Учқун Назаров. Тўй (қатра)

Ярим йилча бўлди: Ёдгор аканинг боши айланади, гангийди, толиқади, оёқ-қўли қалтирайди, ўтириб олгиси келади; анчадан бери қўлига кетмон олмайди, энгашса кўзи тинади, мадори қурийди. Энди 65 га кирган Ёдгор ака аввалига парво қилмай юрди, ўтиб кетади, деб ўйлади, кейин ётиб қолди. Теракзор қишлоғига узатган қизи доктор олиб келди — қон босими ошипти, шифокор дори ёзиб берди. Бироқ дори кор қилмади. Қишлоқ четида турадиган Азамат ўғли Фозил билан бир мактабни битиришган, иккалови Тошкентда ўқишади. Шу йигитдан айтиб юбориш керак — Фозил келиб, дадаси кўзи очиқлигида дуосини олиб кетсин, ғафлатда қолмасин. Фақат… афсус, ўғлининг тўйини кўра олмайди, чоғи. Келини қўлидан чой ичишни орзу қилар эди — насиб қилмайди, шекилли. Балки, енгил-елпи бўлса-да кўзи очиқлигида, тўй ўтказишсинмикин? Қишлоқда ким кўп — бўйга етган қиз кўп. Бу ишни ўз ҳолига ташлаб қўйишса, Фозил шаҳарда биронта таннознинг тузоғига илинади.
Ёдгор ака ҳассасини эшикка уриб, хотинини чақирди.
— Чойни кўп ичманг, югурасиз, — деди Шамси хола.
— Азаматникига бориб кел, — деди Ёдгор ака ҳансираб. — Шаҳарга биронтаси борса, Фозилга айтсин, келсин. Гапим бор.
— Қанақа гап? — сўради Шамси хола.
— Тўй қиламиз, — деди Ёдгор ака. — Қиз-пиз танлаб тур.
Уч кундан сўнг Тошкентдан Фозил келди. Ёдгор ака қаддини аранг ростлаб, ўғли билан кўришди. Фозил ярим ой аввал келганида, ҳассада бўлса-да, айвонга чиқиб, ўғли билан ачомлашиб кўришган эди.
Фозил дадаси ёнига ўтирди. Шамси хола дастурхон ёзди.
Фозил дадасининг гапини эшитмаганга олди, икки кундан кейин шаҳарга қайтди.
— Тўй ҳақида ўғлинг нима деди? — тоқатсизланиб сўради Ёдгор ака хотинидан.
— Индамади? — деди Шамси хола.
“Илинипти”, ўйлади Ёдгор ака шаҳарлик қизларни кўз олдига келтириб. Нияти ушалмагандек бўлди — ҳайҳотдек ҳовлида хотини иккови танҳо қолишади, чоғи.
— Ўғлим бечора икки кун тинмай ишлади. Боғдаги дарахтларни каллаклади, суғорди, ерни чопиб текислади. Ҳаммаёқни саранжом-саришта қилиб кетди, — деди Шамси хола дастурхонни йиғиштираркан.
Бу хабардан Ёдгор ака, “раҳмат”, деди. У кимга ва нимага “раҳмат” деди, буни Шамси хола уқмади.