Ҳамкасбим Шодиқул муаллимнинг шифохонадан келганини эшитиб, аҳвол сўрагани бордим. Дастурхон атрофида мезбон менга чой узатаркан деди:
– Биласизми, ошна, шифохонада бир онахон билан танишиб қолдим, ўзиям роса ғалати феъли бор экан. Бунақа аёлни ҳали учратмаган эдим. Келинг, шуни бир бошидан айтиб берайин.
Бир куни шифохона боғидаги ўриндиқда газета ўқиб ўтирардим. Ёнимга даштлик эканлиги кўриниб турган момо келди ва дабдурстдан қўлимга телефонини тутқазиб деди:
– Болам, мановини ёқиб бер, уйдагиларни бир тергаб қўймасам, ҳаддиларидан ошиб кетишади.
Мен телефондан керакли рақамни топиб узатдим. Момо бирдан жиддий тортиб гапирди:
– Бувиражаб, сенмисан, мен кетиб эркин чумчуқ бўлиб қолдиларинг-ма, бованг қаерда? Яна Ўсар ошнасиникига қарта ўйнагани кетди-ма, “азройил” йўқлигида яйраб қолай деган-да. Сизни соғинди, дединг-ма? Ундай бепарда гапни айтма, ўзи мендан қутулолмай юрибди. Айтиб қўй, кўзим хиралашсаям, ҳали ўлганим йўқ!
Мени эшитяпсан-ма, эрингга айт, тилпонимга пул ташлаб қўйсин. Пенсиядан дейсан-ма, йўқ, чўнтагидан! Ўғил бўп менга нима хизмат қилди, эржонинг? Ҳой, эшит, аммо, – лекин Қўчқор неварамни уришма, сомонхонага ўт қўйса қўйибди-да, ҳали бола, уйланса босилиб қолади, мен бадар кетиб шугинага қийин бўлди-ёв…
Бехосдан момонинг телефони сигнал бериб ўчди ва яна қанча айтадиган гаплари чала қолди. Момо менга бир қур назар солди-да, индамасдан хонасига кириб кетди.
Кечки пайт момо яна ёнимга келиб ўтирди. Момомизнинг юз-кўзидан, ҳаракатларидан зерикаётгани кўриниб турарди. Мен секингина сўз қотдим.
– Қаерликсиз, хола?
– Чиял деган жойни эшитганмисан, ўша тарафидаги Ёбондан. Ёшим етмиш олтида, кўзим хиралашиб игнага ип ўтказолмай қолдим. Келганимга икки кун бўлди, дўхтур қизлар дори билан даволаяпти, ҳарна, яхши. Ўзинг қаерликсан, болам?
– Жонбўзсойдан, мактабда ўқитувчиман.
– Яхши, аммо китоб-қоғозга кўп қарабсан-да, кўзойнак тақиб олибсан. Менинг тўқсон тўртга кирган энам бор, ўрмак тўқийди, куви пишади, урчуқ йигиради, бир чақиримдан эркак-аёлни ажратади. Бу ерга ҳам “ўзингнинг жонинг, ўзингга керак”, деб жўнатди. Тўғрисини айтсам, зерикдим, айни буғдой ўрилаётган пайтда мен бу жойда ялпайиб ўтирсам уят бўлар-ов…
– Нима, ўғилларингиз фермерми?
– Бўмасам-чи, беш йил бўлди, хўжалик менинг отимда, печати сандиғимда. Ғалла, зиғир, қовун-тарвуз экканмиз.
– Сиз тарафларда сув йўқ-ку?
– Ҳамма шундай дейди, ишлаган йўлини топади. Иккита “артезан” қудуғимиз бор. Суви ширин. Ўзимиздан ортиб қишлоқдошларнинг томорқасига ҳам етади.
– Ишингиз зўр экан.
– Бирнави, ишқилиб кунимиз ўтиб турибди.
– Болалардан нечта, хола?
– Етти ўғил, беш қизим бор. Ўша йиллар ёш эдик, ҳозиргилардек тегманозик эдемасдик, кейин бова қурғур ҳам “сени герой қиламан” деб тек ётмасди-да…
Момо ўзининг гапидан озгина қизариб кулди.
– Бариси уйли-жойли бўп кетишган, қишлоқнинг ярми десаям бўлади.
Шу пайт ёнимиздан шифохона дўхтири ўтиб қолди. Момо дарров уни тўхтатди.
– Ҳой, дўхтир ўғлим, менга қачон жавоб берасан, кўзим яхши бўлди-ку?
– Эндигина икки кун бўлди, онажон, яна икки кун сабр қилинг, – деди дўхтир кулиб.
– Йўқ, ундай дема, эртага ўғилларим келади, дориларни ёзиб берсанг, келинлар томизиб турарди.
– Нима, бирор камчилик борми, онажон?
– Йўқ, ҳаммаси жойида, фақат менинг қишлоқда зарур ишларим бор.
Охири бўлмади, дўхтир қайсар момога эртага жавоб беришни ваъдалаб қутилди.
Момо мамнун қиёфада ёнимга келиб ўтирди.
– Бало экансиз, охири кўндирдингиз, – дедим кампирни мақтаб.
– Билсанг, бир йили тўнғич ўғлим қўярда-қўймай ўн кунлик дам олиш уйига олиб борувди. Менга тўғри келмади, бир кунни зўрға ўтказиб қочиб кетувдим.
– Нега, мазза қилиб дам олсангиз бўларди?
– Менга тўғри келмади, тўрт мучам соғ бўлса, қандай қилиб ётаман?
– Нима, шунчалик юмушингиз кўпми?
– Ҳа-да, ахир элчилик. Қўшнимиз Холиқ чўпоннинг тоби йўқ эди, яна иккита келинимнинг ой-куни яқин. Тўй-маъракалар бор.
– Сиз бўлмасангиз тўйлар ўтмайдими?
Момо менга ажабсиниб қаради.
– Менсиз қандай ўтказишади, қани ўтказиб кўришсин-чи!? Менсиз товуқларига тухум ҳам бостиришолмайди.
– Йўғ-а?!
– Ишонмайсанми? – деди момо менга ёвқараш қилиб.
– Ишондим, сизга ишонмай бўладими?
Иккаламиз ҳам бироз жим қолдик. Охири сукунатни бузиб сўрадим.
– Хола, ҳеч армонингиз ҳам борми?
– Эй, болам-а, бу дунёда армонсиз одам бор эканми? Кенжа ўғлим афғонда ҳалок бўлган. Темир тобутда олиб келишди. Ўшанда бир кечада сочим оқариб кетганди. Ҳа, урушнинг уйгинаси куйсин, болам-а…
Кечқурун эса шифохонада ғалати хабар тарқади. Момо билан бир хонада турадиган аёл ёстиғи тагидан тўрт юз доллар топиб олибди. Аёл қизалоғининг операцияси учун пулга зориқиб турган экан.
Ҳамма буни момо қилган деб ўйлади. Аёл миннадорлик билдириб сўз қотган экан, момо: “Менинг бегонага берадиган пулим йўқ,” деб уришиб берибди.
Эртасига момо яна ёнимга келиб ўтирди. Унинг юзида мамнунлик акс этиб турарди. Мен оҳиста сўрадим.
– Барибир бояги ишни қилгансиз, сиздан бошқа биров…
– Бас қил, буни сен бил, мен билай, қизалоғини кўриб невараларим эсимга тушиб кетди-да…
Шу пайт дарвоза ёнига машина келиб тўхтади ва ундан учта йигит тушиб, биз томонга юришди. Момо уларни кўриб, қувониб кетди:
– Ана, улларим келишди!
Йигитлар оналари билан кўришиб, машина юкхонасидан тарвуз-қовун, мева-чевалар, патир ва бир тоғора Чиял яхнасини кўтариб келишди. Момо олиб келинган неъматларни барчага тақсимлаб, улашиб чиқди.
Пешин пайти момо жўнаб кетди. Назаримда, ҳайҳотдек шифохона ҳувиллаб қолгандек эди.
«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 10-сон