Хайриддин Султонов. Тўқчилик ва йўқчилик (ҳикоя)

Раҳматулла хотиндан ёлчиган эди. Буни дўстлари ҳам, душманлари ҳам якдиллик билан эътироф этардилар. Чиндан ҳам, Нозимахон эрни эр қиладиган аёл эди. У асли марғилонлик, Кумушбиби юртидан; кулча юз, нозик қад, кўзлари доим кулибгина туради, қоп-қора, сунбул сочларини кестирмаганида албатта тақимини ўпарди. Раҳматулла эса самарқандлик, дашту далалар фарзанди. Улар Тошкентда ўқиб юришганида тасодифан бир зиёфатда танишиб, битирар йили турмуш қурдилар, ўқишни тугатгач, ризқ-насиба экан, шаҳарлик бўлиб, пойтахти азимда яшаб қолдилар.
Ҳар бир нарса каби меҳр-муҳаббатнинг ҳам аввали, авжи ва поёни бўлиши табиий. Раҳматулла тўйгача Нозимахонни телбадек яхши кўрарди, тўйдан сўнг, не-не йигитларни куйдириб уни деган шундоқ сулувни буткул ўзиники қилиб олганидан кейин, эҳтирослар совиб, ақл-ҳуши тиниш ўрнига хотинини илгаригидан кўра юз чандон кўпроқ яхши кўриб қолди. Нозимахоннинг тили шакар эди, кўзи, сўзи, вужуди пок эди, бир табассум билан оддий, нурсиз лаҳзаларни беқиёс байрамларга айлантириб юбора оларди.
Раҳматулла серфарзанд оилада, туйғулар кўз-кўз қилинавермайдиган, муносабатлар бир қадар вазмин-сипо хонадонда ўсган, меҳрга зор эди ва шу булоқдан симирган сари ташналиги тобора ортиб борарди.
Тўртинчи йили — иккинчи ўғиллари Элзод олти ойлик бўлганида Раҳматуллага ишхонасидан квартира берилди. Шу кунгача у хотини олдида мудом хижолат чекар, шундоқ аёлни ижарама-ижара саргардон қилиб юргани учун ўзини гуноҳкор сезар эди. Лекин шу чоққача Нозимахон унга таъна-дашном қилиш уёқда турсин, бу тўғрида чурқ этиб оғиз очмаган эди. Ҳисобсиз кўч-кўчлар, феъли тор кампирларнинг қош-қовоғи, зулукдай сўрадиган ижара ҳақи… буларнинг барчасига у матонат билан дош берар ва шу матонати Раҳматуллага тоғдек юрак бўлар эди. Беҳзод, тили энди чиққан пайтда, қўлчаларини ёнига ёзиб, бошини қийшайтирарди-да, икки гапнинг бирида: «Ана, энди тамом!» деб қўярди. Нозимахон бениҳоя завқланиб, ўғилчасининг шу қилиғини ўзлаштирган, навбатдаги ижара можароси чиққанида, кулимсираб, «Ана, энди тамом!» деб жилмаяр, унга қараб Раҳматулла ҳам кулиб юборар, шу тариқа кўнгилсизлик кулгига айланиб кетар эди. Кулги аралашгач эса, ҳар қандай даҳшатнинг ҳам даҳшатлик ери қолмайди.
Ниҳоят, ҳаммаси ортда қолди. Энди уларнинг ўз уйи — ўлан тўшаги бор. Энди кўнгиллари тусагандек яшайдилар, ҳеч ким уларнинг мушугини пишт демайди, деёлмайди. Кўчиб келган куни Раҳматулла ич-ичидан ният қилди: ўлмасам, бу уйда бирор кун ҳам хафагарчилик бўлмайди!
Дарҳақиқат, бу хонадонда то кечаги кунгача бирор киши товушини кўтариб гапирмади, болаларнинг хархашасидан бошқа бирор йиғи овози эшитилмади.
Ҳаммаси орасталикдан бошланди.
Нозимахон каталакдек ҳужраларда яшаган пайтларида ҳам эртаю кеч ҳаммаёқни қатрон қилиб ётарди, иссиқ сув, совуқ суви муҳайё уйга етишгач эса, тағин худо берди: кўз кўргандан кўз кўргунча атрофни чинни-чироқ қилиб ялаб-юлқаш билан овора. Раҳматулла баъзан кечқурун ишдан қайтиб, уйини таниёлмай қоларди: диван у ёққа сурилган, стол бу ёққа, гулдонларда анвойи гуллар… Хоналар ёруғ, ҳар томон ораста, болалар озода, бири-биридан ўзиб салом берган… Бош чайқаб, мийиғида кулимсираб қўярди-да, ювингани кириб кетарди. Остонада сочиқ узатиб турган Нозимахонга шунинг ўзи кифоя, яшнаб яшариб, оёғи олти бўлиб ошхонага югурар эди. Сўнг, қутичадек телевизорни вағиллатиб қўйганча, овқатлангани ўтиришарди. Раҳматулла тўрда, чуғурчуқдек чуғурлашган икки ўғилчаси икки ёнида, дастурхонда ҳил-ҳил пишган таом, пойгакда — аллақандай баҳорий либосда ўн саккиз яшар пайтидагидек очилиб кетган Нозимахон… Шунда бу хонадоннинг ҳавоси бахт билан тўлар, эшик-деразалардан саодат ёғдулари кнриб келаётгандек туюлар эди. Беҳзод билан Элзод ўйинчоқ талашиб, уришиб-кулишиб, ниҳоят, ҳориб-чарчаб, таппа ташлаганча ухлаб қолар, Раҳматулла уларнинг пахмоқ сочларидан, пешонасидан суйиб, жой-жойига ётқизар, сўнг диванга ёнбошлаб, ҳар хил олди-қочдилар битилган ёстиқдай-ёстиқдай кнтобларни ўқишга тутинар ва уларда зикр этилмиш воқеаларга ишонар эди. Нозимахон нариги хонадан болиш келтириб унинг ёнбошига қўяр, зум ўтмай пастак столча устида бир чойнак аччиқ чой, тақсимчада тўртта қора майизми, бир бўлак ҳалвоми — бирор ширинлик муҳайё қилар эдида, ўзи тағин купдалик юмушларини тўхтаган жойидан давом эттирарди. Раҳматулла аста чой ҳўплаб хаёл суриб ётаркан, қалдирғоч уясидек хонадонини, мўъжазгина бахтини ўйлар, кўнгли ёришиб, нимадир яхши ишлар қилгиси келар эди.
Вақт алламаҳалдан оққанда ётоқ бўлмасига кириб қўштўшакка чўзилар, худди чиллали куёвдай энтикиб, Нозимахоннинг кириб келишини интизор кутиб ётар эди.
Кута-кута кўзи илинганини сезмай қоларди.
Нозимахон қушдек енгил қадам билан, сассиз кириб келарди — шунда у муқаррар равишда уйғониб кетар, юраги бир ширин титраб, хотинига мўъжизага тикилгандек термилар эди.
Нозимахоннинг бўйнидан, юз-кўзларидан, сочларидан соф, сарин бир ис анқирди — гўё ҳозиргина поёнсиз бир чаманзорни оралаб, даста-даста гул тергандек… Бу муаттар, хушбўй ҳидлар уни эс-ҳушидан айиргудек маст қилиб қўярди. Икки йил бурун Москвага командировкага борганида бор пулига ўғилларига кийим-кечак билан хотинига атаб ўнта ангишвонадек шишада фаранги атир олиб келган, ўшандан буён ҳар кечанинг ўз таровати, ўз элитгувчи бўйлари бор эди.
Бироқ, Нозимахон уни ҳаддидан оширмас, кўзларини, қовоқларини силаб:
— Ухланг. Эрталаб туролмайсиз, — деб мулойим шивирлар эди.
— Майли, — дерди у қувончдан, бахтдан, муҳаббатдан кўкси тоғдек юксалиб. — Майли…
Ҳаммаёқ осуда, қоронғи, фақат хонада тунчироқнинг нимтатир заъфарон ёғдусию икки ошиқ қалбнинг безовта дукури ва суҳбат — адоқсиз, алдоқсиз, орзу-хаёлдан, кулги ва табассумлардан, болаларнинг ширинлигидан, яхши кунлар ёди ва умидидан шарҳи ҳол айлагувчи суҳбат…
Улар куни кеча қовушган келин-куёв эмас, қарийб беш йиллик эр-хотин, аммо тунлари бир-бирига айтадиган, айтиб адо қилолмайдиган гаплари шунчалар кўп!..
Ана шундай бахтиёр кечаларнинг бирида Раҳматулла шифтга хаёлчан тикилиб ётган хотинига:
— Ишхонадагиларни бир чақирсак бўларди. Мен ҳам кўп борганман «уй тўйлари»га… — деди.
Нозимахон, кўзлари юлдуздек чақнаб, унинг тўзғиб кетган сочларини паришон силади, алланечук ҳазин оҳангда:
— Ҳозир-а? Қўйинг-э, — деб пичирлади.
— Нега?
— Аҳволимизни қаранг!
— Аҳволимизга нима қипти?
Нозимахон беозор кулимсиради:
— Сал у ёқ-бу ёғимизни тузатиб олайлик. Ҳалиям студентга ўхшаймиз.
Раҳматулла қизарди, лекин сир бермай, иягини бепарво қашиди:
— Э, нима қиларди! Бизнинг ишхонада бунга эътибор берадиган одамнинг ўзи йўқ.
— Нега йўқ бўларкан? Муаттар Зокировна-чи? Лобархон-чи?
— Қизиқмисиз! — деди Раҳматулла бошини кўтариб.
— Билмайсиз-да, аёл зотининг бунга эътибор бермайдигани бўлмайди.
Раҳматулла нимадир деб ғудранди.
— Албатта чақирамиз, чақиришимиз шарт, — деди Нозимахон, — мен розиман, фақат кейинроқ, хўпми? Шу билан ишхонангиздагилар бизникига яна қачон келишади-ю…
Раҳматулла хотинининг ҳақ эканини ич-ичида тан олди.
У кичкинагина бир лабораторияда илмий ходим бўлиб ишлар, ҳамкасблари билан салом-алиги жойида, Нозимахоннинг магазинма-магазин елиб-югуриб, чақмокдек кийинтириб қўйгани учунми, кўпчилик уни «бойвачча болалардан» ҳисоблар ва очиғини айтганда, бу эътироф кўнглининг аллақайси бир жойларига хуш ёқар, ўзгалар назаридаги шу мартабадан тушиб қолиш ҳисси хийлагина кўнгилсиз туюлар эди. Нозимахон тўғри айтади, меҳмон чақиргандан кейин бирйўла манзур бўладиган қилиб чақириш керак. Дунёда лаб бурчига яширин мурувватомуз табассумдан кўра оғир нарса йўқ. Демак, даставвал у ёқ-бу ёқни тузатиш лозим, ундан кейин…
Аммо Раҳматулла эртаси уйига разм солиб, дурустроқ мулоҳаза юритиб кўрсаки, у ёқ-бу ёқни эмас, ҳаммаёқни тузатиш керак экан. Энг аввал, тузукроқ мебель даркор — уч хонали уй ютаман деб ҳувиллаб ётибди, деворлар яланғоч… Топган-тутгани ҳозир оиладан ортмайди, Нозимахон яна олти ойча уйда ўтириши керак — сентябрда Элзод бир ярим ёшга тўлса, кейин…
Ўша кундан бошлаб Раҳматулла хўжалик магазинларининг доимий томошабинига айланди. Киради, кўзи ёниб, антиқа хорижий мебелларга термилади, фикран уйига қўйиб, чамалаб кўради, акси тушиб турган ярқироқ жиҳозларни астагина силайди, сўнг… жимгина чиқиб кетади.
Ниҳоят, у хаёлий режалардан чарчаб, узил-кесил қарорга келди-да, бир кечаси хотинига ниятини айтди:
— Бунақада бўлмас экан. Ишимни ўзгартираман.
Нозимахон қўрқиб кетди:
— Нега?
У дилидаги ҳамма гапни ошкор қилди. Нозимахон кўзига ёш олди: «Қўйинг, борига бозор, оз бўлсаям баракасини берсин, бир кун яхши бўлиб кетар…»
— Қачон келади ўша яхши кун? — деди Раҳматулла кулимсираб, — Мана, ўттиздан ошдим, умрнинг ярми ўтди ҳисоб.
— Яқинда мен ҳам ишга тушаман, ҳадемай, ҳарна… — Нозимахон юзини унинг кўксига босди.
— Мен кўп ўйладим, Нозимахон, — деди Раҳматулла хаёлчан. — Бошқа иложи йўқ. Менинг ҳам кечқурун бахмал креслоларда ястаниб, рангли телевизор томоша қилгим келади. Шанба кунлари ўғилларимни, сизни машинамга ўтқазиб, далаларга опчиққим келади. Уйга тўртта одам келса, сизни уялмасин, дейман.
— Вақт-соати билан бўлар, — деди Нознмахон. — Лекин менга ҳеч нарса керак эмас. Сизу болаларим омон бўлса бас.
— Бу юришимда вақт-соати сираям келмайди, — деди Раҳматулла қатъий, — Чол-кампирдан ёрдам йўқ, биласиз. Ҳали нечта укаму сингиллар қаторлашиб турибди. Иложини топсам, мен уларга қўл қоқишишим керак. Хуллас, аҳвол шунақа. Ҳамма умид энди ўзимиздан.
— Илмий ишингиз нима бўлади? — деб сўради Нозимахон анча жимликдан сўнг.
— Э! — деб бепарво илжайди Раҳматулла, — Илмий иш дейсиз-а, Нозимахон! Мен дунёга келиб энг зўр иккита кашфиётимни яратиб бўлдим: бири Беҳзод, бири Элзод!
Нозимахон унинг юзига оҳиста уриб қўйди.
— Очиғи, мана шу колбалар мени сира-сира қизиқтирмаган, — деб давом этди Раҳматулла. — Ўқишга кириб, шунча йил шаҳарда адашиб-улоқиб юришларим бемаъниликка ўхшайди-ю, лекин аслида бунда катта бир маъно бор: бўлмаса, сизни учратмасдим-да!
У шундай деб хотинининг елкаларидан қизғин меҳр билан қучди.
— Энди нима бўлади? — деди Нозимахон секингина.
— Эндими? Энди яхши бўлади. Армиядаги касбимни қилавераман, биринчи класс шофёри, гулдек ҳунар, ҳамма жойда жон-жон деб ишга олишади. Ишлайман, ишдан одам ўлмаган, сиз ҳам биргалашасиз, уй-жойимизни тузатиб олгандан кейин…
— Пенсияга чиқамиз, — деб кулди Нозимахон.
— Э, йўқ, шошманг-да унақа! Кейин, битта пучуқ қизчамиз туғилади, отини Қундуз қўямиз, менга шу исм жудаям ёқади…
— Бекор айтибсиз! — деб эркаланди Нозимахон. — Мана шу иккита безорингизнинг ўзиям…
— Безориларни уйлантириб қўямиз — жазоси шу! Мен ҳам сизга уйлангунча қандоқ безори эдим, эсингиздами? Қаранг, мана энди, бинойидек қуюлиб…
— Ҳо-о, қаёқда, суюлиб кетяпсиз-ку! — деди Нозимахон жилмайиб ва бир зум ўтгач: — Соат неча бўлдийкина? — деб сўради.
— Соат… айни вақти бўлди! — деди Раҳматулла кўзлари чақнаб.
— Йўқ, йўқ, шошманг. Шошманг, ростдан ишни ташламоқчимисиз?..
— Уф! Тағин сўрайди-я! Дадангиз темирчимас-ку! Душанбадан «РАФ» минаман, бир қурилиш ташкилоти билан келишиб қўйганман. Ўчирмайсизми чироқни?
— Менга қаранг, — деди Нозимахон, — шунчалик зарур бўлса, битта-яримтадан қарз олиб тура қолайлик? Кейин ишлаб-ишлаб узармиз. Ҳаммаям шунақа қилса керак?
— Кимдан оламиз?
Узоқ жимлик чўкди.
— Ойимларнинг олдиларига бориб келсаммикан?
— Ойингиз бизни жудаям яхши кўрадилар, — деди Раҳматулла ўйланиб. — Ҳатто жонларини беришга ҳам тайёрлар, биламан. Лекин ҳозир бизга жон эмас, беш-олти минг сўмгина пул керак, холос. Аммо ойингиздан олмай ман. Нега олмаслигимни ўзингиз яхши биласиз, тўғрими?
Нозимахон индамай, индаёлмай қолди ва қайтиб бу хусусда оғиз очмади.
— Бари бир ишингизни ташламайсиз, — деди бир маҳал. — Шунча йил ўқиб… Майли, кўп емасак, оз ермиз, озгинадан жамғариб борсак ҳам…
— Йўқ, — деди Раҳматулла кескин қилиб, — уй-жой деб бола-чақани сирмайман. Мениям ўғилларим ҳамманинг боласидек соғ-саломат ўсиши керак.
— Илмий ишдан кетар экансиз, унда, шаҳарда қолиб нима қилдик? — деди Нозимахон пича ранжиб, — Қишлоққа кета қолайлик?
— Қайси қишлоққа? — деб кулди Раҳматулла. — Самарқанддаги қишлоққа сиз арқон билан боғласа ҳам бормайсиз, мен ҳам шаҳри Марғилонга Отабек бўлолмайман. Демак, ўз-ўзидан равшанки, биз фақатгина нейтрал зонада яшашимиз мумкин.
Шундай деб, ўзининг топқирлигига ўзи ҳам ҳайрон илжайди.
Шу-шу, уларнинг подъезди қаршисида ҳаворанг «РАФ» дам-бадам кўзга ташланадиган бўлиб қолди.
Кузга бориб Нозимахон ҳам ишга тушди. Уйларидан анча олисдаги лойиҳа идорасида ишлай бошлади. Энди эр-хотиннинг мурод-мақсади ягона — тезроқ у ёқ-бу ёқни тузатиб, «одамларга ўхшаб яшаш». Энди тунги суҳбатлар ҳам қисқарган, соатлаб болаларнинг оғзига завқ билан термилиб ўтиришга деярли фурсат йўқ, шошиб ишга бориб, шошиб қайтишар эди.
«Дом»чилик, сиртдан ҳамма ўзи билан ўзи оворадек кўринса-да, бари бир аёллар қўшнисиникига дам-бадам «элак сўраб» чиқиб турар, шу боис тўққиз қават аҳолининг туриш-турмуши бир-бирига аён, ҳавас, ҳасад, рақобат, ғийбат, мишмиш — барчаси бунда аралаш-қуралаш эди.
— Заҳролар уйини ремонт қилдирибди, саккиз мингга тушибди, — деб қолди Нозимахон бир куни. — Кўрсангиз, оғзингиз очилиб қолади.
Раҳматулла пиёладаги чойини ҳўплаб, эснади.
— Оғзим очилавериб-очилавериб, аллақачон ёпилмайдиган бўлиб қолган. Заҳроингиз ким?
— Бешинчи қаватдаги-чи, Умар акалар?! «Ноль саккиз»и бору ўн еттию йигирма тўрт?..
Нозимахоннинг рақамга хотираси зўр эди, бир эшитган-кўргани миясига муҳрдек ўрнашарди-қоларди.
— Ҳа-а… — деди Раҳматулла бир оздан сўнг хаёлчан. — Қизиқ, одамлар қаердан топаркин пулни? Шулар ҳам бизга ўхшаган оила, эр-хотин ишлайди… — деб қўйди.
— Э, ишлаган билан… Ҳаракат қилади-да, — деди Нозимахон маънодор чимирилиб.
— Биз ҳам ўшалардан кам ҳаракат қилмасмиз?
— Бари бир уларга етиб бўлмайди, — деди Нозимахон ва чойнакни олиб, ошхонага чиқди. Қайтиб келиб, чойни шопирди-да: — Заҳронинг қулоғидаги бриллиантнинг ўзи беш минг туради, — деб қўшимча қилди.
Раҳматулла бошини эгганча хотинининг товушини, ҳолатини таҳлил қилиб, енгил тин олди: хайрият, минг шукрки, ҳасад йўқ, маломат йўқ, шунчаки… ахборот!
— Қаерда ишларканлар беш минг сўмлик бриллиант тақиб? — деб сўради азбаройи эрмак учун.
— Вой, билмасмидингиз ҳали… — Нозимахон аҳли аёлга хос иштиёқ билан сўзлай кетди.
Заҳро асли пединститутни тугатган экан, юраги чатоқлигидан, шовқин-сурон тўғри келмай, ўз соҳасида бир кун ҳам ишлаёлмабди, маоши оз бўлсаям майли, деб аэропортда кассирлик қиларкан. Умар ака — жарроҳ, буйрак касалликлари бўйича мутахассис экан. Иккита қизлари бормиш, Беҳзод билан Элзод тенги, худди Фотима-Зуҳра эмиш…
— Яхши, келин ҳам оёғимизнинг тагида экан, қуда бўлиб қўя қоламиз, — деб кулимсиради Раҳматулла.
— Э, улар… — Нозимахон бирдан гапини ямлаб, хомуш тортиб қолди, анчадан сўнг: — Чой ичасизми? — деб сўради аллақандай бегона оҳангда.
— Йўқ, — деб бош чайқади Раҳматулла ҳорғин — хотинининг тили учида қолиб кетган гапни у жуда яхши тушунган эди.
Жойига кириб ётгач, қаттиқ чарчаганига қарамай ухлаёлмади — уйқуси ўчиб кетди. Бояги гап туриб-туриб энди нашъа қила бошлади. Хотини: «Улар сизни бир тийинга олмайди», демоқчи эди, демади — аяди… Нега бунақа? Нима учун бундай? Аслида, у — фақат пешона тери билан, ҳалол кун кўрадиган одам, уларни бир тийинга олмаслиги керак эмасми? У, уларнинг олдида эмас, улар бунинг олдида уялиши керак эмасми? Ахлоқан, мантиқан шундай бўлиши керак-ку? Нега унда…
Йўқ, у ҳеч қачон ҳаромхўрлар, каззоблар олдида тили қисиқ бўлиб қолмайди! Меҳнатнинг, меҳнаткашнинг нималарга қодирлигини кўрсатиб қўяди! Меҳнат — ҳалол ва халос бўлишининг ягона йўли; у ҳали ишлайди, виждонан, қора терга ботиб ишлайди ва имони комилки, ҳадемай чеккан заҳматларининг роҳатини албатта кўради! Шундагина у ҳозир саломига базўр алик оладиган ўша бешинчи қаватдагилар билан теппа-тенг, ҳатто баланд келиб гаплаша олади. Лекин, бунинг учун тезроқ, кўпроқ ҳаракат қилиш керак, жон койитиш керак, танбалликка, беғамликка ўт очиш керак!
«Йигит киши қирқ ёшгача бирор нимага эришса — эришди, бўлмаса — тамом-вассалом, — деб ўйлади у, — нарёғи маълум — йўл тадориги…»
Бир ҳафтадан кейин ўт ўчириш командасига ишга кирди. Уч кунда бир боради, кечаси. Кундузлари «РАФ»ни ҳайдаб юраверади.
Витя амаки билан у янги ишхонасида танишди.
Витя амаки — эллик-эллик беш ёшлар чамасидаги ориқ, қоқчакак киши, қоровул. Бу оламда унинг қўлидан келмайдиган ҳунар йўқ — дурадгорлигу сувоқчилик, чилангарлнгу устачилик… Ичкиликни хуш кўришини ва кайф қилган чоғларида бир оз эзма, мақтанчоқ бўлиб қолишини ҳисобга олмаганда, беозор, улфат одам. Ўзининг мақтаниб айтишича, велосипеддан тортиб атом бомбасигача тузата олади.
Танишган куниёқ иккаласи ҳам бир-бирига бениҳоя кераклигини англади. Витя амаки уч кунда бир навбатчиликка келар, қолган вақт одамларнинг шахсий буюртмаларини бажарар эди. Ҳожатмандлар орқасидан гала-гала бўлиб ялиниб юришарди: «Виктор Андреевич, Виктор Андреевич…» Бироқ, Витя амаки кейинги икки йил ичида ўзининг хийла қариб қолганини пайқаган, аввалги куч-қуввати йўқ, тўрт марта ранда тортса, қора терга тушиб кетади. Хуллас, унга ёш, бақувват, мўмин-қобил бнр ёрдамчи ҳаводек зарур эди. Раҳматулланинг ичмаслиги айни муддао бўлди. Сархуш устанинг ёнида ҳушёр шогирд турса яхши-да: иш ҳам унумли бўлади, ҳисоб-китоб ҳам.
Шанба куни улар шаҳар ташқарисига — бир мансабдор одамнинг дала-ҳовлисига фин ҳаммоми қуришга бордилар. Уста томоқ ҳўллаб олгач, иш юришиб, ота-бола бўлиб кетдилар. Витя амаки ҳақиқий уста эди, ҳар бир қоққан михини бир санъат асари, деса арзирди.
Ўркач-ўркач адирлар қўйнидаги бу мўъжазгина чорбоққа, қулф уриб ётган турли-туман гул-чечакларга термилиб тураркан, Раҳматулланннг ҳаваси келди, яна оҳиста хўрсинди, дилидаги қат-қат орзулар ёнига тағин бир ният тугун бўлиб тугилди…
Нозимахон зийрак аёл эмасми, эрининг хатти-ҳаракатларини кўриб, қўл қовуштириб ўтираверса бўлмаслигини дарҳол англади. Кечқурунлари бичиш-тикиш курсига қатнай бошлади ва кўкламга чиқиб, бир куни кечаси Раҳматулланннг қулоғига:
— Бозорнинг ичидаги магазинга зўр тикув машинаси кепти, немисларники, — деди. — Биттасини олиб берасиз-а?
Раҳматулла чала мудраб ётган эди, кўзларини очишга эриниб:
— Қўйсангиз-чи, — деди.
— Йўқ деманг, — деди Нозимахон унинг елкаларига суйканиб, — оберақолинг, менга жудаям зарур. Хўпми? Хўп, дейқолинг энди, майлими?..
Аёлнинг тунги ғамзаларига қайси эркак дош берибдики, Раҳматулла дош берсин!
Раҳматулла энди уйда камдан-кам бўлар, баъзан у ишхонасидан бунисига югуриб кетаётиб, беш-ўн дақиқага бош суқиб ўтганида, болаларини мудом ҳовлида, Нозимахонни эса машинасини шақирлатиб ўтирган ҳолда кўрар эди. Гоҳ унинг атрофида нотаниш аёллар уймалашиб турар, Нозимахон эса бирпас ишини қўйиб, у билан икки-уч оғиз гаплашарди-да, тағин мижозлари ёнига шошиларди. Ҳадемай у зўр чевар бўлиб донг чиқарди, энди шаҳарнинг нариги четларидан ҳам қиз-жувонлар, келинчаклар «Нозимахон тиккан кўйлаклар»ни орзу қила бошладилар. Раҳматулла хотинининг бу ишига бошда шунчаки бир ҳавас деб қараган эди, аммо кундан-кунга унинг шуҳрати том баравар ошиб бораётганини кўриб ҳайрон қолди-ю, мамнун илжайиб қўйди.
Уйдаги ҳар бир ўзгариш, ҳар бир янги жиҳозга улар худди ёш боладек қувонишар, хоналари тўлиб кўрки очила борган сари ўзлари ҳам тобора очилиб боришмоқда эди.
Бир якшанба Витя амаки шамоллаб, Раҳматулла уйда қолди. Эрталаб хотинининг олдида иккита қиз кўрингандек бўлувди, кечга бориб ҳам улар кетмади. Раҳматулла ошхонада чой ичиб ўтирганида Нозимахон кириб келди.
— Жўнатдингизми мижозларни? — деб сўради Раҳматулла ярим ўгирилиб.
Нозимахон жавондан пиёла олиб, унинг рўпарасига ўтирди.
— Мижозмас улар.
— Ие?
— Сизга айтмадим-а, ҳали, тунов куни кечки пайт жой сўраб келиб қолишди. Бири Бўкадан экан, бири гулистонлик, медтехпикумда ўқишаркан. Раҳмим келиб… Йўқ деёлмадим… — Нозимахон унга гуноҳкорона тикилди.
Раҳматулла қаттиқ аччиқланди, тўнғиллади:
— Бир оғиз маслаҳат…
— Ўзингизни бир ҳафтадан бери энди кўриб турибману қандай маслаҳат қиламан? Жаҳлингиз чиқмасин, вақтинча. Кичкина хона бари бир бўш ётибди-ку… Сиз доим ишда бўлсангиз, қўрқаман иккита бола билан…
Раҳматулла индаёлмай қолди.
Нозимахон, ўзи ижара азобини кўп тортганиданми, қизлар билан тинч-тотув яшаб кетди. Фақат, Раҳматулла анчагача норози бўлиб юрди: «Қизлар эшитади!» деб, Нознмахон уни энди яқинига йўлатмас, ижарачилар уйига кетган аҳён-аҳён кечалардагина у хотинининг висолидан баҳраманд бўлар эди…
Гулсара билан Дилдор очиқ, содда-самимий қизлар эди, бир йил туриб, хайр-хўшлашиб чиқиб кетишди. Ўша куни кечқурун Нозимахон унга олти юз сўм тутқазиб:
— Мана, Гулсара билан Дилдордан эсдалик, — деди…
Умуман, Нозимахон энди бутунлай ўзгариб кетган, уни устма-уст ҳайратга солмоқда эди: бир оқшом қарасаки, яп-янги «Оптима» машинкасини чиқиллатиб ўтирибди.
— Ҳа? — деди у таажжубланиб.
— Муборак бўлсин, демайсизми? — деди Нозимахон ўрнидан туриб. — «ГУМ»даги бир таниш аёлга тайинлаб қўйган эдим, кеча ишхонага телефон қилиб қолди, опкелдим. Қаранг, энг зўр маркаси! — У ярқираб турган машинкани меҳр билан силаб қўйди.
— Нима қиласиз буни?
— Роман ёзаман, — деб пиқ этиб кулди Нозимахон.
— Йўқ, беҳазил? Биров сўраганмиди?
— Ўзимга олдим, ўрганаман.
— Нега?
— Керак-да. Вой, қўлингиздагини беринг, гўштми?.. Билмас эканман, ҳамма пул машинкада экан! Бир бети қирқ тийин-а! Холида опа айтди, ўргатаман, деди.
— Холида опангиз ким тағин?
— Сиз танимайсиз, кўйлак тиктирувди. Редакцияда ишлайди.
Раҳматулла нима деярини билмай стулга чўкди.
— Чарчадингизми? Ҳознр овқат опкеламан.
— Йўқ, кетаман. Витя амаки кутиб турибди, Тезиков томондан иш олганмиз. Эрталаб ўшанақаси ишга ўтаман, кечқурун навбатчиман. Болалар қани?
— Ҳа-а… — Нозимахон муҳим бир гап эсига тушгандек, унга синовчан термилди. — Болаларни боғчада қолдирдим, ҳафталикка.
— Нима-а? — Раҳматулла ўрнидан туриб кетди.
Нозимахон унинг авзойини кўриб, капалаги учди:
— Ишим кўпайиб кетиб… вақтинчага…
— Нега ундай қилдингиз?! Нега?! — дея бўғилиб шивирлади Раҳматулла. —Етимчами сизга? Отаси ўлганми, онаси ўлганми?! Боқмайман, десангиз, майли, айтинг, детдомга топширворай!
Нозимахон, қуралай кўзлари жиқ ёшга тўлиб, ёлворди:
— Мени нимага қийнайсиз, мен…
Раҳматулла ўзини босолмай қўл силтади, асабий тутақиб, ошхонага кирди, негадир холодильннк эшигини очиб-ёпди, остона олдига қайтиб, туфлисини кияётганида, ичкаридан Нозимахон мунғайиб чиқди, индамай, эгилиб унинг туфлисини арта бошлади… Раҳматулланинг кўнгли бузилиб кетди, бу бечорада не гуноҳ, деб ўйлади, айби — сенга қўшилиб арава тортаётганими, ўзи учун қилмаяптику, шу рўзғор деб, бола-чақам деб… Вақтинча-ку ахир буларнинг барчаси, оз қолди, кейин ҳаммаси яхши бўлиб кетар…
Бироқ, қовоғини очмай, эшикни қарсиллатиб ёпди.
Пайшанба куни Витя амаки билан ўша ишни тугатиб, кайфи чоғ қайтди. Нозимахон ҳеч гап бўлмагандек, очиқ юз билан қарши олди, айланиб-ўргилиб, атрофида парвона бўлди, болалар ҳамон боғчада экан, у индамади — турмуш тағин изига тушиб кетди.
Шу орада уйларининг ёнгинасида кечки мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилди. Раҳматулла бир куни шу ердан шошиб ўтаётиб, симёғочдаги эълонга кўзи тушиб қолди: мактабга зудлик билан қоровул керак. Эълонни йиртиб олди, уйга кириб, Нозимахонга кўрсатди:
— Яна бир кеча бўшман-ку, шуни сизнинг номингизга расмийлаштирсак, нима дейсиз?
Нозимахон қаршилик қилмади, вақтинча бўлса, майли, ўзингиз биласиз, деди, агар жуда қўрқсам, яна бирорта ўқувчи қизлардан ёнимга оларман, келиб юришувди, деди. Унинг ҳозир бош кўтариб қарашга фурсати йўқ, стол устида қўлёзмалар — бировнинг китоби, бировнинг дипломи, аллакимларнинг диссертациялари уюлиб ётар эди.
Шу тариқа Раҳматулла уйидан ихтиёрий «бадарға» бўлди. Энди у асосан ишхонада истиқомат қиларди: бирида ётиб турар, иккинчисида овқатланар, яна бирида соқол олар эди. Баъзан буларнинг барчаси кўзига ҳирси дунё каби кўриниб кетар, аммо энди бирор нимани ўзгартиришга журъати етмас эди.
Кунлар ўтаверди, ойлар ўтди.
Ёзга бориб, Раҳматулла ишни катта қилиб юборди: Нозимахоннинг нозик дидию Витя амакининг олтин қўллари ва ўзининг куч-қуввати қўшилиб, уйида ғаройиб бир мўъжиза рўй берди. Пул бўлса, миянинг ҳам янги-янги тарҳлари очилиб кетаркан. Қарийб тўрт ой давом этган «фундаментал ремонт»дан сўнг уйлари ажойибхонанинг ўзига айланди-қолди. Ҳожатхонагача дуб эшиклар ўрнатилди. Раҳматулла жонига тегиб кетган эски қақир-қуқурларни — алмисоқдан қолган жиҳозларни мамнуният билан ахлат уюмига улоқтирди. «Орхид» югослав мебели, уч минг сўмлик япон стереосистемаси, французча кинескопли рангли телевизор, ҳар бир хонада шифтга қадар қоқилган шоҳона араби гиламлар — ҳамма-ҳаммаси нақ унинг хаёлидагидек, балки хаёлидан ўн чандон зиёда эди.
Эр-хотиннинг қувончи чексиз. Буларнинг барчаси уларнинг ўз меҳнати билан бунёд бўлган, уйқусиз тунлар эвазига, ҳузур-ҳаловатдан, бола-чақадан кечиб тортган заҳматлари эвазига келган, бундаги ҳар бир буюмнинг ўз тарихи бор, бу тарих қон ва тер билан суғорилган, улар учун бениҳоя азиз, муқаддас!
Энди бу уйларда роҳат-фароғатга чўмиб, фақат яшаш лозим эди, бироқ, афсуски, Раҳматулланинг бунга вақти йўқ: тонг саҳардан ит қувган мушукдек ишхонадан ишхонага чопади, шанба-якшанба кунлари уни Вптя амаки бетоқат кутади.
Куз оқшомларининг бирида «уй тўйи» қилиб беришди. Жуда кўп одам келди: Раҳматулланинг учала ишхонаси, Нозимахоннинг коллективи, лабораториядан Муаттар Зокировна бошчилигида саккиз киши, Самарқанду Марғилондан қариндош-уруғлар, қўни-қўшни, мижозлар, ижарачилар… Зиёфат олиймақом бўлди, ҳамма уларга ҳавас қилди, ҳамма уларга қойил қолди.
Меҳмонлар тарқаб, энг яқин одамлар қолгач, Раҳматулланинг отаси айтган гап шу бўлди:
— Бошқа уйга кўчганмисан, ўғлим?
Раҳматулла кулиб, Нозимахонга қаради, Нозимахон гул-гул яшнаб, дастурхонни ноз-неъмат билан тўлдираркан, жилмайди:
— Ўша уйимиз, фақат ўғлингиз у ёқ-бу ёқни сал тузатиб бердилар.
Эртасига ота йўлга отланди. Раҳматулла уни пастга кузатиб тушганида, шунчаки айтгандек:
— Зерикдим, ўғлим, — деди. — Уйинг худди магазинга ўхшаб қопти. Қандоқ яшайсизлар бунда?
Раҳматулла яна кулиб қўя қолди.
— Ҳай, омон бўлинглар, — деди отаси вокзалда, хайрлашаётиб. — Ишқилиб, ҳаром йўлга юрма, болам. Ҳаром буюрмайди.
— Э, нима деяпсиз, ота! — деди Раҳматулла ранжиб.
— Ҳозир замон тўқчилик, — деди отаси уиинг гапини эшитмагандек, — ҳамма нарса бор. Сизлар йўқчиликни кўрмагансизлар, илоё кўрманглар. Лекин йўқчиликка дош берса бўлади-ю, тўқчиликка… Билмадим-да, болам.
Раҳматулла кўнгли ғаш бўлиб қайтди.
Эртаси кечқурун Нозимахон машинкасини чиқиллатиб ўтириб, бир гап айтиб қолди:
— Тағин озгина ҳаракат қилсак, янаги йил кўкламга машина олсак ҳам бўлади.
— Э, бас энди! — деди Раҳматулла энсаси қотиб. — Чарчадим, яшаш ҳам керак. Неча йилдан бери отпускасиз ишлайман. Сиз ҳам кўп уринаверманг, болаларга қаранг, ўзингизга…
— Ўзимга нима қипти? — деб кулди Нозимахон, — Ё… — Бошини кўтариб, унга карашма билан тикилди.
— Тирикчилик деб жуда қатордан чиқиб қолдик. Қанча бўлди қўлимга бир китоб олмаганимга.
— Машинаям жуда зарур-да, — деди Нозимахон ўзининг ганини маъқуллаб. — Машина олайлик, кейин, майли, илмий ишингизга қайтасиз.
Раҳматулла ҳуштак чалиб юборди.
— Ўйлаб гапиряпсизми? Илмий иш — илм, ҳаммом қуриш эмас сизга!
— Э, агар сиз хоҳласангиз…
— Мен энди тинчгина яшашни хоҳлайман.
— Майли, олдин машина олиб беринг.
Раҳматулла, бир кўнгли, хотинига жуда кўп гапларни айтмоқчи бўлди. Нозимахон, ёдингизда бўлса, талай қийин кунларни ҳам бошимиздан кечирдик, сиз билмайсиз, Элзодни касалхонада олиб ётганингизда, бир кун овқат қилиб боришга ҳам пул тополмаган пайтим бўлган, йўқчиликни ҳам кўрдик, шуларга ҳам дош бердик, ҳаммаси ўтди, энди ундай қилмайлик, борига шукр қилиб, тинч-тотув яшайлик, мен ҳам чарчадим, жоним темирдан эмас, азбаройи шу уйим-жойим деб, бола-чақам деб… Лекин ҳозир Нозимахоннинг қулоғига «08» маркали «Жигули»нинг сигналидан бошқа нарса кирмас эди.
Кунлар кунларни қувиб, улар эса дунё қувиб ўта бошладилар.
Ноябрь байрами арафасида ниҳоят ниятларига етишди: подъездлари тагида сутранг «Жигули» пайдо бўлди. Озгина етмаганига Витя амаки қарашиб юборди.
Шанба куни Раҳматулла йиллаб орзу қилганидек, ўғилларини, хотинини машинасига ўтқазиб, далага олиб чиқди. Паркент томонларга бориб, икки кун роса маза қилишди: қимиз ичишди, тоғлар-боғларни кўришди, қайтишда бир қоғоз қути тўлдириб ҳусайни олиб келишди. Шу сафарнинг ўзидаёқ Раҳматулланинг ҳамма чарчоқлари тарқаб, дилида зиғирдак ҳам ғубор қолмади.
Душанба куни эрталаб стул суянчиғидаги жинси шимини шоша-пиша олиб кияётган эди, Нозимахон тўхтатди:
— Қўйинг, кийманг энди шуни.
— Нега? — дедн Раҳматулла ҳайрон бўлпб.
— Беармон кийдингиз-ку, ҳаққингиз қолдими!
— Э, қўйсангиз-чи! — Раҳматулла шимига қўл чўзди.
— Йўқ, кийманг. Кўчада мундоқ атрофннгизга қарайсизми ўзи?
— Нима бўпти?
— Ҳамманинг эгнида жинси. Қадриям қолмади. Сиз кийманг энди. Бошқа нарса олиб бераман ўзим.
Икки кундан кейин Нозимахон унга хитойи жужундан ўзи антиқа қилиб тиккан шим совға қилди. Раҳматулланинг боши кўкка етди.
— Нариги ҳафта уйимизга телефон тушади, — деб хушхабар айтиб қолди Нозимахон, у чиқиб кетаётганида. — Қийналмайсиз энди. Суюнчини чўзаверинг.
— Ростдан-а? Ана бу зўр иш бўпти! Дарров навбатимиз кепти-да?
Нозимахон хандон ташлаб кулди:
— Соддасиз-эй, хўжайин! Навбатингиз ўттиз йилдаям келмайди.
— Ҳа-а? — деди Раҳматулла гангиб.
— Э, бир хонаси келиб қолди-да.
Маълум бўлишича, Нозимахон телефон идорасида каттакон бўлиб ишлайдиган Сусанна Владимировна деган бир аёлга «кечки» кўйлак тиккан экан, опа-сингил бўлиб қолишибди, у ёрдам беришга ваъда қилибди, албатта, озгина совға-салом кетса керак, лекин ўсма кетар, қош қолар, дегандек, баҳонада телефонли бўлиб қолишади.
— Аммо, бизнинг «дом»га ҳали телефон келмаганку? — деди Раҳматулла бошини қашиб.
— Нега келмас экан? Заҳролар икки йил бўлди-ю, тушириб олишганига…
Э, падарига лаънат! Яна ўша Заҳро! Яна ўша бешинчи қаватдагилар! Қачон тугаркин бу пойга?!
Раҳматулла шошиб бораркан, ўзича ўйлади: қарздан қутулиши билан ўт ўчиришни ҳам, қоровулликни ҳам, Витя амакини ҳам ташлайди-ю, тўйиб-тўйиб ухлайди!..
Аммо Нозимахоннинг режалари бутунлай бошқача экан, хафа бўлди: ётиб еганга Сулаймон тоғи ҳам чидамайди, янгини эски асрайди, ҳали камчилик кўп, бу беш йилликда видеомагнитофон оламиз, ундан кейин иккаламиз Японияга саёҳатга бориб келамиз, дунё кўриш керак, ахир…
Раҳматулла у билан тортишиб ўтирмади.
Чоршанба куни бир соат бўш вақти бор эди, уйига кириб, энди чой қўйиб турганида, Нозимахон ишдан келиб қолди.
— Кеча печенье пиширган эдим, шанба куни болалар келса ейишар, — деди халатини кийиб чиққач, унинг олдига дастурхон ёзаркан, — Олинг. Овқат қилайми?
Раҳматулла ҳуши оғиб, хотинига тикилиб қолди.
— Очилиб кетибсиз… —деб шивирлади унинг хипча белидан қучиб.
— Қўйинг, ҳали бир дунё ишим бор. Қўйинг…
— Мен Қундузни соғиндим. Жудаям… — деб шивирлади Раҳматулла. — Қачон…
— Э, нима кераги бор? Энди ўлсам ҳам туғмайман.
— Бекорларни айтибсиз! — Раҳматулла пўписа қилди. — Ҳали…
— Туғмоқ осонми сизга? Бўлар, шунча азоб тортганим. Мен ҳам одамдек яшай энди. Овқат қилайми, нега индамайсиз?
— Йўқ, — деди Раҳматулла алланечук бўшашиб, руҳсиз. — Кетаман ҳозир.
Бу воқеа чоршанба куни бўлди. Пайшанба куни кечқурун Витя амаки уни Чилонзорга ишга олиб кетди, эрталаб ўшанақаси ишхонасига борди. Кеча иш жуда қаттиқ бўлган, ўтган куни Эски шаҳардаги ёнғинни тонг отгунча ўчиришган, боши чўяндек оғир эди.
Кечга томон Юнусободдан ишчиларни олиб келиш учун йўлга чиқди. Кун қайтгани билан ҳаво иссиқ, худди қўрғошин ёғаётгандек, нафас олган сари кишининг ичи ёнади. «Қозоғистон» кинотеатри ёнида светофорнинг қизил чироғига тўғри келиб, машинани тўхтатди, йўлга тикилиб тураркан, силкиб-силкиниб, тош осгандек пастга босиб кетаётган қовоқларини очди, Ғалаба боғи олдига етганда, кўзи бир лаҳза, бир лаҳзагина илиндию…
Уни шанба куни пешинда чиқаришди. Самарқанддан эрталабки рейс билан қариндошлари учиб келишди. Қиёмат бўлиб кетди. Йиғлаган ҳам йиғлади, йиғламаган ҳам.
Учала ишхонасидан одам келди. Ҳамма жойда уни ниҳоятда яхши кўришаркан. Учала идоранинг ҳам маҳаллий комитетлари ёрдам пули ажратиб, Нозимахонга топширди.
Нозимахон бир кечада адойи тамон бўлган, кўзлари одамга маънисиз боқарди, пулдан бош тортди.
— Ҳеч нарса керак эмас, — деб шивирлади у, — ҳеч нарса…
Эрининг «уч»и ўтгач, Нозимахон қора кийиниб ишга тушди. Отпуска беришмоқчи эди, рад қилди. Одатдагидек, яна кечқурунлари гоҳ машинкасини, гоҳ тикув машинасини юргизиб алламаҳалгача ишлаб ўтирибди. У Раҳматулланинг «йигирма»сини жуда катта қилиб ўтказмоқчи — икки юз кило гуруч дамлаб, етти маҳаллага ош бермоқчи, учала ишхонасидан, Самарқанду Марғилондан одам чақирмоқчи…

1985