Тўлқин Ҳайит. Сабоқ (ҳикоя)

Катта-кичик арчалар орасидан қорли чўққилар кўзга ташланади. Тик келган қуёш оппоққорларни кумушдай ярқиратади. Ойнадек силлиқ музлар ёриғидан оқаётган зилол сув шилдирайди. Адир бағридаги қизил, кўк ва яшил тунука томли уйлар мўриларидан чиқаётган тутун кўкка ўрлайди.Тоғда ўқ товуши эшитилиб, акс-садо беради. Какликлар потирлаб чарх уради. Олди ойнаванд уйда икки киши сабрсизлик билан девордаги катта соатга бот-бот қараб қўйишади. Улардан бири — Мирзо ошпаз. Олтмиш ёшлардаги, кўз остилари салқиб тушган бу киши, “цитрамон”ни оғзига соларкан, дераза ойнасидан тоғ томонга, қуюқ арчазорларга тез-тез кўз ташлайди. Уйдаги иккинчи кимса унинг жияни — ошхонада куймаланиб юрган Алимардон милтиллаб қайнаётган икки қозонга хавотирланиб қараб-қараб қўяди. У шунча йил ошпаз тоғаси билан бирга юриб, биринчи марта нозик одамларга овқат пиширяпти, шарманда бўлмаслиги учун бор ҳунарини ишга солиши керак. Тошкентнинг манаман деган тадбиркорлари билан бугун шу ерга, қорли тоғлар бағрига келишди.
Тўй-пўй, маърака-паракалари бўлса “Мирзо ошпазни топинглар!” деб тоғасини йўқлаб қолишади. Кеча ошпазнинг иситмаси чиқиб турган эди.
– Жиян, белни маҳкам боғланг, тоққа кетадиган бўлиб қолдик! — деди.
– Иситмангиз бор-ку! — деган эди, тоғанинг қовоғи уюлди. Гапи ёқмаганини билгач: – Бўпти, тоға, сиз нима десангиз шу! —деди қўлини кўксига қўйиб.
–    Қора қозонимиз нозик касбимиз орқасидан қайнаб турган экан, бунақа хизматлардан бўйин товлаб бўлмайди, жиян! — деди пешонасидан оқаётган мошдек-мошдек терларни сидираркан…
…Алимардон оппоқ диванда анордай қизариб ўтирган тоғасига тикилди:
— Лимон чой қилиб берайми, тоғажон?
Мирзо ошпаз сочиқ билан бўғриққан юзини артди:
— Майли, жиян. Овқат тайёр бўлиб қолдими? Ярим соатдан сўнг келишади-я улар. Ишқилиб, ўзи шарманда қилмасин!
— Кўнглингизни хотиржам қилинг, тоғажон, сизнинг қўлингиз деб уринаяпман, ёмон чиқмайди.
Мирзо ошпаз енгил нафас олди:
— Зинҳор-базинҳорменинг бетоблигимни билишмасин, хўпми?
— Ҳаммасини эплайман, тоғажон!
— Сизга ишонаман, жиян!
Алимардоннинг юраги бир ҳапқириб олди. Беш йилдан буён тоғасининг ёнида юриб, биринчи марта бу гапни эшитмоқда. Биринчи марта сенга эмас, “сизга ишонаман” деди. Сизга ишонаман,деди-я!
Бундан беш йил олдинги, қиш кунидаги воқеа эсига тушиб, ўйланиб қолди. Ўшанда ишлари юришмай, икки оёғи бир этикка тиқилди. Такси ҳайдаб кўрди, бўлмади:машинани уриб олиб, топгани таъмирлашга кетди. Сартарошга шогирд тушди, бу ҳам осон ҳунар эмас экан, қайчи ушлашнинг ҳадисини ололмай, усталардан дакки эшитавериб, кўнгли хуфтон бўлди. Кейин “бор-э!” деди-да, “Отчопар”да олти ой атак-чечак қилиб кўрди. Қиш совуғида шамоллаб, бир ой касалхонада ётди. Соғайиб чиққач, хотини бир бобиллади, бир бобилладики… Қайнонаси-чи? Нақ эгов бўлди. Шундай пайт отаси уни Мирзо ошпазникига бошлаб келди-да: “Буни одам қиламан, деб куйдим! Бирор ишни эплолмаяпти. Олдингизга катта бошимни кичик қилиб келдим. Илтимос, ёнингизга олинг, ошпаз-пошпаз бўлса ёмонмас! Осон иш, ўрганиб кетар!” деди минг бир ҳасрат билан. Ер ёрилмади ерга кириб кетса. Тоғаси: “Осон касб?..Ҳм!” дея мийиғида кулди. Ўшанда бу гапнинг маънисига тушунмай, тоғам ҳам устимдан кулдилар, деб хафа бўлган эди. Аслида тескариси экан…
– Майли, ёнимга оламан, фақат чидаса бўлди, — деди тоғаси унга бошдан-оёқ кўз югуртириб. Кейин “Эртага соат тўртда дарвозам олдида бўл!” деб тайинлади. Алимардон ҳали бирор марта эрталаб соат тўртда уйқудан турмаган, бирор марта наҳорги ошга боргани йўқ эди. Саҳармардонлаб ишга кетиш… Яна ҳар куни! Оббо, бунақада бир ойга ҳам чидамайди-ю! Отаси қаёққа олиб келди уни?! Атайин бир қийналсин, азобини тортсин, демоқдами?!
Эртаси келишилган вақтда тоғасиникига борди. Тоға қатъий киши экан: роппа-роса соат тўртда енгил машинасини миниб кўчага чиқди ва уни тўғри Лабзакдаги ҳаммомга олиб борди. Эрталаб ҳаммом одамга тўла, олдинроқ келганлар бурчак-бурчакда ўтиришиб, бир пиёла чой устида гурунглашмоқда эди. У тоғам ювиниб чиққунларича даҳлизда ўтириб тураман, деб ўйлаганди. Қаёқда! “Қани, мулло, бўлинг!”, деди тоғаси унинг серрайиб турганини кўриб. Ноилож ечиниш хонаси томон ўтди. Ювиниб-тараниб бўлишгач, Оқтепалик Сулаймон эшонникига бирровга киришди.
– Эшон бува, йигитчани дуо қилинг, бизга шогирд тушди, — деди тоғаси. Эшон бува узоқ дуо қилди. Алимардон битта сўзни яхши эслаб қолди. “Арининг ҳунари, болам, сенга ибрат бўлсин!” Бу нима дегани эди? У тушунмади. Ҳали тушунолмасди ҳам.
Мирзо ошпаз анчайин нозиктаъб, покиза одам. Ҳар бир ишни ниҳоятда жиддий ҳолатда, эринмасдан, зорланмасдан бажаради. Алимардонни бир қадам ҳам ёнидан силжитмайди. “Буни бундай бажарадилар, уни бундай!” деб ошпазликдан илк сабоқлар бера бошлади. Кашничнинг баргини битталаб ювади, денг, хамирни тарозида тортаётганда, грами грамига тўғри келмагунча тинчимайди ёки мева-чева тўғрамоқчи бўлса, қўлини қайта ювиб келади. Уф-ф-ф! Биров кўриб ўтирибдими, билиб ўтирибдими?! Кашнични бирваракайига сувга чайиб олса, нима бўпти?! Битталаб баргини тозалаш шартми?! “Яратганнинг бандаларига тоза хизмат қилиш керак, жиян!” деган гапни бот-бот такрорлаганларини айтмайсизми яна! Уф-ф, одам ҳам шунча содда бўладими?!
Тоғасини ҳар куни турли жойларга олиб кетишарди. Бир куни уни ҳам ўзига шерик қилди. Бешик тўйи экан. Тушликда икки соат роса тер тўкишди. Ош, шўрва пиширилиб, беш-олти хил яхна егулик, шакароб тайёрланди. Қайтаётган чоғларида тўй эгаси тоғасига бир чопон, бир кўйлак, яна аллақанча пул берди. “Икки соатда тоғам шунча пул ишладилар!” деб ўйлади у, юрагининг бир четида нимадир ўрмалади.
Мирзо ошпаз йўлда, Алимардоннинг уйи яқинида машинани тўхтатиб, пулни тенг бўлиб, чопонни ҳам жиянга тортиқ этди. Турган гапки, жиян ҳасад қилганидан бироз уялди. Аввал ўзини, сўнг юрагининг тубида ўрмалаган “чаён”ини бўралаб сўкди ҳам. Лекин шундан сўнг хаёлида пул ва чопон айланадиган бўлиб қолдики, энди ичини чаён эмас, ит тирнай бошлади.
Имони суст одамнинг кўнглида шайтон бўлади, лекин унинг фаросати етмагунча буни на тан олади, наҳис этади. Алимардон ҳам ўша дамларда шу алфозда эди. Бир куни у кўкатларни битталаб ювишга эринди ва “тоғам билиб ўтирибдими” дея овқатга тўғраб юборди. Устозни алдайман деган шогирд доимо чув тушади.Нимаям бўлиб, тоға ошхонага кириб қолса бўладими ўшанда. “Қани, жиян, овқатингнинг тузини кўрай” деб қошиқни ботирганда, қоп-қора чивин манаман деб чиқса бўладими! Ана, урди худо! Тоғанинг дўнг пешонаси тиришиб, кўзлари олайиб: “Тавба, тавба! Ё худо, гуноҳимни кечир!” дея юз бора тавалло қилди-ёв! Жиян эса: “Шунга шунчами?!” деб бир чеккада шафтоли қоқидай тиришиб турди. Тоға бўлса, бошини ушлади. “Мен нима гуноҳқилдим, нима гуноҳқилдим” деб тиззаларига урди, кўзлари ёшланиб, юзи қозон куядай қорайди.
Битта чивинга шунчами, деб Алимардон ҳайрон. Ресторанда овқатдан пашша чиқса, шунчалик куйинишмайди. Тоғаси бўлса, битта чивинни деб беш йил умрини қисқартиряпти. Шу ҳам иш бўлди-ю!
Мирзо ошпаз “Ҳай, аттанг!” дегандек бошини сарак-сарак қилди важияннинг елкасига қоқиб:
— Ошпазлик осон касб эмас! – деди маъюс оҳангда.
Жиянялт этиб қаради, қаради-ю, қиш совуғини ҳис этиб, эти жунжикди. Кўз олдида отаси гавдаланаркан, уялганча ерга боқди, сўнг катта гуноҳқилган кимсадек қимтиниб, тортиниб: “Кечиринг мени, тоға, кечиринг!” деди.
Индини тоға уни қўшни қишлоққа, Мардон ошпазнинг уйигаиш ўрганишга ташлаб қайтди. Ошпазнинг яшаши бинойидек, иккита енгил машинаси, ҳатто икки оти ҳам бор. Болалари эса бир-биридан ақлли, одобли. Жиян “Қанийди мен ҳам шундай бахтли инсон бўлсайдим” деб унга ҳавас қилди ва “Тоғам мени ундан ўрнак олсин, деб юборганлар шекилли” деган ўйга борди.
Кунларнинг бирида Мардон ошпаз унга атаб дастурхон тузади, қўлинг ўргилсин паловхонтўрани еб, қорин тўйдириб, устидан аччиқ чойни босиб-босиб ичишгач, “Арилар ҳаёти” деган филмни томоша қилишди.
Арилар!
Арилар — бир дунё сир, бир дунё жумбоқ.
Кенг дала. Баҳор. Гуллаган дарахтлар ёнида асалари қутилари терилган. Ғуж-ғуж ари. Бири кириб, бири чиқмоқда. Бол йиғиш пайти.
Уяси олдида иккита қоровул. Ичкарикирмоқчи бўлган ариларни бир-бир ҳидлаб кўрмоқда. Уя олдига келган катта арини биринчи қоровул ҳидлаб кўриб, иккинчисига:“Сен ҳам ҳидлаб кўр!” дегандек имо қилди. Иккинчи қоровул катта арини ҳидлаб кўргач, қанотларини ёзиб ғўнғиллади. Гўё тоза эмас, дегандек. Биринчи қоровул шу заҳоти катта арининг бошини шарт узиб ташлади.
Пахта гулли пиёлани дастурхонга қўйган Мардон ошпаз: “Яхшиямки, ари эмассан, жиян! “ – дедикиноя билан.
Алимардон мушт еган кишидек бошини ушлади, кўз олдида ўша чивин жонланди. “Тоғам бу кишига айтган эканлар-да” деб ўйладию ичидан зил кетди.
Алимардон жойида ўнғайсизланди. Ошпазларнинг қалбини билмас экан у. Ношуд, ношуд!
Шу воқеанинг эртаси Мирзо ошпаз машинаси билан келиб уни олиб кетди.
Қурбон ҳайити кунлари қўша-қўша қозон қайнатишиб, бош қашишга вақтлари бўлмади. Ҳайит эртаси эса тўрт жойга хизматга бордилар. Бир ерда Мирзо ошпазнинг қайсарлиги тутди. Уй эгаси жуда димоғдор, олифта бир киши экан. Оғзидан ароқҳиди гупиллаб уриб турарди. Тоға: “Бошқа ошпаз чақиринг!” деб ашқол-дашқолларини йиғиштирса бўладими!
Уй эгаси: “Ҳов, нимага бурнингни кўтараяпсан! – деди қўлини пахса қилиб. – Бўлсанг, Мирзо ошпаз бўлибсан-да!”
Тоғаси қўлини кўксига қўйди: “Кечиринг, ука! Мен сизга хизмат қилолмайман!”
“Бор, бор! – деб жеркиб ташлади уй эгаси. – Кўзингни ёғ босиб қолибди, кўрамиз ҳали!“
Жиян қизарди, бўзарди, бироз хижолат чекди ҳам, ҳатто тоғани ноҳақ, деб билди. Аммо орадан уч кун ўтиб, гап чиқди. Ўша кимса қўли эгри киши экан. Тоға буни билгач, унинг ошини пиширишни истамаган…
Алимардонҳарф таниб, кўзи очилган ўқувчидек оламга ўзгача назар билан қарай бошлади. Чивин ва ари воқеаси унинг хаёлини банд этиб, фикрларини пардек тўзғитиб, тамом бошқа оламга етаклаган эди.
Тоға олтмиш ёшга кирди. Тўрт ўғли уйларини таъмирдан чиқариб, элга ош берди.Шаҳарнинг обрўли кишилари, таниқли хонандалар меҳмонга келишди. Таниш-билишлар, қадрдонлартабрик сўзлари айтишди. Совға-саломларни айтмайсизми? Таърифласанг, бир достон бўлади. Билган билди, билмаган: “Қайсидир каттакон ош беряпти!” деб ўйлади.
Алимардон ич-ичидан тоғасига ҳавас билан боқди. “Қачон мен ҳам шу даражага етаман”, деб ўксинди ҳам.
Тоға эса…қўллари кўксида, кўзларида севинч ёшлари, ҳар гапнинг бирида “Шунчалик бўлади, деб ўйламагандим, нари борса, беш-олти улфатим келса керак, деган хаёлда эдим”, дер эди бошини қимирлатиб.
Ўшандан буён икки йил ўтди.
Мана энди, тоға Алимардонни ўзи билан бирга олиб келди. Унинг ишончини оқлаши керак. Ҳа, ҳа, оқлаши, чинакамига оқлаши керак.“Сизга ишонаман!” — Бу шунчаки ҳурмат учун айтилган сўз эмас.
Дераза ойнасида осилиб турган сумалакдан бири узилиб ерга тушди. Тарс этган товуш итнинг ўтакасини ёрди, шекилли, ғингшиб нари кетди. Бироздан сўнг майин овозда ҳурди ва остонада қадам товушлари, ғўнғир-ғўнғир овозлар эшитилди.
— Қорин ҳам роса очқади! – деди кимдир ўктам овозда.
—    Овқатнинг ёқимли ҳидини қаранг! – деди яна кимдир.
Алимардоннинг юраги дук-дукурди. Шу чоққача чапкўксида юраги борлигини билмаган экан. Ҳаяжонланяпти. Нега ҳаяжонланмасин, бугун биринчи синов! Тоғасига ёқса, қанчалик қувонарди-я!
Ҳаял ўтмай овқат сузилди: биринчига – шўрва, иккинчига – палов. У меҳмонхона деразасидан стол атрофида ўтирганларни томоша қилиб турди. Улар шўрвани бир зумда ичиб бўлишди, тўрда ўтирган гавдали киши “Ошпазни мақтаганларингча бор экан, худо раҳматли онам шунақа мазали шўрва тайёрлардилар!” деди. Бу гапни тоға ҳам эшитди ва жиянга қараб, “зўр” дегандек, бош бармоғини кўрсатди. Паловни чинни косаларда озроқ-озроқ сузган эдилар, яна сўрашди. Тоғанинг кайфияти кўтарилиб “Бунақасини биринчи кўришим!”, деди ва жиянга қараб жилмайди: “Бошланиши ёмон эмас!”. Алимардон шундай суюнди, шундай суюндики, қўяверасиз.
Ярим соатдан сўнг басавлат бир киши ташқарига чиқиб, тамаки тутатди ва бироздан сўнг тоғасини чақиртирди. Тоға иситмаси баланд бўлса-да, ўзини тетик тутиб, унинг олдига чиқди.
— Овқатни жуда яхши тайёрлабсиз, раҳмат сизга! – деди у.
Мирзо ошпаз қўлини кўксига қуйиб:
— Бунинг учун шогирдимга раҳмат денг, — деди фахр билан.
— Шогирдингиз?
— Ҳа, шогирдим. Овқатимиз сизларга ёққан бўлса миннатдорман.
Алимардон дераза ёнида турар ва мақтовлардан боши осмонга етгудек эди. У тўйиб-тўйиб, енгил нафас олди. Тоза ҳаво ичакларинигўёки мумиёдекюмшоқ силаб ўтди. Ҳузур қилди. Ҳали умрида бундай ором олмаган эди гўё.
Кимдир унинг тирсагидан тутди:
— Овқатингиз менга ҳам ёқди! Умримда бунақа роҳатланиб овқатланган эмасдим!
Алимардон узун бўйли, мовий халат кийган, оқ юзли кишига кулиб қаради:
— Ош бўлсин, ака!
— Яқинда уйимга меҳмон чақирмоқчиман. Ўзингиз хизмат қиласиз-да, ука!
Алимардоннинг юраги яна дукиллаб урди. Беихтиёр киприкларига ёш илашди. Беш йилдан буён кутгани шу эмасмиди? Беш йилдан буён орзу қилгани шу бир оғиз сўз эди-ку! Кечагина мени ҳам қачон одамлар тўйга, давраларга хизматга чақиришар экан, деган орзу билан ич-ичидан илтижо қилмаганмиди?!
Қуёш осмонда чарақлар, атроф бағоят сўлим, узоқлардан эшитилаётган какликларнинг овози айни дамда унга ёқимли куйдек хуш ёқмоқда эди.“Бугун жуда чиройли кун бўлди”, дея суюнди у. Ичида эса “Одамга айланганинг муборак!” деган ғалати овоз янгради. Ғалати овоз. Одамнинг қалбида одам яшайдими?
Мирзо ошпазҳароратли қўллари билан уни иссиқ бағрига босди:
— Яша, жиян! Сендан хурсандман!