Уни қишлоқда ҳамма танийди-ю, исмини ҳеч ким билмайди. Ҳамма уни «Қори», «Қори ака», деб чақиради, орқаваротдан эса «Кўр Қори», деб атайдилар. Кўча-кўйда тупроққа қоришиб юрадиган иштончанг гўдаклар унинг ортидан: «Қорака, Қорака, бугун кино қанақа?» дея чувиллашиб қочадилар-да, сал нари боргач: «Елпесе»ни айтиб беринг!» деб бақиришади.
У бундан хафа бўлмайди. Қачонлардир ота-онаси бешик устида умид билан қўйган асл номини ўзи ҳам унутиб юборгандек, кулиб қўя қолади. Хуллас, паст бўйли, елкалари туртиб чиққан, юзи ирғай ҳассасидек чўтир букиши барчага баробар беозор эрмак — «Қори ака», вассалом.
Кўз ўрнида — туксиз қошлар тагида йилтирайдиган иккита кўкимтир соққа; эгнида — қишин-ёзин қора тринкадан камзул-шим, оёғида — укаси бир замонда ҳарбийдан кийиб қайтган қўпол ботинка; лабида — …қўшиқ!
Қори ашула айтишни яхши кўради. Яхши кўради-ю, яхши айтмайди. Яхши айтса, яхши кўрмасди-да. У пана-панада ўзича хиргойи қилиб юрадиганлардан эмас — тўйларда расмана ўртага чиқиб, гоҳ тақсимча, гоҳ чилдирма чертиб ашула тортади.
Унинг ҳовлиси қишлоқнинг дала йўли бошланадиган нариги четида. Яқин-атрофда бу икки хона, олди пешайвонли уйдан бошқа бирорта иморат йўқ. Уйи «тупканинг тагида»лиги сабабли Қорини ҳеч ким тўй-маъракага айтмайди. Лекин кечқурун неча жойда тўй бўлса, барчасида унинг ҳозиру нозирлигини ҳамма билади.
Бугун ҳам шундай бўлди.
Ноғора тараклайди. Сурнай нола қилади. Йигит-яланг ўртадаги гажакдор жувоннинг муқомига маҳлиё. Кўзлар сархуш, қулоқлар батанг.
Бу шовқин-суронни фақат Қоригина эшитмайди. Тахта курсининг бир четида, пиёладаги совиб қолган чойга тикилган кўйи жимгина ўтирибди. Вужуди ўзига хўп таниш бўлиб кетган ўша бир оғиз гапга маҳтал:
— «Энди навбат — маҳаллий хушовоз хонандаларимиздан Қори акага!»
Аммо ҳали унгача узоқ — еру кўкни бузиб сурон солаётган карнай-сурнай тинақоладиганга ўхшамайди.
Қори нурсиз кўзлари билан тўрдаги чорпояларга синчиклаб разм солди. Ишқилиб, қари-қартанглар кетиб қолмасин-да!
У буни кўп синаган: чоллардан бирортаси даврани бошқараётган жингалаксоч, маҳмадана йигитни чеккага имлаб, қулоғига нимадир деб шивирлайди. Йигит ўнг кафтини кўксига босиб илжаяди, бориб микрофонни оларкан, яна оғзининг таноби қочади:
— «Энди навбат — маҳаллий хушовоз хонандаларимиздан…»
Сўнг Қори пайпасланиб ўртага чиқади. Авваллари бу гапни эшитганида уялар, ғаши келар эди, ахийри кўникиб кетди.
Совиб қолган чилдирмани дарҳол қўлига тутқазадилар. Бир томоқ қириб, кулимсирашга уринади-да, кейин…
Кейин нима қилишни Қори яхши билади: қий-чувларга, чор атрофдан ёғилаётган қочириғу луқмаларга кар бўлиши керак, тамом-вассалом! Даврада қари-қартанглар кўпроқ бўлса — айни муддао: ортиқча гап-сўз кўтарилмайди. Тўрттала ашуласини бирданига айтади: пешанасининг терини артиб, секин жойига ўтиради — тамом-вассалом!
Лекин ҳали упгача узоқ, кутиш керак. Тўй ҳам қиёмат бўляпти-да: Мажид буғалтир ўғлини уйлантиряпти-я!
Қори осмонга қараб хомуза тортди. «Ёмғир ёғмасмикан?» — деб ўйлади.
Унинг тайин бир касби йўқ. Ёшлигида, кўзи дардга чалинмасдан илгари колхоз боғида ишлаб юрарди. Кўзи хиралашиб қолгач, пенсияга чиқаришди. Ўшанда қишлоқ шўросининг раиси, раҳматли Умар меш бир куни уни идорасига чақириб: «Қори, пенсадаман, деб узун кекириб ётаверманг, милтиқнинг ўқидек овозингиз бор экан, юртнинг хизматини қилиб туринг, кам бўлмайсиз», деб тайинлади. Ҳатто бир-икки тўйга ўзи етаклаб олиб борди. Шу-шу, Қори «Маҳаллий хушовоз хонанда» бўлиб қолди…
Сурнай узун нолиш қилиб тинди. Олағовур кучайди. Қори сергакланиб тиззалари орасидаги ирғай ҳассасини ўнг қўлига олди. Жингалаксоч йигит илжайиб ўртага чиқди.
— Раҳма-ат, саломат бўлинглар! — дея хитоб қилди у машшоқларга. — Азиз меҳмонлар! Бугун Сотимбой билан Дилафрўзхоннинг бахт тўйига шаҳардан севикли хонандамиз Умархон акам ўз дўстлари билан ташриф буюрганлар. Ҳозир Умархон акам бу икки ёшга бахт тилаб, дил сўзларини қўшиқ орқали ифодаламоқчилар. Марҳамат, Умархон ака.
Қори билинар-билинмас хўрсиниб, ҳассасини ёнига суяб қўйди. Навбат энди шаҳарлик меҳмонларга келган бўлса… Ҳали Обиджон бор, ундан кейин Фотиҳ, кейин Кабирқул, ундан кейин…
— Ти-нгланг, дўстлар: Умархон акам қўшиқ айтади, қалб қўрини қўшиб айтади!
Қори бош чайқади. Бу бола бунча сўзамолликни қаердан ўрганган экан-а? Ҳаммани оғзига қаратиб ўтирадиган бунақа чиройли гапларни қаердан оларкин? Тўйда отарчилар-ку бўлгувчи эди, энди даврани бошқарадигаи «очарчилар» ҳам чиққан. Илгарилари бунақа эмас эди.
Илгарилари… Унинг кўнгли сув ичгандек бирдан ёришди. Илгари бутун бошли қишлоқда Қорининг ўзи ягона хонанда эди. Бирорта тўй, бирорта базм усиз ўтмасди. Кейин эса… Кейин оёқ тагидан мана шу зумрашалар чиқиб…
Лекин бугун Қори уларни боплайди. У ўзича сирли илжайиб қўйди. Ҳа-ҳа, барчасини боплайди! Ишқилиб, чоллар кетиб қолмаса бўлгани.
У пиёладаги совиб қолган чойдан ҳўплаб, ашулага қулоқ солди.
— Ой юзингга тўймайма-а-ан…
«Қизиқ, — деб ўйлаб кетди Қори, — бу, ашулани ёзадиган одамлар ашулага хотинини ёзармикан? Мана, ўзим ҳам доим «Жамолинг васфини эй, ой…» деб айтаман. Ахир, бу осмондаги ой эмас-ку! Хотиним… хотиним эмасдир, ҳарҳолда?»
У кўзларини юмди. Кўз ўнгига кимлиги номаълум «ой жамол» эмас, қоп-қора бўшлиқ келди.
«Пулни ҳам қириб оляпти. Эҳ!..»
Қори ўйлаб кетди: навбати келганда, индамай ўртага чиқади-да, «Яратибди»дан бошлайди. Кейин, йўқ, яхшиси… «Яратибди»дан бошласа, ғала-ғовурда биров билармикан? Ёки…
Қори безовта эди. Бироқ қуюқ-суюқ овқат тортилиб, «миллий ноғора базм» ва «хушовоз хонандалар» бир неча қур давра айлангунча сабр-тоқат билан кутиб ўтирди.
Сўриларда одам сийраклашиб қолган. Боягина игна ташласа ерга тушмайдиган қаторлар энди тишсиз оғиздек кўзга хунук кўринади. Ниҳоят, «очарчи» ўртага чиқиб илжайди:
— Энди навбат — маҳаллий хушовоз хонандаларимиздан Қори акага!
Уч-тўртта чол ўтирган тўрдаги чорпоя томондан: «Э, Қори қаердасиз?», «Ҳа, бўлақолинг, чаққонгина!» деган хитоблар янгради.
Қори каловланиб ўрнидан тураркан, негадир тиззаси қалтирагандек бўлди. «Оёғим увушиб қолибди-да», деб ўйлади.
У нимадан бошлаш ҳақида ҳали муқим бир қарорга келмагап эди — жингалаксоч йигит қўлига чилдирмани тутқазиб ишшайди:
— Мана, Қори ака, ишқилиб ўзингизга инсоф берсин, жудаям музлатворманг! Бир жуфтгина бўлса бас!
Қори беписанд илжайди. Сўнг чилдирмани одатдагидек так-так чертиб, хирқироқ овоз билан бошлади:
— Ишқингда мани волаю ҳайрон яратибдур…
Бир дам тинчиган тўйхона яна олағовурга кўмилди.
Қори ҳарчанд эътибор бермасликка тиришса-да, тўрт томондан ташланаётган луқмалар қулоғига чалинар эди:
— Яшанг, Қори ака, сиздан бошқа ҳеч ким ўлмасип!
— Оғзини қара, оғзини! Худди колхознинг боғига ўхшайди, ваҳ-ҳа-ҳа!
Пойгак томондаги бурчакда ўтирган қўқон дўппили озғин ўспирин афти буришганча кимгадир жаҳл қилиб баланд овоз билан қичқирди:
— Э, жўнатвор, тўртта қатламасини бериб!
Кенжа деган қоп-қора, бақалоқ йигит Қорининг чаккасига пул қистираркан, оғзидан ароқ ҳидини гупиллатиб:
— Ҳали ҳам даққиюнусдан қолган ўша пластинками, Қори ака! — деб кулди.
Қори ашулани шартта тўхтатиб: «Ука, мана, ҳозир кўрасиз!» — деб юбораёзди.
У «Яратибди»ни тезроқ тугатиш учун ҳеч қаёққа қарамай шоша-пиша айтаётган эди, тўсатдан дароз бўйли, эгнидаги кўк нейлон кўйлагининг этаги шимидан чиқиб кетган йигит гандираклаб ўртага тушди. Мингинчи лампочка тагида тўхтаб, чўнтагини кавлаштира бошлади, кўзини қисганча бир даста пулни ёруққа солиб кўрди. Иккита беш сўмликни ажратди-да, куракдек кафтида ғижимлаб, Қорига яқинлашди.
— Тарсобачани ғорати имон яратибдур…
Йигит Қорининг енгидан тортди:
— Ҳўв, манга қаранг! Бу, ҳаде-еб, нима бало деб чулдираяпсиз? А? Чулчутмисиз ё?
Қори енгини унинг чангалидан чиқаришга уриниб, илжайди:
— Ука, бу Машрабнинг ашуласи…
— Бошши қотирманг! Ашрап-Машрапингиз билан пшим йўқ. Давай, бир «Лаълихон»ни тортинг, ҳа, қани шу ойимча бир йўрғаласин!.. Дў-ўст-т, қаддингдан!..
Қори уни, ҳазиллашяпти, деб гумон қилиб, кулди:
— Нимага иршаяпсиз? А? Ҳўв, сиздан сўраяпман, нега иршайдингиз? Ё очиб қўйибдими?
Атрофда кулги қийқириқ:
— Ҳа, Соли паранг, чўтал ундирмагунча қўймайсан!
— Шуни «Елпесе»га ўйнатсангиз-чи, Қори ака!
Қори атрофга жавдираб қаради. Жингалаксоч йигит сўрининг олдида гажакдор жувон билан гап сотиб турар, чоллар ўтирган чорпоя бўшаб қолган эди.
— Қани, айтмайсизми?. Мана пул, мана, кўряпсизми? «Лаълихон»ни битта айтасиз — ҳаммаси сизники. К-келишдикми?.. Ҳўв, кўзидан, қани, буёққа қаранг!.. Э, Қори, ҳалиям қаққайиб турибсизми?
— Уни билмайман, ука. Мен бошқа нарса айтиб бера қолай? Яқинда ўрганувдим.
— Бошқа нарса? Нима у? А? «Елпесе»ми?
— Мана, ҳозир…
— Шош-шошманг, олдин отини айтинг. Оти қандақа?
— «Кўча боғи, биринчи».
— Нима-а? Вей, сиз мани маст, деб, а? Биз сизга масхара бўп қолдикми? Ман мастми?! — у кўксига муштлади. — Айтинг, мастми?
— Йўқ, ука, сизни маст дедимми?
— Бўлмаса, нега… ҳиқ, уйингизнинг номерини айтиб бошимни қотирасиз? А? Ҳўв, манга қаранг…
Оломон сийраклашиб қолган, гур-гур кулги… Қорининг томоғига нўхатдек бир нарса тиқилди. Атрофга жавдиради. Жингалаксоч йигит уларнинг ёнига яқинлашди:
— Э, нима жанжал? Ҳа, Қори ака, бўлдими?
— Йўқ, Қори ҳозир «Лаълихон»ни айтади, нарироқ тур! Чақир анави опангни!
— Ҳа, Қори ака, айтсангиз айтақолинг, шу Соли паранг ҳам бир хурсанд бўлсин! — деди йигит кулимсираб.
— Билмайман-да, ука.
Соли паранг гандираклаб, унинг енгидан ушлади:
— Нега билмайсиз? А? Бизга келганда билмас бўп қолдингизми? Йўқ! Ё бизнинг пулимиз ҳаромми? Йў-ўқ, айтасиз! Айттираман!
— Ўлма, Соли паранг!
— Э, бўлди-да, ўртани ҳам совутиб юбординглар! — Ноғора базм бўлсин!
Жингалаксоч йигит ўртага тушиб келаётган иккита норғул йигитчага кўз қисиб қўйди-да, микрофонни қўлига олди.
— Яна навбат — ноғора базмга! Марҳамат, Усмон ака!
Йигитлар кула-кула Соли парангни судраб олиб чиқиб кетишди. У эса яккаш оғзидан тупук сочиб бақирар эди.
Сурнай янгради. Гажакдор жувон муқом билан даврага тушди. Келишган, атлас кўйлак чиппа ёпишган қомат ширакайф кўзлар ўнгида тағин жилва қила бошлади.
Жингалаксоч йигит Қорини етаклаб жойига ўтқазди. «Чўталдан олинг энди», деб кулди-да, нари кетди.
Қори муздек клеёнкага тирсагини қўйиб ўтирар, бадани мисдек қизиб борар эди. Тўсатдан умрида қилмаган ишини қилди — стол устидаги ароқ шишасини очди. Пиёладаги совиб қолган чойни сепиб ташлади-да, тўкиб-сочиб ароқ қуйди, ёнида ўтирган йигитчаларни лол қолдириб, симириб юборди. Аччиқ суюқлик ичини ўт каби сидириб кетди.
Бир вақт кўзларини қисганча осмонга қаради. Етти қароқчи шундоқ тепасида милт-милт қилади. Осмон унга белангандек оппоқ…
У ҳассасини олди-да, шартта ўртага чиқди. Давра гувиллар эди. Довдираб қолган хушмўйлов доирачи индамай чилдирмасини узатди.
— Чақир… боягини… — деб илжайди. Қори ва ичкари уйда беҳузур ётган Соли парангнинг чиқишини кутмасдан ашулани бошлаб юборди:
— Дарянинг бетинде-е
Бир кавун еде-ем-м…
Хирқироқ товуши фавқулодда шанғиллар, бироқ ўзи эшитмас эди. Давра ҳамон гувилларди. Бирдан чилдирмани ерга урди-да, титроқ лабларини махкам тишлаганча гандираклаб тўйхонадан чиқиб кетди.
Остона ҳатлаб кўчага қадам қўяркан, кўксига муздек сой шамоли урилди. Зум ўтмай шамол миясида гувиллай бошлади: «Биров — худонинг бандаси, биров — банданинг бандиси…»
Дала йўлига тушиб олгач, пастак бир дўнгга ўтириб нафас ростлади. Ғира-шира қоронғиликда қишлоқ гун-гурсдек қорайиб кўзга чалинардн. Осмон бала-а-анд эди. Бирдан кайфи чоғ бўлиб кетди. Ирғай ҳассасини чертиб, аста хиргойи қилди:
Эй, сарвиноз, гулшани боғи малоҳатингни…
Кейин хилват боғкўчалар оралаб уйига жўнади.
1979
Ҳикоя билан боғлиқ видео: