Қамчибек Кенжа. Муҳаббат бадали (ҳикоя)

Мазкур воқеани бир неча йиллар аввал Ҳиндистоннинг номдор шаҳарларидан бири Лакновда эшитган эдим.

* * *

Надим икки бора рўзғор тутган, аммо фарзанд кўрмаган, аёллар эса турли баҳона-сабаблар билан уни ташлаб кетишганди. Эндиликда отамерос ҳужрасида танҳо кун кечирар, эрталабдан қаро шомгача рикша ҳайдаб, итдай чарчар, арзонроқ ошхонада наридан-бери тамаддиланарди-да, уйга мадори қолмаган оёқларини судраб бориб, остонадан ўтардию ўзини қачонлардан бери йиғилмаган ўринга отар ва шу заҳоти донг қотиб, ўша бўйича эрталаб, қуёш тиғ уриб чиқиб келаётган паллада аранг кўзини очарди.
У авваллари турли жойларда киракашлик қилиб юрган, Банк қурилиб, олди гавжумлашгач, уйига яқинлиги учун шу ерни асосий пакка қилиб олганди.
Бир куни аравани четроққа қўйиб, кекса имли дарахтига суянганча мудраб ўтирганди, аёл кишининг рикшачилар билан савдолашаётгани қулоғига чалиниб, ўрнидан турди-да, даврага яқинлашди. Турли ёшдаги бир неча киракаш ўртасида дам униси, дам бунисига юзланиб, икки-уч рупия талашаётган лиму ранг сарийли, қора, ялтираган сочларини орқага силлиқ тараган чиройли хоним Надимнинг кўзига иссиқ кўринди. Астойдил тикилиб, уни танидию аъзои бадани жимирлаб, ўзини орқага тортмоқчи бўлиб турувди, жувон унга нигоҳ ташлаб қолди. Рикшачининг юзлари қизариб кетганди, лекин аёлда заррача ўзгариш юз бермаётгани ва парво қилмаётганини кўриб, вужуди бўшашди. “Хайрият, танимади!..” Танимадигина эмас, аксинча, унинг ўскин, бароқ соқолига, сурранг узун кўйлагига қараб афтини сал буриштиргандек бўлди. Надим танбеҳ бериб, огоҳлантириб турадиган ёстиқдоши ё бошқа яқини йўқлиги, тўғрироғи ҳафсаласизлигидан соч-соқолини ўстириб юборганди.
Энди унда хонимга нисбатан қизиқиш кучайди, бармоқлари учини жуфтлаб, ҳурмат изҳор қилди ва “Бибисоҳиб, айтган жойингизга, ўша нархга мен олиб бориб қўяман” деди, кўзи унинг нигоҳи билан тўқнашиб қолмаслиги учун бўйнини эгиб. Хоним рикша зинасига “мени кўтарармикин”, дея ҳадиксирагандай оёққўйди. Айни дамда Надим жувондаги зоҳирий ўзгаришларни кузатарди. Ўшлигида овози янгроқ, кўзлари чақноқ, жиккакроққиз эди. Энди унинг қарашлари жиддий ва бир мунча кибрли кўринар, гавдаси бўлагина, салобатли эди.
У рикшани юраги ҳаприқиб, турли ҳиссиётлар гирдобида енгил энтикканча тортиб бораркан, аёлга қарагиси, қачонлардир унинг дилига кўп алам-изтироблар солган ўша ҳусни, ўша жозибаси ва малоҳати нафақат сақланиб қолган, балки бир неча чандон ортган рухсорига тўйиб боққиси келар, лекин аввало бу истакларни рўёбга чиқариш даражасида орқага қайрилишнинг имкони йўқ, ҳам ноқулай, қолаверса… Унга танилиб, шармандаси чиққандан кўра, ўзини илоҳий Ганга ё наҳрул муҳаббат — ишқ дарёси Жамуна қаърига отгани яхши эмасми? Нотавон кўнглига қўтир жомашов, деб, сен шу ҳолинг билан мендек бир аслзода хонимга ошиқ бўлувдингми, демайдими?
Манзил унча узоқ эмас, шаҳарнинг ғарб томонидаги янги мавзенинг бошланишида бўлиб, тахминан ўн беш дақиқалик йўл эди. Надимнинг тили, кўзлари қанчалар туғён урмасин, сокин ақл, иззат-нафс ва ҳадик олдида ожиз эдилар. У “Рикшачи, тўхта!” деган буйруқни эшитмагунича бир оғиз чурқ этмади. Тўхташга амр бўлганида нечоғлик суюнганини фақат ўзигина билади, чунки у энди андак тин олиши ва аравадан тушаётган мижозига бир эмас, бир неча бор, айни чоғда киши билмас тарзда, беозор қараб олиши мумкин эди.
— Ҳаққингни ол, рикшачи!
Надим ўзига келди ва хонимнинг унга чўзилган оппоқ, биққигина кафтидан тангани бармоқлари енгил титраб оларкан, қарийб пичирлаб раҳмат айтди. Хоним унинг миннатдорчилигига аҳамият ҳам бермай, оғир гавдасига номуносиб енгил қадамлар билан бориб, ҳовли эшиги ўрнидаги бамбук ғовни нафис бир ҳаракат ила очиб кириб кетди. Бошмоғининг ёқимли тақиллаши Надимнинг қулоғида, сарийси этакларининг енгил, чиройли ҳилпиллаши нигоҳида қолди.
У бир амаллаб кулбаи вайронасига етди-да, ҳаяжондан, саросимадан, хавотирдан бўшашиб шалпайган жуссасини таппа ташлади ва кўзларини юмди. Миясидаги хотира қатларини титкилади. Хаёли йигирма йиллар орқага — ўтмишга парвоз қилди…
Улар бир коллежда ўқишганди. Сабоҳ чиройли қиз эди. Уни орзулаганлар кўп эди. Бой хонадоннинг қизи бўлгани сабабли уни орзу қилишарди холос, унга йигитчасига гап отиш, “қармоқ ташлаш”га, муҳаббат изҳор этиш тугул, ўз майли ва муносабатини англатиб қўйишга ҳам ҳеч бирининг юраги дов бермасди. Қимматбаҳо сирға-билакузуклари, тоза матоли сарийларининг ўзиёқўзгалардан — қизлардан, йигитлардан ажратиб, бир неча поғона кўтариб турарди. Ўша пайтларда ҳам у коллежга файтонда келиб-кетарди. Шайдоларнинг бир имтиёзи бор эди — ўртадаги “бетараф ҳудуд”га дахл қилмаган ҳолда, узоқроқдан, вазиятга кўра, бирров қараб олмоқ, тикилмоқ, термулмоқ ва ғойибона суҳбатлашмоқ… Ахир, одамнинг ўзидан кўра минг бора эркин хаёлини чеклаб, таъқиқлаб бўлмайди-ку. Ана шу хаёл, тасаввур қанчадан-қанча бедаво ишқ аҳлига қанот бағишлаб, таскин берарди. Надим Сабоҳга бошқалардан — ошиқу беқарорларнинг ҳаммасидан ҳам кўп ва қаттиқ мубталоман, деб ўйларди. Нима бўлгандаям Надим Сабоҳни жимгина суярди. Улар гоҳо-гоҳо, юзма-юз келиб қолишганда ўзаро саломлашишарди ҳам. Бундай маҳалларда Надим каловланиб, боши айланар, назарида оёқлари, гавдаси ердан анча баландлаб кетгандай туюларди. Шўх ва шаддод бу қизнинг дангаллик одати ҳам бор эди — ҳаммага, ҳатто муаллимларга ҳам дадил, шартта гапирарди. Унинг бирон талаба билан яқинлиги тўғрисида эса ҳатто миш-миш ҳам чиқмаганди. Бирдан қиз коллежга келмай қўйди, бир неча кундан кейин эса уларнинг оиласи қаёққадир кўчиб кетгани ҳақида гап тарқалди. Шу-шу Надим Сабоҳни қайта кўрмаганди. Узоқ вақтгача қаттиқўкиниб, соғиниб, тез-тез эслаб юрди. Уни кўз олдига келтирса юраги эзилиб кетгандай бўларди. Лекин сўнгги марта қачон уни хотирлагани аниқ эмас. Ҳолбуки, Надим муҳаббатининг биринчиси ҳам, охиргиси ҳам шу эди. У ўзининг мавқеини дурустроқ чамалай билмайдиган бир даврда, ҳамма нарсадан мен кучлиман, зўрман дейдиган, ҳар қандай ғов-тўсиқни, чеклаш, тақиқларни, мумкин-мумкин эмас, жоиз-ножоиз, бой-камбағал, юқори-қуйи мазҳабу, табақа деган қиёсу тафовутларини тан олмайдиган, борки соҳадаустуворликка, ғолибликка даъвогар мағрур ва қайсар ёшлик ҳамда унга куч-қувват, шиддат ва жасорат ато этадиган хаёлпарастлик — романтикликнинг қудрати ва таъсирида қизга кўнгил қўйган эди…
Нодим чуқур энтикди, бошини сарак-сарак қилди. Ахир у ҳам, бир амаллаб бўлса-да, ҳар ҳолда коллежни битирган эди. Лекин иши ҳеч юришмади. Ўзини у ёққа урди, бу ёққа урди, ҳар хил маҳкамаларда югур-етим вазифаларни бажариб юрди, шундан нарига ўтолмади, косаси ҳам оқармади. Бунинг устига оилавий турмушда ҳам омади чопмади. Ака-укадан ҳам ёлчимаганди. Тақдири азал манглайига шуларни ёзган экан, начора? Аммо бугунги тасодиф ёруғ дунё неъматларидан, орзуларидан совиб, моғорлаган қалбини озгина олов, ёғду билан илитиш, покламоқчи бўлган Лакшмининг инояти эмасмикин?..
Эрталаб барвақт уйғонди, синиқ кўзгу билан қайчини қўлига олган ерида тараддудланиб қолди. Сабоҳ хоним бугун ҳам келармикин ўзи? Балки кеча банкка шунчаки бир ишюзасидан ташриф буюргандир. Йўқ, соқол-мўйловини қиртишлаб қўйса аёл уни таниб қолиши мумкин…
Соч-соқолига салгина қайчи урди. Аммо аравасининг ичини супуриб-тозалади, ўриндиқни, ён тўсиқларни, ғилдиракнинг губчаги, кегайларини, ялтиллаб кетган шотиларни нам латта билан артиб чиқди. Лекин шотилар орасига кирганда рикшачилик амалининг нақадар тубанлиги, ўзининг иккита узун ёғоч ўртасида от-ҳайвон ўрнида туриши қанчалик аянчли эканлигини дастлаб иш бошлаган кунидагидан ҳам чуқурроқ туйди ва шилимшиқ бир нарсани ушлаб олгандай афти буришди, эти увишди. Бу “ҳунар”ни йиғиштириш керак, деган ўй кечди дилидан.
У шу куни мижоз истамади, ҳатто қўл кўтарганларга ҳам қарамай, тўғри банк биносига қараб борарди. Ҳали эрта бўлгани учун рикша ҳам, банк ва ўзга муассасаларга кириб-чиқувчилар ҳам кам эди. Аравани четга тортиб қўйди-да, ўзи панага — азим имли остига ўтиб, келаётганларни кузатиб ўтирди. У нимагадир Сабоҳ хоним шу банкда ёқўрғон ичидаги бошқа бир маҳкамада ишласа керак, деган фаразда эди. Шу сафар фаҳми унга панд бермаслигини тилаб, маъбудларга илтижо қилди. Келувчилар кўпайган пайтда — соат саккизлар арафасида узоқдан устида бир аёл киши ўтирган извош кўринди. Надим беихтиёр туриб кетди, юраги худди коллеждалик пайтларидагидай дукиллаб ура бошлади.
Извош унинг яқинига келиб тўхтади ва ундан Надимнинг кўзларини ярақлатган кимса — бугун яшил сарий кийган, билаги, елкаси билан тирсагининг ўртаси оқ ва бўлиқ Сабоҳ хоним тушди-да, рикшачини рози қилиб, ҳеч кимга қиё боқмай, ён-атрофга умуман назар солмай, оқ туфлиси пошналари билан асфалтни енгил тўқиллатганча қўрғон томон йўналди. Демак, у ҳам аксарият соҳибжамол қиз-жувонлар сингари извошда кўзга ташланиб, солланиб юришни яхши кўради, шекилли. Демак, қайтишда ҳам албатта файтонга ўтиради, агар шу жойга ишга келган бўлса, ҳар куни қатнайди.
У юрди, турди, бирпас-бирпас айланди, дарахтга суяниб, пон шимиб ўтирди, ўйлади, қувонди, ғашланди. Ниҳоят, қуёш гардиши кенгайиб, қуйига эна бошлаганда аравасини узоқдан кўринадиган ерга жилдириб, ўзи унинг ёнида ҳовли тарафдан кўз узмай турди. Одамлар бирин-кетин, жуфт-жуфт бўлиб чиқишарди-да, қай бирлари пиёда, қай бирлари енгил машина ё мотоциклларини миниб жўнашарди.
Бекатда Надимникидан ташқари яна иккита извош бор эди, холос. Чунки одатда яқинроққа борадиганлар, кексалар ё камхаржроқ саноқли кимсаларгина рикша ёллашарди.
Лакшмининг чиндан ҳам бу ғарибу бенавога шафқат назари билан боқаётгани аниқ эди. Бир пайт Сабоҳ хоним якка ўзи бир-бир босиб чиқиб келди-да, нигоҳи Надимнинг араваси ва унинг ўзида тўхтади. Эҳтимол бибисоҳибга ҳам афт-ангори кўримсизроқ рикшачининг ройишлиги, камсуханлиги ва бир маромда юриши маъқул тушиб қолгандир. Хуллас, оғзи қулоғига етган Надим ҳаяжонланиб, беихтиёр қадамини тезлаштирган эди, танбеҳ эшитди.
— Мен шошаётганим йўқ, эй!.. Бугун сенга нима бўлди? — деди хоним. Унинг овози ҳамон ўктам, ҳамон амирона эди.
— Афу этинг, маликам, — узр сўради Надим секинлаб, бошқа сўз демади. Ортиқ калом айтмоққа ожиз ва ночор эди, зеро хонимга бундан зиёд жавоб ва изоҳнинг ҳожати ҳам йўқ эди. Илло, кутилмаган, истеъмолда кам “маликам” ибораси хушёқдими, жилмайиб қўйди, таассуфки, бу сийлов эгасига етиб бормади — шотилар орасидаги одам-отга орқага ўгирилиш ноқулай ва ножоиз, қолаверса, Надимнинг ичи-борини “уни ранжитиб қўйдим”, деган хавотир кемириб азоб бермоқда эди. Оёқларини энди тикан киргандай авайлаб босарди.
Надимнинг калласи янада эгилиб кетганини кўрган Сабоҳ хоним “бечора хафа бўлди чоғи”, деб ўйладими, бошқа сабаблими, ҳар ҳолда, “Рикшани яхши ҳайдар экансан”, деди майинлашган бир товушда. Надим бошини кўтарди ва унинг дилида умид учқунларими, нимадир йилтиллаб, бағрини нурга тўлдиргандай ва бу нур унинг шуурини ҳам ёритгандай бўлди, ёришган шууридан беихтиёр “ўзимни танитсам у нима деркин, менга қандай муомала қиларкин, юзи-кўзида қандай ўзгариш юз бераркин?..” деган фикрлар ўта бошлади ва дарҳол ниятидан қайтди, дарҳақиқат, буниси энди қуюшқондан чиқиш эди.
Ўқимсиз, лоҳас этувчи иссиқдан нафаси бўғилиб турган одамга туйқус келган салқин шабада қанчалик ҳузур бериб, танасини яйратса, хонимнинг бехос айтган икки оғиз калимаси ҳам Надимга шундай фароғат бағишлади, унинг манглайидаги тиришларни ёзиб юборди, кўз олдини хиралаштириб, дилини хижил қилиб турган қорамтир парда тўзиётган оппоқ парга айланди ва у парлар извошнинг йўлига ёрқин шуълалар бўлиб сочилди.
Шу оқшом пахтаси ёпишиб кетган ялангқават кўрпача Надимни гўё партўшакдай аллаларди. Фақат бир фикр уни алламаҳалгача ухлатмади. Ниҳоят, шундай қарорга келди: соч-соқолини яхшилаб кузайди, қани у танирмикин, агар шунда ҳам танимаса… Йўқ, Сабоҳ хоним уни шубҳасиз таниб қолади, орада яқинлик юзага келади ва унга қулфи дилини очишга имкон туғилади. Ахир, изҳор этилмаган розини — бу оғир, аммо оромбахш юкни шунча йилдан бери пинҳона кўтариб келмоқда, майли, уни нариги дунёга ҳам олиб кетишга тайёр ва қодир, лекин агар уни сездириб, билдириб қўйса, омонатни эгасига етказган холис кимсадай руҳида бир енгиллик, ҳаловат туярмидийкин…
Тонгда у айтганини қилди: сочини ҳам, мўйловини ҳам кескин қисқартирди, соқолини эса, батамом қириб ташлади. Энди унинг бир оз бўртик ёноқлари, кенггина манглайи, рисоладагидай қулоқ-бурни, тўмтоқроқ — эркагона ияги, энг муҳими, кечадан бери гавҳари қувватланиб, бўлакча чарақлай бошлаган кўзлари озодликка чиққандай далланг кўринди… Сўнг анчадан бери совун кўрмаган юзини ҳафсала билан ювди, бўғма ёқали қора ридоси ўрнига енглари узун, ёқасиз, ҳаворанг панжоби кўйлагини кийди, оёғига шиппак илди.
Бибисоҳиб бугун оч қирмизи тусдаги либосда эди. У ҳовлидан шошиб юриб чиқаётган эди, таниш рикшани кўриб қадамини секинлатди. Файтонга “қўшилиш”га шай турган Надимга нигоҳи тушган хоним беихтиёр юришдан тўхтади, киприклари ҳайрона пирпиради. Надим эса жилмайиб қаради, лекин иккиси ҳам лом-мим дейишмади. Бибисоҳиб иккилангандай арава зинасига оёққўяркан, ташқи афт-ангори бутунлай ўзгариб, одам сиёқи кириб қолган ҳаммолга зимдан синовчан назар солди. Бу пайт Надим шотилар орасига ўтиб, икки қўлида уларни кўтариб турарди.
Анчагача ё унисидан ё бунисидан садо чиқмади. “Барибир танимади, хотирлай олмади-я, — ўйлаб борарди Надим, — ё орият устун келиб, ўзини танимаганга оляптимикин… Демак, энди бошқа гап-сўзга, шама-ишорага ўрин йўқ. Ўпиғлиққозон ёпиғлигича қолгани дуруст чоғи…”
— Мен сизни қаердадир кўрганга ўхшаяпман-а, — деди бир оздан сўнг Сабоҳ хоним бирдан “сиз”лаб.
Рикшачининг томирларида қон тўхтагандай бўлди, кўтарилган оёғи беихтиёр бир лаҳза муаллақ туриб кейин ерга тушди. “Демак, эслади!..”
Бу ёғига унинг сабри чидамади, сичқон-мушук ўйинини давом эттиришга тоқати етмади.
— Бир пайтда ўқиганмиз, — деди елкаси оша хонимга бирров кўз ташлаб ва дарҳол оқлаш учун қўшимча қилди: — Ғўрлик қилиб, коллеж имтиҳонларини яхши топширолмагандим. — Аслида бунга мана шу малакнинг бирдан ғойиб бўлиб қолгани ҳам сабаб эди. Анчагача уни қўмсаб, кечалари юраги эзилиб, бедор тонг оттирган талаба йигитчанинг ўқишдан кўнгли совиб кетганди. Қайтиб ўзини қўлга ололмади. — Тақдир мени яна синовга ташлади, — давом этди Надим, — бу синовдан ҳам ўтолмай юрибман.
У ҳайрат ва таажжубда эди: дилида бошқача жумлалар тузар, тилидан эса бутунлай ўзга сўзлар сирғалиб чиқарди.
Аёл яна оғзига мум солгандай жимиб қолди. Демак, собиқ коллеждоши уни хокисорона ва илмоқли иддаосига муносабат билдириб, андак кўнглини кўтариб қўймакни лозим кўрмади.
Энди оламда ғилдирак чармининг вишиллаши ва рикша эгасининг шиппагидан таралаётган “шип-шип” овозгина қолган ва улар ғоят нохуш эшитиларди.
Надимнинг ҳам тили танглайига ёпишди. Манзилга етиб, тўхтаганда ҳам Сабоҳ хоним тарафга қарашга журъат этмай, ерга боққанча сабрсизлик ва ҳаяжон билан кутиб турди. Хоним извошдан оҳиста тушиб, тирноқлари пушти лакли, панжаси хиноли қўлини узатаркан, Надим бошини салгина кўтарди, дастини беихтиёр кишанга тутиб бераётгандай, қалтираб чўзди. Шунда… Шунда зилдай оғирлашган қўнғир тус кафтига тўкилган тўртта танга чўғдай туюлди, уларни зарда билан, шоша-пиша киссасига тиқди-да, арава шотисини шиддат билан орқага буриб, жадал юриб кетди.
Унинг кулбаси шундоққина йўл бўйида бўлиб, кўчанинг нариги бети ҳар хил ўсимлик ва ўт босган паст текисликлар эди. У аравани одатдаги жойига — уйчаси девори ёнига ҳафсаласизлик билан қўйди-да, қайтиб чиқиб йўл қиршовига чўнқайиб ўтирди. Тиззаларини қучоқлаб олисларга тикилганча хаёлга чўмди. Анчадан сўнг сонига нам тегаётганини сезиб кўзини очди. Юрагидан томаётган алам ёшлари шалварининг анча қисмини ҳўл қилган экан. Чўнтагидаги бояги тангаларни олиб, синчиклаб кўра бошлади. Тўртта пул. Симобий бир жуфти беш рупиялик: олд тарафига гуллар орасига “5” рақами, орқасига эса Ҳиндистон давлатининг рамзи — уч бошли шер тасвири чекилган, қалин, икки қаватли, хийла салмоқли танга. Ўнгсиз зангор тусдаги иккитаси катта, лекин юпқа ва енгил, олди томонида етти бурчакли шакл ва шакл ўртасида “1” рақами, унинг иккала ёнида шолинингми, буғдойнингми бошоқ нақши, ортида эса яна ўша — уч бошли шер. Чақаларнинг унисида ҳам, бунисида ҳам ҳинди ва инглиз тилларида “Ҳиндистон” ва “рупия” сўзлари, танга зарб этилган саналар битилган. Аввалги бир жуфти — ўн рупия пешона тери, кира ҳақи, хўш, кейинги иккитаси — икки рупий-чи? Бошини кўтарди. Қуёш ботиб, қизил шафақнинг парча-парча шуълалари осмоннинг жануб ёқларидаги лахтак-лухтак кўкимтир булутларда аксланар, кун чиқишдан босиб келаётган қоронғилик ўша шуълаларни ҳам ўз домига тортиб, олам тусини тобора хиралаштириб борарди.
Яна кафтидаги “бойлик”ларга тикилди. Улар эскирган, қўлдан қўлга ўтавериб сийқаланиб кетган металлар эди. Наҳотки, ҳамма нарса — ҳаёт ҳам, орзу умидлару муҳаббат, ҳатто оддий муносабат ҳам шу чақаларга боғлиқ бўлса?.. Хўш, чақалар Надимга нима берди? Тўғри, кундалик емиш, қора чироққа мой, арзон-гаров кўйлак, шиппак берди. Хўш, яна нима? Шунча йил ишлаб, арава судраб, лоақал битта велосипед-рикша ё скуторга ҳам етишолмади… Аммо бугунгиси ҳаммасидан ҳам ошиб тушди. Бундан ортиқ шармандалик, бундан ортиқ таҳқир бўладими…
Нега у ҳар кунги, келишилган ҳақни беравермади? Иккита чақани қандай хаёлда, нима мақсадда қўшиб қўйдийкин? Ўзини саховатлироқ, олижаноброқ кўрсатиш ниятидами ё аввалги куни арзимаган баҳони савдолашганини ўйлаб, унда орият ҳисси ғалаён қилдими, ўша зиқналигини хаспўшламоқчи бўлдимикин? Ў унга силаи раҳм қилгиси келиб кетдимикин? Ў, ё… сенинг муҳаббатинг мен учун икки пул, деганимикин бу?.. Қарийб чорак аср қалби тўрида пинҳон асраб-авайлаб, йиллар қуюни, қашшоқлик, қийинчилик тўфонларида гард юқтирмай, шикаст етказмай ардоқлаб олиб юрган ишқининг жавоби шуми? Наҳот бу узоқ йиллик беозор, беэътибор, беқиммат ошуфталигининг бадали бўлса?.. Қани энди, тақдир уни ўша беписанд, ҳаволиқ нозанин билан қайта учраштирмаган бўлсаю, ўсмирликдаги беғараз, мусаффо севги нашъаси, завқи-сурури, тотли армони ва У ҳақдаги ўша, дастлабки беғубор тасаввури билан ўлиб кетса… мингдан-минг рози эди!..
У чўзиб бир “оҳ” тортиб ўрнидан турди-да, тангаларни қулочкашлаб пастга — қорайиб, катта ўпқонга ўхшаб ётган жарликка улоқтирди. Кейин йўлнинг ўртасига чиқди-да, бошини хам қилганича кун ботишга қараб аста-секин юриб кетди…
Сабоқ хоним ҳар куни ишдан чиқаркан, Банк яқинидаги бекатга келар, киши билмас кимнидир қидирар, хизматга шай турган рикшачиларнинг ҳеч бирига райиш билдирмас, фурсат ўтиб кутгани, қидиргани келавермагач, тўғри келган рикшага унсизгина чиқиб ўтирарди-да, уйига жўнарди. Ва шунда ҳам умидвор кўзлари чор-атрофга нигорон бўлиб борарди…