«Ил-18» танасидаги бор қувватини тўрт баҳайбат моторига бериб, қулоқни қоматга келтирганича ғизиллаб олдинга интилди-да, девсифат зарда билан бир силкиниб кўкка парвоз қилди. Шундагина Ўринбой бу ишларнинг бари тушида эмас, ўнгида бўлаётганига тамом ишонди. Йўқса, тили ажабтовур чучук, баъзи сўзларнинг охирини жўрттага чўзиб айтувчи диктор қиз боягина: «Диққат, диққат. Икки юз тўртинчи рейс билан учувчи-и-и, 24785 ра-қамли-и-и «Ил-18» самолётига-а-а пассажирлар чиқариш бошланди-и-и!..» — деб эълон қилганида ҳам, буни Ўринбой ўзига тегишли деб ўйламаган, худди ўша чучук тил ҳали-замон: «Пассажир ўртоқ Темиров! Сизнинг аеропорт навбатчисига учрашингиз сўралади-и», дейди-ю кейин билетимни қўлимдан тортиб олиб, ўзимни келган жойимга қайтариб юборишади, деган хаёл миясида чарх урган эди.
Бу ишончсизлик самолётга чиқиб, юмшоқ ўриндиқдан ўз жойини олгандан кейин ҳам Ўринбой дилини тарк этмади. Нега десангиз, ичи йўловчилар билан буткул тўлгандан кейин ҳам самолёт эшиги ёпилиб, унинг нарвони олинавермади. Ташқарида саратон жазирамаси қовуриб турганлигидан салоннинг ичи бирпасда ҳаммомга айланиб кетди. Симобдай эриб, кўйлаги баданига чип-чип ёпишиб қолган одамлар беҳаловат бўлиб, ўзларини газета борми, китобу дастрўмолми — тўғри келган нарса билан елпишга, бу дўзах азобининг забтини андаккина пасайтириш ҳаракатига тушдилар. Соат миллари билетда кўрсатилган «12. 10» — жўнаш вақтидан аллақачон ҳатлаб ўтди. Мушукдан юрак олдириб қўйган товуқдай сўнгги пайтларда бир чўқиб атрофига ўн бор боқишга ўрганиб қолган Ўринбой буни ҳам ўзича йўйди: унинг назарида гўё, ҳозир аеропорт биносининг қайси бир бурчида учувчиларнинг катталари унинг номини юз мақомга солиб такрорлаётгандай, «пассажир Темировни тушириб олиб қоламизми ё йўқми?» дея бир-бирлар
и билан тортишаётгандай эдилар…
Ниҳоят трап самолётдан узоқлаштирилди, эшик ёпилди. Ўринбойнинг кўнгли жойига тушди… У умрида иккинчи марта самолётга чиқиши. Биринчи марта, бундан ўн беш йилча бурун ярими юк, ярими одам ташийдиган самолётда Тошкентга шошилинч бир кенгашга келган эди. Ўшанда област қишлоқ хўжалик банкида кредит бўлимининг бошлиғи бўлиб ишларди. Самолёт тоғ тепасидан ўтаётганда, арғимчоққа ўхшаб, уст-устига кўтариб ташлаб юборгани, кўнгли беҳузур тортиб, қайт қилиб юборишига сал қолгани ҳали-ҳали эсида. «Иккинчи бор самолётга чиқсам…» — деб оғзига гап олиб қўйганди Ўринбой. Лекин бўлмади. Йилда курортга боришни канда қилмайдиган ошнаси — зоотехник Қулматнинг: «Ил-18» ундай эмас, онангнинг қорнида ётгандай тинч, ухлаб ҳам кетасан», деган гапига ишониб, Тошкентдан бу ёғига билетни самолётга олди у.
Ҳа, ўшанда у армия хизматидан бўшаб келиб, банкда ишларди. Қандай тинч, сокин, беозор эди-я ўша иши! Редакциядагига ўхшаб, «бўл-бўл, агар ярим соатда эллик сатр материал тайёрлаб бермасанг, осмон узилиб ерга тушади», деган тиқилинч эрталаб ишга келганингча, очин-тўқин қолиб, ярим кечагача гранка устида кўзингнинг нурини тўкиб ўтиришлар, далама-дала, қирма-қир чанг ютиб, офтобда куйиб санқишлар йўқ. Тайинли вақтда ишга келасан, соат бирдан бир минут нари-бери қилмай, тушликка чиқасан, кечқурун яна тайинли вақтда уйга қайтасан. Тагингда қулинг ўргилсин извош. Ойда бир колхоз-полхозга чиқиб қолсанг, «келинг, келинг»га ит боқмайди, товуқнинг сутидан бўлак нарсаларни топиб, дастурхонга қўйишади. Қайнатасининг ҳам, «бизнинг ўғил-куёв хўп бообрў йигит-да, ақл ёшда эмас, бошда бўлишига шу кишининг ўзи нақд мисол», деб уззукун оғзи қулоғида. Хотини-чи? «Меникидақа эр ҳеч қайсингда йўқ, шаҳарнинг манаман деган амалдорларидан бири у», деб тенг-тўшлариг
а сўз бермайди.
Қаёқдан ҳам Н. раён давлат банкининг бошқарувчиси Болтабоев ҳақида област газетасига фелетон ёза қолди-я?
Лекин ёзмасаям бўлмасди-да! У вақтларда ғалати қоида бор эди: колхозларнинг пули икки банкда сақланарди. Бўлинмас фондга ажратилган маблағлар қишлоқ хўжалик банкидаги 308-ҳисобга ўтказилар, қолгани давлат банкидаги 101-жорий ҳисобда тураверарди. Аммо ҳар икки ҳисобдаги маблағ ҳам давлат банкида сақланарди. Фақат 308-ҳисобдан пул олишга қишлоқ хўжалик банки вакилининг рухсати керак эди. Бунинг учун давлат банки бошқарувчиси ҳар куни эрталаб шу вакил ихтиёрига фалон микдорда нақд пул ажратиб бериши лозим эди. Плансиз иш бўлмайди дегандек, вакилга областдан капитал маблағлар ҳисобига пул тўплаш ҳақида топшириқ бериларди. Шунинг учун вакил ўз ихтиёридаги нақд пулни — ана шу топшириқни бажаришни кўзлаб — яъни 308-ҳисобга кўпроқ маблағ ўтказган колхозларга тақсимларди. Аммо Н. раёнида давлат банкининг бошқарувчиси қишлоқ хўжалик банки вакилидан бу ҳуқуқни тортиб олибди. У вақтларда аксарий колхозлар иқтисодий жиҳатдан камқувват бўлиб, баҳорга чиққанда 101-жорий ҳисобда ай
тарли пули қолмас, кам-кўсти учун 308-ҳисобда қўр бўлиб турган капитал маблағдан ишлатишга мажбур эди. Болтабоев деган ноинсоф ҳеч қанақа қонун-қоида билан ҳисоблашмай, капитал маблағниям ўзи бевосита тақсимлайдиган бўлиб олибди. «Бунинг учун ҳар ўн минг сўмдан минг сўм жузъа берасанлар», деб, қаттиқ тақса ҳам кесиб қўйибди. Оқибатда, қишлоқ хўжалик банки вакилининг сариқ чақалик эътибори қолмабди. Шунда Ўринбой «Жиғилдон бандаси» деган фелетон ёзди.
Болтабоев-ку, фелетондан кейин битта қурттаккина ҳайфсан билан сувдан қуруқ чиқиб олди-я, аммо қийин бўлганда Ўринбойнинг ўзига қийин бўлди: фелетон унинг ҳаётини тамоман бошқа изга солиб, тақдирини бир юз саксон градус ўзгартириб юборди.
Фелетон област газетасининг редактори Қодиржон Қобиловга ҳаддан зиёд маъқул тушиб, Ўринбойни ҳузурига чақиртирди. Бу фелетон унинг ижод бобидаги илк машқи эмаслигини, илгари ҳам шеър-пеър ёзиб юрганини, умуман, адабиётга ҳаваси зўрлигини эшитгач, «шундай қобилиятли одам банкдек диққинафас жойда бўғилиб ётасизми, тезда бизга ишга ўтинг, бинойидек, иқтисодчи экансиз, қишлоқ хўжалик бўлимининг тасарруфини қўлингизга берайлик», деб туриб олди. Матбуотнинг муқаддас даргоҳида ишлашни юрагининг ич-ичида кўпдан орзу қилиб юрган Ўринбой бу таклифга дарров рўйхушлик бериб қўя қолди.
Аммо област қишлоқ хўжалик банкининг бошқарувчиси Фуад Гареевич Ўринбойни осонлик билан қўлдан чиқаргиси келмади. У Ўринбойни банкда олиб қолиш учун неча марталаб обкомга қатнади, ҳатто биринчи секретарга ҳам учради. Ҳаммалари унга: «Ихтиёр ўртоқ Темировнинг ўзида, редакцияга ўтиб ишлашга мойил экан, биз буни фақат табриклашимиз мумкин, бир чеккаси, газета банкка қараганда обкомга яқинроқ, ўз органи», дейишибди. Шунда Фуад Гареевич Ўринбойнинг ўзини аврашга тушди: «Сенинг олдингда ҳозир икки йўл очиляпти: бири — ўла-ўлгунча банк ходими бўлиб қолиш, бу муассасанинг ҳамма мансаб пиллапояларидан тепага кўтарилиб, ўзингни иззат-ҳурмат чўққисида кўриш. Иккинчиси — мухбирлик, уззукун заҳмат чекиш, чобук қалам ҳасадгўйлар билан нон талашиб, шуҳрат талашиб ўтиш. Иккаласидан бирини танлаб олишинг керак. Менингча, сенга биринчи йўл маъқул. Яқинда Ленинграддаги Молия академиясига битта ўрин келади. Шунга сени юбораман. У ёқдан икки йилда бирон област б
анкига бошқарувчи бўлиб қайтасан. Хоҳласанг, мен ўз ўрнимни бўшатиб беришим ҳам мумкин», деди. Фуад Гареевич — хушфеъл, қўли очиқ, оқ кўнгил одам эди-ю, лекин битта қусури бор эди: дунёда банк ходимлигидан бўлак касбни тан олмасди. Айниқса, мухбирлик унинг назарида одамнинг косасини оқартирмайдиган иш эди. Ўринбойнинг Фуад Гареевичга эътиқоди қанчалик баланд бўлмасин, ўшанда унинг раъйини қайтаришга мажбур бўлди. Балки нотўғри қилган эканми? Тағин Фуад Гареевичнинг қарғишига учраб, шунча маломатларга қолган бўлмасин? Рост-да, Фуад Гареевичнинг гапига кириб, банкдаги иссиқ ўрнини совутмаганида, мажбурий хизматга кесилган одамдек икки йил канал қурилишида темир-терсак чангаллаб қўлини қадоқ, ёғоч-тўсин кўтариб елкасини яғир ҳам қилмас эди, гулдек икки фарзандидан, кўҳликкина хотинидан ҳам ажралмас эди.
…Ўринбой атрофига қаради. Самолёт хийла баланд кўтарилгани учун салондаги бояги иссиқдан энди асар ҳам қолмаган, одамлар ўзларини елпишдан қутулиб, бир-бирлари билан қовоққа қамалган арилардек ғўнғир-ғўнғир қилиб кетишяпти. Ташқарида самолёт моторларининг бир маромдаги гувиллашига қулоқ солиб туриб, Ўринбой беихтиёр ўз қишлоғидаги тегирмоннинг айланишига қиёс қилди буни, қиш пайтлари ғалла тортувчилар кўпайиб кетганда, тегирмоннинг ичи ҳам мана шунақа олағовур бўларди, одамларнинг гапи худди уйқу аралаш келаётган овозга ўхшаб эшитиларди. Тегирмонни эслаши билан Ўринбой кўз олдида дарров икки сиймо пайдо бўлди. Бири — тегирмончи Салмонмирза ака унинг диққатини узоқ банд қилмай, лип этиб ўтиб кетди-ю, лекин иккинчиси — тегирмончининг қизи Лобар деворга михланган суратдай қаршисида қотганича қолди.
Зулукдек пайваста қошлар. Шоирлар найзага нисбат берган узун киприклар. Тепа лабнинг устидаги тугмачадек хол. Юрганда белга урадиган кокиллар. Айниқса, бир жуфт хумор кўзларни айтмайсизми! Ҳар тикилганида, юрак-бағрингизни ўйиб юборгудек бўлади, дилингизга зилзиладек ларза солади. О, тақдир отлиқ ёзувнинг юзи қурсин! Ўринбой Лобарни қандай севарди-я! Усиз ёруғжаҳон қўзига зимистон кўринарди. Тегирмон бошидаги хуфтонги учрашувлар, узун ва ингичка бармоқлар билан чеккасига қора ипдан попук тикилиб, галдаги висол чоғида Ўринбойга ҳадя қилинган шойи дастрўмоллар… Улар гапни бир жойга қўйишган эди. Ўринбой уч йиллик ҳарбий хизматни ўтаб келгандан кейин тўйлари бўладиган эди. Аммо… Икки беғубор юракнинг биллурдек тиниқ севгисига шум тақдир тош уриб, уни чил-чил этди. Ўринбой ҳарбийда юрган пайтида, Лобарга селпо мудири Низомнинг «ишқи» тушиб қолибди. Салмонмирза ака унинг ҳаром-харишдан топган вақтинчалик мол-дунёсига учиб, Лобарни сотиб юборди. Ҳа, айнан сотиб
юборди! Буни бошқача сўз билан атаб бўлмайди. Орадан ҳеч вақт ўтмай, Низом камомад қилиб қамалди, ўн беш йилга кесилди. Қишлоқ йигитларининг юрагида гулхан ёқиб юрган Лобар тириклай бева қолди!
Борди-ю тақдир бир марта ўғил болалик қилиб, Ўринбой билан Лобарни бир-бирига қовуштирганида, эҳтимол, Ўринбойнинг бошига шу кунлар тушмасмиди? Ўринбой қишлоқтсан ҳам кетмас эди, колхозда ҳисобчи бўлиб ишлайверарди. Балки шу чоққача у ўз колхозига раис бўлиб қолармиди? Ҳа, нима, қишлоқ боласи, деҳқончиликда кўзи пишиб қолган, раисликка сайланса — бунинг ҳеч ажабланарли ери йўқ. Ана, ҳисобчиликда бирга ишлаган ошналаридан Ҳамиджон, Носиржонлар раисликни туппа-тузук эплашяпти-ку! Ўринбойнинг улардан қаери кам?..
Михаил Василевичнинг «Фаталист экансан!» деган гапи Ўринбойнинг ёдига тушиб, беихтиёр жилмайиб қўйди. Ўринбой у билан дастлаб учрашганда мана шунақа «бор-ди-ю, келди-ю» деяверган эди, Михаил Василевич шартта ўрнидан туриб, «э ука, фаталист бўп қопсан, биласанми, ҳамма ишни тақдирга топшириб қўйиб, ўзи бир чеккада қўл қовуштириб турадиган, бутун вужуди билан курашга шўнғиб кетмайдиган, лоқайд, ўсал одамларни фаталист дейишади. Сен фаталист бўлма, сенга ярашмайди», деб кетидан Ғафур Ғуломнинг «Тақдирин қўл билан яратур одам, ғойибдан келажак бахт бир афсона…» деган шеърий бандини ўқиб берган эди…
Шу пайт, Ўринбой ўтирган қаторнинг нариги чеккасидан бамисоли қаттиқ нарсага урилган жонон чиннининг овозидек жарангдор қаҳ-қаҳ эшитилди. Ўринбой ялт этиб ўша тарафга қаради. Э, тавба, одам ҳам шунақа ўхшаш бўладими! Не кўз билан кўрсинки, иллюминатор ёнида шундоққина Лобарнинг ўзи ўтирарди! Қошлари ўшандай узун, ҳатто лабидаги холи ҳам ўшанинг ўзи. Фақат юзи сутга чайиб олгандай оппоқ. Табиат исмли уста рассом ишқибозликка асар яратаётганда, аввал Лобарни чизгану кейин ундан айнан нусха кўтариб, бунисини оққа кўчирган. Қиз ёнидаги икки шеригига зўр бериб бир нарсаларни уқтирар, гап орасида боягидай жарангдор овоз билан қаҳ-қаҳ уриб қўярди. Ўринбой бу йигитларга ҳаваси келди. Киройи курортга борганга яраша, ёнингда мана шундай гўзал, дилбар, дилкаш ҳамроҳинг бўлсайкан!
Булар кимлар экан? Ҳамсабоқ талабаларми? Ё, анави қизнинг бериги биқинида, ўртадаги ўриндиқда ўтирган калласи катта, лаби тиртиқ, бақалоқ йигит қизнинг қайлиғимикин? Йўқ, ўлибдими, шундай чиройли қиз шу пандавақига тегиб? Ўринбой умрида ҳеч кўрмаган, танимаган одамини ўйламай-нетмай «пандавақи»га чиқариб қўйганига дабдурустдан уялиб, ичида изза тортди.
Қиз Ўринбой тикилиб турганини пайқади шекилли, шу тарафга мулойим бир назар ташлаган эди, уларнинг кўзлари кўзларига тушиб, Ўринбойнинг юрак чоки шир этиб сўкилиб кетди. Яхшики, қиз назарини дарров буриб олди, йўқ эса Ўринбой бечоранинг ҳоли нима кечарди?
Ўринбой қиз тарафга қарамасликка тиришиб, юмшоқ ўриндиққа суянганича кўзини юмди-да, ўзини бошқа хаёллар билан алаҳситишга ҳаракат қилди.
Дунёнинг ишлари қизиқ-да. Аввал куни эрталаб ҳам курортга бориш унинг хаёлида йўқ эди. Ишга келди, секретар хонасида навбатдаги соннинг макетини бўлим мудирлари билан бошқатдан қўриб, пишитиб олишгач, матн ёзиш бўлимида ем-хашак жамғариш ойлигига бағишланган бош мақоласини айтиб, ёздира бошлади. Мақола ярим ҳам бўлмаган эдики, муваққат редактор кириб: «Ўринбой Темирович, ишингизни йиғиштириб, тез обкомга боринг, молия — хўжалик бўлимининг мудири сизга илҳақ бўлиб ўтирибди», деди. У ерда қўлига мана шу йўлланмани топширишди. «Э, ўртоқлар, ўзим яқиндагина ишга тикландим,орқа-олдимни йиғиштириб олай, менга ҳозир курортга боришни ким қўйибди», деса, «биз бунисини билмаймиз, йўлланма Тошкентдан, атайлаб сизнинг номингизга келган, боришга мажбурсиз»,— дея койиб беришди.
Шу билан бош мақолани чала қолган жойидан апил-тапил давом эттириб, устидан кўрмасданоқ секретарга топширди, ҳисоб-китобини тугатди-ю билетга югурди. Қулматнинг маслаҳатига кўра дам олиш учун яроқли баъзи бир майда-чуйда нарсалар харид қилишни ҳам унутмади.
Кечқурун бутун редакция йиғилиб, вокзалга уни қузатгани чиқди. Перронда поезд жўнашини кутиб туришганида яна бир аломат ҳодиса рўй берди: соқчилар Юсуфали Ҳамроалиев билан унинг ҳамтовоқ шерикларини шундоққина Ўринбойларнинг ёнидан поезднинг охирига тиркалган панжарали вагонга ҳайдаб ўтишди. «Дўстингиз» ҳам сизга ўхшаб «курорт»га кетяптилар», деб тегишишди кузатгани чиққан одамлар.