Хайрулло. Қаърим (ҳикоя)

«…тортанак алфоз яшайверибмиз»
Бахтиёрга

Баҳайбат бўшлиқдан — истакнинг қутурган бўронларида оққанича бино бўлганди баҳайбат бўшлиқ… Шаклга солинган, Қаҳр, Меҳр, Дард, Қувонч шаклли шамоллар эсарди унда… Улар уста эдилар. Ҳуштак ясашарди шамоллар, мен ўша ҳуштакларнинг биттаси — номсиз шакллиги эдим.
У сиёҳранг Қайғунинг кўзларини излаб чарчарди, қўланса ҳидга кўникарди ва одатийликка айлантиришни истарди одатийликни… Эплолмасди. Деразанинг мўътадил ва сабабсиз йиғлаётганини кўриб ачинарди. Йиғлаётган дераза эмасди. Ёмғир бу. У шундай ўйлади:
«Ёмғир — сонияларга сочилган бетакрор мусиқалар ёғини…»
Мусиқалар ёғаётганди, кўлмак мусиқахўр…
У кўзларини юмса, фақат битта тасвирни кўради, айни дамда даҳшатли давомийлик қийнайди, гўё кўзларини ҳеч қачон очмайдигандек, гўё… (ойдин тунда шам кўтариб кетаётган роҳибсифат озғин зот).
— Садақа бўлсин йўлларингга қуёш нури, тўхта!
Шам тугамайди, йўлнинг охири йўқ,.. тўхтамайди, у эргашади, кетаверади, кетаверади, товонлари, оёқлари, қўллари, боши ёйилиб кетади — кўзлари қолади, эргашади.
Қилтириқ савол:
— Қаёққа?
Кўзлар жавоб беришмайди, эшитишмайди кўзлар.
Йўл эса равондан равон, мармардан силлиқ, ҳеч ким қувмаяпти, шошмаяпсан. Роҳибсифат зот бир маромда (эзиб юборади унинг оёқ товушларидан чиқаётган саснинг такрорийлиги) илгарилаяпти.
Чидолмади, кўзларини очди. Қараса, осмонда… Хўрсинди — ой қалқиб кетди, юлдузлар шувиллаб тўкилди. Наҳот яшаб қўйди мангуликни? Қани роҳибсифат зот? Кейин, йиғлади… Заминга қадар тизди кўзёшларини ва қайтди уларни босиб. Садоқатнинг Хиёнатдан орттирган ёлғиз фарзанди қимирламай ўтирарди. Тиловат айлади ўладигансимон…
«…пешонамдаги ёзув қайси тилда, Қайғу? Қанотларинг нимага ўсмайди, нега қирқдим қанотларингни, о, кет энди, кет…»
— Сени узоқ излагандим, излаш ёлғон экан, сени узоқ топмагандим, топиш ёлғон экан… билсанг, айтиш оғир эди, кечир мени… Сени севаман…
У Қайғу саҳросидан денгизга қочади, у истамаганди буни, ооо!
Ёмғир оппоқ қорга, қор оппоқ қарғаларга айланади.
Кўзларини қулфлайди ва яна ойнинг… видоранг нурлари остида қўлларида шам билан, ортига ўгирилмай қаёққадир кетиб бораётган роҳибсифат зот кўринади…
Сукунатнинг ўлимидан кейин бошланади ҳаммаси. Ҳатто Сукунат овози эшитилмайди, у эса маҳтал. Тошдай оғир Савол — савол беради:
— Тегирмонтошни қайдан топдинг?
— Мен, ахир, тегирмонтош билан туғилганман.
Савол жавоб қилади:
— Мен эса тегирмонтошнинг остида туғилдим, кечир…
Ўғринча бажаради энди у одатий ҳолларни. Тундай баҳайбат ҳайвон қўйнида тегирмонтош ҳақда ўйлайди-ақида. Қўлига гугурт олиб, шамни ёқади. Туннинг куйган терисидан ҳид таралади — нохуш.
Тун тушунади. Тун чидайди, тушунса нимага чидайди, о!— ҳатто, Тун тушунмайдиган туйғу измида хонасидаги жамики жамиларни деразадан ирғитади. Улоқтираверади, улоқтираверади — намозшомгуллар йиғлайди, намозшомгуллар…
Денгизда довул ичра қолган кемадай саросар чайқалади.
— Туғилмасимдан аввал маконим қаер эди, айт, биродар?
— Билмадим…
— Юр, ўша билмадим юртига кетамиз.
«…энди нима қиласан, Қайғу?»
Ҳаммасини бир сўзда ифодалаб, шуни янчмоқ истайди. Ифодалайди: «Дунё».
— Сен қудратли эмассан.
— Шуниси алам қилади-да.
Ориқ тизлари остидан паноҳ топган бошини кўтаради — девор-девор-дераза-дераза-шифт-девор-девор-ер-ер-оёқлари-Дунё, о! Шунча ўқилмаган ёзуви билан қаёққа ирғитсин бу бошни? Намозшомгуллар йиғлайди…
У кўзларини юмса… (адоқсиз куй йўқ-ку, барибир, адоқсиз куйдан оғрийди — адоқсиз куй оғрийди, оғримаса нимага оғритади: қақшатқич умидсизликнинг умиди бор бунда: агар одамнинг битта бармоғи кесилган бўлса, қандай қилиб умидланиш мумкин бармоқнинг қайтадан ўсмоғига?… Қаердадир, қўл етмас олисликдаги яқинликда, ойпарастдай шам кўтариб, тўрт томонга бирваракай кетаётган роҳибсифат зот кўринади).
Қайғу савол туғади — каттакон.
— Сенга содиқмикин кимдир менчалик?
Сайёҳ хаёлларнинг охири битта — Ўзан.
Хона шип-шийдам. Ҳаммасини ирғитди. Уни, ўнгдами-чапдами ўтирган уни ирғитолмади. Қайғу уввос солиб йиғлайди: «кимсасиз эканман!..»
Йиғлаган сайин кўзларининг, кўринмас кўзларининг оби ҳаёти остида мажруҳ, қанотларидан ҳур патлар ўсиб чиқади…
— Сени узоқ излагандим — гулда тош унмас экан… Мен Сени топгандим, қуш сути эмган Анқонинг уруғи. Мен энди Сен Излаганга… қул бўлгани кетдим…
Қайғу ивиган қанотларини ғанимида қасоси қолган суворий отини етаклагани каби судраб кетади. Эшик ёпилиб, деразанинг очиқ кўзларидан қанотлари бус-бутун Оқ учиб киради.
— Мен Сен Излаганни ташлаб келдим.
У кўзларини…
…ойдин тунда-осмонга-ёшлардан-тизилган-зиналарда шам кўтариб чиқиб кетаётган роҳибсифат зот кўринади.
— Тегирмон тоши остида тегирмонтош билан туғилмайдилар, Худойим!..

«Шарқ юлдузи» журналининг 1991 йил, 2-сонидан олинди.