Баҳорнинг илк кунлари. Дарахтлар куртак уриб, чинбарглар нишон бера бошлаган. Табиат ажиб бир гўзаллик касб этган. Қир-адирлар ям-яшил кўрпага ўранмоқда. Ҳаво салқин, намхуш. Кечга яқин шитирлаб ёмғир ёға бошлади. Ҳавонинг авзойини, қоп-қора булутлар қибладан бир текис «осилиб» келаётганини кўриб, Собирнинг юраги ҳаприқиб кетди.
«Агар мени севсангиз, ёмғир ёққан оқшомда келинг… Деразамиз ойнасини секин уч марта чертсангиз, бу сиз эканлигингизни биламан ва албатта, чиқаман. Чунки мен ёмғирни жудаям яхши кўраман…»
Бу жонбахш сўзларни ўтган йили ўн биринчи синф¬ни битирган, пахта терими тугагандан бери узун қиш холасининг уйида яшаб, чеварликни ўрганаётган Гулмира ёзган. У лўппи юзли, қошлари қоп-қора, бодомқовоқ, дўндиққина қиз. Қалин, узун сочларини доим иккита ўриб юради. Собир кузда онаси тиктирган халатни олиб келишга борганда уни лоларанг кўйлак-лозимда кўрди-ю, ҳаловатини йўқотди. Шундан кейин тикувчи аёлнинг эшигини кўп пойлади, бироқ қиз билан юзма-юз бўла олмагач, икки энлик хат ёзиб, таваккал уйига кирди ва «Сиз йигитлар учун ҳам кўйлак тикиб бера оласизми?» деб сўради. Унинг ниятини англамаган хола боплади: «Йигитлар бозордан олади-да, Собиржон. Бўйинг теракдай бўлсаям шунга ақлинг етмадими?». Бу гапдан қиз пиқ этиб кулди ва хонадан чиқиб кетди. Собир ҳам «кечирасиз, мен тикасиз, деб ўйлабман», дея ташқарига йўл олди. Хола ичкаридан туриб буюрди: «Гулмира, дарвозани ёпиб қўй».
Бу Собир учун айни муддао эди. У катта ёғоч дарвозани ҳатлаб ўтаётиб, Гулмиранинг қўлига мактубни тутқазиб кетди. Қиз эса кафтига чўғ тушгандай питирлаб қолди, аммо бирдан хатни халати чўнтагига яширди.
Эртаси куни Собир кечқурун ишдан қайтаётиб, ўз изҳори дил мактубида ёзган жой — тикувчининг оғилхонаси бурчагидан чиқиб турган болор тагига қўл суқиб кўрди. Учбурчак қилиб букланган қоғоз чиқди.
— Худога шукур-е! — деди қувониб. — Эътиборсиз эмас экан…
Унинг уйгача сабри етмади. Саттор дў¬кончининг «будка»си олдида мактубни ёруққа тутиб ўқиди.
«Ҳали мени ҳеч ким сиздай мақтагани йўқ эди. Мен ҳақимдаги чиройли сўзларингиз учун раҳмат, жуда хурсанд бўлдим. Аммо кеча холам билиб қолишига сал қолди. Билса, нақд ўлдирарди. Онамгаям айтиб берарди. Сиз энди холамникига кўйлакни баҳона қилиб келманг. Кетганингиздан кейин холам яна устингиздан кулди, ҳеч нарса деёлмадим… Бирор гапингиз бўлса, хат ёзиб, ўша ерга қўйиб кетинг…
Сиз айтган Қорақош…»
Бу сўзлар икки йилдан бери олийгоҳга киролмай, онасини ёлғиз қолдириб кетолмай, бир-иккита тенгқурлари билан қишлоқаро мардикор ишлаб юрган Собирнинг муҳаббатга ташна қалбига ҳаловат, оташ юрагига таскин бўлди. У энди қорақош Гулмирага тез-тез хат ёзар, мактублар мактубларга улангани сайин уларнинг қалблари ҳам янада жип¬сроқ боғланиб борарди. Собир қиздан учрашувга чиқишини сўрар, Гулмира эса негадир бир хил жавоб ёзарди:
«Агар мени севсангиз, ёмғир ёққан оқшомда келинг… Деразамиз ойнасини секин уч марта чертсангиз, бу сиз эканлигингизни биламан ва албатта, чиқаман. Чунки мен ёмғирни жудаям яхши кўраман…»
Бундай жавобни олганидан бери уч марта ёмғир ёғди, аммо учрашиш насиб этмади. «Балки бугун кўришармиз…» деган умидда турган Собирнинг хаёлларини онасининг маъюс, ўкинч ва изтироблар қоришиқ овози бузиб юборди.
— Болам, ёмғир ёғаверса, юрагим жизиллайверади. Ўтин олиб келиб, печкани ёққин. Яна мазам бўлмаяпти… Ошхонадан хабар ол, томчи ўтаётган бўлмасин. Ўтган сафаргидай ёғочга клеёнка михлаб, бир жойга тушадиган қилиб қўй. Тоғорага оқсин, тез-тез алмаштириб турасан. Бу аҳволда бирорта ёғоч синиб кетмаса, деб қўрқаман…
— Майли, она. Сиз кираверинг, ҳозир печкани ёқа¬ман.
Собир тандир айвонга қараб йўл олди. Тандир, ўчоқ, қишга ғамланган қуруқ ўтин, тараша, тутандириқ, барчаси шу ерда. У тўрт-бешта тараша, майда ўтин кўтариб келаётиб, яна осмонга қаради. Ёмғир тинадиганга ўхшамайди…
Тўқсонда ҳаво тўқсон турланади. Иморатларнинг соясидаги қор эримасдан, яна ёғингарчилик. Йўқчилик қурсин. Бундай пайтда йўғон чўзилади, ингичга узилади. Собир ўтган йили ёзда шиферлашга имкони етмагани учун амакилари билан ҳашар қилиб, ошхонанинг томига клеёнка тўшаб, лойсувоқ қилганди, сичқон тешдими, яна сув ўтяпти. Камига онасининг боди бор. Осмонга булут чиқса, бас, бели билан оёғида зирқираб оғриқ бошланади. Айниқса, охирги пайтда жуда қийнаяпти. Кузда даволатганди, лекин қишда яна қўзғаб қолди. Дори-дармон қилди, аммо бекор. Собир бундай совуққа печкани ёқиб, уйни иситиб, онасини ташқарига чиқармай ўтиради. Бироқ Гулмирага кўнгил қўйгандан бери аросатда қолди. Онасига қарасинми, учрашувга борсинми?
Уларнинг уйи икки хоналигина. Бир уй ва даҳлиз. Печка даҳлиз билан ичкари уй деворига ўрнатилган. Асосий қисми ва мўриси ичкарида. Уй яхши исиши учун мўрини бурчак қилиб, деразадан чиқарилган. Шифтда ёғоч тагидан зич қилиб терилган тахта қиши билан ёқиладиган печка исидан тўрга қараб қорайган. Ичкари уйнинг эшиги ёнига шкаф қўйилган, бир томонида онасининг, бир томонида Собирнинг кийимлари шалвираб осилиб туради. Ерга тўшалган учта қоқма гилам устидан «П» шаклида кўрпача тўшалган. Тўрда икки қатор тахмон. Бирида онанинг марҳум эри, Собир туғилгандан бир йил ўтмай оғир хасталикдан вафот этган турмуш ўртоғи билан кечган умри хотиралари ва ғуссалари сингиб кетган кўрпа-тўшаклар. Бир томонда Собирга атаб қавила бошлаган уч-тўрт кўрпа-ёстиқ, беш-олтита кўрпача. Ўртада бир ойнали, гулдор-нақшли тумбочка. Унинг юқори қисмига бўёқда «Бахт тўйингиз муборак бўлсин», деб ёзилган. Бу эр-хотиннинг тўйидан эсдалик. Устига ёстиқлар териб қўйилган. Уйнинг тўрдаги деразасига ташқаридан клеёнка михланган, ичкаридан эса эски чопон ёпиб қўйилган. Қишда очилмайди. Мўри чиққан деразанинг эса бир рахи очиладиган қилиб қолдирилган, унинг ҳам таш¬қи томонига клеёнка урилган. Деразалар тагидан тўшалган ўринда онаси кўрпага ўраниб ётибди.
Собир печкани ёқиб, устига чойдишни қўйди. Печка гуриллаб ёнар, уйни иссиқ ҳарорат билан бирга ўтиннинг ачимтир ҳиди тута бошлайди.
— Болам, печкада ўтин ёнаверади. Сен ошхонадан хабар ол.
Собир деразани очди. Этни жунжиктирадиган со¬вуқ ҳаво ичкарига урилди.
— Болам, ёп-е. Уй яхлаб кетди.
— Сал ис ҳиди кетсин.
— Уй ҳам, ўтин ҳам, ис ҳам ўзимизники, болам. Индама…
Улар бунга кўникиб кетишган. Печка ёқилдими, ис чиқади. Собир деразани ёпиб, ошхонага қараб йўл олди. Ошхона билан тандирайвон ёнма-ён. Кирса, тўрт-беш жойдан томчи томаяпти.
— Оббо… — деди у. Сўнг идиш-товоқ сўриси тагидан ўтган ёмғирда ишлатган клеёнкани олиб, стол устига чиқди-да, икки учидан тўрдаги болорга михлади. Қолган икки томонини бўсаға томонга михлагач, осилиб қолган клеёнканинг ўртасини мўл¬жаллаб тоғора қўйди. Бирдан тим-чик-так қилиб тоғорага сув туша бошлади.
— Пул бўлсайкан ҳаммасини шиферлаб ташласам…
Собир чиқиб, тандирайвонга қаради. У ерда ҳам бир-икки жойдан томчи ўтиб, ўтинларнинг устига, ўчоқ ёнига тушяпти. Томчи оғилларда ҳам бор, аммо йигитнинг қўли калта. Ёзи билан мардикор ишлаб топган пули рўзғорга, онасининг дори-дармонларига кетади. Она рўзғор ишларига ярамаяпти, кўп оғриб қоляпти. Собир ҳам онасини ёлғиз қолдириб яхши ишлолмаяпти. Қаерда бўлмасин, ҳар кеч уйга келишга мажбур. Собир бундай пайтларда, айниқса, рўзғорда муаммо кетидан муаммо чиқаверса, онаси кетма-кет оғриб қолаверса, хўрлиги келиб кетади. «Отам ҳаёт бўлсайди…» дейди.
У шундай хаёллар билан онасининг ёнига кирди.
— Болам, — деди онаси, — шкафнинг устида товуқмой бор. Шундан олиб, белимга суркаб қўй…
Доим шундай. Ёмғир ёғса, онаси оғриққа чидолмай, минг истиҳола билан ўғлидан белини товуқмой билан уқалаб қўйишни сўрайди. Собир онаси учун ҳам ўғил, ҳам қиз. Авваллари уяларди, энди тортинмайди, шундоқ кўрпа тагидан қўлини суқиб, онасининг белини уқалаб қўяверади.
— Борингга шукур, болам. Бу кунларимиз ҳам ўтарда… — Онанинг кўзларидан икки томчи ёш думалаб, ғуссалари ва гоҳ қувончли, гоҳ изтиробли хотиралари сингиб кетган ёстиққа тушади. — Илоё, тупроқ олсанг, олтин бўлсин, болам. Тақдир эканда, отанг раҳматли ҳаёт бўлганида, ҳаммаси бошқача бўларди…
Собирнинг ҳам қалби ўртаб кетади. Отаси ҳаёт бўлганида, бундай чорасиз ўтирмасди. Олийгоҳда ўқирди. Баҳорда ернинг тафти кўтарилгандан бошлаб, то қор тушгунча мардикор ишламасди. Балки, ҳозир Гулмира билан учрашиб турган бўларди.
— Собир, доим сенга бир гапни айтай деман-у, оғриқ билан чалғиб кетяпман. — Она гўё ўғлининг кўнглини кўриб тургандай маъюс сўз бошлади. — Қишнинг қора кунлариям ўтай деб қолди. Насиб бўлса, ҳадемай бегим кунлар келади, тишимиз кўкка тегади. Шу йил сени уйлантираман, болам.
— Э, она… — Собир бу гапни кутмаган эдими, бир қалқиб кетди.
— Аҳволимни кўриб турибсан… Кўнглингда бирор қиз бўлса, айт. Кунлар исиса, тоғаларингни олиб, совчиликка бораман.
Собир дув қизарди. Онасидан кўзларини олиб қочди.
— Неча типирчилаб қолдинг, болам? Адашмасам тикувчининг жиянида кўнглинг бор-а?
Гўё илкис бошидан совуқ сув қуйиб юборилгандай Собирнинг эти жимирлаб кетди.
— Йўғ-е, она, мен у қизни танимайман… — Собир ўр¬нидан туриб, печкага тараша солди. Яна деразани очди. Ёмғир ҳамон шивалаб ёғарди. Қоронғи тушяпти. Унинг қулоқлари остида Гулмиранинг мактубда битган сўзлари жаранглаб кетди: «Агар мени севсангиз, ёмғир ёққан оқшомда келинг…»
Собир деразани ёпиб, онасига деди:
— Қоронғи тушиб қолибди. Мен молларга емиш солиб келай.
— Майли, болам. Қайтишда ошхонадан яна хабар ол. Тоғора тўлиб кетгандир. Уй орқасидаги новдан бир хил сув тушишига қулоқ солиб ётибман, ёмғир тинадиганга ўхшамайди. Ҳа, Собир, ошхонадаги кадида тухум бор. Тўрттагина қовуриб кел, овқат ҳам қилганим йўқ. Чойни шу ердан дамлайсан. Кейин, товуқларнинг катаги ҳам очиқ қолиб кетмасин.
Ошиқ йигитга шунча ташвиш. Собир ташқарига чиқиб, яна кўкка боқди. Ёмғир забтига олган. Новлардан шариллаб сув оқ-моқда. «Тўлиб кетгандир…» деб биринчи ошхонага кирди. Ташвишланганича бор, тоғора тўлибди. Чиқариб сувни тўкиб, яна қўйди. Мол-ҳолдан хабар олди, емиш солди. Оғилхонанинг эшиги устидан ҳам томчи ўтяпти. Собир қўлидаги фонар билан шифтларга боқди, қолган жойлар қуруқ экан. «Худога шукур». У қўйхонани ҳам кўрди. Қуруқ. Фақат шу ошхона муаммо. Қайтишда товуқларнинг катагини ёпди. Ошхонага кириб, тоғорага тушган сувни ташқарига тўкиб, тағин тоғорани жойига қўйди. Примусни ёқиб, алюмин қозонда тўрт¬та тухум қовурди ва онасининг ёнига қайтди.
Она-бола қарама-қарши ўтириб овқатланишди, чой ичишди. Дастурхонга энди дуо қилишувди ҳамки, чироқ ўчди.
— Уйи куйсин, шу свет ўчмаса нима қиларкан-а… Болам, даҳлизда мойчироқ турибди. Шуни олиб келиб ёқ. Кўр-чи, ўзи керосини борми?
Собир дастурхонни йиғиштириб, даҳлиздаги стол устига қўйди. Мойчироқнинг шишасини чиқариб, аввал пахта тиқиб, яхшилаб артди-да, кейин гугурт чақиб ёқди. Уй ичи ғарибнинг кўнглидай ёришди. У мойчироқ билан ичкарига кирди ва бироз пиликни кўтарди. Хира нурдан онанинг юзи қорайиб кўринди. У яна тўшакка ётиб олганди. Собирнинг юраги шиғ этди.
— Она, яхшимисиз? Оғриқ пича қолдими?
— Анча яхши… — Онанинг овози аранг чиқди. Аммо бирдан кўзларини юмиб олди.
«Яна мазаси бўлмаяпти… Ё, худойим. Тонггача онамни соғ-омон сақла. Эрталаб дўхтирга олиб бораман…»
— Она, белингизни уқа¬лаб қўяйми? — Собир бориб онаси ёнига ўтирди.
— Индама, болам. Яхшиман… Сениям кўп қийнаб юбордим. Қиздайгина бўлиб хизматимни қилиб ўтирибсан. Баъзан сенга ўзим қилишим керак бўлган ишларни буюраман-у, она бўлмай ўлайин-а, дейман.
— Ундай деманг, она. Ҳаммасини тўғри тушунаман…
— Сени берган Худойимдан айланай… Илоё, бахтинг бутун бўлсин, болам. Яратган эгам севган бандаларига аввал синов бериб синаркан, кейин ўзи суюнтираркан. Илоё, ўзи суюнтирсин.
Она қисматидан куйиниб сўзлар экан, елкалари титраб кетар, кўзларини тез-тез юмиб оларди. Она-бола суҳбати ярим кечагача давом этди. Собир бир неча марта ошхонага бориб, тоғорадаги сувни тўкиб, қайтишда тараша олиб келиб, печкага солди. Ём¬ғир ҳам тинмади, онанинг оғриқлари ҳам қўймади. Собир ташқарига чиқса, Гулмирани ўйлайди, ичкарига кириб, онасининг аҳволидан куюнади. «Ёмғирда учрашмасам учрашмасман, у хафа бўлса бўлар, лекин онам соғ бўлсин. Бахтимга онам бор бўлсин. Онам соғ бўлсин…» Собирни хаёллар олиб кетар, онасининг белини уқалаганда эса ғуссага ботар, тезроқ ёмғир тиниб, тонг отишини кутарди…
Тонг отди, ёмғир ҳам тинди. Онаси туриб, гўё ҳеч гап бўлмагандек ишларига уннаб кетди.
— Сизни бугун дўхтирга олиб бормоқчи эдим, — деди Собир нонушта вақтида.
— Қўй, болам. Меники шундай бетайин дард. Осмонга булут чиқса, ёмғир ёқса бодим қўзийди. Бошқа вақтда отдайман. Ҳозир илик узилди пайт. Пул ҳам йўқ. Ёзда келин олсам, кейин даволанаман.
Собир бош чайқаб қўйди. Онаси доим шунақа. Йўқчиликданми, уни аяганиданми, доим даволанишни орқага суради. Кейин ўзи қийналади…
Баҳор ўтди, онаси дўхтирга ҳам бормади, ўғли севгани билан ҳам учрашолмади. Икки марта шундай хат олди:
«Ёмғир ёғаётган ҳар кеч сизни кутаман, аммо бирор марта келмадингиз-а?.. Яна сени севаман, дейсиз…»
Собир ҳам доим бир хил жавоб ёзди:
«Қорақош, мени кечир, тўғри тушун, онамнинг боди бор. Ёмғир ёғса, оғриб қоляпти. Ҳеч қаерга чиқолмаяпман. Аммо сени севишим рост!»
Наврўз байрами арафасида Гулмира холасининг уйидан кетаётгани, энди ўзларининг уйида тикиш қилиши, бошқа мактуб ёза олмаслиги ҳақида хат ёзиб қолдирди. Шундан кейин улар бошқа ёзиша олмади.
Орадан бир ой ўтди. Собир қишлоқда бир ҳовлида шериклари билан пахса ураётган эди. Ишдан келса, тоғаси билан амакиси меҳмонга келган экан.
— Жиян, — деди тоғаси ҳол-аҳвол сўрашгач, — опамнинг маслаҳати билан амакинг иккаламиз бир иш қилиб ўтирибмиз.
— Тинчликми, тоға? — Собир ҳеч нарсага тушунмай қолди.
— Сенга айтмай ўтган ҳафта бир жойга совчиликка боргандик. Худо ишимизни ўнглади. Бугун қиз томон рози бўлди. Қизнинг холаси бизга бир хат ҳам берганди. Ма, ўқиб кўр қани… — Тоғаси шундай дея унинг қўлига учбурчак мактуб тутди.
Хатни оларкан, Собирнинг аъзои бадани жимирлаб кетди. Уларнинг олдида ўқишга уялди, шарт ўрнидан туриб даҳлизга чиқди ва мактубнинг қатини ёзди.
«Ассалому алайкум, Собир ака. Яхшимисиз? Ўтган ҳафта совчиларингизни юборган экансиз. Ота-онам, уларга «Қани, катта-кичик бир маслаҳатлашиб кўрайлик», деб жавоб беришган бўлса ҳам кўп ўйланишди. Отаси йўқ экан, онаси сал бетоб экан, бошқа қишлоқ экан, дейишди. Аммо мен сезган ва мен қувонган бир гапни айтишди. «Бемор онасига қараб ўтирган, керак бўлса, оғриққа чидолмай қолган онасининг белларини уқалаб қўйишни ўзининг бурчи деб биладиган ўғилдан ортиқ оқибатли йигит борми?» дейишди. «Мен ёмғирни яхши кўраман, сизни ёмғир ёққанда кутаман», деган ёлғонларим учун мени кечиринг. Булар, аслида, сизни синаб кўриш учун эди. Онангиз кузда холамга кўйлак тиктиришга келганида боди борлигини айтиб, холам билан роса дардлашганди. Мен уларнинг ёнида эдим. Холамнинг ҳам боди бор. Ёмғир ёғса, оғриб қолади. Ҳамма болалари бошида парвона бўлишади. Уларнинг онасига меҳрибонлигини кўриб, ҳавасим келади…
Сизни синаганим учун мени кечиринг.
Онасини яхши кўрган йигитни мен ҳам севаман.
Сизнинг Қорақошингиз…»
Собирнинг бутун вужудини ёқимли бир ҳарорат эгаллади. Мактубни қайта ўқишга тушди. Шу пайт унинг елкасига кимдир қўлини қўйди. Қараса, онаси. Кўзларида ёш. Ўғлини маҳкам бағрига босди.
— Раҳмат сенга, болам. Сени берган Худойимдан айланай…
Она-бола кўзларини артиб ичкарига киришганида, амаки билан тоға тўйни қандай ўтказиш ҳақида суҳбатлашишарди…

