– Энди тоза ҳавога чиқайлик, хона ичи қизиб кетди, – деди Неъмат ака ўтирганларга.
– Тўғри айтасиз, – Неъмат аканинг таклифини маъқуллади Йўлдошбек. – Устознинг боғини томоша қилайлик. У ер анча салқин.
Бу гап дастурхон теварагида ўтирганларга ёқиб тушди. Ҳосилини кўтаролмай турган анорлар, шафтолилар, нашватилар меҳмонларнинг кўнглини яйратди.
– Ҳам деҳқонсиз, ҳам боғбонсиз, Турсунбой. Бу ҳосиллар меҳнатсиз бўлмайди. Яшанг! Шунча еримиз бўлганда бозордан ҳеч нарса сотиб олмасдик. Бай-бай, яшанг! – деди ҳаяжонланган Неъмат ака.
– Еримиз унумсиз, тупроғи қизил ва шўр. Ёзда уч куннинг бирида сувлаб турмасангиз, ниҳолларнинг ҳолига вой. Ҳар баҳорда гўнг солишдан чарчамаймиз, – дедим мен нолиган бўлиб.
– Эҳ-ҳей! – Йўлдошбек томорқанинг бир четини эгаллаб ётган ошқовоқ палагига кўзи тушиб ҳайратланди. – Нима бало, бозорни ошқовоққа тўлдирмоқчимисиз? Ҳай-ҳай, ғовлаб кетибди-ку?! Қўй кўрмаган бўлсак ҳам қий кўрганмиз. Бир холам бор, ошқовоқнинг пири. Ҳар тупидан етмиш, саксон дона ҳосил олади. Шундай ошқовоқ бўладики, бир киши кўтаролмайди. Ўша холанинг жиянимиз-да!
Йўлдошбекнинг гапида жон бор. Икки йилдан бери томорқага ошқовоқ уруғини экиб, кўнгилдагигек ҳосил ололмаймиз. Дарахтлар соясида бу йил янаям ғовлаб кетди.
– Эй ука, ўртанган юракни… Қўйинг, – дея нолишга ўтдим. – Ўтган йили ерни дорилаган эдик, шу зиён қилдими, билмадим, ҳосил тугунчаларидан нишон йўқ.
– Боваларимиздан қолган урф-одатларни ҳам эслаб турасизми? Яна, бош чайқайсиз. Урфларимизга ҳам озгина эътиқод қилиш керак. Ҳалиги ошқовоқнинг пири бўлган холам ерга уруғ ташлаётганда, тошдек кўпайсин деб қўйнини майда тошга тўлдириб олади. Сизам, бир ҳовуч майда тошни липага уриб, еганимдан ошиб қолсин, ошна-оғайни ташиб қолсин деб, тупроққа уруғни кўммайсизми, – деди Йўлдошбек афсусланиб. – Ҳали ҳам кеч эмас, урф-одатнинг униси бўлмаса, буниси. Қариялар пайвандлаш дейдими-ей, “сол-сол” дейдими-ей. Шунақа қилиш керак.
Йўлдошбекнинг таклифи мени анча довдиратиб қўйди. Саксонга кирган онам бор. Алқисса, у кишидан ҳам шу тўғрида бир оғиз сўрамабман-а.
– Эй, бундай удумлар кўпдан унутилган эди. Хаёлга кептими. Уруғ кўкарса, ҳосил беради деб ўйлаганмиз-да! – дедим юзта ошқовоқни дарёга оқизиб қўйган кишидек хижолат чекиб.
– Холамнинг бир ҳамсояси бор. У киши ҳам ошқовоқнинг пири. Палак гулга ўтиргач, исириқ тутунига лозимини тутиб, палак оралаб “сол-сол” қилади. Кўрибсизки, қишда ошқовоғини уйга сиғдиролмай ётади, – деди Йўлдошбек ҳамроҳларига.
– Тўғри, – гапга қўшилди Неъмат ака, – “сол-сол” одатини оиланинг тўнғич қизи ёки кўп болали аёл ўтказади.
– Ака! – Йўлдошбек жонланди. – Бизнинг қишлоқда пайвандни эркаклар амалга оширади. Шу ишни мен қилсам, розимисиз?..
– Розиман, – дедим беихтиёр. – Ҳарқалай, икки юзта бўлмаса ҳам, ўттиз-қирқта ошқовоқ чиқса зиён қилмас.
– Э, менинг пайвандимдан кейин роса бир мошин ошқовоқ чиқмаса, иккинчи бу ишни қилмайман, – деди Йўлдошбек ғайратланиб.
– Насиб денг, насиб денг, – дея Неъмат ака кўзойнагини арта туриб гапга аралашди. – Бу палакнинг юздан ошиқ навдаси-қўли боров. Бу тонна-тонна ошқовоқ деганими? Бозорга чиқарса, фалон пул.
Неъмат аканинг ҳаяжони менга ҳам кўчди.
– Бир мошин ошқовоқ сизники, – дедим Неъмат акага, – Шаҳрисабзга ўзим элтиб берганим бўлсин.
– Янгангиз хурсанд бўлади. Ошқовоқ сомсани ёқтиради. Ундан кейин витамингаям бой…
– Неъмат ака, – дедим ҳазилу чин аралаш, – мана қўшниларим ҳам кузатиб турибди. Йўлдошбек бу янгиликнинг муваффақиятига ишонтирса, шу бугун бутун қишлоққа жорий бўлади.
– Оббо, Турсунбой! Агар ошқовоқ эмас, хашак керак бўлса, бизлар уйга кирамиз. Ана палагингиз, – дея ранжиган бўлди Йўлдошбек.
Гўё юзлаб ошқовоқдан қуруқ қолаётгандек, қўшниларим:
– Пайванд қилсин, пайванд қилсин, – деб чувиллашди.
Мен ҳам шоша-пиша:
– Шермат! Пичоқни олиб кел!.. – дедим.
– Пичоқ керак эмас, – эътироз билдирди Йўлдошбек. – Мен суннат қилмоқчи эмасман. Этик борми?
– Этик билан ҳам пайванд қилиб бўларканми? – ҳайрон бўлди Неъмат ака.
– Йўлдошбек, “сол-сол” қилсангиз бўлмайдими? – деди Неъмат ака ошқовоқ палагининг пайванд бўлишига ишонқирамай.
– Ака, кўпчиликнинг олдида хафа қилманг… – деди Йўлдошбек салгина ранжиб. – Айтинг, этикни олиб келишсин.
– Шермат! Этикни олиб кел!
Бошқа гапга ўрин қолмаган эди. Неъмат ака вазиятни юмшатишга ҳаракат қилди:
– Қўйинг, Турсунбой, Йўлдошбек билан тортишманг. “Сол-сол” қиладими, пайванд қиладими, қилаверсин.
Бир чеккада Йўлдошбекнинг ишини томоша қилиб турдик. Айниқса, қишлоқдошларим қизиқиш билан кузатишарди. Йўлдошбек Эроннинг катта резин этигини кийиб, палак оралашга тушди. У ошқовоқ навдаларини резин этикнинг товони билан эзар экан, худди болаларга дарс бераётгандек:
– Пайванд қилдим, эшитяпсизми, пайванд қилдим, – деб такрорлаб турди.
Йўлдошбек терга ботиб палак орасидан чиқар экан:
– Неъмат ака айтганидек, худо насиб қилса, ҳосилини журт-жаҳонга сиғдиролмайсиз. Ҳали кўпларнинг ичи куяди… – дея кулиб қўйди.
Неъмат ака ҳам уйига бир мошин ошқовоқ тушириб олган бозорчидек хурсанд.
Шу пайт хотиним чақириб қолди:
– Чалоб қилдим, уйга кирингизлар…
Орадан кун ўтмай ҳовлидаги ошқовоқ палагининг ранги кетиб, сўлий бошлади. Онам, хотиним ва болалар олдида ўғри мушукдай алпанг-жалпанг қиладиган бўлиб қолдим. Гўё улар, назаримда, “ҳа, ошқовоқ бойвачча” деётгандай. Гоҳ бехосдан кулиб юбораман. Хотинига ошқовоқнинг витаминга бойлиги ҳақида ҳикоя қилаётган Неъмат ака хаёлимда жонланади. Оҳ, Неъмат ака…
Уч кундан сўнг укам келди. Кайфияти муррик.
– Тинчликми? – хавотирланиб юзига боқдим.
– Шу шогирдингиз дўстми, душманми?
– Нимайди?
– Э, ошқовоқлар…
– Нима, сен ҳам пайванд қилганмидинг? – хавотир аралаш ҳайрон бўлиб унга қарадим.
– Битта мен эмас, бутун қишлоқ…
– А?!
Мен унсиз кулар эдим. Укам менинг йиғлаётганимни ҳам, кулаётганимни ҳам англамасди, қошларини чимириб боқиб турарди.
Куз охирлаб қолганда Неъмат акадан хат келди. Ҳол-аҳвол сўралгандан сўнг, ошқовоқ эслатилган эди. Янгам янги тандир қурибди. Тўлиб-тошиб борсак, ошқовоқ сомса ёпиб берар эмиш.
– Оҳ, Неъмат акажон, эски ярамни янгиламанг…
“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 2-сон.