Восит Аҳмад. Шўрликкина китобим (ҳажвия)

Агар сизда ҳам ёзиш дарди бўлса-ю, боз устига илк китобингиз чоп этилса қандай ҳолга тушардингиз?! Менинг ҳам биринчи китобим нашр қилиндию, ўзимни самоларда учаётгандек ҳис қила бошладим. Ҳамма нарса кўзимга гўзал бўлиб кўринарди, ёмон кўрган одамларимни ҳам ёқтириб қолдим.
Қувончим чексиз бўлган шундай кунларнинг бирида зарурат юзасидан туман идорасига кириб қолдим. Унинг бошлиғини адабиётга, ижод аҳлига ҳурмати баланд деб эшитганим бор эди. Ишим осонроқ кечишидан умид қилиб, унинг ҳузурига йўл олдим. Қўлимда унинг номига узун мақтовлардан иборат дастхатим битилган илк китобим бор эди. Кутганимдек, у мени ниҳоятда яхши қабул қилди. Китобни олиб мамнун илжайди.
– Ҳа, зўр бўлибди, мен адабиётни жуда яхши кўраман. Ёзувчилардан дўстларим кўп. Улар қа­то­рига яна биттаси қўшилганидан мамнунман…
У гапирар экан, китобимни икки буклади. Ламинантланган, силлиқ муқовали китобим бир қи­сирлади. Бу қулоғимга оғир инграш бўлиб эшитилди. Китобнинг ўртасида узун из пайдо бўлгани кўринмаса-да ҳис қилдим. Ичимда ҳам нимадир қисирлагандек бўлди. Шундан кейин у икки букланган шўрлик китобимни ички чўнтагига солмоқчи бўлди. Узоқ уринди, китоб жонивор унинг тор чўнтакларига сиға қолмади. «Уйда ўқиймиз-да» деганча китобни мажбурлаб чўнтагига ниқтар, қисир-қисир овозлар юрагимни тимдаларди. Менинг қовурғаларим ҳам бир-бир қисирлаб чиқди-ёв. Шу онда ўзимни бўралаб сўкдим. Шундай чўнтакларга-да сиғиб кетадиган қилиб ихчамроқ ҳажмда чиқарсам бўларди-ку. Ҳайтовур, китоб чўнтакка тушди шекилли, мухлисим қўлини у ердан тортди. Яхшиям, китобимнинг жароҳатларини кўрмадим, унга юрагим дош беролмасди.
Кўнглим энди ўрнига тушиб ташрифим сабабини сўзламоқчи эдим, бир хира пашша нақ бошлиқнинг қўлига қўнди. Ундан юзига ўтди. Fаши келган бошлиқ уни бир-икки ҳайдади. Ўз оти билан хира пашша-да, айланиб келаверди. Бошлиқ энди унга астойдил қасдлашди, у билан жанг қилишга қурол излади. Э, Худо, эсига китобим тушди чоғи, уни яна чўнтагидан қисирлатиб олиб, пашшани ура кетди. Аммо ҳар урганда, мўлжали нотўғри тушар, китобим нола чеккандек бўлар, мен оғзимни очиб нимадир дейишга чоғланардим-у, тилимга бир калима келмасди. Пашша қанча хира бўлса, бошлиқ ундан ҳам баттар экан. Деворга қўнса деворга, столга қўнса столга китобимни шапиллатиб ураверди. Титилаёзган китобим аҳволига қарашга ботина олмай хўрлигим келарди. Ҳар урганда бошимда ёнғоқ чақилгандек бўларди.
Ахийри хона бурчагигача қувлаб борган бошлиқ пашшани ўлдириб ғолиб бўлиб қайтди. Китоб му­қовасида мағлубнинг бир томчи қони сувалиб ётарди.
Бу ҳолваси экан. Шу пайт хонага чой дамлаб кирган котиба чойнакни стол устига қўйди-ю, балога қолди.
– Фаросат борми, иссиқ чойни лакланган янги столга қўясиз-а, – дея ўшқирди бошлиқ, сўнгра таг­лик излаб атрофга разм солди. Кўзи эндигина тин олган китобимга тушиб уни олди-да:
– Ана, унинг устига қўйинг! – деди.
Бақириқдан ҳамон титраётган котиба чойнакни китоб устига қўяётиб бир чайқаб юборди. Иссиқ чой китоб устига қуйилди. Устимдан иссиқ сув қуйиб юборилгандек бўлди. Бошлиқ менга қаради:
– Нега қизариб кетдингиз, уялманг. Айтаверинг, дардингизни.
Менинг жаҳлим чиққанда қизариб кетишимни бу «китобсевар» қайдан билсин. Ўзимни босиб, энди гапга оғиз жуфтлагандим, телефон жиринглади. Кат­тароқ жойдан қўнғироқ бўлди шекилли, ўрнидан туриб гаплаша бошлади. Менга эса, кейинроқ келинг имо-ишорасини қилди.
Тарвузим қўлтиғимдан тушиб ташқарига чиқдим. Лекин шўрлик китобимдан узоқлашганим учун енгил тортдим. Бир неча кундан бери мени чулғаб олган хурсандчиликдан асар ҳам қолмаганди.
Бир неча кун ўтказиб, бошлиқнинг бўш вақтини топдим-да хонасига кирдим. Биринчи нигоҳим тушган жой чойнак бўлди. Хайрият, остида китобим йўқ эди. Ҳовурим пасайиб, уйига олиб кетиб ўқиётган бўлса керак, дея ўйлаб турувдим, янглишган эканман. Китобим икки букланганча телевизор остидаги стол оёқлари остида пона сифатида эзғиланиб ётарди. У ерга киришим сабаби ҳам ёдимдан чиқиб қўлларим титраганча китобимни кўрсатдим. Тилимга эса шу сўзлар келибди.
– Ўзи, ўқидингизми?
– Албатта-да, яхши ёзилган. Яхши шеърлар экан.
Бошимдан совуқ сув қуйилгандек бўлди. Ахир китобим ҳикоялар тўплами эди-да. Бошлиқ эса менга тасалли берди:
– Нега қизариб кетдингиз. Жа, камтарсиз-да. Мақтаганимга…
Ғазабим қўзғаганда қизариб кетишимга ҳамон фаҳми етмабди. Шунда китобим томонга тез-тез қараётганимни кўриб писанда қилган бўлди.
– Яхши одамларнинг китоби нафақат ўқишда, бошқа мақсадда ҳам одамлар хизматида бўларкан. Масалан, Али Қамбарнинг романи сабзи тахта ўрнида хўп яраяпти. Сойиб Fойибнинг қиссаси залимиздаги хонтахта оёғи остидан жой олган. Хонтахта атрофига не-не казо-казолар йиғилади. Ҳам хизматда, ҳам реклама. Азиза Канизанинг шеърлар тўпламини Африкадан келтирилган ажабтовур как­тус гултуваги остига қўйганмиз. Булар обрўми, обрў…
Мен бу сўзлардан минг ғазабланмай, унинг писандасида «Сен хафа бўлмасанг ҳам бўлади» деган кинояни уқдим-да, ортимга қайтдим.
Энди ундан қиладиган илтимосим ҳам ёдимдан кўтарилган, бундан буён китобимнинг кейинги тақдири билан қизиқиб, у ерга кирардим. Кейинги гал китобим стол оёқлари остидан халос бўлганидан севинибман. Аммо яна хатога йўл қўйган эканман. Бошлиқ ким биландир, балки котиба ила бурчакдаги кичик стол атрофида чой ичишган-у, ортган колбасани китобим саҳифасига юмалоқлаб ўраб қўйганди. Яна ғазабланиб чиқдим-у, кейинги гал албатта бош­лиққа «санчиб-санчиб» гапирай, деб алоҳида тайёрланиб кирдим. Китобим кўринмасди. Хонанинг теграси бўйлаб анча кўз югуртирдим. Fазабим пасая борди. Юзимдаги қизиллик ҳам йўқолган бўлса керак. Аммо деразага қарадиму… Деразанинг синган ойнаси ўрнига сарғайган, титилган, қовжираган китобимни қоқиб қўйишган эди.
– Қиш чиқсин, албатта авайлаб олиб қўямиз ва уни ўқиймиз, – дея писандсизлик билан изоҳ берди бошлиқ.
Мен сўзсиз у ёққа интилдим. Лабларим қимир­ларди-ю, овозим чиқмасди. Элас-элас эслайман. Котиба қабулхонада чой қуйиб бериб анча ўзимга келтирди. Аста-аста қадам ташлаб ташқарига йў­налдим. Аммо кўчада бир танишимнинг гапи дард устига чипқон бўлди.
– Дўстим, китобингиз чиқибди. Бизга ҳам беринг, ўқийлик.
Шу онда унга нимадир дебман, лекин эслай олмайман. Лекин у мендан худди жиннини кўр­ган­дек қўрқиб, узоқлашганини аранг эслайман. «Со­ғайганимда» айтиб беришларича, мен танишимни шундай сўзлар билан сийлабман:
– Кечирасиз, сиз янглишдингиз. Мен китоб чи­қарганим йўқ. Мен пашша ўлдирадиган мослама чиқардим.Чойнак остига таглик чиқардим. Стол ос­тига понаю, дераза ойнасига қопқоқ тайёрладим. Ҳар хил таомлар ўрайдиган, – дея қўлимни воронка қилиб, унга дурбиндан қарагандек қилиқ қилибман. – жиҳоз чиқардим. Хуллас, у китоб эмас, матоҳ, ма­тоҳ, дея қичқирибман-у…

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 6-сон