Нарзулло Ботиров. Бир чўмич қимиз (ҳажвия)

Саратон авжига чиққан. Шанба куни бўлгани учун уйда зерикиб, диққинафас бўлиб ўтирибман.
Телефон жиринглади. Ўрнимдан эринчоқлик билан туриб, телефон гўшагини олдим. Мираҳмад экан.
– Курк товуққа ўхшаб, тухум босиб ётаверасанми? – деди у. – Қишлоқдан Элбек келди. Юр, тоғ ҳавосидан нафас олиб, маза қилиб келамиз.
Мираҳмаднинг таклифи маъқул тушди. Тошкент-Чорбоғ электрпоездида Эшонхонагача бориб, у ердан йўловчи машинада Чимёнга етиб келдик. Қош қорая бошлаган, йўл ёқасидаги симёғочларнинг чироқчалари ёнган, жазирама иссиқдан сўнг қўзғалган майин шаббода юзга урарди.
Мираҳмад тўрт-беш чақирим чамаси юқорида тўхташимизни айтди. Юкларни кўтариб, юқорига ўрлаган сўқмоқдан йўлга тушдик. Атрофга қуюқ қоронғилик чўкди. Тўлин ой тоғ чўққисидан отилиб чиқиб, осмонга кўтарилди.
Бир соат юрдик чоғи, узоқдан отларнинг кишнагани эшитилди, сал ўтмай ўтовнинг қорайиб турган сояси кўзга ташланди. Мираҳмад йилқичилар ўтовига етиб келдик, деди. Ўтов томондан итларнинг ҳургани эшитилди. Эркак кишининг:
– Ким бу? – деган товуши чиқди.
– Меҳмонлармиз! Меҳмон оласизларми? – товуш берди Мираҳмад.
Ўтов эгаси новчадан келган қирқ-қирқ бешлар атрофидаги Тоҳир исмли, очиқ юзли киши экан. У Мираҳмад билан ўз укасидек қуюқ ҳол-аҳвол сўрашиб, бизларни ўтовга таклиф қилди. Биз палаткамиз борлигини айтиб, миннатдорчилик билдирдик. Тоҳир ака ёрдамида тезда палаткани ҳам қуриб олдик. Неон лампали қўл фонусининг ёруғи палаткани кундузгидек ёритиб юборди. Мезбон ўтов олдидаги олови ўчмаган ўчоққа шох-шабба ташлаб, ўт ёқди. Чой дамлаб келди, ўтовдан қатиқ ва тандир нони олиб чиқди. Овқатланиб бўлгач, роса мириқиб чой ичдик. Тоғ сувида чойнинг мазаси бошқача бўлар эканми ёки йўл юриб, чарчаганимиз учунми, ҳар қалай ёнбошлаб чой ичиш уйдагидан кўра бошқача лаззат берар, чойдан келаётган тутун ҳиди ҳам кишига хуш ёқарди…
…Бир вақт “подъём!” деган товушдан уйғониб кетдим. Кўзимни очсам, тепамда Мираҳмад қаққайиб турибди. Элбек палатканинг бурчагида бошини кўрпага ўраганча ухлаб ётибди.
– Қўй, жўражон, озроқ ухлайлик, – деб ялиндим.
– Тур! Офтобнинг тоғ ортидан кўтарилишини кўрмасанг нима қилардинг келиб? Тонг нурлари кишига қанчалар куч-қувват беришини биласанми? Руҳингни кўтаради. Дилингга меҳр-муҳаббат беради. Кейин эса тезда уйланасан.
Унга жавоб бермай, бошимга кўрпани ёпиб олдим. Лекин Мираҳмад айтганидан қолмай Элбек иккаламизни турғазди. Ширин уйқумдан ажралиш алам қилиб, ташқарига чиқдим.
– Тақсир, физзарядка ҳам қиламизми? – ярим ҳазил, ярим истеҳзо аралаш сўради Элбек.
– Физзарядкага бало борми? Ҳов анави кўриниб турган чўққига чиқишнинг ўзи яхшигина физзарядка бўлади, – жавоб берди Мираҳмад.
Ўтовдагилар аллақачон туришган эди. Бир аёл, қўлида сут тўла челак, ўчоқ бошига қараб кетди. Беш-олти яшар иккита бола товуқларга дон сочишди. Ўн олти-ўн етти ёшлар чамасидаги қиз уч ёшлар атрофидаги болани ювинтириб, сим дорга ташлаб қўйилган сочиқ билан унинг юзини артди. Кейин пўписа қилиб, ўтовга олиб кириб кетди. Болани ўтов ичида қолдириб, тез чиқди. Сигирлар турган жойга бориб, онасини эмаётган иккита бузоқчанинг арқонидан торта бошлади. Бузоқчалар онасига қараб интиларди. Қиз бузоқлардан бирини ўтов яқинидаги қозиққа келтириб боғлади. Кейин қочиб кетиб, онасини эмаётган бузоқнинг арқонидан тутиб олди-да, арқоннинг иккинчи учи билан бузоқнинг орқасига уриб, куч билан тортди. Бузоқча тисланганича бошини орқага тортиб, онасини эмишга ҳаракат қиларди.
– Қорни тўймапти! Қўйинг, яна озроқ эмсин, – дедим мен.
– Йўғ-е, – эътироз қилди қиз. – Бузоқ ҳамма сутни эмиб қўйса, бизга нима қолади?
Қиз бузоқчани куч билан тортиб, қозиққа келтириб боғлади. Кейин товуқлар турган тўсин ёғочларидан ошиб ўтиб нималарнидир терди-да, тоғорага солиб олиб чиқди.
– Бугун товуқларимиз кечагидан битта тухум кам қилишипти. Манови кўнғир товуқ тухум туғмаган бўлса керак. У кунора тухум қилади, – дея изоҳ бериб, қўлидаги тухум тўла тоғорани ўтов ичига олиб кириб, бўшатиб чиқди.
Қизнинг устидаги қизил чит кўйлаги ўзига жуда ярашган. Бир ўрим узун, қалин, қоп-қора сочлари қиз юрганида у ёқдан-бу ёққа бориб келади. Қиз жуда тез ҳаракат қилар, ҳар бир ишни чаққонлик билан бажарарди.
Ўтовга кириб кетган хотин яна челак кўтариб чиқди.
– Жамила, – деди у қизга қараб. – Сутни пишир. Қайнаб чиққач, укаларингга сузиб бер. Мен отларни соғиб келай. Тушга яқин қимиз олувчилар ҳам келиб қолишади.
Жамила ўчоқ тагига олов ёқди. Ўтовда турган челаклардаги сутни олиб чиқиб, қозонга қуйди. Менинг ҳам сут ичгим келди.
– Жамила, – дея чақирдим.
Қиз ялт этиб менга қаради:
– Исмимни қаердан биласиз?
– Биламан-да, – кулдим мен. – Ҳамма нарсани биламан. Шу йили мактабни тугатганингизни ҳам.
– Қаердан биласиз ёки сиз Ғазалкентданмисиз? Мен Ғазалкентдаги мактабни тугатдим, – ҳайрон бўлди Жамила.
– Ана кўрдингизми? – дедим. – Ҳамма нарсани биламан дедим-ку сизга.
– Яна нималарни биласиз? – қизиқсиниб сўради қиз.
– Қозонда қайнаётган сутингиздан бизни тўйғазсангиз қолганларини айтиб бераман.
Кулиб қараб турган қизнинг чеҳраси бирдан жиддийлашди:
– Сутнинг бир литри бизда икки юз сўмдан.
– Бунча қиммат?
– Бизда сут ёғлиқ, – маъноли қараш қилди қиз. – Лагерга топширадиганимизнинг қаймоғини оламиз. Унинг бир литрини бир юз эллик сўмдан сотамиз, – қўшиб кўйди Жамила.
Мен уч коса сут олиб келишни сўраб, атай:
– Фақат ёғлиғидан олиб келинг. Қаймоғи олинганидан эмас, – дедим унинг жиғига тегиш учун. Қизгина ҳазил аралаш сўзларимни жиддий қабул қилганидан, шошилиб:
– Йўғ-е, мен сизларга қаймоқли сут олиб келаман, – деди.
Кейин у уч косада сут олиб келди. Сутни бераётиб “уч юз сўм бўлади”, – деди.
Жамила берган қаймоқли сут билан нонушта қилгач, юк халталаримизни елкага ташлаб, тоғ чўққисига қараб йўл олдик.
Биринчи чўққини муваффақият ила забт этдик. Аммо менинг оёғимни шиппак урди. Оёғим шилиниб, орқага қайтадиган бўлдим. Тўғрироғи, Жамила билан учрашгим, унинг ғайрат билан ишлашини кўргим келди. Қизнинг вужудидан ёғилиб турган соғломлик, юзларидаги анор каби қизиллик, унинг қоп-қора сочлари, тик қомати аллақачон мени ром қилиб олган эди. Мен ўз бахтимни шу Чимён тоғларида топдим, деб ўйлардим. Жамилани ҳар томонлама ўзимга таққослаб кўрдим. Гўзал тоғ қизи, меҳнаткаш. Эрталабдан тинмайди. Ҳамма ишни завқ, иштиёқ билан бажаради. Бир қиз шунча бўлар-да. Бир йигитнинг бахтли бўлиши учун шунинг ўзи етарли эмасми? Жамила кутилмаганда юрагимдан жой олган эди. Оёғимни шиппак ургани баҳона бўлди.
– Оғайнилар, мен бошқа юролмайман. Оёғим адо бўлди, – дедим инқиллаб.
– Йўқ. Бекор айтибсан, – зарда қилди Мираҳмад. – Биз билан борасан. Яна озроқ юрсанг ўтиб кетади.
– Жўражон, бошқа юролмайман. Ҳали ўтовгача бориб олсам ҳам катта гaп. Орқага қайтай. Сизлар келгунларингча овқат тайёрлаб тураман.
Мираҳмадни амаллаб кўндирдим. Улар иккинчи чўққига йўл олишди, мен ортга қайтдим. Мақсадим Жамилани кўриш, у билан гаплашиб, юрагига қўл солиш эди.
Ўтовга қайтиб келганимда кун пешин бўлган эди. Ўтов олдидаги темир стол устига челак қўйилган. Челак ёнида косалар. Йўл четида бир нечта енгил автомашина турибди. Стол атрофида етти-саккиз киши. Жамила қўлида чўмич, челакдан косаларга қимиз қуйиб берарди.
– Ҳорманг, – дедим Жамилага. – Қимизингиз муздакми? Менга ҳам берасизми? Чанқаб ўлаёздим.
– Қимизнинг косаси уч юз сўмдан, – деди Жамила. – Бизнинг қимиз бу атрофдаги энг яхшиси. Шунинг учун ҳам ҳар куни шаҳардан мижозларимиз келиб олиб кетадилар.
– Қани, шу мақтаган қимизингиздан менга ҳам бир коса беринг-чи. Мен ҳам зора сизга доимий мижоз бўлиб қолсам.
Жамила косага қимиз қуйиб менга узатди:
– Ичиб кўринг. Пулига арзийди.
Қизнинг қўлидан қимизни олар эканман, унинг қоп-қора кўзларига суқланиб қарадим. У меники бўлишини жуда-жуда хоҳладим. Унинг овози, сўзлари борлиғимни эгаллаб олган эди.
Чанқаган эканман, косадаги қимизни бир симиришда ичдим. Муздек қимиз жуда ёқди, таним яйради. Стол атрофига қўйилган скамейкага ўтирдим. Жамиланинг ҳаракатларини кузата бошладим. Қимиз ичишга келганлар сийраклашиб қолишди. Бу орада Жамила ўтовдан яна икки-уч челак қимиз олиб чиқиб, сотиб тугатди. Сўнгра бидондаги сувдан қуйиб, челак ва косаларни обдан ювди. Жамила қўйинг деганига қарамасдан, сув қуйиб турдим. Косаларини тахлашиб, ўтовига киргизиб бердим. Мен нима қилиб бўлса-да, Жамилага яқин бўлишга, у билан суҳбатлашишга уринардим.
– Жамила, шаҳарга ўқишга боришни хоҳламайсизми? – деб сўрадим.
– Бормоқчи эдим. Ойим бу йил уй ишларига қараш, укаларинг сал катта бўлишсин. Келаси йил борарсан, деди. Кичкина укам ҳали бешикда. Ойимнинг ишига қарашувчи йўқ. Дадам кун бўйи йилқиларнинг кетидан юради. Йилқига кўз-қулоқ бўлиб турмаса бўлмайди.
– Келаси йил, албатта, ўқишга борасизми? – яна сўрадим мен.
Чунки мен Жамиланинг Тошкентга боришини хоҳлардим.
– Ҳаракат қиламан, – деди Жамила. – Савдо соҳасига қизиқаман. Дўконда ўтириб, савдо қилишни ёқтираман. Дадам эса: “Қизим, дўхтир бўлгин. Биздан ҳам дўхтир чиқсин”, – дейди.
– Дадангиз тўғри айтади. Дўхтирлик яхши касб. Одамлар учун доимо керак бўласиз.
– Дўконда савдо қилиш яхши-да, пулинг кўп бўлади, – деди қиз кулиб.
Қиз билан тортишишни истамадим. Унга: “Бу гапингиз ҳам тўғри”, – дедим. Бу орада Жамила товуқларга дон сочиб, сувини алмаштирди.
Жамила билан гаплашганим сари кўпроқ ёқар, унга меҳрим янада ортарди. Кечга бориб, Мираҳмад билан Элбек юк халталарини орқалаб қайтишди.
– Қани, овқат тайёрми? – сўради Мираҳмад.
 Жамила билан гаплашиб, овқат тайёрлаш хаёлимдан кўтарилибди. Шунда Жамиланинг ўтовида тухум борлиги эсимга тушди.
– Ҳаммаси тахт, – деб юбордим. – Бугун шоҳона овқат еймиз. Аввал тоғ қимизидан ичамиз, кейин тухум ва тоғ қатиғи тановул қиламиз.
– Қани, қимизингни олиб кел. Чанқаб ўлаёздик, – деди Мираҳмад.
Мен Жамиладан уч коса қимиз сўрадим. У қимиз келтириб, “тўққиз юз сўм бўлади”, – деди.
Мен Жамиладан тухум келтиришини сўрадим.
– Хўп, нечта керак? – деди Жамила ва қўшиб қўйди. – Бизда тухумнинг донаси юз сўмдан. Чунки уй тухуми-да.
– Майли, – қўл силтадим мен. – Ўнта қайнатиб беринг.
Жамила биз билан шундай ҳисоб-китоб қилди:
– Ҳар коса қимиз учун уч юз сўмдан, олти коса қимизга бир минг саккиз юз сўм ва ўнта тухум юз сўмдан минг сўм, жами икки минг саккиз юз сўм.
Мен қизгинанинг бунчалик тез ҳисоб-китоб қилишига завқланиб қараб турдим. Ҳақиқатдан ҳам савдони яхши кўрар экан.
Мираҳмад билан Элбек чарчаганлари учун тезда хуррак тортишди. Мен эса ухлолмадим, нуқул Жамилани ўйлайман. Қанийди у менинг қайлиғим бўлса. Ишдан келганимда, уйда кутиб олади. Ҳамма жой саранжом-саришта. Болаларни ювинтирган, тоза кийимлар кийдириб қўйган… Эшикдан киришим билан “Жуманазар ака, яхши келдингизми? Чарчамадингизми? Овқатни тайёрлаб, сизни кутиб ўтирибмиз. Болалар ҳам сизсиз овқатланишмаяпти”, – дейди…
Шундай ширин хаёлларга берилиб, ухлаб қолибман. Эрталаб яна Мираҳмаднинг қичқириғидан уйғондим.
– Тур деяпман сенга! – у Элбекка бақирар эди. – Бугун нариги чўққини ҳам забт этишимиз шарт.
Сал ўтмай, дағдағани каминага қаратди:
– Эй дангаса, бугун охиригача борасан. Ярим йўлдан қайтмайсан.
– Жўражон, қўй мени. Оёғим жуда оғрияпти. Кеча ўтовга зўрға қайтиб келдим.
– Ўл бўлмаса, – зарда қилди Мираҳмад.
Ундан қутулганимга хурсанд бўлиб, кўрпага ўраниб олдим. Улар кетишгач, секин туриб, палаткадан чиқдим.
Жамила ўтов атрофини супурарди. Онаси кечагидек сигирларни соғиб қайтаяпти. Бузоқчалар оналарини эмишмоқда.
– Ҳидоят опа, бузоқларингизни боғлаб берайми? – қичқирдим мен.
– Йўғ-е, қўяверинг. Жамиланинг ўзи боғлайди, – эътироз қилди онаси.
Ҳидоят опанинг гапини эшитмаган бўлиб, бузоқчаларни ўтов олдидаги қозиққа боғладим. Кейин секин Жамиланинг олдига бордим. У тўпланган хашак ва хазонларни йиғиштираётган эди.
– Келинг, қарашиб юборай.
– Йўғ-е, қўйинг, овора бўлманг. Эгнингизни ифлос қиласиз. Анови ўлгур бузоқлар оналарини эмиб қўяди-да, – у хавотир олиб, сигирлар томонга қараб қўйди.
– Хавотир олманг, – дедим мен. – Бузоқларни боғлаб қўйдим.
Қиз хижолат чеккан каби жилмайди:
– Сиз нега овора бўлдингиз? Ўзим боғлар эдим-ку!
Хазонларни йиғиштиришда Жамилага ёрдам бердим. У билан биргаликда аравачада лагердаги артезиан қудуғидан бидонларни тўлдириб, сув келтирдик. Кейин товуқларнинг қўноғига кириб тухумларни йиғиб олдик. Мен тоғорани ушлаб турдим. Жамила тухумларни териб, санаб тоғорага солди.
– Эллик битта, – деди у. – Кеча элликта эди.
Тоғорани ўтовга олиб кириб, Жамиланинг онасига тутқаздим. Ҳидоят опа хурсанд бўлиб қолди.
– Жамиланинг ҳам бўйи етиб қолди. Қанийди сиздек куёвим бўлса. Ҳозирги йигитларнинг кўпи ичади, чекади. Сиз чекмас экансиз-а, – деди менга қараб.
Ҳидоят опанинг гапи бирам хуш ёқдики, гўёки, еттинчи осмонга чиқиб кетгандек бўлдим. Жамилани ўзимники бўлди, деб ўйладим. Гўёки мен шу хонадоннинг куёвиман.
Товуқларни қувлаб юрган болаларнинг орқасидан югуриб бориб, уларни икки қўлимга кўтариб олдим, юзларидан ўпдим. Чунки улар энди менинг ҳам укаларим-да. Кейин эса бирини қўйиб, бирини осмонга отиб ўйнатдим. Болалар хурсандликларидан қийқиришар, йиқилишдан қўрқиб, қўллари билан бўйнимга маҳкам чирмашиб олишар эди.
– Туширинг буларни, – деди Жамила. – Уст-бошингизни расво қилишди. Эгнингиздаги футболкангиз қимматбаҳо экан.
– Ҳечқиси йўқ, ювса кетади.
– Ювса эскириб қолади, оҳори кетади, – деди қиз.
Қуёш тепага кўтарилиб, кун қизий бошлади. Ўтовдан қимиз тўла челакларни олиб чиқиб темир стол устига қўйдик. Косаларни чиқариб бердим. Жамила уларни қайтадан ювиб, челак ёнига тахлади ва “ҚИМИЗ” деб ёзилган тахтачани стол четига ўрнатиб қўйди. Йўловчилар тўхтаб, қимиз ичишар, баъзилар идишларда олиб кетишар, одамлар кўпайса, Жамиланинг кайфияти кўтарилиб, чаққон ҳаракат қилиб қимиз қуйиб узатар ва улардан пулларни усталик билан санаб олиб, чўнтагига солиб қўярди. Шу орада йўл четига “Жигули” автомашинаси келиб тўхтади. Ундан чуст дўппи кийган кекса бир киши тушиб келди.
– Қимизинг муздакми, қизим? Неча сўмдан экан? – сўради у Жамиладан.
– Ҳа, муздек. Косаси уч юз сўмдан, – жавоб берди қиз.
– Менга бир коса қуйиб бер, барака топгур. Роса чанқадим.
Жамила тоза косалардан бирини олиб, қимиз қуйди-да, чолнинг олдига қўйди. Чол чўнтагини кавлади. Пулини олиб санади. Ён чўнтакларини кавлаб кўрди. Ҳеч нима чиқмади чоғи, Жамилага:
– Қизим, чўнтагимда икки юз сўм қолибди. Атиги юз сўм етмаяпти. Яна ўтганимда ташлаб кетарман, – деди.
Жамила чолнинг қўлидаги пулни олиб, санаб, чўнтагига солди. Кейин косани қўлига олиб, бир чўмич қимизни қайтариб челакка қуйди-да, чолга косани қайтарди:
– Ота, бир коса қимиз уч юз сўм. Косага уч чўмич қимиз кетади. Шунинг учун бир чўмичини олиб қолдим. Биз насияга ҳеч нарса бермаймиз.
Чол ҳеч нима демади. Қимизни ичди-да, косани қўйиб, машинасига ўтириб жўнаб кетди.
Чол жўнади-ю, менинг юрагимдаги нафис туйғуларим ҳам учиб кетди. Бўшашиб қолдим. Жажжи болалар. Уларнинг онаси. Ҳаммаси ширин, лекин хом хаёллар. Улар бирдан совун пуфагидек ёрилиб кетди…
Кечки поездга ўтириб Тошкентга қайтдик. Қош қорайган. Оқшом руҳи кайфиятимга урган, вужудимни оғир тош босгандек эди.
– Нимага бунча хомушсан? – сўради Мираҳмад. – Сенга сафар ёқмадими ёки оёғинг оғрияптими?
– Юрагим оғрияпти, – жавоб қилдим мен.
Мираҳмад елкасини қисди:
– Ҳа, юрагинг тузалса, яна келармиз. Шунчаям нозик бўладими киши?
Вагон деразасидан узоқлашаётган тоғ чўққиларига тикилдим. У ерда ниманидир йўқотгандек, қиммат бир нарсамни тушириб қолдиргандек эдим.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 5-сон