Яхши… Ашнақа мунозаралар бошлаганда…— деди у ҳафсаласизлик билан бепарво оҳангда ва «тортишиб ўтиришга арзимайсанлар» дегандек, тўсатдан гапнинг думини юлди:
— Закот-ку, фарз, илло закотнинг олдида нима бор?..— Бой саволи жавобсиз қолишинн аниқлаштириб оладиган фурсат жим бўлди-да, ўтирганларнинг жон-жонидан узиб олди:—Ашнақа-да, закотдан аввал ушр бор… Закот тўлови хусусида эрраймалик қилишдан бурун ушрни тушуниб қўйсинлар…
Тижорат сўқмоғида энди атак-чечак қилаётган ҳамюртлари, диндошлари бу борада катта-катта кўчалар очиб улгурган Миркомилнинг оёғига осилишлари не учун керак бўлди?.. Ахир бой уларнинг мушугини «пишт» демади, аксинча, қаддини ростлаб олсин деган муродда нечтасига қарз берди… фақат Ғафуржон омонатга хиёнат қилди, иш қозигача етди…
Наҳотки, шу душманлик бўлса?! Кимсан, Миркомилбой шунча давлат, шунча иззат-обрўйни наҳотки ўз халқига душманлик ннятида тўплаган бўлса?.. Агар у ўз ҳумшаҳарларига ғайирлик қилса, Убайдулла жунфурушникида йиғилганларга: «Бир фаранги бойнинг завўдини Анжанга кўчириб келтирмоқчиман. Ашининг маслаҳатига бораман», деб айтармиди!.. Ахир ўша пайтларда барча бойлар топганини хорижга сотиш билан банд, завод қуриш ҳеч кимнинг етти ухлаб тушига кирмаган, беҳисоб даромад келтирадиган бундай ниятни ҳеч бир бой ошкор этмас эди. Лекин Миркомил шундай қилмади. Айтди. «Билса билсин, уддасидан чиққанлар ҳаракатга тушсин», деди… Дедию ўзига дўст эмас, ғаним орттирганини, у ғанимлар ўзга юртлардан келиб юртни, диёрни босиб турган ўрислар эмас, ўзининг ўзбеклари эканини… жуда-жуда кеч билди.
Кўпни кўрган Миркомилдек уддабурон инсон ҳам омади кулиб боққан одамни бегоналар эмас, аввалбош ўз яқинлари кўролмаслигини жуда-жуда кеч англади. Англагунига қадар… ҳамюртлари жонига ора кириш, уларни ўрис истибдодидан ҳимоялаш йўлларини излаб, саъй-ҳаракатлардан толмади. Култепага масжид, мадраса, мусофирхона, касалхона, ҳаммом қуришни режалаштирганида ўзининг манфаатини кўзламади, аксинча ҳаловатидан айрилди: шаҳар ҳокимияти вилоят ҳокимиятига, вилоят ҳокимияти ўлка губернатррлигига рухсат сўраб нома йўллади. Йиғину муҳокаманинг адоғи кўринмаса кўринмадики, иш жойидан силжимади. Уезд маҳкамасидаги йиғинга бойнинг ўзини таклиф этишди.
— Э-э, Миркомнл Мирмўминбаев ўзлярими?— кўзойнагининг тепасидан мўралаб савол қотди ҳашамдор стол юқорисида ўтирган семиз юзли, ҳарбийча энгил-бошли киши. Бу беписанд гап бойга оғир ботди. Ҳарбийча либосли киши саволини давом эттирди:—Та-акс, бу, страительствага цель нема? Цел-ль?!
Миркомил ҳайбатли, унча-бунча инсон зоти яқинлаша олмайдиган бундай маҳкамаларда шу қадар саёз, бемаъни саволлар берилиши мумкинлигини тасаввурига сиғдира олмас эди. У ҳайратидан ёқа тутиб турганида, бошлиқ татарбашара киши томонга шох ташлаб сўради:
— Целни нима айтамиз?
— Мақсад, муддао,—жавоб қилди татарбашара киши.
— Айтмоқчиман… Мақсад, муддаў нима қуришдан?.. Авторитет…— татарбашара киши, «обрў» деб илова қилди. Бошлиқ такрорлади: — Абру керакми-и?..
Энди Миркомил кўзларига ишонмади. Тушунтирай деса, бошлиқнинг столи устидаги семиз қоғоз тахламида кўзлаган барча нияту мақсадлари қайта-қайта баён этилган. Тушунтирмай деса, сўлқиллаган лунжини осилтириб ўтирган бошлиқ меровроқми?..
Бой ўйини ўйлагунича ўзини атайин довдиртабиат қилиб кўрсатаётган бошлиқ, қоғоз тахламини варақлай-варақлай, чеккасига икки қат қалин чизиқ тортилган саҳифасини очиб, Миркомилга синчков бўзрайди. Юзи, лунжи таранглашиб қизарди ва лабини қимтиб, лунжини шишириб татарбашара кишига нимадир деб пўнғиллади. Татарбашара киши бир қўзғолиб олгач, чала-чулпа ўзбекчалади:
— Бу қураётган учреждинлар фақат сартларға хизмет қиламиш икан, касалхонада только сартлар лечит қилар имиш, ҳаммомға пақат ерлик аҳоли пользоватся итармиш. Бу қандай гап бўлай?!
Миркомилнинг тарвузи қўлтиғидан тушди — мусулмонлар касалхонасининг талабларини, мусулмону кофир бир ҳаммомда ювиниши оддий инсоний одобга хилофлигини тушунтирмоқчи эди, бирдан ниятидан қайтди — у кўнглида туғилган тоза нияти не сабабдан беш-олти йилдан буён чўзилаётганини, ҳарчанд уринмасин, раҳматли отасининг васиятини рўёбга чиқара олмагани боисини тўсатдан — фавқулодда англаб етди. Энди ўйлаб кўрса, ҳарбийча кийинган бошлиқ илоннинг ёғини ялаган экан. У тарвузсимон юмалоқ калласини сарак-сарак қилиб кулиб-тиржайди ва:
— Вот, бунда,— деди стол жавонига имо қилиб.— Ку-уп севеденилар китирганлар. Так что… шутка кетмайди, бай! Давай, дружно, а то!.. .
Миркомил ўрисчани чала-ярим гапирар, унча-бунча тушунса-да, ўзини бу тилдан мутлақо бехабардек тутар, шу «ҳийласи» айрим ўринларда иш бериб қолар эди. Ўша сафар уезд маҳкамасидан чиқиб кетди ҳамки, бир неча кунга довур қулоғининг тагидан, тилининг учидан «дружно» деган сўз аримади. «Дружно, дружно… дўстона, иттифоқ, бирлик… ҳар ким уддасидан чиққан яхшилигини аямаса, савобни кўзласа, шум ният бўлмаса… Шу-да, дўстона яшаш!.. Савоб истасанг-да, савобинг бошқаларга гуноҳдек ботса, у ҳолда ким дўст-ким душман?! Севедениеси кўп эмиш. «Ку-уп севеденилар китирганлар» деди. Ҳай, истибдод мақсадида келган ўша ҳарбий бошлиқ тоифасидаги қорни, мияси тўла ғараз одамлардан гинаси йўқ, лекин унга ким севедени келтирган?.. Миркомилбой ҳақида кўплаб севедениларни ким унга етказиши мумкин?.. Искандардан шубҳаси йўқ, унинг атрофида айланишадиган бошқа ғайридин бўлмаса, у ҳолда ким уни сотади, ким?..» Турли давраларда йиғиладиган барча таниш башараларни бирма-бир кўз ўнгидан ўтказди — боши қаттиқ қотди.
Миркомилбой кўнглининг бир чеккасида айланишаётган шубҳани илғадию, илғагани тилига кўчишидан қўрқиб, ўзини чалғитишга тутиндн. Тутинса-да, «Наҳотки?!» деб такрорлайверди.
Ротмистр Розалион қалин муқова орасидан тепасига «Чақувлар» деб ёзилган варақни олиб, уни дахани ингичка полковникнинг столига қўйди. Хона соҳиби вараққа эриниб кўз югуртирди.
— Ишончлими?..— ҳомуза тортиб сўради у.
— Ҳар хабарига мўмай-мўмай олаяпти, жаноби олийлари!
Полковник «чақувчи» деган ёзув тўғрисидаги исмни ўзича шивирлади:
— Кел-ди…— ўқиб бир зум ўйга чўмди-да, бармоғини нуқиб туриб сўради: — Манавининг ўзи назоратдами?
— Худди шундай, жаноби…
Полковник «бас» дегандай кафтини қулоғига босди. Гапи бўғзида қолган ротмистр тисарилиб ташқарилади. Эшик ёпилар-ёпилмас полковникка жон кирди — у ўтирган жойидан энкайиб жавондан қоғоз тиқилаверганидан семирган папкани олди, очди ва охирги варақларга кўз югуртирди. Шошиб, ютоқиб ундаги сўзларни ҳижжалаб, янги келтирилган варақдаги ёзувларга солиштирди:
— Та-акс… Қори чакки эмас… Комилбойни Тошкангача қўшни купеда кузатиб борган… Бой Тошканда Олимжонбоев исмли купес билан учрашган… Та-акс… Олимжонбоев ҳақида… Мана, Содиқ келтирган… Тўхтабой Олимжонбоев!.. У билан ҳам алоҳида шуғулланамиз! Та-акс, бойнинг сарф-ҳаражати, банкдаги давлати Келдининг назоратида… Та-акс, яхши!..
Полковник янги келтирилган варақни қайта бошдан назардан ўтказаётиб бош чайқади. «Бундан хабаримиз бор», деди шивирлаб. Шу пайт телефон жиринглади. Полковник зўр бир мамнуният билан телефон дастагини қулоғига босаётиб, қоматини ростлади.
— Полковник Сошальский эшитади!
У тинимсиз бош ирғаб нималарнидир тез-тез қоғозга қайд қилди. Ниҳоят, кўрсатмалар тугади шекилли, тўсатдан овозини кўтариб: «Бор, жаноби олийлари!» деди топишмоқ топган боладай қарийб ҳайқириб, сўнг оромқурсининг қирғоғига кетини илинтириб ўтирди-да, янги маълумотни чўқиб-чўқиб ҳижжалади:
— Анжаннинг учинчи қисмида яшовчи Мадрайимҳожиникида… йиғин бўлди. Миркомилбой раислик қилди… Мазмуни — сарт ўғлонларни солдатликка жўнатмаслик маслаҳат… Даъват… ҳа-ҳа, ёзма даъват тайёрланган!..
Полковник жим бўлди. Бир оздан сўнг яна гапирди:
— Ҳа-ҳа, эртасига… мана, бор-бор, саҳарлаб Мирмўминбоев поездга миниб Скобелевга жўнаган. Фарғона губернаторини қўлга олишга уринган… Нима дедингиз?.. Маълумот келтирувчиларми… Ха-ха-ха-а!.. Э-э, жаноби олийлари, бу сартларга-чи, тўрт танга берсангиз Миркомил деган бой экану, ўзининг отасини сотади!.. Ҳи-ҳи-ҳи!.. Ўзимизнинг хуфияларга иш қолдирмайди булар!.. Розалионнинг бир ўзи, ҳа, бало у, бир ўзига йигирматаси тинимсиз маълумот етказиб туради. Ҳа-ҳа, ҳаммаси бир-бирининг кетидан қўйилган… Хотиржам бўлинг, жаноби олийлари!..
* * *
Миркомил тонгги ғира-ширада юк вокзали яқинидаги тепалик ёнбағридан хандақ қазиётиб Мадраимҳожиникидаги йиғинни, унинг эртасига Скобелевга борганини ҳам эслади. Ҳарбий ҳокимнинг эшигида узоқ сарғайиб ўтирди, алҳол, уни ҳокимнинг муовини қабул қилди.
— Анжандан қанча мардикор оласиз? — сўради у гапни чўзмай.
— Нима эди? — ўсмоқчилади муовин.
— Барининг ҳақини тўлаймиз! Бизнинг йигитлар Рассини ўрмонларида жон сақлаб яшолмайди. Совуқ!..
Муовиннинг ранги гезарди.
— Ў-ў!.. Давлатингиз шунчалик зиёдами?..— деб юборди энтикиб.
— Борини бераман… Тўлаймиз, лекин биронта фарзандимизни жўнатмаймиз!..
Миркомил зимдан иш битирадиган қув табиатли одам бўлганида ҳарбий ҳокимга келиб бор ниятини тўкиб сочармиди! Шундай одам бўлгани учун ҳам Содиқ, Қори, Келди… исмли юртдошлари, диндошлари кетида илашиб юриши, босган қадами, айтган сўзини оқизмай-томизмай пешма-пеш етказиб туриши мумкинлигини сира-сира тасаввурига сиғдиролмас, бу шубҳасинн ҳатто ҳозир ҳазм қилолмаётган эди. Лекин, мана, ўйлайдиган пайти келди, ҳаёт шундай экан-да, во ажаб! Ҳатто энг эзгу, савобли орзу-ниятингга етишмоқ учун ҳам ҳийлакорроқ, маккорроқ бўлишга мажбур экансан. Акс ҳолда, тубанлик ва маккорлик пардаси билан ҳимояланмаган энг тоза ва ҳалол ниятларингга ҳаётнинг ўзи муттасил тупуриб, уларни оёқ остида топтаб, тупроққа қориштириб ўтар экан.
Эҳтимол, Миркомил шу аччиқ ҳақиқатга риоя қилганида сургунма-сургун, қамоқма-қамоқ сарсон-саргардон бўлмас эдими!.. Атрофида лайча итдек гир-гир айланиб, дўқ-пўписа қилаётган аскарчанинг измига бўйсуниб шу саҳармардонда лой аралаш тупроқ кавламаётган бўлармиди?! Э-эҳ, фалак!..
Лоақал Истанбулда Анвар пошшонинг маслаҳатига қулоқ солганида…
— Туркистондан умидни қўпоринг, Миркомил сайим, бизим юрдда қолабилурсингиз,— деган эди Анвар пошшо.
— Мен бу ерда қолсам, болалар-чи, оиламнинг аҳволи не кечади?—деб эътироз билдирди Миркомил.
— Жужуқлардин, насллардин-да қайғурманг, сайим. Иншааллоҳ, уларни-да, бу ерда гўтаражакмнз. Ота юрдимиз ҳурият эдана қадар бизим Истанбулда яшая билурингиз.
Миркомил гўё Анвар пошшонинг таклифига розилик бергандек бўлди-ю, ичида нимадир узилиб кетди, қўл-оёғидан мадор қочди.
— Жужиқларни, наслларни кўчириб келармиз, пошшо ҳазратлари,— деди Миркомил қаҳратонда қолган одамдай совуққотиб.— Лекин ватанни қандай опкеламиз?.. Ватанни кўчириб бўлмайди-ку!..
Энди ўйласа, ўшанда Миркомил ичидан ёмон зил кетган экан, кўксининг аллақаерида «чирт» этнб узилган нарса энди бутук вужудига тарқагандек бемадор-бемажол… ўй-хаёлга ғарқ, қўли онгсиз, шуурсиз тупроқ қазир эди, холос… Тўйларда ғарчли бачкана этик кийиб хотинчалиш рақсга тушадиган баччалардек гирдикапалак бўлаётган аскарча маҳбус қазиётган чуқурча одамнинг белига келиш-келмаслигини чамалади-да, дам чуқурга дам чор-атрофга аланг-жаланглаб олгач «Бўлди, етади!» деди.
— Энди кунингиз битди, бой,— деди у тўсатдан ўдағайлаб.
Миркомил қулоғига ишонмай аскарчага ўгирилди. Ўгирилдию, қоши чимирилиб, юрагида санчиқ қўзғади. Ғудраниб, сўкинди.
— Қомилжон ака, шошилинг, қочишдан бўлак илож қолмади! — деди қўлга олинган кунга ўтар кечаси уйига яширинча келган дўстларидан бири.
— Тинчликми?—бамайлихотир сўради Миркомил.
— Эртаминан сизни ҳибс этишга буйруқ бор. Большовойларнинг нияти бузилди.
— Нияти бузилса менга нима?.. Менинг ниятим бузуқ эмас-ку! Ҳибсга неча қайта олди, тағин чиқиб келавераман-да!..
— Гапни чўзманг, ака, тонг отмай Анжандан чиқиб кетасиз. Зудлик билан Афғонга ёхуд Туркияга жўнайсиз. Хўп, денг!..
Миркомил қайсар эди — хавотирни ҳис этмай мийиғида кулди.
— Афғонминан Туркияда Худо бошқами?.. Ҳамма ерда Худо бир, пешонада борини ҳар ерда-да, кўраверамиз…
Дўсти йиғлаб юборди, саҳарда — кун ғира-шира ёришмай эса — бойни олиб кетишди ҳамки, мана, уч ой ўтаяпти: на сўроқ бор, на жавоб! Мана энди мишиқи аскарча бола «кунингиз битди» деб милтиқ ўқталиб турибди.
— Ё, раҳмдил эгам,—деб юборди Миркомилбой,— кимларнинг қўлига топширдинг қулингни?!
— Инқилобий трибунал қўлига!— бидирлади аскарча. Миркомил ҳибсхонадан олиб чиқишганидан буён кетида келиб хандақ қазигунича беш-олти одим нарида «чурқ» этмай босим тамаки тутатиб турган ўрта ёшлардаги кўзлари мовий соқчига маъносиз тикилди. У ҳамон жим эди, ўзбек бола яна бидирлади:— Ҳукм бор, ҳозир, ашетта бажо келтирилади!..
— Ўйлаб гапираяпсанми? Валдирайвермай, отингни айт, бола?
— Менга дўқ урманг, Мирмўминбоев! Аскарни ҳақоратлаш — инқилобни ҳақоратлашдир!..
— Отангди отини биласанми?
— Отамди отини нима қиласиз суриштириб, барибир отиласиз!..
Саҳар эпкини эсдию, Миркомилнинг димоғини янги қазилган тупроқнинг ёқимли иси қитиқлаб ўтди. Бой юзини хандақ томон бурди. Аскарча ҳамон нималардир дея бидирлайверди.
— Менга сув келтир, таҳорат олай!—чўрт кесди унинг гапини бой.
Аскарча бир зум вайсашдан тўхтадию, овозини баралла қўйиб хахолаб юборди. Зум ўтмай қўққнсдан кулгини бас қилди, бирдан жиддий тортди. Турқи гезариб, жуссаси инқилобий тус олди.
— Нималар деяпсиз, бой! Буйруқ қиладиган даврингиз ўтди. Энди пўписангиз кетмайди!
Миркомил оғир бурилиб, аскар ва аскарча томон ўгирилди, унинг мош-гурунч мўйлаби асабий титрар эди. Афсус-надомат ўрнини адоқсиз ва оғир ўйчанлик эгаллаётган нигоҳини кўтариб аскарчани бош-оёқ кузатди. Маҳбусдаги бундай ўзгаришни кўриб ҳайратини яширолмаган мовий кўз соқчи, ниҳоят, аскарчага қараб дўриллади:
— Нима деяпти?
— «Сув келтир» эмиш! Таҳорат қилармишлар! Таҳоратни ашиёқда қилади, энди!..
Мовий кўз соқчи тутақиб кетди.
— Одамнинг боласимисан, мол?! Ўзингнинг сартинг бўлса, мусулмон бўлсаларинг, охирги илтимосини бажарсанг ўлиб қоласанми, энағар!..
Аскарча қўрққанидан ерга ўтириб қолаёзди. Тиззаси қалтираб, энкайиб соқчининг ёнига милтиғини қўйди-да, қоқилиб-суқилиб қамоқхона биноси томон ғизиллади. Миркомил мовий кўз соқчидан апдиша қилганидан унга ортиқ қараб туролмади — шаҳар томон ўгирилиб олис-олисларга кўз ташлади. «Наҳотки?..» деди беихтиёр пичирлаб.
Орадан кўп ўтмай аскарча шошилиб қайтиб келди-да, Миркомилнинг оёғи остига обдаста қўйди. Бой икки-уч қадам четлаб ўтиб чўнқайди, таҳорат олишга киришди. Юз-кўзларини ювди. Яктагининг этагига, енгига артинди. Сўнг чакмонини хандақ ёқасига ўгириб тўшади-да, ортига ўгирилди.
— Менга қара, бола,— деди жуда майин-вазмин оҳангда,— икки ракаат бомдодни ўқиб олай. Сўнг қад ростлаб, «Аллоҳу акбар!» дуя қўл кўтарганимда отса отаверсин, тушунтириб айт, хўпми?
Миркомилбой «Муқаррар мовий кўз соқчи отади!» деган фикрда эди. Аскар бола жим бўлиб қолди. Хиёл фурсат ўтиб, «Яхши» деди бош ирғаб.
Миркомил яланг оёғи билан камзулининг этагида қад ростлаб на қўл, на кўз етмас Маккатилло ёққа узоқ тикилиб тошдек қотди. Шу алфоз хийла фурсат ҳаяллади, икки ракаат суннат намозини ўқимоққа ният қилди, қўлларини қулоқлари мақомига кўтариб, «Аллоҳу акбарр!» деди баралла. Субҳи содиқ сукунатида унинг овози гуриллаб чиқди, овозининг фавқулодда маҳобатли эшитилганидан ич-ичидан ғурурланди. Шу ўйда яна бир карра «Аллоҳу акбарр!» дегиси, шу каломнинг сеҳрли жарангига узоқ тин олиб қулоқ тутгиси келди-ю, ўйи охирига етмай қаттиқ силтаниб кетди. Шошилиб, «Аллоҳу акбар!» деб юбордию, ушбу калом сеҳрини яна бир бор вужудига сингдириш умидида иродасини жамлади. Икки курагининг қоқ ўртасидан яна бир қаттиқ зарб еди — қандай бўлмасин, мувозанатни сақлашга тутинди — хаёллари янаям сокинлашди: у намозни бошлаш учун ният қилиб улгурди, холос… Парвардигорнинг буюклик сифатини зикр этди, ҳа, баралла ёд этди… Энди суннатни, сўнг фарзни адо этади… Миркомил елкаси, бели аралаш устма-уст санчилаётган, аъзои баданини ўпириб-қўпориб ўтаётган қўрғошин сочмасининг гўё ўзига дахли йўқдек бомдод намозини адо этиш ниятида тинимсиз «Аллоҳу акбарр!» дер, башарти, бир сония ортига ўгирилса, кейинги кунларда тилидан тушмай қолган «Наҳотки?» деган қаттол саволга жавоб топар — зеро, мовий кўз соқчи бояги-бояги чеккада турганича тамаки тутатаётган, босар-тусарини йўқотган ўзбек аскарча эса талвасада устма-уст тепки босаётган эди… аммо-лекин Миркомил учун ўзидан чиққан ва бутун умр таъқиб этган душманини ўз кўзи билан кўриш орзуси ҳам ниҳоятда арзимас нимарсага айланган — унинг учун бу ёруғ дунёда холис ният-ла бошлаган сўнгги ибодатини адо этишдан муқаддасроқ мақсад-муддао қолмаган эди, бироқ ақлсиз ўқ узилаверди-узилаверди…
Миркомилнинг тилка-пора бўлган жасади ўзи қазиган хандаққа гурсиллаб ағдарилди…
[1] Александр Тимофеев Орскдан келиб қолган. 1909—1911 йилларда Миркомилбойга гумашталик қилган. Бой унга Искандар деб лақаб қўйган.
[2] Эррайма — кеккайган
[3] Чикитти — тагдор киноя қилди-ку, демоқчи.