Даврон Давлатович ўзини гўё ҳавода муаллақ сузиб юргандек ҳис қилди. Кўзини очган эди, тип-тиниқ мовий осмонни кўрди. Кейин ўзини оппоқ чойшабга ўраган ва қандайдир ёғоч замбилда ётган ҳолда кўриб, ҳафсаласи пир бўлди. “Яна замбилда олиб кетишаяпти шекилли”, — деб ўйлади у ва бир қанча вақт олдин юраги қаттиқ хуруж қилиб, қийналиб, азоб тортганини, сўнгра врачлар замбилда кўтариб чопишганини эслади. Ўшанда ниҳоятда қаттиқ оғриқ турган эди. Энди эса оғриқдан асар ҳам йўқ, у ўзини мутлақо енгил ҳис этарди.
Мана, ниҳоят “ёғоч замбилни” ерга қўйишди. Шунда у атрофига тумонат одам йиғилганлигини кўрди. Уларнинг кўпчилиги бошларига дўппи кийишган, олдинги қатордаги беш-ўн чоғли одам белларига белбоғ ҳам боғлаб олишган эди. Даврон Давлатович уларни танимади. Орқа қаторда эса ўзи аввалдан танийдиган казо-казо одамлар қўл қовуштриб туришарди. У мана шу ҳолатни бирданига тушуниб ололмади. Англаган заҳоти эса бениҳоя даҳшатга тушиб, вужуди қалтиради, кўзлари олазарак бўлиб атрофга аланглади. Оломоннинг оёқлари орасидан, ҳув нарида сўппайиб турган катта-кичик қабр тошлари совуққина кўринди. “Галварслар, наҳотки мени ўлган деб ўйлашаётган бўлишса, ахир, мен тирикман-ку”, — дея Даврон Давлатовичнинг беихтиёр кулгиси қистади ва шу билан бирга ғазаби ҳам қайнади.
Одамлар лаҳадни ҳозирлаш билан овора бўлиб турган бир пайтда сал нарироққа бошқа бир тўда одамлар яна бир марҳумни олиб келиб қўйишди. Бу марҳумнинг атрофида башанг кийиниб, салобатини кўз-кўз қилаётган одамлар йўқ эди. Уни кўтариб келганларнинг ҳаммаси ниҳоятда оддий кишилар бўлиб, йиғиданми ёки офтобданми қорайиб кетишган эди. Даврон Давлатович ўз одамлари қолиб, ўшаларни кузатишга қизиқиб кетди. Шунда нариги майит ҳам аста бошини кўтариб Даврон Давлатовичга қаради. Кейин бир нарсадан ҳижолат бўлгандек шошилганнамо ўрнидан турди-да, у томонга юриб кела бошлади. Одамлар чамаси унинг турганини ҳам, юрганини ҳам пайқамай қолишди. Марҳум тўғри Даврон Давлатовичнинг тепасига келиб, унга эгилиб салом берди.
— Хайрли ҳордиқ, Даврон Давлатович.
Даврон Давлатович одатига кўра кибр билан юзини ўгирди. “Ким бу, нега менга мулозамат қилади? — дея ўйларди у. — Ўзи бир паст табақага мансуб оддий ишчи бўлса. Тағин уялмай тепамда туришига бало борми”.
— Сен кимсан, — деди кейин у барибир ўнғайсизланиб, — нега тепамда безрайиб турибсан?
Танимадингиз-а, Даврон Давлатович, — деди оппоқ, нурли қиёфадаги ҳалиги киши самимий жилмайиб. — Ҳа, албатта, хотирангиздан узоқлашган бўлишим мумкин. Ҳарҳолда мен сиз билан ҳар куни бир дастурхондан туз тотиб юрган, идорангиз эшигидан кириб-чиқиб турган амалдорлардан эмасман. Лекин бутунлай унутиб юборган бўлишингиз мумкин эмас, бунга ақл бовар қилмайди.
— Э, бунча ваъз ўқидинг, кимсан ўзи, гапира қолсанг-чи? Сени тинглаб ўтиришга менинг бекорчи вақтим бор эканми?
— Узр, минг бор узр. Мен камтарин қулингиз Шопўлатман.
Бу исм Даврон Давлатовичнинг хаёлида ниманидир ярқ этказиб юборди. У чуқур ўйга толиб, ниманидир эслашга уринди. Ва ниҳоят топди. Шопўлат деганлари Даврон Давлатовичнинг олдинги идорасидаги шофёри эди. У кўп йиллар Даврон Давлатовичга ҳалол-покиза хизмат қилган, кечани-кеча, кундузни-кундуз демасди, иссиқ-совуқни писанд этмас, бирор марта ҳаётидан ҳам нолимас эди. Даврон Давлатович, унинг оиласи, бола-чақаси, ҳатто уйи ҳам бўлмаса керак, менинг мана шу хизмат машинам унга бошпана вазифасини ўтайди, деб ўйлаб қўярди. Даврон Давлатовичнинг зувиллаб юқори идораларга қатнаши, бундан ташқари, тўй-маъракаларга, ишдан кейин турли маишатларга ҳам қатнаши кўп эди. Баъзан улфатчиликлар эрталабгача ҳам давом этар, Шопўлат шунда ҳам чурқ этмай хизмат қиларди. Даврон Давлатович шундай содиқ ҳайдовчиси борлигидан баъзан фахрланиб қўярди. Агар қиш кечаларининг биридаги дилни хира қиладиган воқеа рўй бермаганида шундай бебаҳо ҳайдовчиси билан узилишиб кетмаган бўларди.
Ўшанада бир мовий кўз, малласоч хоним Даврон Давлатовичнинг юрагини вақтинча забт этиб юрган эди. Даврон Давлатович кунора ишдан кейин, қоқ ярим тунда, уйга қайтар чоғида йўл-йўлакай машинани ўша хоним яшайдиган кўчага буришни буюрар ва: “Шу кўчада юқоридаги раҳбарлардан бири яшайди, кириб салом-алик қилиб кетмасак хафа бўлади”, — дея Шопўлатга сир бермасликка уринар эди. Аммо у шу ўринда янглишарди — ҳайдовчи аҳли кўчанинг пири бўлади, кўчада юрган одам борки, ким, қандай ниятда кетаётганлигини қадам ташлашиданоқ пайқаб олади. Юқори раҳбарлардан, дегани ўзларининг ёнгинасида оддий ходим бўлиб ишлайдиган малласоч аёл эканлигини Шопўлат аллақачон билган, лекин бу ҳақда ҳеч кимга чурқ этмаган эди.
Даврон Давлатович ўша малласочга илакишгач, орадан бир йилча ўтгандан кейин, одатдагидек тунларнинг бирида у ўша уйдан каттагина тугун кўтариб чиқди. Кўча бўйлаб лапанглаб юриб келаркан, атрофга олазарак қараб, халлослаб нафас оларди. Аввал тугунни машинанинг орқа ўриндиғига қўйди, кейин ўзи шоша-пиша ўтирди. У Шопўлатга машинани шаҳар ташқарисидаги айланма йўл орқали ҳайдашни буюрди. Катта йўл ёқасидаги ахлатлар уюми олдидан ўтаётганларида машинани тўхтатди. Ҳалиги тугунни ахлатлар ёнига авайлабгина қўйди-да, кейин машинага ўтириб, чуқур нафас олди.
Шопўлат хўжайинни уйига элтиб қўйгач, азбаройи қизиқувчанлигидан, қайтишда машинани яна ўша ахлат уюми томонга бурди. Машина чироғини ёқиб, ҳалиги сирли тугунни топди ва эҳтиёткорлик билан пайпаслаб кўрди. Бир пайт тугундан инграган овоз чиққандай бўлди. Шопўлат қўрқа-писа тугунни ечди. Не ҳолки, тугун ичида бир гўдак ётарди. Шопўлатнинг кўзлари косасидан чиқиб кетаёзди. У гўдакни машинага солди-да, елдек учиб кетди.
Шундан сўнг икки ой ўтгач эса ғалати воқеа рўй берди. Қишнинг қоқ ўртаси, бўралаб қор ёғаётган эди. Даврон Давлатович кечаси соат ўн бирларда идорасидан чиқди. Машинасига ўтираркан, яна ўша “юқори раҳбарникига” кириб ўтиш лозимлигини айтди. Шопўлат ҳар галгидек кўча бошида қоларкан, узоқдан хўжайиннинг қизил дарвозали ҳовлига кириб кетганлигини аниқ кўрди. Сўнг ниҳоятда чиройли ёғаётган қорни бироз томоша қилиб турди-да, ўриндиқ суянчиғини орқага ётқизиб, боя келган уйқусини қолган жойидан давом эттирди.
Бир маҳал у қаттиқ совқотиб уйғонди. Кўзларини уқалаб атрофга қаради, соат аллақачон иккидан ҳам ошиб кетибди. Одатда Даврон Давлатович ўша уйда бунчалик кўп қолиб кетмас, нари борса бир ярим-икки соатда қайтиб чиқар эди. Шопўлатнинг кўнглига шубҳа оралади. Шундан кейинги дақиқаларни у бутунлай хавотир билан ўтказа бошлади. Музлаб қолмаслик учун машинани тез-тез ўт олдириб қўяверди. Соат уч бўлди, кейин тўрт бўлди. Даврон Давлатовичдан эса ҳамон дарак йўқ эди. Буёғига энди у тоқат қилиб ўтиролмади.
Машинани кўчада қолдириб, ўша таниш ҳовли томонга кетди. Атрофда жимжитлик ҳукмрон, кўча сукунатини ёғаётган қорнинг шитирлаши-ю, Шопўлатнинг “ғарч-ғурч” қадам ташлашигина бузмоқда эди.
У ўша ҳовлига етгач, чор атрофга бир қур кўз ташлаб олди. Кейин дарвозани тақиллатди. Ҳадеганда ҳеч ким садо бермагач, ён томонга айланиб ўтди. Бир сакраб деворга осилди-да, ичкарига назар ташлади. Ҳовлида тирик жон борлиги сезилмайди. Лип этган шуъла кўринмаганидан уй ичкарисида ҳам бирон кишининг борлиги даргумон. Шопўлат девордан ошиб ҳовлига тушди. Қорга кўмилиб қолган ахлат челаги устига тушган экан, челак тарақлаб кетди. Чап оёғи бироз лат еб, бир муддат оёғини чангаллаганча оқсоқлана-оқсоқлана уй олдига борди. Деразалардан ичкарига мўралади. Уй ичи зим-зиё, ҳеч зоғ кўринмасди. Фақат ниманингдир пишиллаган овози қулоққа чалинарди. Шопўлат эҳтиёткорлик билан эшик тутқичини пастга босди. Эшик очилди ва унинг димоғига газ ҳиди гупиллаб урилди.
— Хўжайин, хўжайин, — дея чақирди у бурнини бекитиб ичкарига мўраларкан.
Ҳеч ким жавоб бермади. Шопўлат камзули билан бурнини бекитиб, ичкарига кирди ва деворларни пайпаслаб, чироқни ёқмоқчи бўлди. Шу пайт хаёлига ярқ этиб бир фикр келди-ю, даҳлиз бурчагида ғира-шира кўзга ташланаётган газ плитасига қаради. Боядан бери пишиллаётган овоз ўшандан чиқаётган эди. У чаққонлик билан плитанинг қулоғини буради. Шунда пишиллаган овоз тўхтади. У шоша-пиша эшик ва деразаларни очиб ташлади. Қоронғида ивирсиб, чинни идишларга суриниб кетди. Ташқарига югуриб чиқиб нафасини бироз ростлаб олди. Кейин яна ўқдай отилиб кириб, очиқ турган эшикдан ичкари хонага мўралади.
— Ҳой, ким бор бу ерда? — деди у ва умидвор бўлиб жавоб қайтишини кутди.
Хона ичида ҳамон газ ҳиди анқиётган эди. У таваккал қилиб ичкарига кирди-да, хона деразаларини ҳам очиб ташлади ва қўлига илинган латта билан хонани шамоллатди. Қор учқунлари аралаш муздай ҳаво ичкарига ёпирилиб кирди. Шунда хона ичидаги диванда икки кишининг ғалати тарзда айқашиб ётгани ғира-шира кўринди. Лекин улар чамаси нафас ҳам олишмаётган эди.
Газ ҳиди сусайгач, Шопўлат деворларни пайпаслаб кўрди-да, қўрқа-писа чироқни ёқди. Не кўз билан кўрсин-ки, Даврон Давлатович малласоч аёл билан шармандали аҳволда ётар, хонани қоплаган газ ҳиди уларни беҳуш қилиб қўйган эди. Шопўлат дарров фаҳмлади: ошиқ-маъшуқлар ишқ дарёсига ғарқ бўлиб ухлаб қолишган-у, газ плитаси устига қўйилган чойнакдаги сув ташиб оловни ўчириб қўйган ва шундан сўнг газ чиқиб ётаверган.
Аммо шу лаҳзада уларни айбситиб ўтиришнинг мавриди эмас эди. Шопўлат уларнинг қип яланғоч танларини чойшаблар билан ўраб-чирмади. Кейин югуриб бориб машинани дарвоза олдига келтириб қўйди-да, уларни бирин-кетин машинага олиб чиқди ва шифохонага шошилди. Кўчаларни қоплаган қалин қорда ёлғиз машина из қолдириб борарди.
Аслида Даврон Давлатовичнинг умри ўшанда паёнига етган бўларди. Шопўлатнинг содиқлиги унинг ҳаёти яна анча йиллар давом этишига сабаб бўлди.
Шундан сўнг бу воқеа ҳеч кимга овоза бўлмади, сир сирлигича қолди-ю, бироқ Даврон Давлатович Шопўлатнинг олдида ўзини ноқулай сезиб юрди. Нима қилишни билмай боши қотди. Бу борада ҳам омади бор экан, сал ўтмай Даврон Давлатович янада юқорироқ амалга кўтарилди. Шу бўлди-ю, у Шопўлатдан қутулди. Шопўлат эса, хўжайин у ерга ҳам мени ўзи билан олиб кетади, дея умидвор бўлган эди. Қаёқда, қайтанга Даврон Давлатович кетгач, ҳар доимги машинасидан ҳам айрилди.
Даврон Давлатович ана ўша воқеаларнинг ҳаммасини аниқ-тиниқ эслади. Лекин орадан кўп йиллар ўтган, энди унинг олдида ҳижолат бўлишни, ўнғайсизланишни хаёлига ҳам келтирмади. Бинобарин кўп йиллик мансаб чўққиларида юриш унинг димоғини яхшигина кўтарган, “сен ким-у, мен ким” деган ақида унга доимо қувват бериб турарди. Тўғри-да, Шопўлат ким бўпти. Даврон Давлатовичдай катта амалдорнинг обрўсига таҳдид қилишга нима ҳаққи бор? Ўзи бунга ҳадди сиғармикин? Йўқ, ҳадди сиғиб ҳам кўрсин-чи, Даврон Давлатович бир киприк қоқиш билан уни пашшадай эзиб ташлайди. Қолаверса, мартабаси улуғ одамлар билан бўлган ўшандай воқеаларни ўша лаҳзанинг ўзидаёқ унутиб юбориш Шопўлатга ўхшаганларнинг бурчи.
Даврон Давлатовичнинг хаёлидан ана шундай фикрлар ўтди ва у хотиржам томоқ қириб қўйди. Шопўлатнинг ҳамон тепасида жилмайиб туриши баттар ғашини келтирди.
— Нега бунча тиржаясан-а, нима, очиб қўйибдими? — деди у зарда билан қошини чимириб.
— Узр, хўжайин, минг бор узр, — деди Шопўлат ўнғайсизланиб, — мен сизга кулаётганим йўқ. Ўзи азалдан табиатим шунақа. Хўмрайиш менга хос эмас.
— Нега келдинг ўзи, хўш, хизмат?
— Эҳ, хўжайин, афсуски, энди сизнинг олдингизга ҳеч ким бирор хизмат билан келмайди. Аксинча, сиз билан биз, умуман, жамики осий бандалар, бу ерга биргина юмуш билан — охир-оқибат жонсиз қолган танимизга яратгандан бир қарич жой сўраб келамиз.
— Эсинг жойидами? Нима, сен ўзингни мен билан тенг тутиб гапираяпсанми?
Шопўлатнинг кулгиси қистади.
— Истайсизми, йўқми, бу ерда барча баробар бўлади. Бу ерда на мансаб, на уруғ-аймоқ, на молу давлат аҳамият қилади. Буларнинг ҳаммаси нариги ҳаётимизда қолди.
— Сен менга, ростдан ҳам ўлгансиз, демоқчимисан?
— Ижозатингиз билан.
— Бунга қандай ҳаддинг сиғди, нобакор.
— Э, хўжайин, кибру ҳаво ҳам эви билан-да. Нариги ҳаётимизда-ку сизга “чурқ” этишга унча-мунча одам ботинолмас эди. Айниқса менга ўхшаган оддий хизматчи одамнинг яқинингизга йўлаши даргумон эди. Тақдирнинг ҳазилини қаранг-ки, яратган ўз омонатини икковимиздан бир пайтда қайтариб олаяпти. Бу мендек қўли калта фуқаро учун бир шараф, таъбир келса, яратганнинг суйган бандасига энг сўнгги лаҳзада ҳадя этган яна бир инъоми бўлса керак. Аммо бу сиздек муҳтарам зот учун бор-йўғи бир ҳақорат бўлиб туюлиши мумкин. Ҳаддим сиғишига келсак, истиҳолаю тафовутлар ортда қолди, Даврон Давлатович. Айни дақиқалардан бошлаб биз тенглик манзилидамиз. Ҳартугул у дунёни тарк этдик. Ишонмасангиз, келинг, ўрнингиздан туринг, бунга ўзингиз амин бўласиз. Қолаверса, ҳаётлигингизда оёғингиз остида ўралашиб, пойингизга эгилиб таъзим қилиб юрган мана бу одамларнинг энди тепангизда ғўддайиб туришлари менга эриш туюлаяпти. Туринг, тураверинг, қўрқманг.
Даврон Давлатович ишонқирамай ўрнидан қўзғалди. Ўзини қушдай енгил сезди. Гўё ҳозир бир сапчиса ойга етгудек эди. Ажабланиб атрофига қаради. Оломон ҳамон қўл қовуштириб турар, ниманидир сабрсизлик билан кутаётганга ўхшарди.
— Ие, анави оққа ўраниб ётган мен-ку, — деди у бутунлай ҳайратга тушиб.
— Ҳа, у сизнинг жасадингиз. Ҳув анавиниси эса меники.
— Наҳотки, наҳотки ростдан ҳам ўлган бўлсам? Бўлиши мумкин эмас. Мен, кимсан — Даврон Давлатович, ҳе йўқ, бе йўқ, биргина юракнинг ҳазилчалиш хуружгинасидан ўлиб кетавераманми? Мен-а?!
— Ҳа, тақсир, ажал ҳатто сиздай юксак рутба соҳибини ҳам аяб ўтирмади. Қаранг-а, сиздан ҳамма қўрқса ҳам ажал деганлари қўрқмас экан.
— Ақл бовар қилмайди. Ахир, мен ҳали яшашим керак эди-ку. Шунча иш, обрў, молу давлат етимдай қолиб кетаверадими?
— Йўқ, бу ашқол-дашқолларнинг ташвишини қилмасангиз ҳам бўлади. Шу чоққача ҳали ҳеч ким бундай даҳмазаларни ўзи билан олиб кетолган эмас. Булар ўша ҳаётнинг омонатлари. Улар энди янги соҳибларининг қўлига ўтади. Куюнманг, бунга арзимайди. Ундан кўра янги дунёга қадам ранжида қилганингизга иймон келтиринг.
— Сен нима қилсанг қилавер, лекин мен ҳали яшашим керак.
— Қандай қилиб? Яна бунинг имкони бор деб ўйлайсизми? Унда марҳамат, бир уриниб кўринг-чи, эплай олармикансиз. Сиз аллақачон ҳақиқий ҳаётга қайтдингиз. Анави кафан ичидаги вужуд эса совуб бўлган, энди сизни қабул қилмайди.
Шу пайт гўрковлар майитни сўрашди. Одамлар бир ҳамла билан жасадни узатишди. Бир лаҳзадан сўнг қиёмат қўпгандек чанг-тўзон кўтарилди. Одамлар галма-галдан қабрга тупроқ тортишди.
— Мана, бўлди. Шунча йил бизни кўтариб юрган жасадларимиз ер бағридан мангу қўним топди, — деди Шопўлат хотиржамлик билан.
Даврон Давлатович эса ҳамон ўлимини тан олгиси келмас эди. У одамларнинг юз-кўзларига бирма-бир тикилиб қаради, баъзиларини турткилаб ҳам кўрди. Аммо ҳеч бир инсон уни пайқамади.
— Эй, жаноблар, мени кўраяпсизларми? — дея ҳайқирди у ниҳоят сабри тугаб. Ҳеч кимдан садо чиқмади.
— Беҳуда уриняпсиз, Даврон Давлатович, энди биз улар билан бошқа-бошқа оламдамиз. Биз уларни кўриб, эшитиб турибмиз, лекин улар бизни кўришмайди ҳам, эшитишмайди ҳам. Айни пайтда улардан ҳийла баландда учиб юрганимизни сезаяпсизми? — деди Шопўлат.
Даврон Давлатович оғир хўрсинди. Бир муддат сукутга чўмди. Ниҳоят, ўлганлигини тан олишдан ўзга чораси йўқлигини тушунгач, қиёфаси ўзгарди. Атрофга яна синчковлик билан назар солди.
— Қара, Шопўлат, — деди у юзига айёрона табассум югуриб, — мени кузатишга қанчалар одам тўпланибди. Тағин ҳаммаси казо-казо, юксак рутбали одамлар. — У обрўйимни кўраяпсанми, дегандек виқор билан гапирарди. — Бу дейман, сеникиларнинг чоғи камроқми? Меникиларнинг чорак қисмичаям келмасов.
— Ҳа, хўжайин, мен сиздай мартаба соҳиби бўлмаганман-да. Ҳарҳолда меникилар иззат-обрў ортидан келишмаган. Улар шунчаки бир биродарини тупроққа қўйиш, сўнгги манзилга бир калима қуръон тиловат қилиб, ҳаққига дуо ўқиб кузатиб қўйиш ҳам қарз, ҳам фарз эканлигини яхши билишади. Улар ҳам менга ўхшаган оддий, ишчи-хизматчи одамлар. Улар умр бўйи ҳеч кимдан ҳеч нарса таъма қилишмаган. Ҳаётда неки иш қилишмасин, ҳаммаси оддий ва самимий бўлади. Бинобарин, сизнинг қабрингиз тепасида турган мана бу одамларнинг ҳам кўпчилиги мени яхши танишади. Сизга хизмат қилиб юрган чоғларимда улар билан битта идорада ишлаганман. Лекин менинг ўлганим уларнинг парвойига ҳам келмайди. Улар учун мен ким эдим — ҳеч ким. Улар эса ўзларини амалдор, иззат-обрўли одамлар ҳисоблашади. Улар ҳатто мана бу каби маросимларга ҳам совобга бош қўшай, деб эмас, фалончи фалончиевичлар қайси даврадан эканлигимни кўрсин, нуфуздан қолмай, деб келишган.
— Буни қарая, жуда ғаройиб томоша экан-ку, — Даврон Давлатович азбаройи қизиқиб кетганидан одамларни янада диққат билан кузата бошлади.
— Мана бу кишиларнинг ҳаммаси сизга ачинганидан, қадрдон инсонини йўқотиб куюнганидан келган деб ўйлайсизми? — деб гапида давом этди Шопўлат. — Хато қиласиз. Эътибор беринг-а, улар шу ернинг ўзида ҳам уч гуруҳга ажралиб туришибди. Анави қора костюм-шим, оқ кўйлак кийиб, бўйинбоғ таққан жаноблар сиз билан деярли бир хил мавқеда туриб ишлашган, шундай эмасми?
— Ҳа, улар шаҳарнинг энг катта амалдорлари. Кўрдингми, улар мен билан видолашишни бугун кун тартибларига алоҳида киритишган. Бу ҳаммага ҳам насиб этавермаса керак.
— Улар доимо сиз билан муроса қилиб келишган. Фақат мансаб туфайли бир-бирингиз билан дўстона муносабатда бўлиб келгансизлар. Ана шу важдан битта даврага мансуб бўлгансизлар. Амалдан тушган киши ана шу даврадан ҳам шафқатсизларча ҳайдалади — бу сизларнинг ёзилмаган қонунингиз. Бугун улар мана шу даврада борлигини кўрсатиш учун ҳам бу ерга келишган. Улар ўзларини гўёки сиз учун қайғураётгандек кўрсатишмоқда, аммо бу сохтакорликдан бошқа нарса эмас. Улар ҳеч қачон ҳеч кимга қайғуришмайди. Анави иккинчи гуруҳда турганлар эса кўп нарсадан норози ва жуда кўп нарсадан умидвор кишилар. Менимча, сиз уларни ҳам яхши танийсиз.
— Бўлмасам-чи. Айримларини танимайроқ турибман-у, лекин кўпчилиги менинг қўл остимда ишлашган.
— Улар ҳар доим биринчи гуруҳдагиларнинг даврасига киришга интилишади, лекин бу осон эмаслигини яхши биласиз. Улар сиздан қўрқиб яшашган. Ишонмасангиз кўзларига эътибор билан қаранг — улар қайғуришмаяпти, билакс қувончлари ичларига зўрға сиғаяпти. То ўзлари устингизга тупроқ тортмагунча ўлганингизга ишонишмаган. Шунинг учун улар бу ерга келишган. Аслида тириклигингизда улар сизга ўзларини имкон қадар яқин тутишга, лаганбардорлик қилиб, кўнглингизга йўл топишга кўп уринишган. Бу уринишларнинг ҳаммаси бесамар кетган деб бўлмайди. Баъзан-баъзан ана шу хушомадлари туфайли сизнинг хайру саховатингиздан баҳраманд ҳам бўлишган. Энди мана бу учинчи гуруҳдаги одамларга келсак, улар бу ерга ҳеч қандай таъма илинжида келишмаган. Улар ҳар қандай инсоннинг ҳаётдан кўз юмишини ҳамиша мана шундай қайғу билан қарши оладилар. Ҳатто кўчада бирорта гадой ўлиб-нетиб қолса ҳам елкаларида кўтариб келиб, қабр ковлаб кўмишади. Бошларига дўппи кийиб, белларига белбоғ б
оғлашлари эса мусулмончилик удуми. Уларни эҳтимол танимассиз?
— Ростдан ҳам танимайман. Ким ўзи улар?
— Улар сизнинг қариндошларингиз, Даврон Давлатович. Улар сиз билан фахрланишади. Ўзимиздан чиққан обрўли одам, деб исмингизни тилларидан қўйишмайди, гарчи сизнинг уларга сариқ чақалик нафингиз тегмаса ҳам. Бинобарин, бу одамлар ҳамма нарсани пул билан ўлчашдан йироқ. Сиз эса уларни назарингизга илмайсиз, аллақачон унутиб юборгансиз. Бир қишлоқда, мана шу одамлар орасида тупроқ ялаб катта бўлганингизни энди эслашни ҳам истамайсиз. Холбуки, умрингиз поёнига етиб, чин дунёга кетар маҳалингизда тобутингизни ҳам анави ўзингизга яқин олиб юрганингиз салобатли жаноблар эмас, мана шу камсуқум инсонлар кўтаришди.
— Нега бунча чақиб гапирмасанг? Одамни кўнглига ботадиям демайсан-а…
— Ҳа, ҳақиқат ана шундай аччиқ бўлади, хўжайин, сиз буни билмайсиз. Чунки ҳали ҳеч ким ҳақиқатни юзингизга айтмаган. Бунга журъат қилишолмаган. Сиз бунга имкон ҳам бермагансиз.
— Қараб турсам, жуда кўп нарсаларни биладиганга ўхшайсан, қаердан ўқий қолдинг?
— Мен ўқимадим, Даврон Давлатович, ўқиганимда эҳтимол сиздай обрў ва мартаба соҳиби бўлиб юрардим. Билганларим эса, буларнинг ҳаммасини менга ҳаёт ўргатди. Мен доимо одамлар орасида яшадим, озми-кўпми элга хизмат қилдим, ўзимни одамлар даврасига урдим. Сиз эса иссиққина курсингиздан қўзғалмадингиз. Ана шу курсингизни, кабинетингизни еру кўкка ишонмасдингиз. Ҳаётингиз тўрт девор ичида ўтиб кетди, хўжайин. Ўзингизни ўзингиз билиб-билмай махбусга айлантириб қўйдингиз. Ҳаётга инсон бўлиб келиб, инсонлар орасида яшамадингиз. Энди бундай имконият бошқа берилмайди. Сиз қўлингизга тутқазилган ҳаётни бой бердингиз, хўжайин.
— Шу пайтда қуръон тиловат қилинди ва кейин ҳамма ҳар ёққа тарқаб кетди. Ҳувиллаган қабристонда Даврон Давлатович билан Шопўлат бир-бирларига юпанч бўлиб қолаверишди. Даврон Давлатовичнинг ўриндиқларига оппоқ жилд қопланган қоп-қора машинларга ўтираётган одамлар билан кетгиси бор эди. Лекин наилож, ҳаёт унинг устидан сўнгги ҳукмини ўқиб бўлган, энди бу одамлар яшаётган дунё ҳатто Даврон Давлатовичдай қўли истаган жойга етадиган баобрў одамни ҳам қайтиб қабул қилмайди.
— Энди биз нима қиламиз? — деди Даврон Давлатович ҳорғин кайфиятда.
— Нима ҳам қилардик, жой-жойимизга кириб ётамиз, — деди Шопўлат бамайлихотир.
Бу ҳолат Даврон Давлатовичга оғир ботган бўлса-да, тақдир тақозосига қарши боролмаслигини тушунди.
— Эҳтимол… — деди Даврон Давлатович каловланиб, менинг ёнимга келарсан? Зериктирмай ўтирармидинг…
— Бунинг сираям иложи йўқ, хўжайин. Эрта-индин сизнинг қабрингиз тепасига улкан мармартош олиб келиб ўрнатишади. Мен бундай салобат остида ётолмайман. Қолаверса, бировнинг гўрига биров кирмайди. Хўп, хайр, яхши ётинг, хўжайин. Янги дунёнинг тинч кулбаси иккимизга ҳам муборак бўлсин.
Даврон Давлатович ноилож ўз ўрнига чўзилди. У бутун ўтмишини хаёлидан ўтказиб ётарди. Шу алфозда неча кун ўтганини ҳам сезмади. Лекин алам қилди. Унинг кўпдан-кўп режалари бор эди. Шу режаларни деб амал пиллапояларида эҳтиёткорликни унутмади, беҳисоб мол-давлат йиғди. Бироқ энди ҳаммаси жой-жойида қолиб кетди. Амал-ку фоҳишадек гап — бугун сенинг қўлингда бўлса, эртага бошқанинг қўлида. Аммо мол-давлатчи? Йиллар давомида йиғилган, дарёдай оқиб келиб хазинага қуйилган пулларнинг тақдири энди нима бўлади? Худди мана шу жойига келганда Даврон Давлатовичнинг тинчи бузилди. У ёқда шунча орзу ва ташвишлар қолиб кетса-ю, у энди бу ерда хотиржам ёта олармиди.
Даврон Давлатович ўрнидан қўзғалди. Қабристон сокин, атрофда ҳеч зоғ кўринмайди. Бундай жимлик баттар ғашига тегди. У Шопўлатни чақирди. Тинчгина ором олаётган Шопўлат секин унга қаради.
— Лаббай, хўжайин, деди у одатдагидек Даврон Давлатовичга ёқадиган мулозамат билан.
— Яхши ётибсанми?
— Ҳа, энди, эл қатори.
— Элни қўй, тур ўрнингдан, бир айланиб келамиз. Мен бу ерда зерикиб кетдим.
— Қўйсангиз-чи, хўжайин, зерикишга на хожат. Бизнинг ишимиз ётиб ором олиш. Халлослаб юрт кезишнинг даври ўтди.
— Шундай бўлса ҳам бир айланиб келайлик, турақол энди.
Хўжайиннинг раъйини қайтаришга Шопўлатнинг кўнгли бўлмади. Ноилож ўрнидан туриб, унга эргашди. Улар енгилгина парвоз қилишарди. Даврон Давлатович даставвал уни қадрдон ишхонаси томон бошлади. Бу ерда одатдагидек иш бир маромда давом этар, ҳамма ўз юмуши билан овора эди. Даврон Давлатовичнинг бир мақтаниб қўйгиси келди шекилли, Шопўлатни ўзининг собиқ кабинетига етаклади. Аммо кириши билан Даврон Давлатович ўзини йўқотиб қўяй деди. Бу ерда аввалги манзарадан асар ҳам қолмаган, у кабинетини деярли таниёлмади. У ёқтирган гуллар, деворда осиғлиқ турадиган, кишига завқ бағишлайдиган картина, стол устидаги ашқол-дашқоллар, ҳамма-ҳаммаси бу хонадан супуриб ташланган, фақат стол устидаги қумсоат мунғайибгина турарди. Қисқаси, кабинетда энди Даврон Давлатовични эслатиб турадиган деярли ҳеч нарса қолмаган эди.
Даврон Давлатовичнинг ўрнига янги амалдор ҳали келмаган, айни пайтда эса бунга қизғин кураш бораётган эди. Шундай бўлса-да, ўша қадрдон курси ҳозир бўш эмасди. Бу курсида Алижон Турумов ялпайиб ўтирар, ўзини юксак мартаба соҳибидек ҳис этиб, ширин хаёлларга берилмоқда эди. Турумов Даврон Давлатовичнинг энг ишонган одами эди. У хўжайиннинг ҳар бир ишидан хабардор бўлар, у қўлтиғидан кириб, бу қўлтиғидан чиқар эди.
— Ахир бу бедодлик-ку, — дея тутақиб кетди Даврон Давлатович. Нега у ҳали лавозимга тайинланмасдан туриб бу курсига ўтириб олибди? Наҳотки у менинг юзимга оёқ қўйса?
— Парво қилманг, хўжайин, бугун бўлмаса эртага у албатта шу курсининг эгасига айланади.
— У менинг ишончимни қозонган эди.
— Авзойидан у сизнинг ҳамма нарсангизга эга чиққан кўринади. Ажабланмасангиз ҳам бўлади, дунё ўзи шунақа — унда мардлар ҳам, номардлар ҳам яшайверади. Шу иккови ўртасидаги кураш ҳеч қачон адо бўлмайди.
Даврон Давлатович бир муддат жимиб қолди.
— Қара-я, Шопўлат, мана бу матоҳни шунча пайт ажойиб бир ўйинчоқдек ўйнаб ўтирибман-у, вақтнинг шиддат билан ўтиб кетаётганини, умрнинг тугаб бораётганини хаёлимга ҳам келтирмабман-а, — деди кейин у стол устидаги қумсоатни ушлашга чоғланиб. Аммо ушлаёлмади. Бу маконда энди ҳеч нарса, ҳатто, бир пайтлар қўлида ўйинчоқ бўлган мана шу қумсоат ҳам унга бўйсунмасди.
Улар ташқарига чиқишди. Шаҳар кўчалари шовқин, одамлар ҳар ёққа шошилишган, машиналар ҳар ёққа зувиллаган. Юқоридан кузатган одамга гоҳ завқли, гоҳ ёқимсиз туюларкан.
— Шаҳримиз чиройли-я, — деди Даврон Давлатович ўз кайфиятини чоғ қилишга уриниб. — Сенга бу ердаги энг чиройли уйни кўрсатайми? Биласанми у кимнинг уйи?
— Албатта, ўзлариники бўлса керак-да, тақсир.
— Баракалла, ақлинг зўр ишлайди сенинг.
Икковлон шаҳарнинг энг ораста кўчасидаги уч қаватли, гўё шоҳона қасрни эслатувчи кўркам уйга келишди ва уй ичкарисига киришди. Уйдаги деярли ҳамма жиҳозлар жойида эди-ю, лекин ўрни бир қадар ўзгарган эди. Негадир уйда бирон тирик жон кўринмасди.
— Болаларим ишга кетишгандир, лекин аёлим доим уйда бўларди-ку, — ҳайрон бўлди Даврон Давлатович.
Улар анча вақтгача бирон кимса келиб қолишини кутиб туришди. Аммо ҳадеганда кутилган кишилар дарак беравермади. Бир пайт Даврон Давлатовичга қандайдир нола эшитилди. Бу нолиш олис-олислардан келарди.
— Ахир, бу хотинимнинг овози-ку, — деди у ҳайратланиб. — Қаерда экан шу пайтда?
Улар овоз келаётган томонга шошилишди. Шаҳардан чиқиб, бепоён далалар ва қир-адирлардан ошиб ўтиб, чекка бир қишлоқдаги овлоқ бир уйга етиб келишди. Ҳалиги нола шу уйдан таралган, Даврон Давлатовичнинг хотини жойнамоз устида ўтирган эди.
— Ў, тангрим, ёмонларнинг юзини тескари қил, неки гуноҳ қилган бўлсак ўзинг кечиргайсан, — дея илтижо қиларди аёл.
— Шўрим қуриб қолган кўринади, Шопўлат, — деди Даврон Давлатович йиғлагудек бўлиб. — Мен у билан гаплашишим керак.
— Ҳа, муштипарингиз сиз қилган гуноҳлар учун ҳам яратгандан кечирим сўраяпти. Гаплашмоқчи бўлсангиз айни муддао. Ҳозир аёлингиз дуога қўл очиб турибди. Сиз ҳам жойнамозга ўтиринг-да, унинг кафтларидан ушланг. Кейин гаплашаверинг, у сизни кўрмайди, аммо эшитади.
Даврон Давлатович худди шундай қилди.
— Нега бу ердасан? — деди у.
Аёл аввалига сесканиб кетди, атрофга аланглади. Сўнг яна кўзларини юмиб, жавоб берди:
— Бегим, шаҳарга бориб неки топган бўлсангиз, ҳаммаси ўзингиз билан бирга кетди. Фақат киндик қонингиз тўкилган мана шу макон, отангиз қуриб кетган шу кўҳна уйгина сизга вафо қилди.
— Ўзимизнинг уйимиз нима бўлди?
— Ишхонангиздан кўп камомад чиққан эмиш, уйимизни ҳам, жамики мол-мулкимизни ҳам шунинг учун тортиб олишди.
— Бўҳтон қилишибди. Турумовдан ёрдам сўрамадингларми?
— Бу ишларнинг бошида унинг ўзи турган эди.
— Хиёнат, нақадар разиллик. Ўғлим қани, қизим-чи?
— Шу кўргиликлардан безиб, иккаласи ҳам ўртоқларига эргашиб чет элга кетиб қолишди.
— Қўрғонимни қўриқлайди, деб ўғлимга ишониб юрган эдим.
— Омонат қурилган қўрғон вайрон бўларкан, вайрона қўрғонга эса қўриқчи керак бўлмас экан, бегим.
Даврон Давлатович ўрнидан сакраб турди. Ўзини қаёққа уришни билмасди, дунёни ларзага солиб ҳайқиргиси келарди.
— Шопўлат, — деди кейин у ўзини бироз ўнглаб, — сен ҳам қўрғон қурганмисан? Ўки танҳоликда яшаб ўтиб кетдингми-а?
— Нималар деяпсиз, хўжайин, сиздан саккиз ёш катталигимни яхши биласиз. Шунинг учун сиздан анча аввалроқ оила қурганман. Тўрт ўғлим, тўрт қизим бор.
— Қўрғонинг мустаҳкамми?
— Худога шукур, қўрғоним мустаҳкам ва осойишта. Ўзим бир умр меҳнат қилдим, болаларим ҳам ризқини меҳнатдан топишяпти. Ўрти ноним — роҳати жоним, деб шуни айтсалар керак. Ўғилларимдан ҳам, қизларимдан ҳам тинчиганман, ҳаммалари ўз ўринларини топиб кетишди. Ҳар куни менинг ҳаққимга дуо қилишаяпти, барака топгирлар.
— Бахтли экансан, бадавлат экансан, буни билмаган эканман. Мен эса аввалроқ ўлиб кетсам бўларкан. Нега ўшанда мени қутқариб қолган эдинг? Ў мендан қўрққанмидинг-а?
— Йўқ, тақсир, сиздан ҳеч қачон қўрқмаганман. Мен фақат яратганнинг қаҳридан қўрқдим. Дарвоқе, сиз воз кечиб, ахлат уюмлари орасига ташлаб кетганингиз норасида гўдакнинг ҳам ҳаётда ризқи бор экан.
— Наҳотки? У тирикми?
— Ҳа, уни мен асраб олдим. Хотиним ҳам болажон аёл, уни ўз болаларимиздек оқ ювиб-оқ таради. Ҳозир ўша қизалоқ ка-атта муаллима. Лекин бу сирни мен ва хотиним ҳамда тангримдан бошқа ҳеч ким билмади. Агар парвардигорнинг қаҳридан, увол ва гуноҳдан қўрқмаганимда бечора гўдак ўша чиқиндилар орасида хазон бўлган бўларди.
Даврон Давлатовичнинг хўрлиги келди. У бутунлай мулзам бўлди. Лекин айни лаҳзада ўша шармандали воқеани эслашни сираям истамас эди. Уни ҳозир бундан ҳам оғирроқ нарса ташвишга солаётган эди. Ниҳоят дилидаги бу изтироб тилига кўчди:
— Менинг оилам бундай хору зорликда яшамаслиги керак.
— Буни аввалроқ ўйлашингиз керак эди, хўжайин, энди ҳеч нарса қилиб беролмайсиз.
— Йўқ, менинг ҳали яшириб қўйган пулларим бор.
— Ҳаммаси қўлдан кетди, деб ҳисоблайверинг.
— Юр, мен ўша пулларни сенга кўрсатаман.
— Хожати йўқ. Қоронғи тушаяпти, хўжайин, энди тинчгина жойимизга бориб ётайлик.
— Илтимос, юрақол энди.
Шопўлат ноилож унга эргашди. Улар яна шаҳарга қайтиб, кўпқаватли уйнинг ўрта қаватидаги бир шинамгина уйга киришди. Бу уйда Даврон Давлатович суюб-эркалаб юрган бир аёл яшар эди. Лекин эндиликда бу ерда бошқа оила яшаётганлигини кўриб Даврон Давлатович ҳайрон бўлди. У ошхонадаги токчага мўралади. Лекин яшириб қўйилган жавоҳирлардан асар ҳам қолмаган эди. Демак, бу уй сотиб юборилган, дея ўйлади у.
Кейин улар яна ўша Даврон Давлатовичнинг қасрмонанд уйига боришди. Кеч кираётган, уйнинг чироқлари порлаб, янада кўркамлашиб кетган эди. “Хайрият, одам бор экан”, — деди Даврон Давлатович. Улар уй ичкарисига киришди. Бироқ…
Бир пайтлар Даврон Давлатович ишдан, мажлислардан ҳориб келиб, хотиржам дам олган диванда ҳалиги суюб-эркалаб юрган маъшуқаси ва Даврон Давлатовичнинг ишончини забт этган Турумов шакаргуфторлик қилмоқда эдилар. Даврон Давлатович ҳаммасини тушунди. Унинг барча сирларини ҳам, яширган давлатини ҳам фақатгина ўша Турумов биларди.
Даврон Давлатович энди чидаб туролмади. Пишқирганча Турумовнинг бўғзига чанг солди. Кейин аёлни савалай кетди. Аммо улар ҳеч нарсани сезишмай ошиқ-маъшуқлик ўйинларини давом эттираверишди. Даврон Давлатович ўзини йўқотар даражада уларни савалашдан тўхтамас, ўкирар, ҳансирар эди. Шопўлат эса уни тўхтатишга беҳуда уринарди.
— Бундай қилманг, энди бефойда, — деди Шопўлат. — Вақт алламаҳал бўлиб қолди. Яхшиси, бу ердан кетайлик, ҳар ким ўз ўрнида азиз.
— Бу ёқда шунча кўргилик туриб, қандай қилиб кетаман, биродар, хонумоним барбод бўлибди-ку.
— Ҳа, сизга ачинаман, хўжайин, ташвишингиз кўп экан. Мен эса борақолай. Бундай машмашаларга тоқатим йўқ, минг бор, узр. Энди тинчгина ором олишим керак, хайр, хўжайин.
— Хайр, биродар, — деди Даврон Давлатович йиғлаб, — сенга ҳавасим келаяпти — тинчинг бор. Менинг кулфатларим эса энди бошланаётганга ўхшайди.
Шопўлат қабристон томонга енгилгина учиб кетди. Сон-саноқсиз чироқлари милтиллаб турган сершовқин шаҳар ортда қолди. Кўплаб қабрлар узра порлаётган ғайриоддий нурлардан қабристон чароғон бўлиб турарди. Бинобарин, тириклигида хайрли ишлар қилиб охиратини безаган кўпдан-кўп азиз инсонлар шу манзилга дафн этилган эди. Шопўлат ҳам ўзининг сўнгги маконидан охиста қўним топди. У чексиз фароғатни ҳис этиб ором ола бошлади. Қанча ётганини билмади, бир маҳал кўзини очганида, ортда қолдирган савоб ишлари ва оқил фарзандларининг тиловатлари шарафига қабрига кўкдан раҳмат нурлари ёғилаётганлигини кўриб, яна шукроналик билдирди. Кейин у ёнига ўгирилиб, Даврон Давлатовичнинг қабрига назар ташлади. Бу қабрга заррача ёруғлик тушмаганидан қоп-қора тупроқ совуққина дўмпайиб турар, унинг бир четига ўрнатилган баҳайбат мармартош эса қабр устига янада даҳшатли соя ташлаб турарди. Даврон Давлатович ана шу қоп-қора мармартошга суянганча ҳорғин нафас олар, гоҳ-гоҳ марҳумла
рнинг оромини бузгудек аламли ўкириб юборар, кейин қайсидир қоронғи йўлаклар бўйлаб телбаларча дайдиб юрарди.