Хайриддин Султонов. Чайладаги тўрт эркак (ҳикоя)

Улар икки ҳафтадан буён яйдоқ Яйилма далаларида картошка кавлашарди.
Оқшом ҳаво очиқ эди, ётиб қолишга қарор қилдилар.
Ер чўкиб, тарс-тарс ёрилиб кетган тақир дўнгликда пастак қамиш чайла омонат қўнқайтирилган. Тепасига брезент тортилган чайла ёнида ўчоқ; тезак уюми, дастаси синиқ кетмон, эгар-тўқим, жағи йиртиқ бир пой этик, солярка тўлдирилган вино шишалари, нўшпиёз, тарвуз пўчоқлари сочилиб ётибди. Қозон устидаги қоғоз қопнинг бир учи куйган, қорни пачоқ оқ бидон оғзига қурум босган қоп-қора чойгум тўнкариб қўйилган.
Чайладан сариқ қалами шим кийган калласи катта, пакана, ғўлабир йигит коса кўтариб ташқарига чиқди. Ивирсиб ўчоққа ўт қалади-да, челак олиб пастга — Хонариққа тушиб кетди.
Ҳўл тезак тутай-тутай қизигач, гуриллаб ёнди.
Қош қорайди. Кунботарда бир муддат чўғдай яллиғланган шафақ аста-секин сўнди. Оловнинг югурик қизғиш тиллари атрофга сапчиб, лип-лип соя ташлай бошлади. Бирпасда қоронғилик чўккан дўнглик этагидаги картошказордан кимдир хириллаб бақирди:
— Ҳў, Тўлавой! Бугун пишадими?!
Учоқ тепасига энгашганча «жаз-биз» қилаётган йигиг капгирни қозон устига кўндаланг қўйиб қичқирди:
— Келинглар-ов! «Картопелний пуйре» гатоп!
Картошкаси кавланиб, шудгор очилиб қолган пайкалдан олдинма-кейин судралиб учта кўланка ўчоқ бошига чиқиб келди. Гавдаси тиқмачоқдек, чўяндай қоп-қора Наби салмоқланиб қадам ташлар, ўртада қоп орқалаган Студент, энг орқада қўлларини белига қўйган кўйи ерга энгашганча дароз қаддини букиб Асом бува келар эди.
— Ҳорманглар энди! — деди Тўлавой тутундан ачишган кўзларини ишқалаб.
— Саломат… Уҳ… — Асом бува бора солиб эгарга ўтирди-да, қамиш деворга суянди. — Қизталоқ иш чарчатди-ёв одамни.
Студент қопни чайлага қўйиб чиққач, шоша-пиша кўк пахталигини ечди, атрофдагиларнинг ҳай-ҳайлаганига қарамай, бидондан бир чўмич сув олиб ичди.
— Қағғ! Қағғ! Қағғ!..
Ўттиз одим чамаси нари тепаликдаги бесўнақай қаққайган темир симёғочда қатор тизилган уч-тўрт қарға бир-бирига гал бермай қағилларди.
— Ҳў, миянг қайнамай ўл! — дея ўшқирди Наби ўша тарафга хўмрайиб.
Асом бува ташвишланиб осмонга тикилди:
— Ҳавога булут чиқяпти. Яна бир балони бошламаса гўрга эди…
— Ва-а, онасини эмсин, бу йил карчикани кавлолмай қор тагида қолиб кетарканмиз-да, — деди Тўлавой бурнинй тортиб. — Парво қилманг, Асом бува, шўтда қишлаймиз-қўямиз. Кўкламда қазиб олармиз.
— Бу йил қийғиракдан аввал куз тушди, а, Асом бува? — Наби бидон устига оғир чўкди.
Асом бува оғзидаги носни туфлаб, мужмал жавоб қилди:
— Худойимдан ҳам айланай… Жа қаҳрига олвордику. Кунора ёмғир-а, э, тавба! Мунақада тирикчилик бўладими?
— Пахтани айтинг, пахтани! — Тўлавой қозоннинг қопқоғини ёпиб, ўрнидан турди. — Бу йил планниям тўлдиролмаса керак.
Индамай сигарет чекиб ўтирган Студент танглайини тақиллатиб, сўз қотди:
— Пахта бўлади-ю, терилмай қолармиди?
— Бажара олармикан-а? — деб сўради Наби унинг оғзига тикилиб. — Бу… тинмай ёғаверсаям-а?
— Ҳа, техникани нима деяпсиз?
— Ҳм, техника эмиш… Шудгорнинг аталаси чиқиб етибди-ю! Қани, «зангори кеманг» жойидан қўзғалсин-чи!
— Нима бўпти? Одам қайси техннкадан кам?
— Тоза бошларинг оғримаган-да, — Асом буванинг тажанглиги тутди. — Оғир-енгили санларга тушдими? Экканлар терволар бир бало қилиб. Карчикангни ўйласаларинг-чи… Кўкламда бу ҳожим раисга айтдим: «Ҳой, Мир Толиб халтанинг ўғли, бу ер ҳалқоб, бўлмайди карчикага», дедим. Қаёқда!
— Ўрда-қирда, деҳқонга қийин бўлди-да, бу йил, — дея салмоқлаб хулоса чиқарди Тўлавой. — Қани, киринглар, овқатни сузаман.
Наби ичкарига кирди-да, қоронғида тимирскиланиб бурчакдаги ўнинчи чироқни топиб ёқди. Чайланинг ичи ғира-шира ёришди. Тўрга йиғилган ўрин-кўрпа устидаги чойшабда тепага осилган халта-хулталарнинг сояси пайдо бўлди. Пойгакда, идиш-товоқ қалашган бурчакда керосинка милтиллар, унинг заиф шуъласнида қамиш деворнинг шох-шаббалари орасига қистириб қўйилган уч-тўртта моғорлаган нон, пичоқ, газета парчаси оқариб кўринар эди.
— Вой, жоним-эй! — Асом бува доғ босган, ислиқи намат четига ўтириб уҳ тортди, — Чарчабман.
Чой дамлаётган Студент унга ачиниш билан тикилди.
— Саттор акам келган экан-ку, бир-икки кун қарашворгин, демабсиз-да? — деди у секин.
Саттор — Асом буванинг ягона фарзанди. Мотоцикл билан бир болани босиб кетиб, икки йилга ҳукм қилинган, аллақаерда жазо муддатини ўтамоқда эди.
Наби узала тушиб ёнбошлаганича нон кавшаб илжайди:
— Бе, Сатторга иш десанг, лабига учуқ тошади-ку. Ишга териси юпқароқми, а, Асом бува?
Чолнинг чўзинчоқ, сарғиш юзи қизариб, кўк кўзлари чақчайди:
— Сатторқул бизни куйдирворди-ку… Якка ўғил, кўнглига қараб… Ичкиликни орқасида… Мана, сан юрибсан-ку азбаройи додангни қиймаганингдан, — деб Студентга юзланди у. — Бу хомқайиш, иккитанинг отаси-ю, одамга тариқча ачинмайди… Майли, ишқилиб, омон бўлсин.
Жимлик чўкди. Чайланинг тепасида нимадир шитирлади.
— Ҳали ёш-да, эси кириб қолар, — дея ўзича юпатди Наби.
— Ўзи шу: бой боласи ўн бешида бош бўлади, камбағалнинг ўғли ўттиздаям ёш бўлади. — Асом бува сўкина-сўкина этигини ечди. — Қани, ҳей, чойингдан қуй.
Катта сопол лаганда буғи чиқиб турган картошка қовурдоқ кўтариб Тўлавой кирди.
— Боплаб ташладим, «картопелний пуйрени. Қани энди, бунга яримта бўлса! — деди у кўзлари қисилиб.
— Оқ-оҳ… — Наби оғзининг танобини қочириб иршайди.
Ҳазил-ҳузул билан овқатлана бошладилар.
— Ашулани қўйсаларинг-чи, — деб қолди бир пайт Наби.
Студент ўрнидан турди-да, бурчакка суяб қўйилган қоп устидаги кичкина транзисторнинг қулоғини буради. Қитир-қитир товуш чиқараётган тембр тўлқинлари орасидан аёл кишинннг паст овози эшитилди:
«…ўтар кечаси Исроил босқинчилари яна Иордания чегарасига ҳужум қилдилар. Кучли артиллерия отишмаси оқибатида…»
Лагандан қўл тортиб, диққат билан қулоқ солиб турган Асом бува ғижиниб бош чайқади.
— Тавба, хунасаларни урушдан бошқа дарди касали йўқми, а? Одамлар буғдой экиб, пахта экиб, деҳқончилик қилса, бу қизталоқларнинг деҳқончилиги урушми, дейман-да!
— Э, нима деяпсиз, Асом бува, булар ўликнинг ёғини сотиб пул топади, ҳа! Одамнинг соддаси сиз билан биз, юрибмиз-да кетмонга лақиллаб… — дея гапини маъқуллади Тўлавой оғзини тўлдириб.
Асом бува қўлини кир сочиққа артиб, чой ҳўплади:
«— Дунёдаям юрт кўп экан-да. Ҳар отлари борки, айтаман десанг тилинг қавариб кетади. Ерданио дейдимией, Қўйтикан дейдими-ей…
Студент кулиб юбормаслик учун лабини маҳкам қимтиди: «Қўйтикан… Ватикан дегани шекилли».
— Бу… ўшалар ҳам ўзимизнинг Заркат, Сўқоққа ўхшаган жойлар бўлса керак, — дея кипригини пирпиратиб, тусмоллади Наби.
— Буям районми, областми, бир нарса-да, а, Мирсобит? — деб Студентга юзланди Тўлавой. — Бизга қарайдими?
— Йўқ, — дея бош чайқади Мирсобит ички бир надомат билан.
— Ҳа, емайсанми? — деб сўради Наби унинг қўл артаётганини кўриб. — Э, олсанг-чи.
— Тўйдим. Биласиз-ку, биз пулга овқатланавериб, чимхўр бўлиб қолганмиз, ҳэ-ҳэ…
— Қиличак экансиз, Мирсобит, емадингиз-ку? — деди Тўлавой кавшанганча. — Жа, устудентларга қийин экан-а, ҳаммасиям шунақа нон емасми?
— Ўқиш осонми санга? — деб уҳ тортди Асом бува, — Бечора устудентлар юраверар экан-да, ранги сарғайиб…
Мирсобитнинг ғаши келди:
— Сиз айтган студентларнинг даври ўтиб кетган, Ҳозиргилар дўпписи тушиб кетса, пул бериб олдиради.
«Энди дилрабо қўшиқлар, ёқимли куйлар тинглаб дам олннг, азиз дўстлар», деб эълон қилди диктор.
— Ҳозир «кўрпача»ни беради, мана кўрасизлар! — деди кўзларини ўйнатиб комил ишонч билан Тўлавой.
Икки-уч дақиқадан сўнг чийилдоқ аёл овози бетайин нақоратда айлана бошлади: «Солдик кўрпача… кўрпача… кўрпача!»
Ҳамма кулиб юборди.
— Биз ҳам салкам авлиё! — Тўлавой сохта ғурурланиб, бошини кўтарди.
— Буларниям топган дастмояси нуқул ашула эканда! — Асом бува қалампир чайнаган каби афтини бужмайтирди.
— Нима бало, Асом бува, нервинниймисиз?
— Буни эшитаверсанг сан ҳам нервинний бўп қоласан. Қизталоқлар, ҳатто об-ҳавони рост айтмайди-ю!..
Чол қўл силтаб, инқиллаганча ўрнидан турди-да, таҳорат олгани ташқари чиқди. Тўлавой эринибгина идиш-товоқни йиғиштиришга тушди.
— Қани, ётамизми? — деб сўради Наби тиш кавларкан. — Дарров-а? — Мирсобит қошини норози чимирди, — Ҳали эрта. Ошқозон касал шундан-да.
Наби сап-сарнқ тишларини кўрсатганча оғзини катта очиб эснади:
— Одам чарчади-ку, — деди, — ҳа… сан тошканлик…
Мирсобит индамай илжайди.
У кўнгли эриб, беихтиёр Тошкентни, неон чироқлар шуъласига чўмилган хаёлкаш хиёбонларни, институтнинг беғам кулги тўлдирган нимқоронғи йўлакларини… эслади ва Дилоромни соғинганини, уни жудаям кўргиси келаётганнни ҳис этди.
«Дилором мени шу аҳволда учратса… — деб ўйлади у уст-бошига назар солиб. — Танирмикан? Жуда қизиғ-а… дунёнинг аллақаерида бир умр шундай тирикчилик қиладиган одамлар борлигини ҳатто тасаввур ҳам этолмаса керак».
У ташқарига чиқди, муздек ҳаводан энтикиб-энтикиб симирди. Қора совуқ тушган, изғирин изиллайди. Юлдузларни ютиб юборган осмон қоп-қора.
Асом бува елкасига чопон ташлаб пастдан чиқиб келаркан, алланарсага қоқилиб кетди-да, тўнғиллаб сўкинди: «Э, онангни…»
Чайлага киргач, чол феъли айниб яна минғиллади:
— Хаҳ, ўзбекнинг кўрган куни қурсин! Эшакдай ишлаб-ишлаб дунёни тўплайди-да, қай гўрдаги бало-баттарларга совуради. Уй соламан, тўй қиламан… ишқилиб, ўлгунча талваса-да…
— Жаҳонда зап яшашни биладиган одамлар бор, — дедн Наби музлаб ётган кўрпа қатига шўнғиб, — У, бизда, ўзи… Ҳозир бировга юз сўм берсанг ҳам шу ерда ухламас!
Чироқни ўчиришди. Анчадан кейин Асом бува:
— Ҳў, Тўлавой! Халаделник бўп кетди-ку капа ўлгур, — деб тағин ғингшиди. — Ҳеч оёғим исимаяпти. Анави эшикнинг ўрнига бир нарса тутсанг-чи!
— Нима тутаман?
Ён-атрофдан гувиллаб совуқ кирарди, Тўлавой пайпаслаб, бир бурчакдан увада шолча парчасини топди-да, эшик ўрнига тутаркан:
— Чимилдиқлар муборак! — дея ҳиринглаб кулди.
…Чайланинг ичи бари бир исимади — тўрт томондан ғуриллаб совуқ урарди.
— Қотиб қоламизми, нима бало? — Асом бува ўрнидан туриб ўтирди. — Падарига лаънат…
— Жуда қизиқсиз-эй, Асом бува, — Наби пихиллаб гап қўшди, — сизга нима азоб ўзи, агаратга келиб? Ётмайсизми, қоринни силаб…
— Ҳа, ётасан-а, ётасан… Иккита нонни биров берадими, а? Ишламай бўпсан!
— Ишдан одам ўлмаган.
— Тўғри, лекин… Тирикчилик. Келмасанг — яна бўлмайди. Ўзингдан қолар гап йўқ: Сатторқулни уйлантирганимда уч минг қарз бўлганман, минги ҳали шундоқ турибди. Дам ол, деб айтишга осон. Бошингга тушмагунча гапираверасан-да!
Чол жавраб-жавраб, ниҳоят, жим қолди…
Эрталаб Тўлавой «чимилдиқ»нинг бир четини кўтариб ташқарига қаради-да, кўзини ишқалаб:
— Вой-бў! Му-у-уз!— деб юборди.
Мирсобит кўрпадан бош чиқариб, секин мўраладию дилдираб кетди: ҳаммаёқ қор.
«Олам ям-яшил!» — деб ўйлади у қачонлардир ўқиган бир ҳикоянинг номини эслаб.
Асом бува жойнамоз устида ўтирарди,
— Иш ўлди, — деди ёнига қайрилиб, — карчика музлаб қолади энди. Кечаги ўттиз қопни бекор қоплаган эканмиз-да…
— Вой, онангни, ҳаво очиқ эди-ку… — Тўлавой дир-дир титраб кийина бошлади.
— Ман кечаси эшикка чиққанимда қор энди мушук изи бўлган эди. — Чол ўрнидан қўзғалди. — Азонга томон ёғибди-да.
Кейин пишиллаб ухлаб ётган Набининг елкасига туртиб:
— Эй, Карим афандинннг невараси, турмайсанми? — деди. — Худди додангга ўхшайсан-а!
— Додаси нима қилган? — дея сўради Мирсобит қизиқсиниб.
— Э, додаси жуда бир содда, ювош-қочағон одам бўлган. Карим афанди лақаби… Бир замонда бозорга карчика обориб сотган экан. Сотибди-да, ўттиз килочаси қолганда ўтмабди. Қопдаги карчикани устига пулни солиб уйга жўнабди. йўлда биров: «Сотасанми?» деса: «Сотаман», дебди. «Қанча?» «Ҳа, фалон пул». «Ма, фалон пул. Қопингниям берақол?» деса, «Ҳа, олавер!» дебди. Шунақа қилиб, карчикадан ҳам, пулдан ҳам айрилган экан.
Мирсобит яйраб кулди: «О, одамнинг анойиси!»
— Турларинг, ҳўв баллар, «картопелний пуйренг» кўнгилни оздириб юборди, — деди Асом бува ташқарига чиқаркан. — Чой-пой қайнатинглар амаллаб.
Изғирин аралаш шитирлатиб ёғаётган қуруқ қор юз-кўзга игнадек санчилади. Картошказор ўртасида тахлаб қўйилган қоплар қорайиб кўринади. Қора қарғалар чарх уриб, шодон қағиллайди. Чайла олдидагн совуқ қақшатиб кетган икки-уч туп маккажўхорининг яланғоч пояси эгилиб қолган.
Асом бува кавушига қор тўлиб, ичкарига қайтиб кирди.
Чойдан кейин чол «кетаман»га тушди.
— Энди уч кунсиз бир иш бўлмайди, — деди этигини кияркан. — Кетдик. Чайлани бўри емайди.
— Карчика-чи?
— Нима қиларди карчикага? Турар…
— Яхлаб қолади, Асом бува. — Пиёладаги чойга нон тўғраётган Тўлавой ялт этиб унга қаради. — Бирор иложини қилиш керак.
— Нима қилардик? Ё машина, ё трактор топилмаса…
Бўлгандаям ҳозир шудгорга кириш ўлимдан қийин. Бу боқибеғам бригадирдан ҳам дарак йўқ.
— Кўрпаларни обориб ёпсак-чи? — Жонсарак бўлиб қолган Студент ҳаммага бир-бир тикилди.
Наби бош чайқади:
— Таги зах, бўлмайди. Чайлага олиб чиқиб, устини ёпсак — хайр…
— Ўйлаб гапиряпсанми? — деб тўнғиллади Асом бува олайиб. — Бир километрдан опчиқиб бўладими? Ичагинг узилиб кетар!
— Бир иложини топиш керак-ку, ахир! — Тўлавойнинг ҳам тажанглиги тутди.
— Э, ўт тушиб кетмайдими манга деса колхознинг карчикасига! — дея ўшқирди чол бўғилиб. — Ўламанми энди! Оёғим синиб кетай деяпти, жоним ўзимга керак… Кетмайсанларми? Билганингнн қилларинг!..
У шартта ўрнидан турди-да, чопонига ўралиб, чайладан чиқди. Бир оз букчайган дароз гавдасн оппоқ адирлар ортида хиёл ўтмай ғойиб бўлди.
— Номард, уволни ўйламайди!.. — Тўлавой жиғибийрони чиқиб, чолни сўкди. — Бизнинг жонимиз темирми?
Хийла тортишув, маслаҳатлардан сўнг, қопларни чайлага олиб чиқишга келишдилар.
Оғзига палак қўйиб тикилган катта сариқ қопни биринчи бўлиб Наби орқалади. Тўлавой билан Мирсобит инқиллаб аранг елкасига қўйган қопни азод кўтариб, бамайлихотир лапанглаганча тепаликка чиқа бошлади.
— Жуда бақувват экан-ку, — деди Мирсобит ҳавас билан.
— Э, хирси безанжир бу, — деди Тўлавой ҳансираб, — Қани…
«Чайлагача уч юз одим. Қопнинг оғирлиги юз килограмм. Қопларнинг сони ўттизта. Уч юзга юз — баробар тўрт юз, — деб ўйлади Студент. — Оддий арифметика…»
Дастлаб ишнинг оғирлиги билинмади. Аммо учинчи гал…
Наби ва Тўлавой муттасил шу хил ишларни бажаравериб пишиб кетишган, пишқирганча сир бермай қатнашар эди. Мирсобит бирпасда қора терга тушди. Чайлага ўттиз одимча қолганда тиззалари қалтирар, базўр судраб ташлаган қадами орқага қараб кетаётгандек туюлар, сирпанчиқ, ола-чалпоқ ер кўз ўнгида гир-гир айланар эди.
Бешинчи қоп унинг тинкасини қуритди. Оёғи тойиб, мункиб кетди-да, чап қўлига таянганча аранг қаддини ростлади. Нафаси бўғилиб, кўз ўнгини кўкимтир ҳалқалар қоплади. Сўнгра бор кучини тўплаб силкинди, қалтираб, икки қадам олга силжиди.
Тепадан тушиб келаётган Наби иршайиб кулди:
— Тирикчилик, бола-чақа боқиш ана шунақа оғир, Студент…
Жони ҳалқумида лиқиллаб турган Студентнинг фиғони чиқди, тишларини ғижирлатиб қисди.
У сариқ қоплар қалашиб ётган хирмонга имиллаганча яқинлашаркан, ҳар битта қоп кўзига бало-қазодай кўринарди. Кейин ич-ичидан уҳ тортиб, елкасини яна юкка тутарди.
«Яшаш учун кураш баъзан шу қадар машаққатли бўлиб кетадики, бу талвасанинг номи ҳаёт эканига мутлақо ишонгинг келмайди», дея ўзича хаёлга берилди у ва шу заҳоти: «Ҳозир фалсафага бало борми?!» — деб ўйлади энсаси қотиб.
Тушдан кейин қор тинди. Изғирин кучайди. Учиб-қўниб қағиллаб юрган қарғаларнинг қораси ўчди.
Қопларни чайлага жойлагач, устини ўраб-чирмаб, «чимилдиқ»ни тутиб қўйишди. Бир бурдадан суви қочган кон кавшаб, Хонариқ бўйига жимгина йўл олдилар. Мирсобит бўйнини қисиб борар, гардани муздек қотган, оёғи ачишган сайин ғаши келар эди.
Катта йўл ёқасида депсина-депсина бирпас ўткинчи машина кутишди. Қор кўзни қамаштириб жимирлайди. Олтита сув насоси ўрнатилган котлован чуқуридан ўқтин-ўқтин тақиллаган товуш эшитилади. Бўй чўзиб қолган яланғоч, нозик терак ниҳолларининг учи кўзга чалинади.
— Шу ерга ким эккан бўлсаям, жа каллали одам экан, — деди Тўлавой.
— Ҳа-а, — деб маъқуллади Наби, — шундоқ сув бўйи, кўм-кўк яшнаб ётса — жаннат бўлиб кетади-да…
Тўлавой унинг гапини эшитмай, ўзича алланарсаларни ҳисоблади:
— Юзтаси бир сўмдан юз сўм, мингта бўлса минг сўм, ўҳ-ҳў… Агар сарровга мўлжаллаб икки сўмдан сотса… икки минг деган гап. Нақд икки минг-а!..
Қор босган, битта-яримта янтоқ тиккайган пастак тепалик ортидан бўғиқ мотор товуши эшитилди.
— Машина келяпти, — деди Мирсобит йўталиб.
Икки дўнг орасидаги муюлишда мошранг «Зиллис» пайдо бўлди.
— Раис-ку… Қаёққа кетяптийкин шу маҳалда?
— Шу, районга тушган бўлса, ҳойнаҳой, бирров хабар олиш учун бу ёққа ўтгандир-да… — деди Наби чайналиб.
— Майли, ишқилиб, бизни олиб кетади-ку!
Машина юпқа муз қатламларини қисир-қисир синдирганча икки-уч қадам ўтиб тўхтади. Тўлавой секин эшикни очиб салом берди. Эгнида кўк драп пальто, салқи юзи бир оз шишинқираган, барваста гавдали раис лабкга сигарет қистириб, алик олгандек им қоқди:
— Хўш?
Тўлавойнинг назари даставвал раиснинг оёғидаги топ-тоза, ялтиллаган хром этик учига тушди. Сўнгра, унинг қора кўзойнагига, бардачок устидаги «ВТ» қутисига бир-бир қаради ва шоша-пиша ўзининг уст-бошига кўз югуртириб, ҳижолат тортди. Баданидан гупиллаб анқиётган ачимсиқ ҳидни раис сезиб қолишидан чўчигандек, беихтиёр бир қадам орқага тисланди, шашти қайтиб, довдиради:
— Шу, карчика шунақа бўлиб… яхлаб қолмасин, деб… ҳалиги… кетмоқчи бўп турувдик энди…
Раис ўзини суянчиққа ташлаганча ойнага тикилиб қилт этмай ўтирарди.
— Энди нима бўлади? — деб сўради томоқ қириб.
— Энди… Занжирли трактор бўлса, олиб чиқамиз шудгордан.
Раис оғир қўзғалиб қўйди.
— Ҳм… Бўлмаса йўқ, денг? Колхозники музлайверсин… Шунақами? Ҳа, бу, шунчалик экан, сал илгари ҳаракат қилиш керак эди-да! Ҳаммайиз юрдийиз бозорда, чаккайизга гул тақиб! Энди занжирли трактор керакмиш буларга…
Тўлавой бирдан ранги гезариб, қуруқшаб қолган лабини ялади-да:
— Ҳеч ким ўйнаб юргани йўқ, Нажим ака, — деди секин. — Вақтлироқ қазийлик, деганимизда ўзинглар рухсат бермагансизлар…
Наби ерга қараб индамай турар, аравага қўшилган от каби оғиз-бурнидан паға-паға ҳовур чиқарди. Студентнинг миясига гуп этиб қон урди.
«Ҳой, раис! — дея ҳайқирди у. — Сизда инсоф борми? Биров ўлай деса, кўмай дейсизми! Қорни бу бечоралар ёғдирибдими? Табиий офат-ку бу!.. Ҳайф сиздек раҳбарга! Ҳе, ўша…» — У раисни қаттиқ силтаб-силтаб ташлади, Раис қизариб-бўзарганча чурқ этолмади…»
Гуриллаган товуш уни ҳушига келтирди. Йигит хаёлий уйдирмасидан ғижиниб, нари кетди.
— Ҳа-а, — дея раис чувак юз шофёрга юзланди, — қани…
Машина чайқалиб ўрнидан қўзғалди. Тўлавой анқайиб, қўлларини шим чўнтагига тиққан кўйи бир оз серрайиб турди.
— Э, тавба! — деди сўнг бўғилиб. Кейин чирт этиб ерга тупурди-да: — Катта деган ҳам шунақа бўладими? — деб тўнғиллади.
— Бунинг отасини «Миртолиб халфа» дейишар экан, — деди Наби хомуш. — Кеча Асом бува сўкувди, «Миртолиб халтанинг ўғли», деб…
Улар сўкина-сўкина йўлга тушдилар. Шағал ётқизилган қатқалоқ йўл тепаликка ўрлар эди.

1977